Линклар

Шошилинч хабар
14 октябр 2024, Тошкент вақти: 07:54

RSF: Каримов ўлими Ўзбекистон тарихида янги саҳифа очди


Қароргоҳи Парижда бўлган “Чегара билмас мухбирлар” (Reporters sans frontières) ташкилоти 180 мамлакатда сўз эркинлиги вазияти бўйича бу йил эълон қилган ҳисоботида Ўзбекистонни 169-ўринга қўйди. Ҳисоботга илова қилинган ҳаритада сўз эркинлиги соҳасидаги аҳвол энг ёмон бўлган давлатлар қора рангга бўялган. Ўтган йили Ўзбекистон бу рейтингда 166-ўринни эгаллаб турганди.

"Чегара билмас мухбирлар" ташкилотига кўра, Ўзбекистонда президент Ислом Каримовнинг 2016 йил август ойидаги ўлими мамлакат тарихида янги саҳифа очган.

Каримовнинг 25 йиллик бошқаруви даврида Ўзбекистонда цензура ва мустақил журналистларни таъқиб қилиш кучайди.

Лекин, ташкилот ҳисоботида таъкидланишича, Каримов ўлимидан кейин ҳам Ўзбекистонда сўз эркинлиги бўйича ўзгариш рўй бермаган.

Ҳисоботда 2017 йилнинг февралида ўзбек мухолифатчиси Муҳаммад Солиҳнинг журналист укаси Муҳаммад Бекжоннинг 18 йиллик қамоқдан сўнг озод этилгани тилга олинади. Лекин, ҳисобот муаллифларига кўра, яна тўққиз журналист Ўзбекистон қамоқхоналарида ўта аянчли шароитларда азоб чекмоқда.

"Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти ҳисоботида таъкидланишича, Ўзбекистон ҳукумати ҳали ҳам мустақил, расмий нуқтаи назардан фарқ қилувчи хабарларни бериб борадиган Интернет сайтларига тўсиқ қўйишда давом этаяпти.

Ўзбекистонда яшрин фаолият қилаётган бармоқ билан санарли мустақил журналистларгам ҳам босимлар кучайган.

"Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти рўйхатида Скандинавиянинг икки мамлакати Норвегия ва Швеция сўз эркинлиги бўйича етакчилик қилмоқда.

Сурия, Эритрея ва Шимолий Корея эса сўз эркинлигини энг кўп топтаётган давлатлар сифатида рўйхат тубидан жой олди.

XS
SM
MD
LG