Линклар

Шошилинч хабар
15 декабр 2019, Тошкент вақти: 15:23

Фарғонада шикоятни маҳалладан юқорига айтмаслик ҳақида варақа тарқатиляпти


Фарғона вилояти Фарғона тумани ҳокимлиги ташаббуси билан аҳолига варақалар тарқатилаяпти. Варақаларда одамлар бирор муаммо бўлса, уни юқори ташкилотларга айтмасдан аввал маҳалла йиғинига мурожаат қилиши таъкидланган.

Фарғона туманида икки ҳафтадирки, маҳалла фаоллари уйма-уй юриб, ҳар бир хонадонга варақа бериб чиқаяпти.

Туманнинг “Чимён” қишлоғидаги “Баҳор” маҳалласида яшовчи аёлнинг Озодликка айтишича, маҳалла фаоллари унинг уйига келиб, қўлига варақа тутқазган ва шикояти бўлса, фақат уларга айтишни таъкидлашган:

“Маҳаллакомлар келишди. Ҳаммага варақа тарқатиб юришибди. Икки бетлик варақа. Муаммо бўлса, маҳаллага айтинг. Дарров юқори ташкилотларга чиқманглар, барча муаммони ўзимиз ҳал қиламиз”, деб айтишди”, дейди исмини очиқламасликни сўраган фарғоналик аёл.

“Баҳор” маҳалла фуқаролар йиғини вакилига кўра, бу варақалар туман ҳокимлиги томонидан берилган:

“Бизга район ҳокимиятидан шу варақаларни тарқатиш ҳақида буйруқ берилди. Битта бизнинг маҳалла эмас, тумандаги барча маҳалларга шундай буюрилди. Уйма-уй юриб, ҳар бир хонадонга бериб чиқаяпмиз. Варақада ўзимизнинг телефон рақамларимизни ҳам ёзганмиз. Муаммо бўлса, маҳалла ҳал қилиши мумкин. Агар ҳал қила олмайдиган муаммо бўлса, биргалашиб, юқори ташкилотга мурожаат қилиш йўлини излаймиз”, деди маҳалла йиғини вакили.

Озодликка йўлланган варақа нусхасида, жумладан, шундай сўзлар ёзилган:

“Авваломбор бирор бир масала юзасидан юқори турувчи давлат ёки жамоат ташкилотига мурожаат қилишдан олдин унинг тегишлилиги бўйича ҳудудий идоралар томонидан ҳал этилишини эсдан чиқармаслигингиз лозим”.

Фарғона туманида яшовчилар билан суҳбатлардан маълум бўлишича, бир қатор муаммолар борки, уларни маҳалла йиғини ҳал қилиши имконсиз:

“Туманимизда свет йўқ, газ йўқ, ичимлик сув муаммоси бор. Йўллар асфальт қилинмаган. Бу муаммони маҳаллакомлар билмайдими? Ҳаммаси билади. Лекин буни маҳаллакомлар ҳал қила олмайди. Буни Мирзиёевнинг порталига ёзиш керак. Интернет йўқ бўлгани учун ёза олмаяпмиз. Ҳокимият ҳозир ўзидан қўрқаяпти. Тошкентга қанча кўп шикоят борса, буларга шунча минус бўлади. Шунинг учун муаммони ўзимиздан бошқага айтманг, деган гапни қилишаяпти”, дейди Фарғона туманида яшовчи киши.

Варақалар тарқатилиши билан боғлиқ вазиятни кузатаётган фарғоналик ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашевга кўра, бу тадбир маҳаллий ҳокимликлар ташаббуси бўлиши мумкин:

- Биринчидан, ўша виртуал қабулхона, иккинчидан, Фарғона вилоятида Тошкентдан президент ўзи тайинлаб жўнатган махсус гуруҳ келиб, хонадонларга кириб, шикоятларни, аҳолининг дардини эшитиб, жуда кўп жойларда ечилиши мумкин бўлган муаммоларни ўша хонадоннинг ўзидан кетмасдан туриб ечишаяпти. Варақаларни маҳалла фуқаролик йиғинлари томонидан тарқатилиши мана шу гуруҳнинг боришидан олдинги бўлаётган ҳаракатга ўхшаяпти. Четдан келган бирортасига бу шикоятларни айтадиган бўлсанг, булар ҳеч нарсани ҳал қилиб бермайди, деб ҳатто президент Мирзиёевнинг ташаббусини ҳам саботаж қилаётганга ўхшайди, -дейди Абдусалом Эргашев.

Фарғона туман ҳокимлиги расмийлари варақа билан боғлиқ вазиятни Озодликка изоҳлашни истамади. Варақалар Фарғонанинг бошқа туманларида ҳам тарқатилдими ёки йўқ, буниси ҳозирча Озодликка номаълум.

XS
SM
MD
LG