Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:05

Ўзбекистон ҳукумати ҳуқуқ фаолларига нисбатан муносабатини ўзгартиргани йўқ


Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг асл нусхаси.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг асл нусхаси.

Ҳар йили 10 декабрда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси куни нишонланади. 1948 йилда БМТ томонидан қабул қилинган бу ҳужжатда ҳар бир инсоннинг фундаментал ҳуқуқлари белгилаб берилган. Ўзбекистонда мана шу ҳуқуқлар амал қилиши учун курашиб келаётган ҳуқуқбонлар оғир синовларни бошидан кечирмоқда. Инсонлар ҳуқуқи учун курашганларнинг айримлари бугун қамоқларда сақланмоқда. Уларни яна бир бор эслаб ўтмоқчимиз.

"Унутилган сиёсий маҳбус Матлуба Комилованинг қамоқдан чиқарилишига умид қилаяпмиз"

Халқаро ташкилотлар ангренлик собиқ коллеж директори ва ҳуқуқ фаоли Матлуба Комилова сўз эркинлиги ҳуқуқи таъминланиши учун курашгани ортидан қамалганини айтиб келади.

2011 йил 8 апрелида АҚШ Давлат департаменти эълон қилган ҳисоботда 2010 йилда қамалган ҳуқуқ фаоли Матлуба Комилова сиёсий маҳбус сифатида эътироф этилган. Жорий йилда эса Қўшма Штатлар ташаббуси билан бошланган #FreeThe20 (20 одамни озод этинг) кампанияси доирасида Матлуба Комилова халқаро ҳамжамият эътибор қаратиши лозим бўлган сиёсий маҳбус сифатида тилга олинди.

Тошкентлик ҳуқуқ фаоли Елена Урлаевага кўра, Қўшма Штатларнинг ҳисоботларида Матлуба Комилова масаласи бир неча марта кўтарилгани ортидан, бугунги кунда ҳуқуқ фаолининг қамоқдан чиқарилиши умид пайдо бўлмоқда.

-Унинг қамоқдан озод қилиниши учун катта кампания олиб борилмоқда. Қўшма Штатлари элчихонаси ҳам Ўзбекистон ҳукуматига уни озод қилиниши учун босим кўрсатиб келаяпти. Шунинг учун Матлуба Комилова озод этилиши мумкин, деган бир умид пайдо бўлмоқда, -деди Елена Урлаева.

Ўктам Пардаевнинг мудҳиш келажаги ва телефони тингловда бўлган ҳуқуқбон

Жиззахлик 37 ёшли ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаев эса шу йилнинг 16 ноябрь куни тамагирлик ва порахўрлик айбловлари билан ҳибсга олинган эди. Унинг ҳамкасблари бу айбловларни Пардаевнинг ҳуқуқ ҳимоячиси вазифасидаги фаолияти билан боғлиқ уйдирма, дея атамоқда.

Ўктам Пардаев коррупцияга ва мажбурий меҳнатга қарши курашиб келаётган фаоллардан бири эди. Халқаро ташкилотлар Пардаевга қўйилаётган айбловлар Ўзбекистон расмийлари фаолларга нисбатан илгари сурадиган одатий айбловлардан фарқ қилмаслиги бу иш бошданоқ сохталаштирилганини кўрсатиши ва фаолнинг тақдири борасида хавотирларга асос бўлишини айтиб келмоқда.

Ўктам Пардаев билан сўнгги йилларда пахтазорлардаги мажбурий меҳнатга қарши курашиб келган фаол Малоҳат Абдуллаева ҳам кузатув остида эканини айтди:

-Ҳозиргача мен мобил телефоним билан кимдир билан гаплашсам, гапимни пойлашади. Чунки телефонингиз эшитишда бўлса унинг оҳанги бошқачароқ чиқади. Ҳозир телефоним оҳанги ҳудди ана шундай бўлиб қолган. лекин ҳуқуқ-тартибот тузилмалари томонидан очиқдан-очиқ ҳеч қандай тазйиқ ҳам йўқ менга нисбатан, -деди Малоҳат Абдуллаева.

Ҳуқуқ фаолларини "жинни"га чиқариш амалиёти давом этмоқда

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилгани ортидан жабр тортганлардан яна бири Алиқул Саримсоқовдир.

Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёёвни бир неча йил олдин ноқонуний ҳаракатларда айблаб судга берган Алиқул Саримсоқов жорий йилнинг март ойида Тошкентдан ўғирлаб кетилиб, Жиззах вилоят руҳий касалликлар шифохонасида бир ой сақланган.

АҚШ Давлат департаментининг 2014 йил 25 июнда эълон қилинган ҳисоботида ҳам Алиқул Саримсоқов ўз фаолияти ортидан ҳукумат тазйиқига учраб, 2014 йилда ноқонуний равишда руҳий касалликлар шифохонасида 16 кун сақлангани таъкидланган. Бугунги кунда эса Алиқул Саримсоқов дерли уй қамоғи шароитида сақланмоқда. Ундан мобил телефонлари ва бошқа алоқа воситалари олиб қўйилган.

Ўзбекистон президентига йўллаган 2500 ёзма шикояти бир неча йиллар давомида кўриб чиқилмаётгани ҳақидаги 28 саҳифали аризасини Тошкентдаги АҚШ элчихонаси орқали 2015 йил 12 июнда Ўзбекистонга келган БМТ Бош котиби Бан Ки Мунга етказмоқчи бўлган ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамовга нисбатан Шайхонтохур туман суди “муомалага лаёқатсиз" , деб ажрим чиқарди.

- Бу ҳаракатларнинг ҳаммаси президент маъмурияти ходимлари томонидан уюштирилган. Нега деганда, президент аппаратида менинг 2500 шикоятим таҳланиб ётибди, ҳали бирортаси кўриб чиқилган эмас. Ана шу шикоятларим асосидаги ҳисоботни 11 июнь куни, яъни Бан Ки Мун Тошкентга келишидан бир кун олдин АҚШ элчихонасига олиб бориб топширганман ва бу шикоятни БМТ Бош котибига етказишни илтимос қилганман. Шунинг учун мени руҳий носоғломга чиқариш ҳаракати бўлаяпти, - деди Шуҳрат Рустамов.

Ҳуқуқ фаолига нисбатан мазкур жараён шу кунгача тўхтатилган эмас. Озодлик радиосига маълум бўлишича, “Маҳалла” жамғармаси Шайхонтохур туман бўлими раиси Қурбонов томонидан судга юборилган аризада, “турли тухмат ва бўҳтон шикоятларни ёзаётгани учун Шуҳрат Рустамовнинг руҳий саломатлигини текшириш ва уни муомалага лаёқатсиз, деб тан олиш” илтимос қилинган.

Ҳукумат ўзгача фикрловчиларга нисбатан муносабатни ўзгартиргани йўқ

Ҳуқуқ фаоли Елена Урлаевага кўра, халқаро ҳамжамиятнинг талабларига қарамай, Ўзбекистонда ўзгача фикрловчилар ва ҳуқуқ фаолларига нисбатан ҳукуматнинг муносабати ўзгармай қолмоқда.

-Мен Аъзамжон Фармонов жуда оғир аҳволда эканини айтиб ўтмоқчиман. У сиёсий маҳбуслар сақланадиган жуда мудҳиш Жаслиқ қамоқхонасида сақланмоқда. Ҳуқуқ фаоли Аъзам Турғунов ҳамузоқ йиллардан бери қамоқда қолмоқда. Солижон Абдураҳмонов яна уч йилдан кейин қамоқдан чиқарилиши керак. Бироқ унинг жазо муддати узайтирилишидан қўрқиб турибмиз.Ўктам Пардаевга нисбатан жиноят ишининг очилиши, Дмитрий Тихоновнинг ҳуқуқ-тартибот тузилмалари томонидан таъқиб қилиниши ўзбекистонлик ҳуқуқ фаолларига ҳукуматнинг муносабати ўзгармай қолаётганига яна бир далилдир,- деди Елена Урлаева.

Халқаро ташкилотлар бир неча йиллардан бери Ўзбекистон ҳукуматидан ҳуқуқ фаоллари Аъзамжон Фармонов, Солижон Абдураҳмонов,Аъзам Турғунов, Меҳринисо Ҳамдамова, Зулхумор Ҳамдамова, Исроилжон Холдоров, Ғайбулло Жалилов, Ғанихон Маматхонов, Чўян Маматқулов, Зафаржон Раҳимов, Йўлдош Расулов, Бобомурод Раззоқов, Дилмурод Саййид, Неъматжон Сиддиқовларни қамоқдан озод қилишни талаб қилиб келишмоқда. Халқаро ҳамжамият юқорида номи айтилган шахсларни сиёсий маҳбуслар сифатида эътироф этган.

XS
SM
MD
LG