Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:51

Шавкат Мирзиёев БМТ маърузачиси Аҳмад Шаҳидни қабул қилди


БМТнинг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид.
БМТнинг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 12 октябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳидни қабул қилди.

Бу ҳақда хабар қилган president.uz сайтига кўра, давлат раҳбари меҳмонни қутлар экан, Ўзбекистон Республикасининг БМТ, унинг тузилма ва институтлари билан амалий ва ўзаро манфаатли ҳамкорлиги мустаҳкамланиб бораётганини мамнуният билан қайд этган.

“Жорий йил май ва июнь ойларида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад Ал-Ҳусайннинг Ўзбекистонга ташрифлари ҳамда улар билан ўтказилган учрашувлар, шунингдек, давлатимиз раҳбарининг сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги иштироки якунлари бўйича БМТ Барқарор тараққиёт мақсадларига мувофиқ ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган "йўл хариталари" қабул қилинди ва амалга оширилмоқда”, дейилган Ўзбекистон Президенти расмий сайтида.

Ўзбекистонга қилган 10 кунлик сафарини якунлаган БМТнинг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид 12 октябрь куни Тошкентда матбуот анжумани ўтказгани тўғрисида Озодлик олдин хабар қилган эди.

Кун.уз Интернет нашрининг ëзишича¸ БМТ маърузачиси жумладан¸ Ўзбекистонда “фуқаролар дин ҳақида фикрларини изҳор қилишда ёки эътиқодидан келиб чиқувчи диний амалларини эркин бажаришда айрим чекловларга учрамоқда. Баъзан бу борада ўзини-ўзи цензура қилиш ҳолатлари кўзга ташланади”¸ дея баëнот берган.

Ўзбекистон Президенти расмий сайти хабарида Шавкат Мирзиёев билан учрашув давомида бу масала кўтарилгани тўғрисида ҳеч нарса дейилмаган.

XS
SM
MD
LG