Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:38

Мирзиёев "Халқ қабулхоналари"ни очиш ҳақида фармойиш берди


Ўзбекистон президенти 2017 йилда "халқ билан мулоқот" ўрнатишга оид давлат дастурини ишлаб чиқишни Бош вазир Абдулла Арипов етакчилигидаги комиссияси зиммасига юклади. Комиссия "Халқ қабулхоналари"ни очиш, ҳоким ва прокурорларнинг халққа ҳисоб бериши, пенсияни ошириш, давлат идораларини эса қисқартириш каби режаларни бажариш механизмини белгилаши лозим.

Ўзбекистон марказий телевидениеси "Ахборот" дастурида 2017 йил - "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари" йилига оид давлат дастурини ишлаб чиқиш ҳақида президент фармойиши эълон қилинди.

17 декабрь оқшом эълон қилинган фармойишда таъкидланишича, 2017 йилги давлат дастурининг асосий мақсадларидан бири жойларда қонун, қарор ва бошқа қонуний ҳужжатларнинг ижроси, давлат органлари фаолияти устидан парламент ҳамда жамоатчилик назоратини ўрнатишдир.

Назорат тизими жойларда халқ билан очиқ мулоқотлар ўрнатиш ва барча даражадаги ҳокимлар, прокурорлар, куч ишлатар тузилмалари раҳбарларининг халқ олдида ҳисобот бериши кўринишида ишлайди. Дарвоқе, куч ишлатар тузилмалари дейиларкан, ҳозирча хабарларда фақат Ички ишлар вазирлиги органлари тилга олинмоқда. Миллий хавфсизлик хизмати номи тилга олинмаётир.

Фармойиш мазмуни ҳақида хабар қилаётган Gazeta.uz сайтининг ёзишича, Мирзиёев энг бошидан бери таъкидлаб келаётган "Халқ қабулхоналари"ни "битта дарча" тамойили асосида ташкил қилиш, яъни, битта давлат идораси ташкил қилиш режаланмоқда. Бу идора ишини эса "Электрон ҳукумат" тизими воситасида кузатиш ва ташкил қилиш режаланган.

Бундан ташқари, суд ва прокуратура тизимлари устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш ва уларнинг ишини яхшилаш учун адвокатуралар ролини ошириш ва адвокатлар ваколатини кенгайтириш кўзланмоқда.

Яна бир мақсад - давлат идораларини қайта ташкил қилиш, яъни ўхшаш хизматлар кўрсатаётган тузилмаларни қисқартириб ёки тугатиб, амалда қолган давлат идоралари ишчиларининг ижтимоий ва моддий ҳимоясини оширишдир. Айни пайтда, кадрларни қайта кўриш ва сифатини ошириш ҳам кўзда тутилмоқда.

Республиканинг иқтисодий қолоқ бўлиб қолаётган ва марказдан узилиб қолган четки туман, шаҳар, қишлоқларини ривожлантиришга оид комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, масалан, тижорат банклари иштирокида бу ҳудудларда ишчи ўринлари яратиш ҳам режаланмоқда. Фармойишда шу асосда, босқичма-босқич пенсия, маош, нафақа ва стипендияларни ошириш айтилган.

Фармойишда таъкидланган муҳим жиҳатлардан яна бири ижтимоий ҳаётни яхшилаш, мамлакатда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида маҳалла институти ролини кучайтиришдир.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқи давомида фармойишидан ўрин олган мақсадларидан айримларини тилга олган эди.

Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 24 сентябрида очган виртуал қабулхонага тушган шикоятлар сони 270 мингдан ошиб кетди. Буни алоҳида таъкидлаган давлат раҳбари Ўзбекистонда виртуал қабулхонанинг реал шаклини ташкил қилиш, яъни жойларда "Халқ қабулхоналари"ни очиш заруратини таъкидлаган эди.

Эндиликда Бош вазир Арипов бошчилигидаги комиссия бу қабулхоналарни тузиш ва ишини ташкил қилиш механизмини бир ой ичида ишлаб чиқиши лозим.

Айни пайтда Ўзбекистонда давлат идораларининг халқ билан мулоқоти, асосан, ҳафтанинг маълум кун ва вақтида белигланган қабул соатлари ёхуд турли даражадаги йиғилиш ва тадбирлар шаклида ташкил қилинган.

Аммо, кейинги йилларда айрим вилоятлар, жумладан, Жиззах, Самарқанд вилоятларида ҳокимларнинг маҳаллий телевидение орқали халқ билан мулоқот ўрнатишга урингани ҳам кузатилди.

Йиллар давомида Озодликка мурожаат қилаётган ўзбекистонликлар давлат идораларидаги амалдорларнинг қабул соатларига, аксар ҳолларда, амал қилмасликлари, қиласалар-да, мулоқотнинг бу таҳлит чекланган шакли уларнинг талабини қондирмаслигидан шикоят қилиб келади.

XS
SM
MD
LG