Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:07

Ҳуқуқ фаоли Мусажон Бобожонов 3 йиллик шартли қамоққа ҳукм қилинди


Ҳуқуқ фаоли Мусажон Бобожонов.
Ҳуқуқ фаоли Мусажон Бобожонов.

26 март куни жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти Қува тумани суди томонидан Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг Андижон вилояти бўлими раиси Мусажон Бобожонов 3 йилга шартли муддатга озоликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Озодликка жамият фаоли, журналист Абдураҳмон Ташанов хабар қилди.

Қува туман суди материалларига кўра, Мусажон Бобожонов Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 244, 1-моддаси 2-қисми (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) билан айбдор деб топилган.

“Албатта, ҳукмдан норозиман. Ҳукмни олгач, аппеляция бериш масаласини ўйлаб кўраман. Ички ишлар органлари ишни нотўғри қўзғатишган. Агар суд мени оқлаганида улар жавобгар бўлиши керак эди. Сих ҳам, кабоб ҳам куймасин, қабилида иш тутилди”, - дейди Мусажон Бобожонов “Озодлик” мухбири билан суҳбатда.

Суд материалларига кўра, Мусажон Бобожоновнинг Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан мусодара қилинган компьютеридан қирғизистонлик Абдуллоҳ домланинг “Пайғамбарлар тарихи” номли мажмуаси ва унинг ичидан 24 та аудиофайл, шунингдек, “Жаннатга ошиқлар” номли рисола матни топилган. Мазкур асарлар адабиётшуносликка оид суд экспертизаси томонидан диний фундаментал адабиёт сифатида баҳоланган.

“Мен Тошкент Давлат Шарқшунослик институти ҳамда Қоҳира университетини тамомлаган мутахассисман. Умрим давомида диний радикал адабиётларнинг зарари, муқаддас динимизга салбий таъсири борасида тадқиқотлар олиб бордим. Бу борада «Йўқлик ва Борлиқни оралаб», «Исмга инган ҳукмлар» ва «Лақаб ҳақида», «Жаҳон тиллари тўғрисида» номли китобларим чоп қилинган. Вақтли матбуотда чиқишлар қилиб тураман. Энди ана шу фаолиятимни ўзимга қарши айблов сифатида ишлатишди” деган эди Мусажон Бобожонов суд бошланиши арафасида берган суҳбатида.

Суд ҳукмига кўра, Фарғона вилояти ИИБ томонидан мусодара қилинган комьютер ҳуқуқ фаолига қайтарилади.

26 февраль куни Озодлик прокурор суддан 51 яшар Мусажон Бобожоновни 4 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўраганини хабар қилганди. Мусажоновга нисбатан суд 5 февраль куни бошланган эди.

XS
SM
MD
LG