Линклар

Ўтган ойда ташкил қилинган “Мажбурий ижро бюроси” электр ва газдан қарздорлардан пул ундириш пайтида “бировлар ишлатган газ ва чироқ ҳақини бошқалар“ зиммасига юклаш каби ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Бош прокуратураси текшириш ўтказгани маълум бўлди. Мажбурий ижро бюроси директори Ботир Қудратхўжаевнинг маҳаллий матбуотга билдиришича¸ энергоресурслар ҳисоб-китобларининг қонуний юритилиши устидан қатъий назорат ўрнатиш учун 423 нафар прокуратура ходими бириктирилган. Озодликнинг Қурултой эшиттириши қатнашчилари ҳам “текширувчиларни текшириш лозимлигини” айтишди. Уларга кўра¸ газ¸ чироқ ўлчаш жараëни шаффоф бўлиши лозим.

Ўзбекистонлик журналист Назокат Азим фикрига кўра¸ энергия ресурслари учун тўлов тизими мукаммал эмас:

- Газ ва электр ўлчагичларини рақамлиларидан қўйиш керак. Булар шундай ўлчагич бўлсинки, газ ва свет назоратчиларида уни тўхтатиб қўйиш ёки орқага суриш имконияти бўлмасин. Яна у пул тугаши билан худди телефон алоқаси узилгандек ўчсин, свет ҳам, газ ҳам таъминоти шу хонадонга тўхтатилсин. Шунда назоратчилар чўнтакларига пул ишламайдилар, аҳоли эса югуриб бориб вақтида пул тўлайди. Бошқа илож йўқ. Газ ва электр энаргияси учун қарзлар назоратнинг шаффоф эмаслигидан ҳам келиб чиқмоқда¸ дейди журналист.

Қўқонлик университет ўқитувчиси Жаҳонгир Эргашев айни фикрни давом эттирди.

- Тўлов тартибларини ислоҳ қилиш керак. ўқитувчи ва шифокорларга газ ва электр тўловида имтиёз қайтариб берилиши керак, деб ўйлайман. бу сиёсат шундоқ ҳам энг ночор бўлиб қолган қатламни бир суяш бўлиб хизмат қилар эди. Шунингдек, газ ва электр таъминоти идоралари аҳолининг бўйнига қарз илиб қўйган. Бу қарз аввало пора бериб газ ва светдан фойдаланиб келган айрим кичик ва ўрта бизнеснинг қарзларини аҳолига сочиб юбориши ортидан анча кўпайиб кетган. Қарздорликнинг сабаблари яхши ўрганилса, айрим ҳолатлар юзага чиқади. шунда аҳоли қарзини тўлаши мумкин¸ дейди Эргашев.

Собиқ давлат мулозими¸ таниқли тадбиркор Анвармирзо Ҳусаинов эса давлат халқнинг газ ва чироқдан қарзини кечиши лозим, деган фикрни илгари сурди.

Қашқадарëлик фаол Рустам Очилов ҳам “Тўлашга имкони йук эҳтиёжманд оилаларнинг қарзидан кечса яхши бўларди”, деган фикр билдирди.

Ўз ҳажвияларида қарздорларни акс эттирган қизиқчи Шерқўзи Ғозиев эса қарзлар тўланиши керак, деган фикрда собит:

- Халқ мақолларидан бирида «Емоқнинг қусмоғи бор» деб айтилган. Бундан маълумки, чироқнинг шуъласида мазза қилиб ўтирибсанми, демак ўз вақтида ҳаққини ҳам тўлаб қўйишни унутмаслик керак! Шунда одам хотиржам ўтиради. Елкада қанча қарз бўлса, яна кўпайиб бораверади. «Тома-тома йиғилиб, кўл бўлур, қатра-қатра йиғилиб мўл бўлур». Шунинг учун газми, чироқми ўз вақтида тўлаб қўйса, хотиржам ухлайди. Мен иккаласини ҳам бир йилга тўлаб қўйиб, бир йилгача мазза қилиб юраман¸ дейди суҳбатдош.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев тарафидан имзоланган "Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармон ортидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ташкил этилган эди.

XS
SM
MD
LG