Линклар

Асакада бозорнинг кўчирилишидан норози савдогарлар ҳокимга арз қилди


Асака деҳқон бозори ёпилганига 20 кун бўлди, лекин реконструкция ишлари ҳануз бошланмади.

Андижоннинг Асака тумани марказидаги деҳқон бозорининг кўчирилиши шу бозорда тирикчилик қилиб келган деҳқонлар ва савдогарлар норозилигини уйғотди. Савдогарлар вакилларининг Озодликка айтишича, 31 май куни ўнлаб тадбиркор бошқа бозорга мажбурлаб кўчиртирилгани ва у бозорда умуман савдо қила олишмаётгани ҳақда туман ҳокимлигига арз қилиб борган, эски бозорга қайтаришни талаб қилган.

Асакалик савдогарлардан бири Озодлик билан суҳбатда агар ҳокимлик уларнинг талабини бажармаса Тошкентга, президент девонига шикоят қилажакларини айтди.

- Бизни деҳқон бозоримизга қайтаринг деб юздан ортиқ тадбиркор кеча ҳокимликка бордик. Бизни чеккароқ жойга кўчирган, у ерда савдо умуман йўқ, "Асака дехқон бозорига қайтаринг ёки Тошкента арз қилиб борамиз", дедик. Ҳокимни ёрдамчиси бизга “ҳаммаси яхши бўлади”, “ҳаммаси яхши бўлади” деди, лекин ҳалигача натижа йўқ. Бозорни бузилишига ҳали ҳокимни қарори ҳам чиқмаган экан, чиқмаган карорга бизни кўчириб ташлашибди, - дейди асакалик тадбиркор.

Андижоннинг Асака тумани марказидаги деҳқон бозорида реконструкция ишлари бошланиши сабаб қилиб кўрсатилиб, бозор 11 май куни ёпилиб, савдогарлар туман чеккасидаги “Тасанно” савдо мажмуасига қўчирилган.

Асака тумани деҳқон бозорининг реконструкция учун ёпилгани ҳақидаги Андижон бозорлар уюшмасининг эълони.
Асака тумани деҳқон бозорининг реконструкция учун ёпилгани ҳақидаги Андижон бозорлар уюшмасининг эълони.

Асакалик бошқа бир савдогар "Тасанно" деб аталувчи савдо мажмуасида умуман шароит йўқлигини айтади.

- Бозорни қайта реконструкция қиламиз деб, бизни отхонага кўчириб қўйди. Тадбиркорлар кунда жанжал қилишяпти ҳоким ва налог билан. Стадионга ўхшаган ерда савдо қиляпмиз, ёпиқ жойи йўқ, 40 даража иссиқ, ўзингиз ўйланг, нарсалар 10 соатга бормасдан ачиб қоляпти. Бу ерга кирган одам гангиб қолади. Мева-чевани олдида товуқни еми ҳам турибди, товуқни емини олдида ун ҳам турибди, нон ҳам турибди. Олдинги бозорда тартиб бор эди, - дейди асакалик савдогарлар.

Асака деҳқон бозорининг кўчирилишидан норози савдогарларнинг жанжал кўтараётгани акс этган видеолар.

Асака тумани ҳокимиятининг Озодлик боғланган расмийси бозор ҳокимнинг қарори билан кўчирилганини айтди.

- Бу ишлар - бозорларни тартибга солиш бўйича бутун республикада кўрилаётган чораларнинг бир қисми. Бозор реконструкция бўлади. Одамларга яхши шароит яратиш мақсадида бўляпти бу. Бу ерда нафақат савдогарларга, балки ҳаридорлага ҳам шароит бўлади. Шунинг учун вақтинча тепадаги бозорга кўчирдик. Олти ойларда битади, сал сабр қилишса ҳаммаси яхши бўлади, - деди ҳокимлик мулозими.

Бундан аввал ҳам Ўзбекистоннинг бошқа вилоят ва туман марказларида бозорларнинг бузилиши тадбиркорларнинг кескин норозилиги манзарасида кечган эди.

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Анвар Назиров мамлакат бўйлаб бозорларнинг бузилиши ҳукуматнинг ўйламасдан қилаётган тадбирларидан бири эканини айтади:

- Нима учун тадбиркорлар билан гаплашмасдан, уларни фикрини ўрганмасдан ҳукумат бозорни бузяпти. Аҳир бу ижтимоий объектку?! Бу ерда нафақат тадбиркорларга иш яратилади, шаҳар аҳолиси, истеъмолчиларни фикрларини ҳам инобатга олиши керак эди. Ҳозир ҳукумат ўзини айтганини қиламан деб, ҳеч қайси томонни вақтида огоҳлантирмасдан бу ишни қилаётгани умуман ақлга сиғмайди, - дейди Анвар Назиров.

Ўтган ой Жиззах ва Самарқандда йиллардан бери ишлаб келган савдогарлардан бир гуруҳи бозорларнинг янги жойга кўчирилиши туфайли иш жойисиз қолганидан Озодликка шикоят қилган эди.

Бозор раҳбарияти эса, савдогарларнинг иддаолари асоссиз эканлиги, барча ишлар мамлакат Президентининг Деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва улар ўрнида замонавий савдо мажмуалари қуриш ҳақидаги 25 март кунги қарори қарори доирасида амалга оширилаётганини таъкидлаган.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG