Линклар

Ғаллаоролда ўндан ортиқ ноқонуний олтин қазувчини тупроқ босиб қолди


Қўлбола усулда олинаëтган олтин

Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани Узунбулоқ қишлоғи яқинидаги тоғда олтин қазиш ишлари билан ғайриқонуний шуғулланган ўндан ортиқ одамни 6 июнь куни тош билан тупроқ босиб қолиши оқибатида 4 киши ҳалок бўлган ва яна 2 киши оғир ҳолатда касалхонага ётқизилган. Бу ҳақда Озодликка қурбонлар яқинлари маълум қилди.

Қурбонлар яқинларига кўра, Ғаллаорол туманининг Узунбулоқ қишлоғидан тахминан ўн километрча узоқдаги тоғдан олтин қазиш ишлари билан ғайриқонуний шуғулланадиган ўндан ортиқ одамни 6 июнь куни бир неча ўн метр чуқурликда тоғ жинслари босиб қолган.

Бу фожиада уч нафар яқин одамидан айрилган Ҳошим Маҳрамовнинг Озодликка айтишича, жиянини қутқаргани борган укаси ва яна бир жияни ҳам тупроқ тагида қолиб ҳалок бўлган:

- Бу воқеа 6 июнга ўтар кечаси содир бўлган. Ўша куни тоғамнинг 25 яшар ўғли Расул нобуд бўлган. Эртаси куни бу воқеадан хабар топгач 45 яшар автобусчи укам Акмал ва акамнинг ўғли Раҳмон ўша ерга бориб, қутқарув ишларида қатнашади. Аммо, Расулнинг жасади кўриниб қолиб, тортиб оламиз деганларида яна тупроқ ва тош кўчиб буларни ҳам босиб қолади ва укам, жияним ҳам ҳалок бўлади. Молтоп қишлоғида яшайдиган Ихтиёр Ботиров деган йигит ҳам нобуд бўлган, - деди Ҳошим Маҳрамов.

Унинг илова қилишича, қутқарув ишларида қатнашган яна икки жияни оғир жароҳатлар билан касалхонага ётқизилган:

- Рустам ва Икром деган жиянларимни ҳам Худо бир асради. Улар ҳам қутқариш ҳаракатида бўлганда тоғ босиб қолган. Рустамга анча жиддий жароҳат етган, ҳозир реанимацияда ётибди, Икром эса травмотология бўлимида, - деди Ҳошим Маҳрамов.

Унинг айтишича, қутқарув ишларида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари иштирок этган.

Тупроқ тагида ўша куни қанча одам қолганлиги ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Расман тасдиқланмаган маълумотларга кўра, ўша куни ғайриқонуний олтин қазиш учун ер остига 15 нафарга яқин одам тушган.

Қутқарувчилар бундан ташқари яна икки одамни қутқариб олгани айтилади.

Жиззах вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозими, қутқарув ишлари тугаганини айтди:

Ўша жой экскаватор ёрдамида қазилиб, қутқариш ишлари олиб борилди. Бир неча киши қутқариб олинди. Тўрт киши ўлик ҳолда топилди. Ер остида бошқа одам қолмаган”, деди мулозим.

Ғаллаороллик Набижон Жўрабоевнинг айтишича, Узунбулоқ қишлоғининг тепасида бўлган бу конда одамлар бир неча йилдан буён ғайриқонуний олтин қазиш ишлари билан шуғулланиб келган:

- Менинг билишимча, одамлар ўн йиллардан буён бу жойдан ғор қазишиб олтини бор руда олишаркан ва уни Кашшоб қишлоғига олиб келиб, янчиб, олтин ювиб олишаркан. Бу анча давом этди. Бултур ва ўтган йили милиция рейдлар қилиб, анча одамни ушлаб келди ҳам. Лекин натижаси нима бўлди, билмайман. Аниғи шуки, одамлар қазишда давом этди. Айтишларича, 30-40 метргача ер остига қазиб тушган экан, - деди Набижон Жўрабоев.

Ноқонуний қазувларда ўлим ҳоллари юз бериб туради.

2013 йили Самарқанд вилояти Пахтачи туманида яшовчи Қувончбек Жумаев беш нафар шериги билан конга ўғриликка кириб¸ руда кавлаб олаётганларида, устларига тоғ жинслари қулаб тушганди.

Жумаев ва унинг уч нафар шериги жароҳатланган, икки нафар шериги эса тош остида қолиб нобуд бўлган эди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG