Линклар

Шошилинч хабар
10 август 2022, Тошкент вақти: 18:38

Ўзбекистон хабарлари

Каримов ишдан ҳайдаган Абдулла Арипов Бош вазир лавозимига тавсия қилинди

Ўзбекистон парламентда кўпчилик ўринга эга бўлган Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Бош вазир лавозимга Абдулла Арипов номзодини тавсия қилди.

12 декабрь кунги партия йиғилишида иштирок этган Озодлик манбасининг айтишича¸ Абдулла Арипов катта тажрибага эга мутахассис сифатида Бош вазир лавозимига бир овоздан тавсия қилинганлигини билдирди.

Куннинг иккинчи ярмига бориб O‘zLiDeP матбуот хизмати​ Абдулла Орипов тавсия қилинган мажлис ҳақида маълумот берди.

Бош вазир лавозимига кимни тайинлаш масаласи Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 13 декабрь кунги ялпи мажлисида кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига тавсия қилинган Абдулла Ниғматович Арипов шу йилнинг 13 сентябрида муваққат президент Шавкат Мирзиëев имзолаган фармон билан Бош вазирнинг ўринбосари лавозимига тасдиқланган эди.

Арипов 2012 йили айнан шу лавозимдан, телекоммуникация соҳасидаги коррупция жанжали ортидан ишдан олинган эди.

Лондондаги Шарқшунослик ва Африка тадқиқотлари марказининг Ўзбекистон бўйича таҳлилчиси Алишер Илҳомов фикрича, “порахўрлик жанжали фигурантининг ҳукуматга қайтарилиши ва Бош вазир лавозимига тавсия қилиниши ëмон сигналдир”.

Абдулла Арипов 2002 йил май ойидан то 2009 йил октябригача Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг раҳбари бўлиб,. 2009 йилдан 2012 йилгача эса Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари лавозимида ишлаган.

Ўзбекистон марҳум президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг чет эл ширкатларидан Ўзбекистон телекоммуникацион бозорига кириш учун пора олгани билан боғлиқ жанжал ҳам ўша пайтда коммуникация соҳасини назорат қилган мулозим Арипов исми билан боғланади.

Швеция прокуратураси апелляция судига тақдим қилган TeliaSonera масъул ходимларининг ўзаро ёзишмаларида ширкат масъуллари Ўзбекистонда бизнес бошлашдан аввал Гулнора Каримова билан контакт ўрнатишга уринганига ишора қилади.

Бу ёзишмалардан маълум бўлишича, TeliaSonera ижрочиси Эско Ритконен Ўзбекистон расмийлари билан музокара қилиш учун Тошкентга келиши керак бўлган. Бунда Марказий Осиёда бизнес юритиш тажрибасига эга бўлган Элден Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг ўша пайтдаги раҳбари Абдулла Арипов билан учрашишдан аввал Гулнора Каримова билан келишиб олиш лозимлигини маслаҳат қилади. "Чунки, деб ёзади у, ўта агрессив тип бўлган Арипов рус иневесторлари тарафдоридир".

TeliaSonera собиқ раҳбарига қўйилаётган айбловлар мазкур ширкатнинг Ўзбекистонда бизнес қилиш имконияти эвазига бу мамлакат президентининг қизи Гулнора Каримовага юзлаб миллион доллар пора берганига доир тергов билан боғлиқдир.

Бу ишни тергов қилаётган Швеция прокуратураси Коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи Гуннар Стетлернинг Озодликка айтишича¸

"TeliaSonera бўйича тергов билан боғлиқ жараëн Абдулла Арипов раҳбар бўлган даврни қамрайди. Ариповнинг имзосини айни ишга оид кўп ҳужжатларда кўриш мумкин".

Бу ишга оид Халқаро матбот назарига тушган тафсилотлар ортидан 2012 йилда Арипов ишдан олиниб, устидан жиноят иши очилгани ҳақида Ўзбекистондаги Узметроном интернет нашри хабар берган эди.

2012 йилда ўзининг “ишончли манбаларига” таянган ҳолда хабар қилган Узметроном нашрига кўра, Абдулла Ариповга, жумладан, “Ўздунробита” ширкатига қўшимча ретрансляторлар ўрнатиш учун ноқонуний рухсатномалар берганлик айби қўйилган.

2013 йилга келиб Абдулла Арипов устидан жиноий иш тўхтатилди ва собиқ мулозим Тошкент алоқа коллежида оддий ўқитувчи сифатида яна Бош вазир ўринбосари қилиб тайинланган 2016 йилнинг 13 сентябргача ишлаб юрди.

Таҳлилчи Алишер Илҳомов Озодлик билан суҳбатда ҳукуматга қайтарилган собиқ мулозим ўз вақтида бир имзо билан мамлакат ҳазинасини йиллик бюджетнинг 7 фоизи миқдоридаги пулдан махрум қилганлигини иддао қилди:

- Ўз вақтида "Такилант" ва "Свисдорн" каби номи бору ўзи йўқ оффшор ширкатларга мобил алоқа лицензияси берилишини таъминлаган ва пировардида бу лицензияларни реал мобил операторларига сотиб Ўзбекистон қонунчилигини қўпол бузган мулозим ҳукуматга қайтарилди. Ариповнинг бу қилмиши оқибатида давлат хазинаси бир миллиард АҚШ долларига яқин маблағдан маҳрум бўлди. Бу сумма Ўзбекистон йиллик бюджетининг 7 фоизини ташкил этади. Ëки соғлиқни сақлашга бюджетдан ажратилган пулнинг 50 фоизи демакдир. Бу мулозимни ишига қайта тиклаган Мирзиëев ўз навбатида бу қилмишлар учун маъсулиятни бўлишади. Албатта, Мирзиëевнинг 2012 йили Арипов ишдан олинган вақтда ҳам Бош вазир бўлгани боис¸ у шундоғам бу иш учун қисман жавобгардир. Мирзиëев Абдулла Ариповни ишга тиклагани АҚШ судида кўрилаëтган масалага ҳалақит беради. Ўзбекистон ҳукумати коммуникация ширкатлари тарафидан пора сифатида олиниб ҳозир музлатилган бир миллиард долларни АҚШ суди орқали қайтариб олмоқчи. Пора олди-бердисида исми кечган мулозимнинг яна Бош вазир ўринбосари бўлиши пулни бюджаетга қайтариш шансларини камайтиради¸ дейди Лондондаги Шарқшунослик ва Африка тадқиқотлари марказининг Ўзбекистон бўйича таҳлилчиси Алишер Илҳомов.

Шу билан бирга Илҳомов Абдулла Ариповнинг телекоммуниация соҳасида тажрибали мутахассис эканлигини ҳам эътироф қилди.

Арипов билан боғлиқ жанжалларни ëритган ўзбекистонлик журналист Сергей Ежков ҳам унинг касбий маҳорати ҳақида гапириб¸ Мирзиëев уни шу боис бугунгача асраб келганини таъкидлаган эди.

- У Ўзбекистондаги телекоммуникация модернизациясини бошлаб берган эди. Мирзиëев уни мутахассис сифатида қадрлаб келажак учун асраб қўйган эди¸ деган эди суҳбатдош.

Кун янгиликлари

“Миллий тикланиш” лидери Z-севар ўзбекистонликларни фуқароликдан маҳрум этишга чақирди

“Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодиров

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, “Миллий тикланиш” партияси раҳбари Алишер Қодиров бошқа давлат фойдасига урушда қатнашган ўзбекистонликларга қарши кескинроқ чора кўриш чақириғи билан чиқди.

Мамлакат Жиноят кодексида бошқа давлатнинг ҳарбий ёки хавфсизлик хизматларига ёлланган ўзбекистонликка нисбатан 5 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси берилишини эслатган Қодировга кўра, бу таъсирсиз чорадир.

“Бундай шахсларни ёлланиш расмийлаштирилган кунидан эътиборан фуқаролигини бекор қилиш ва Ўзбекистонга киришини умрбод таъқиқлаш керак”, деб ёзган “Миллий тикланиш” лидери бу борада қонунчиликка тегишли ўзгартириш киритиш масаласида маслаҳатлашувлар бошланганини қўшимча қилган.

Аввалроқ “Пермь ўлкаси ўзбекларининг Марказий Осиё жамияти” раҳбари Жаҳонгир Жалолов ўлкада яшаётган ўзбеклар “Амир Темур” номидаги батальон ташкил қилиб, Украинага қарши жанг қилмоқчи эканига оид баёнот берган. Мазкур баёнот ўзбек расмийлари танқидига учраган, хусусан, Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ўзбекистонликларни хорижий давлатлар ҳудудида кўнгилли батальон тузиш ёки ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш жиноят эканидан огоҳлантиришган эди.

Олий судга Бахтиёр Исломов раис бўлади, аввалги раис Конституциявий суд судьялигига ўтказилади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўз тақдимномаси билан Бахтиёр Исломов номзодини Олий суд раиси лавозимига кўриб чиқиш учун Сенатга киритган. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълум қилди.

Олий судга раис бўлиши кутилаётган Б. Исломов шу кунгача президентнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келаётган эди.

Айни пайтда Олий суднинг собиқ раиси Козимжон Комилов номзоди президент тақдимномаси билан Конституциявий суд судьяси вакант лавозимига таклиф этилган.

Ўзини ёққан ФНҚИЗ ходимаси вафот этди

Ўзини 2 август куни ёқиб юборган Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи(ФНҚИЗ)нинг ишчиси, 47 яшар Санобархон Ҳайдарова 10 август куни эрталаб шифохонада вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон маҳаллий матбуоти хабар берди.

Аёл шу тариқа ўзининг ишдан бўшатилганига норозилик билдирмоқчи бўлган. Бош прокуратура мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар прокуратураси терговга қадар текширув ўтказаётганини билдирган.

Озодлик радиоси 4 август куни бу ҳақда мақола берган эди. Ўшанда ФНҚИЗ расмийлари Санобархон Ҳайдарованинг ишдан бўшатилмагани, рухсатномасини унутиб қолдиргани оқибатида уни ишхонага киргизилмагани ва аёлнинг оилавий можаролар туфайли стресс ҳолатига келиб ўзига ўт қўйганини иддао қилганди.

Аммо Озодлик суҳбатлашган Ҳайдарованинг яқинлари корхона қоровуллари уни иш жойидан мажбурлаб ташқарига олиб чиқиб қўйгани, аёл ўзимга ўт қўяман деса ҳам бефарқ бўлганини айтган.
Яқинларининг айтишича, 47 яшар Санобархон Ҳайдарова Қува туманининг Акбаробод туманидан қатнаб ишлаган. Тўрт қизи бор, уч нафарини узатган. Кенжа қизи 9 синфга ўтган.

Қариндошининг сўзларига кўра, икки ой олдин эри ҳам йиқилиб, ногирон бўлиб қолган.

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг ишчилари штатлар қисқартирилиши, маошларни озлигидан доим шикоят қилиб келганлар. Ўтган йиллар давомида заводда бир қанча норозилик намойишлари ҳам бўлиб ўтган.

Ўзбекистон элчихонаси муҳожирларни ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш жиноят эканидан огоҳлантирди

Украинадаги урушга қарши плакатлар.

Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ўзбекистонликларни хорижий давлатлар ҳудудида кўнгилли батальон тузиш ёки ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш жиноят эканидан огоҳлантирди.

Элчихона сайтида эълон қилинган махсус пресс-релизда қайд этилишича, Ўзбекистон Жиноят кодекси 154-моддасига асосан ўзга давлат ҳудудларидаги кўнгилли батальонларда ва жанговар ҳаракатларда иштирок этиш “ёлланиш” сифатида малакаланади.

“Ёлланган”ларга нисбатан Жиноят кодексида ўн йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланилади.

“Элчихона юртдошларимизни провокацияларга берилмасликка, эҳтиёткорлик билан иш кўришга чақиради”, дейилган хабарда.

Аввалроқ Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳам Россиядаги ўзбекистонликларни турли кўнгилли батальонларда иштирок этмасликка чақирган эди.

Элчихона ва агентликнинг бундай баёнотлар билан чиқишига Пермдаги ўзбеклар “Амир Темур” номидаги батальон ташкил қилиб, Украинага қарши урушмоқчи экани тўғрисида Vetta телеканали эълон қилган видео сабаб бўлди.

Видеода “Пермь ўлкаси ўзбекларининг Марказий Осиё жамияти” етакчиси Жаҳонгир Жалолов шундай таклифни илгари сургани, залда ўтирган бир неча ўн киши эса унинг сўзларини қарсақлар билан кутиб олгани акс этган.

“Фарзандларимиз болалар боғчаларига боришяпти, мактаб ва университетларда таълим олишмоқда. Биз Россияда яшаяпмиз, ишлаяпмиз. Еган нонимизни оқлашимиз керак, оқлашимиз шарт. Шу боис кўнгиллилардан батальон тузишни ва унга буюк Амир Темур номини беришни таклиф қиламан”,-деган Жаҳонгир Жалолов.

Аsalhoney’ни ўлдирган шахс 16,5 йилга озодликдан маҳрум этилди

Ўзбекистонда энг машҳур эротик блогер ҳисобланмиш Asalhoney 2021 йил октябрида бўлиб ўтган сўнгги президент сайловидаги фаол иштироки билан кўпчиликнинг ёдида қолган

Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида жорий йилнинг 9 август куни 25 ёшли судланувчи К. Ш.нинг иши кўриб чиқилиб, суд ҳукми эълон қилинган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судларининг расмий Telegram-канали орқали маълумот тарқатилди.

Суд ҳукмига кўра, К. Ш. Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “и” банди ва 164-моддаси (босқинчилик) 3-қисми “в”, “г” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга ЖКнинг 59-моддасига асосан тайинланган асосий жазоларни қисман қўшиш йўли билан 16,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Шунингдек, жиноят иши бўйича “Ипак Йўли” ОАИТБ Чилонзор филиалида сақланаётган 10 миллион 269 минг сўм жабрланувчининг қонуний вакилига қайтарилиши ва судланувчидан қонуний вакил фойдасига 20 миллион 849 минг 899 сўм қопланмаган зарар ундирилиши белгиланган.

Asalhoney номи билан танилган блогер Асал Хўжаева шу йил 18 мартида Тошкентдаги уйида ўлик ҳолда топилгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. Кейинроқ уни ўлдирганликда гумонланиб хоразмлик К. Ш. қўлга олинган эди.

Ўзбекистонлик шахматчилар илк бор Жаҳон шахмат олимпиадасида мутлақ ғолиб бўлишди

Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Ҳиндистонда ўтаётган Жаҳон шахмат олимпиадасида чемпионликни қўлга киритишди.

9 август куни ўтказилган ҳал қилувчи баҳсда ўзбек шахматчилари Ҳолландия жамоаси устидан 2,5:1,5 ҳисобида ғолиб келишган. Шу тариқа Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Ёқуббоев, Жавҳир Синдаров, Жаҳонгир Воҳидов ҳамда Шамсиддин Воҳидов мусобақа ғолибига айланишган.

Ўзбек шахматчилари шахмат олимпиадасида сўнгги бор 1992 йилда совринли ўринга эга бўлишганди. Филиппиннинг Манила шаҳрида ўтказилган ўша мусобақада улар кумуш медални қўлга киритишган эди.

Иссиқкўлда Ўзбекистон-Қирғизистон чегараси бўйича музокаралар ўтмоқда

Чўлпонота шаҳрида 9 август куни Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматларининг чегараларни аниқлаш бўйича ишчи гуруҳлари музокараси бошланди.

Қирғизистон Министрлар кабинетининг чегара масалалари бўйича махсус вакили Назирбек Бўрубаевнинг айтишича, 17 августгача давом этадиган сўзлашувларда чегаранинг аниқланмаган қисмлари муҳокама этилади.

“Икки давлат ўртасидаги чегаранинг 1170 километри аниқланиб, бу борада келишувга эришилган. Қолган ҳудудларни аниқлаш масаласи муҳокама этилади. Ўзбекистон билан чегарани шу йил охиригача тўлиқ аниқлаб бўлишга ҳаракат қилмоқдамиз”,-деди расмий.

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасининг узунлиги 1378 километр бўлиб, унинг 1170 километри, яъни 85 фоизи 2017 йилда, яна 13 фоизи 2021 йилнинг февралида аниқланиб бўлингани маълум қилинган. Айни пайтда баҳсли бўлиб қолаётган 2 фоиз ҳудуд масаласида музокаралар ўтказилмоқда.

Ўтган ҳафтада Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев яқин ойларда Қирғизистонга расмий сафар билан келишини билдирган эди. Чегара бўйича ҳужжат мана шу ташриф доирасида имзоланиши мумкинлиги таҳмин қилинмоқда.

Жорий йилнинг 2-чорагида 1,5 миллион ўзбекистонлик Россияга ишлаш учун келди

Жорий йилнинг иккинчи чорагида Россияга 3 миллион 120 минг киши ишлаш учун келди. Бу ўтган йилнинг мос даврига солиштирганда 25 фоизга кўп ва кейинги олти йиллик давр учун кварталлар кесимидаги рекорд кўрсаткич ҳисобланади. Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазирлигига таянган ҳолда “Коммерсантъ” хабар берди.

Россия ИИВ статистикасида қайд этилишича, 2022 йилнинг апрель, май ва июнь ойларида келган муҳожирларнинг 49,6 фоизи Ўзбекистон, 30,5 фоизи Тожикистон фуқароларидир. Уларнинг 40 фоизи Москва шаҳри ва Москва вилоятида ишлаш учун қолмоқда.

Статистик маълумотда иккинчи чоракда Ўзбекистондан 1 миллион 544 минг 900, Тожикистондан 953 минг, Арманистондан 108,2 минг, Озарбайжондан 79 минг, Беларусдан 42 минг, Хитойдан 32,2 минг, Украинадан 28,2 минг, Молдавиядан 17,2 минг киши келгани кўрсатилган.

Бундан аввал Украинага бостириб киргани ортидан санкциялар остида қолиб, иқтисодий муаммоларга учраётган Россиядан меҳнат муҳожирлари ватанига қайтаётгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлган эди. Жумладан, Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги 2022 йилнинг 1-чорагида 133 минг мигрант Россиядан Ўзбекистонга қайтгани тўғрисида хабар берганди. Унда биргина март ойининг ўзида Россиядан 50 минг мигрант Ўзбекистонга қайтгани қайд этилган.

Ташқи меҳнат миграцияси ўтказган сўровномага кўра, 40 фоиз фуқаро ишсизлик ва валюта курсининг беқарорлиги сабаб Ўзбекистонга қайтмоқчилигини маълум қилган.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги эндиликда мигрантлар Россия ўрнига Сербия ва Германия сингари давлатларга жўнатилаётгани, жорий йил ўтган 7 ойи якунлари бўйича ташкиллаштирилган ҳолда ишга жўнатилган фуқаролар сони 8 мингдан ошганини маълум қилган.

ИИВ Туркияда «террорчилик»да гумонланган бухоролик шахс қўлга олинганини очиқлади

Туркияда «террорчилик», «миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш» ҳамда «конституциявий тузумга тажовуз қилиш», «жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш» ҳамда «диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш»да гумонланиб, 7 йилдан бери қидирувда бўлган ўзбекистонлик шахс қўлга олинган.

Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати тарқатган маълумотга мувофиқ, ромитанлик 45 ёшли Э.Ҳ. Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан ўтказилган махсус амалиёт чоғида ушланган ҳам Ўзбекистонга экстрадиция қилинган.

Бухоролик тартиб посбонлари қидирувдаги шахснинг қайси куни ва Туркиянинг қайси шаҳар ёки вилоятида қўлга олинганига аниқлик киритмаганлар. Шунингдек, унинг конкрет қайси ҳолатлар бўйича айбланаётгани ҳам очиқланган эмас. ИИБ хабарномасида у Ўзбекистонга келтирилганидан кейин тергов ҳибсхонасига жойлаштирилгани билдирилган, холос.

Ўзбекистон шахмат Олимпиадасининг пешқадамига айланди

Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида ўтаётган 44-шахмат Олимпиадасининг 7 августдаги тўққизинчи турида Ўзбекистоннинг шахмат бўйича эркаклар терма жамоаси Арманистон командасини 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Бу билан Ўзбекистон Олимпиада турнир жадвалининг 1- поғонасига кўтарилди.

7 августгача Арманистон ва Ўзбекистон терма жамоалари Олимпиадада мағлубиятсиз иштирок этиб келаётган эди. 8 август ҳолатига келиб, Ўзбекистон Олимпиадада мағлубиятсиз иштирок этиб келаётган ягона командага айланди.

Тўққизинчи турда 16 ёшли гроссмейстер Жавоҳир Синдоров 28 ёшли Самвел Тер-Саакянни мот қилди. 20 ёшли Нодирбек Ёқуббоев 33 ёшли Грант Мелкумян билан дуранг натижага эришди. 27 ёшли Жаҳонгир Воҳидов 31 ёшли Роберт Оганесянни мағлуб қилди. 17 ёшли гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов ва 38 ёшли Габриел Саркисян ғолибни аниқламади.

Ҳозиргача ўтган мусобақаларда 188 жамоа орасида Ўзбекистон 16 очко билан турнир жадвалида якка пешқадамга айланди. Ҳиндистон-2 жамоаси Озарбайжон билан дуранг ўйнади (2:2) ва 15 очко билан иккинчи ўринда қолди.

Шахмат бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси эса Исроилга 1,5:2,5 ҳисобида ютқазди. Шахмат бўйича Ўзбекистон аёллар термаси 164 жамоа ичида 10 очко билан 40-ўринда турибди.

Шахмат Олимпиадаси: Ўзбекистон Германияни мағлуб этди

Ўзбекистон термаси илғор ўйинчиларидан бири Нодирбек Абдусатторов рапид бўйича Жаҳон чемпиони

Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида ўтказилаётган 44-шахмат Олимпиадасининг саккизинчи турида Германия терма жамоасини мағлуб этди. 6 август куни бўлиб ўтган учрашув 2,5:1,5 ҳисобида якунланди.

Германия термасининг ўртача рейтинги (2662) Ўзбекистонникидан (2606) юқорироқ экани эътиборга сазовор.

17 ёшли гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов (2688) 17 ёшли Винсент Каймер (2686) билан дуранг ўйнади.

16 ёшли Жавохир Синдаров (2629) ва 25 ёшли Расмус Сване (2649), 27 ёшли Жаҳонгир Воҳидов (2564) ва 46 ёшли Ливиу-Дитер Нисипеану (2642) ўйинларида ҳам дуранг ҳисоби қайд этилди. Учрашувдаги ғалабани Ўзбекистонга 20 ёшли Нодирбек Ёқуббоев (2620) келтирди ва у 25 ёшли Маттиас Блюбаумни (2673) таслим бўлишга мажбур қила олди.

Саккизинчи тур якунларига кўра, 14 очко жамғарган Ўзбекистон 188 та жамоа иштирок этаётган турнир жадвалида учинчи ўринга кўтарилди. Ҳиндистон-2 жамоаси АҚШ устидан ғалабаси (3:1) эвазига ўзбекистонликлардан олдинги ўринни эгаллади.

Кейинги турда Ўзбекистон шахматчилари 15 очко (7 ғалаба, 1 дуранг) билан турнир жадвалида ҳам пешқадамлик қилаётган Арманистон билан тўқнаш келишади. Эътиборлиси, Олимпиада якунланишига уч тур қолганда фақат шу икки жамоа мағлубиятсиз қолмоқда.

Арманистон термасининг ўртача рейтинги (2637) Ўзбекистон терма жамоасидан (2606) бир оз юқорироқ.

Ўзбекистон аёллар терма жамоаси (2094) Шимолий Македонияни (1863) 2,5:1,5 ҳисобида мағлуб этди.

Терма жамоа 164 та жамоа ичида 10 очко жамғарган ҳолда 40-ўринга кўтарилиб олди. Кейинги турда ўзбекистонлик шахматчилар 29-ўринда бораётган Исроил билан учрашишади.

Жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда тақрибан 4,4 млрд долларлик хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилди

2022 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистонда 48 триллион сўмлик (ёки шу кунги курс билан тақрибан 4,4 миллиард долларлик) хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилган.

Бу ҳақда маълумот тарқатган Давлат статистика қўмитаси қайдича, ўзлаштирилган хорижий инвестиция ва кредитлар умумий инвестициялар ҳажмининг 39,4 фоизини ташкил этган.

Қўмита маълумотидан келиб чиқилса, сўнгги беш йил ичида ўзлаштирилган хорижий инвестиция ва кредитлар ҳажми жадал суръатлар билан ошиб бораётганини кўриш мумкин. Хусусан, 2017 йилда хориждан келган 17,1 триллион сўмлик, 2018 йилда 30,2 триллион сўмлик, 2019 йилда 85,4 триллион сўмлик, 2020 йилда 89,8 триллион сўмлик, 2021 йилда эса 101,4 триллион сўмлик инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилган.

Айни пайтда Ўзбекистонда мазкур кредитларни эгаларига қайтариш масаласи ҳам йилдан-йилга долзарблашиб бормоқда. Куни кеча сенаторлар давлат қарзи суммасининг ЯИМга нисбатан энг юқори миқдорини 60 фоиздан оширмасликка оид қонун лойиҳасини маъқуллаган эдилар.

Термизда ўзбекистонлик ва тожикистонлик ҳарбийларнинг қўшма ўқув машқлари ўтказилди

Ўзбекистонлик ва тожикистонлик ҳарбийлар (иллюстратив сурат)

Жорий ҳафтада Термиз шаҳрида ўзбекистонлик ва тожикистонлик ҳарбийларнинг “Ҳамдўстлик—2022” деб номланган қўшма ўқув жараёнлари бошланган.

Мудофаа вазирлиги ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти маълумотига мувофиқ, қўшни давлатдан келган меҳмонлар 3 август куни Термиз гарнизонидаги ҳарбий қисмга жойлаштирилган.

Пайшанба куни икки давлат зобит ва аскарлари "Ҳамдўстлик—2022” ўқув машқларининг тантанали очилиш маросимида иштирок этишган. Шундан сўнг Термиз умумқўшин дала-ўқув майдони ўқув нуқталарида ва тўсиқлар йўлакларида ўзбек ҳарбий хизматчилари томонидан кўргазмали машқлар бажарилган.

“Машқлар жараёнида ҳарбийларимиз яқин масофада жанг олиб бориш, ярадорларни эвакуация қилиш, шартли душман ҳужумини қайтариш каби амалий машғулотларда иштирок этишди. Ушбу машқларни кузатиш жараёнида тожикистонлик ҳарбийлар ҳам ўзларини синаб кўришди”, дейилган вазирлик хабарномасида.

Ўзбекистонлик ва тожикистонлик ҳарбийларнинг Термиздаги қўшма машқлари “Толибон” ҳаракатининг юқори лавозимли қўмондонларидан бири толиблар Тожикистонни “бир ҳафтада эгаллаб олиши мумкин”лиги ҳақида баёнот бергани манзарасида ўтказилди. Аввалроқ толибларнинг “Умарий” корпуси қўмондонининг ўринбосари Муҳаммад Жон Ҳамза “агар Тожикистон Афғонистоннинг ички ишларига аралашишни бас қилмаса ҳамда Россия Тожикистоннинг орқасида турмайдиган бўлса, толиблар бу мамлакатни бир ҳафта ичида ишғол қилади”, деган эди.

Озодликнинг тожик хизмати хабарига кўра, расмий Душанбе мазкур баёнотни эътиборсиз қолдирган.

Сенаторлар давлат қарзини ЯИМнинг 60 фоизидан оширмасликка оид қонун лойиҳасини маъқуллашди

Ўзбекистон бундан буён давлат қарзи суммасининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан энг юқори миқдори 60 фоиздан оширилмайди, қарз маблағлари эса фақат ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш мумкин бўлади. Бунга оид қонун Олий Мажлис Сенатининг 4 август куни бўлиб ўтган йигирма тўққизинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилган.

Мажлисда сўзга чиққан молия вазирининг ўринбосари Одилжон Исақовга кўра, бугунги кунда давлат қарзи 25,9 миллиард долларга (бундан 23,2 миллиард доллари ташқи қарз) етган, бу эса ЯИМнинг 37 фоизига тенг. Мулозим йил охирига бориб, давлат қарзи миқдори ЯИМнинг 40 фоизи атрофида бўлиши кутилаётганини қўшимча қилган.

Ўзбекистон Марказий банки шу йил июнь ойи охирида ёйинлаган ҳисоботида 2022 йил 1 апрель ҳолатига мамлакатнинг умумий ташқи қарзи 38 миллиард 845 миллионни ташкил этгани, бунинг 23 миллиард 400 минг доллари давлат ҳиссасига, 15,5 миллиард долларга яқини эа хусусий сектор ҳиссасига тўғри келишини очиқлаган эди.

Юқори палата ахборот хизмати қайдича, бугун сенаторлар томонидан маъқулланган “Давлат қарзи тўғрисида”ги қонун билан давлат қарзи ва унга хизмат кўрсат\ш харажатларининг устуворлиги, давлат қарзининг чекланган ҳажмлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг давлат қарзини бошқаришдаги ваколатларни белгилаш кўзда тутилган.

Қонунга мувофиқ, Молия вазирлиги давлат қарзини бошқариш бўйича ваколатли орган этиб белгиланган. Ҳужжат билан, шунингдек, давлат қарзини бошқариш соҳасида президент, Олий Мажлис палаталари, Ҳисоб палатаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Марказий банк ваколатлари ҳам белгиланмоқда.

Янги қонунда қарз бўйича давлат кафолатини бериш тартиби, давлат кафолати берилмайдиган ҳолатлар, қарз олувчи-резидентларнинг мажбуриятлари, давлат кафолатини бекор қилишга оид қоидалар, шу билан бирга, фуқароларни давлат қарзига оид маълумотлар ва шу билан боғлиқ жараёнлар ҳақида тўлиқ хабардор қилиш тартиби ҳам акс этган.

Қонун кучга кириши учун эндиликда ҳужжат президент томонидан имзоланиши лозим.

Очиқлик сиёсатига риоя қилмаган мансабдорлар 1,5 миллион сўмгача жаримага тортилиши мумкин

Ўзбекистонда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузган мансабдор шахслар бундан буён базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 3 бараваридан 5 бараваригача жаримага тортилади. Мазкур меъёр, Адлия вазирлигига қарашли “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-каналининг маълум қилишича, мамлакат президенти томонидан 3 август куни имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган.

Базавий ҳисоблаш миқдори жорий йилнинг 1 июнидан 300 минг сўм этиб белгилангани эътиборга олинса, амалдорлар бундан буён очиқлик сиёсатига оид қонунчиликни бузгудек бўлсалар, 900 минг сўмдан 1,5 миллион сўмгача жаримага тортилишлари мумкинлиги маълум бўлади.

Ҳужжатга мувофиқ, мансабдор очиқлик сиёсатига амал қилмагани аниқланган тақдирда, унга қарши Коррупцияга қарши курашиш агентлиги вакиллари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG