Линклар

Президент учун имомлардан диний сиëсатга оид фикр йиғилмоқда


Президент Мирзиëев Самарқандда имомлардан бири билан.

Ўзбекистон Мусулмонлар идораси мамлакатда ишлаётган 2 мингга яқин имом хатибдан президент Шавкат Мирзиёевга билдиришни истаган фикр ва таклифини йиғмоқда. Наманганлик имомлардан бирига кўра, уларнинг қўлига икки варақлик намуна берилган ва шу асосда, асосан, беш йўналишда фикр билдиришган. Мирзиёев ўтган ой дин хизматчилари билан селекторда уларнинг фикрини сўраган эди.

Президентга ўз фикрини билдирган наманганлик имомга кўра, унинг вилоятидаги имомлар фикри идора ва маҳаллий ҳокимлик идоралари ходимларидан иборат махсус гуруҳ томонидан 5 кун давомида йиғилган.

"Бизга намуна беришди. Мусулмонлар идораси чиқарган экан. Унда бешта йўналиш айтилган: ДЭОдагиларни (Диний экстремистик оқим - таҳр.) тавбасига таянтириб, сафимизга қайтардик, ажрашганларни камайтирдик, давоматда йўқ ўқувчиларни мактабга қайтардик, жонига қасд қилганга қарши тарғибот қилдик, қўшхотинлиликка қарши иш олиб бордик, деб ёзилган. Шуни айнан кўчириб, ёзиб бердик ҳаммамиз", деди исмини сир сақлаган наманганлик имом.

15 июнь куни президент Мирзиёев мамлакат имомлари ва диний хизматчилар иштирокида видеоселектор мажлиси ўтказган эди. Унда қатнашиш учун 1 200дан зиёд имом Тошкентга чақирилди, яна 8 мингга яқин одам вилоятлардан туриб иштирок этди.

Ўша йиғинида президент имомлардан Ўзбекистондаги диний сиёсат ҳақида фикр-таклифлари¸ шунингдек ўз муаммолари ҳақида фикр билдиришни сўраган эди.

Йиғинда вилоятдан туриб иштирок этган наманганлик имом Диний идора президентнинг имомларга айтган бу таклифини "бироз ўзгартирди", деган фикрда.

"Президентимиз биз имомлардан нима муаммоларингиз, дардингиз бўлса, менга билдиринг, деди, тўғри сўради. Аммо биздан олинган сўровнома кўпроқ ҳисоботга ўхшади, менимча. "Қилган ўзгаришларингиздан руҳландик, бунча одамни оқладик, бунчасини тарғиб қилдик ва ҳоказо гапларни ёздиришди. Ўзимизнинг кўнглимиздаги гапларни очиқ ёзолмадик биз", деди исмини ошкор этмасликни сўраган имом.

Наманганлик имомнинг бу арзига муносабат билдирган Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Кадрлар бўлими бошлиғи Абдуманноп Усмонов республика имомларидан "намуна асосида, бир қолипда фикр олинаётгани"ни рад этди.

Унинг айтишича, мамлакатда мавжуд 2037та масжидда ишлаётган имом ва имом ноиблари Мирзиёевга ўз позициясини эркин билдирмоқда.

"Тўлиқ ҳамманинг фикрини олаяпмиз ҳозир, йиғаяпмиз. Имомлар нима фикри бўлса, муаммоси бўлса, президентга очиқ билдираяпти. Бу фикрларни йиғиб, муҳокама қиламиз ва натижасини маълум қиламиз", деди диний идоранинг Кадрлар бўлими бошлиғи Абдуманноп Усмонов Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Шу йилнинг 15 июнида президентнинг имомлар ва дин хизматчилари билан ўтказган видеоселекторидан сўнг Ўзбекистон Диний идораси ва Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Диний қўмита бошчилигида июль ойи бошида мамлакатда ишлаётган 2 мингга яқин имом хатиб бирма-бир суҳбатдан ҳам ўтказилди.

Диний идорадан олинган маълумотга кўра, суҳбат имомларнинг илмий даражасини аниқлаш учун ўтказилган, айни пайтда¸ даражаси паст имомларга чора кўрилиши ҳозирча назарда тутилмаган. Вилоятлардаги айрим имомлар буни аттестация деб атаган ва суҳбатда имомларнинг бугунги ижтиомий-молиявий аҳволи, айниқса, масжидда йиғиладиган хайр-эҳсонга қарам бўлиб қолганига оид шикоятлари тингланмаганидан арз қилган.

Расмий маълумотга кўра, ҳозир Ўзбекистондаги 2037 масжидда 5 мингдан ортиқ имом ва имом ноиби ишламоқда. Мусулмонлар идорасига кўра, имомларнинг 80 - 90 фоизи ойлик билан таъминланган. Бу ойлик 300 минг сўмдан 1-1 ярим миллион сўмгачадир.

Мавжуд тартибга кўра, ойлик миқдори ҳар бир масжиднинг ўз даромади ва эҳсонлари ҳисобидан масжидда ишловчи жамоанинг ўзи томонидан белгиланади.

Озодлик билан суҳбатлашган фарғоналик имомлардан бирига кўра, "Бир ярим миллион сўмлик ойликнинг ярми солиққа тортилади, аксар имомларда эса бу ҳам йўқ - диний хизматни маошсиз бажаради".

XS
SM
MD
LG