Линклар

Диний идора президент учун имомларга намуна-матн берилганини яна инкор қилди


Озодлик суҳбатлашган имомлар¸ Ўзбекистон Мусулмонлар идорасини президент Шавкат Мирзиёевга ўз фикрини эркин билдириш имконидан маҳрум қилганликда айблашда давом этмоқда. Озодликка келган янги шикоятларда ҳам, имомларнинг ўз фикр ва таклифларини эркин тарзда ëзиши ўрнига¸ улардан Мусулмонлар идораси томонидан тайëрланган тайёр матнга қўл қўйиш сўралгани айтилмоқда. Озодлик боғланган идора раҳбарияти бундай иддаоларни яна бир бор рад этди.

Намунадан нусха

Озодликка Тошкент шаҳри Шайҳонтохур туманидаги "Ислом нури" жомеъ масжиди имом-хатиби Нурулло Турдиев имзо чеккани акс этган бир варақ матн нусхаси келиб тушди.

"Бир жаҳолатга қарши ўн маърифат" деб номларган матнга "Диний соҳа ходимларининг респбулика анжуманида янграган ушбу сўзлар фаолиямиз дастуриламалидир", деган кириш сўзи ёзилган.

Бир бурчига "Намуна", деб ёзиб қўйилган бу қоғозда исми келтирилган имом-хатибни Озодлик топди ва қисқагина гаплашишга муваффақ бўлди.

Мухбир билан микрофонсиз суҳбатда, Турдиев намунада келтирилган 5 масала баёнига ўзи яшаб турган ҳудуддаги аҳволдан келиб чиқиб, ўзгартиш киритгани, "ҳозирги сиёсатдан жуда мамнунлиги, муаммолар йўқлиги"ни айтди. Аммо Озодликка интервью беришга ҳозир фурсати йўқлигини билдирди.

5 масалада ҳисобот

Имомга кўра, Диний идора ўзидан ​диний экстремистик оқимга кириб қолганларни қайтариш, оила ажримларини камайтириш, давомати паст ўқувчиларни мактабга қайтариш, ўз жонига қасд қилишга қарши тарғибот тадбирлари ўтказиш, қўшхотинлиликка қарши қилинган ишлар бўйича маълумотларни ёзиб беришни сўраган.

Тарихий имконият

15 июн куни президент Мирзиёев мамлакат имомлари ва диний хизматчилар иштирокида видеоселектор мажлиси ўтказган эди. Унда қатнашиш учун 1 200дан зиёд имом Тошкентга чақирилди, яна 8 мингга яқин одам вилоятлардан туриб иштирок этди.

Ўша йиғинида Ўзбекистон президенти илк кез имомлардан мамлакатдаги диний сиёсат ҳақида фикр-таклифлари¸ шунингдек ўз муаммолари ҳақида фикр билдиришни сўраган.

Озодлик билан 20 июль кунги суҳбатда исмини ошкор этмаган наманганлик имом, вилоятдаги имомлар фикри идора ва маҳаллий ҳокимлик ходимларидан иборат махсус гуруҳ томонидан "намуна асосида бир қолипга солингани" ва улардан ҳам 5 йўналиш бўйича ҳисобот сўралганидан шикоят қилган¸ идоранинг Кадрлар бўлими раҳбари Абдуманноп Усмов эса бу шикоятни рад қилган эди.

Идора яна рад этди

Озодлик яна бир марта диний идора мулозими Абдуманноп Усмоновга мурожаат қилди.

"Учта вилоятдаги уч имом ўз фикрини эркин билдиролмагани, президентга киритилаётган имомлар позицияси намуна асосда бир қолипга солинганидан шикоят қилди, сиз буни рад этасизми? Намуна бермадингизми?" деган саволга мулозим: "Рад қиламан, намуна бермадик. Имомлар ўз фикрини эркин, очиқ-ойдин билдирди", деб жавоб берди.

Абдуманноп Усмоновга кўра, республика бўйича имомлардан йиғилган фикрлар Вазирлар Маҳкамасига тақдим қилинган.

Имомлар позицияси нега муҳим?

Имомлар шикояти ва расмийлар раддияси эфирга берилгач, Озодликка боғланган фарғоналик яна бир имом ҳам Диний идорани "президент берган ноёб имкониятдан имомларни маҳрум қилганлик"да айблади.

Айни пайтда у, аслида, мамлакат ичкариси ва ташқарисида юрган миллионлаб ўзбекистонлик ёшларнинг турли радикал оқимлар таъсирига тушиши олдини олишда халқ ичида юрган имомлар позицияси муҳим, деб ҳисоблашини айтди.

"Президент тарихда бўлмаган ишни қилиб, имомлардан фикр сўради. жуда тўғри иш қилди. Ёшлар нимага экстремист оқимларга тушиб қоляпти - ҳа иш йўқлигидан, Россияга бориб, ҳар хил фисқу фасод гуруҳлар қўлида қолиб кетаётганидан. Хотин устига хотин олиш, ажрашиш, ўзини осиш нимадан - илмсизликдан. Имомлар нега беқадр, беҳурмат - ҳа тирикчилик ташвишига тушиб, китоб ўқимаётганидан. Ҳар куни халқ ичидамиз - ҳаммасини кўриб турибмиз. Шуларни бизга ёздирмадида идора. Имомларга намуна берилмади, деб гапирган анави Абдуманноп Усмоновдан жуда аччиғим чиқди. Лекин, мен унга қарши гапирсам, радикал оқим аъзоси қилиб, бирпасда имомни ҳам йўқ қилворишади булар, қанчасини кўриб турибмиз", деб даъво қилди исмини ошкор қилмаган фарғоналик имом.

2037 масжидда 5 мингдан ортиқ имом бор

Расмий маълумотга кўра, ҳозир Ўзбекистондаги 2037 масжидда 5 мингдан ортиқ имом ва имом ноиби ишламоқда. Мусулмонлар идорасига кўра, имомларнинг 80 - 90 фоизи ойлик билан таъминланган. Бу ойлик 300 минг сўмдан 1-1 ярим миллион сўмгачадир.

Мавжуд тартибга кўра, ойлик миқдори ҳар бир масжиднинг ўз даромади ва эҳсонлари ҳисобидан масжидда ишловчи жамоанинг ўзи томонидан белгиланади.

Озодлик билан суҳбатлашган фарғоналик имомлардан бирига кўра, "Бир ярим миллион сўмлик ойликнинг ярми солиққа тортилади, аксар имомларда эса бу ҳам йўқ - диний хизматни маошсиз бажаради".

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG