Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:54

"Ўзбекистон Меҳнат вазирлигининг баёноти кўзбўямачилик"


Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги расмий баёнот тарқатиб, пахта теримида болалар меҳнати ҳамда мажбурий меҳнатдан фойдаланиш мамлакат қонунларига ва Халқаро Меҳнат Ташкилоти конвенциясига зид келишидан огоҳлантирди. Аммо шунга қарамай Ўзбекистон ҳудудларида бюджет соҳаси вакилларини пахта теримига мажбурий жалб этиш жараёни давом этмоқда.

Меҳнат вазирлиги расмий сайтида 26 сентябрь куни эълон қилинган баёнотда: “Ўзбекистон Республикаси Халқаро Меҳнат Ташкилотининг “Мажбурий ёки бажарилиши шарт бўлган меҳнат тўғрисида” (№29) ва “Мажбурий меҳнатга барҳам бериш тўғрисида” (№105), “Ишга қабул қилишнинг минимал ёши тўғрисида” (№138) ва “Болалар меҳнатининг энг мудҳиш кўринишларига барҳам бериш ва тақиқлаш тўғрисида” (№182”ги конвенцияларини ратификация қилган. Айтиб ўтилган конвенцияларда белгиланган меъёрларга асосан миллий қонунчиликда 18 ёшга етмаганларни мажбурий меҳнатга ҳамда соғлиққа зарар етказувчи ишларга жалб қилиш тақиқланади”, дейилади баёнотда.

Шунингдек, Меҳнат вазирлиги расмий сайтида жойлаштирилган плакатда ўқитувчилар ва тиббиёт ходимлари акс эттирилган. Плакатда ҳар бир шахс “қўшимча шартларсиз теримдан бош тортишга ҳақли. Ҳуқуқларингиз бузилган тақдирда ишонч телефонларига мурожаат қилинг”, деган сўзлар ёзилган. Плакат остига эса катта шрифтлар билан вазирликнинг ишонч телефонлари кўрсатилган. Бу плакат Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги ҳамда Касаба уюшмалари ҳамкорлигида тайёрлангани қайд этилган.

Бироқ Озодлик радиоси мухбирининг кўрсатилган ишонч телефонлари билан богғланиш ҳаракати самара бермади.Ўзбекистон касаба уюшмалари ишонч телефонини ҳам ҳеч ким кўтаргани йўқ.

Ўзбекистонда пахта теримига мажбурий жалб қилиниш кўламини ўрганаётган тошкентлик ҳуқуқ фаоли Малоҳат Эшонқулова меҳнат вазирлиги томонидан берилган бу баёнотни “кўзбўямачилик” сифатида талқин қилади.

Унга кўра, ўтган йилги пахта мавсумида ҳам мана шундай баёнотлар берилган, аммо шунга қарамай бюджет соҳаси вакиллари пахта теримига мажбурий жалб этилган, уларнинг кафолатланган ҳуқуқларини ҳимоя қила олувчи давлат ташкилоти бўлмаган.

-2015 йилги пахта мавсумида ҳам Меҳнат вазирлиги ҳудди шундай баннерларни чиқарган, мурожаатларни қилган эди.Лекин бу шунчаки хўжакўрсинга қилинган ҳаракат бўлди. Мана шу сохтакорлик жорий йилда ҳам давом этаяпти. Масалан, ишонч телефонларига телефон қилсангиз ҳеч ким жавоб бермайди. Қайта-қайта телефон қилсангиз ўлгани кунидан телефонни кўтариши мумкин, лекин бундан ҳеч қандай натижа чиқмайди. Чунки мажбурий меҳнатга жалб қилиш республиканинг энг юқори ташкилотидан берилган буйруқ. Қуйи табақадагилар бу буйруққа қандай қарши чиқиши мумкин? Бу Жаҳон багнки ва бошқа халқаро ташкилотларни чалғитиш учунгина қилинаётган кўзбўямачиликдан бошқа нарса эмас, -деди Малоҳат Эшонқулова.

Хьюман Райтс Уотч халқаро ташкилоти 2016 йил учун ёйинланган ҳисоботида“Ўзбекистон ҳукумати томонидан катта ёшдагиларни пахта йиғим теримига мажбурий жалб қилиш кенг тарқалган кўриниш бўлиб қолмоқда”, деб билдирган эди.

Бошқа халқаро ташкилотлар ҳам кўп йиллардан бери Ўзбекистон ҳукуматини пахта теримига одамларни мажбуран жалб қилаётганини танқид қилиб келади.

Жорий йилда ҳам Ўзбекистонда ватандошларни мажбурий тарзда пахта теримига олиб чиқиш анъанаси давом эттирилмоқда. Озодликка етиб келган хабарларга қараганда, Тошкент бозорларидаги савдогарларга 1 миллион сўмгача бўлган миқдора “пахта солиғи” солинмоқда. Бундай солиқлар бир қатор мактаблар ва олийгоҳларда ҳам йиғилаётгани айтилмоқда.

Бош қароргоҳи Австралияда жойлашган Walk Free Foundation халқаро ташкилотининг 2016 йил июнида эълон қилинган “Глобал қуллик индекси” " (Global Slavery Index) деб номланган ҳисоботида Ўзбекистон 167 давлат орасида бешинчи ўринга қўйилган эди. Ўзбекистоннинг "шармандали бешлик"дан жой олишига пахта теримида мажбурий меҳнатдан фойдаланиш сабаб бўлган.

Ўзбекистон ҳукумати мажбурий меҳнат расмий сиёсат эканини инкор қилиб келади. Тошкент расмийларининг билдиришича, фуқароллар ихтиёрий равишда хашар йўли билан пахта етиштириш ва теришга чиқади. Бу билан улар гўёки ўз фуқаролик масъулиятларини бажаришга ҳаракат қиладилар.

XS
SM
MD
LG