Ўзбекистонлик фаолларга Парижда пикет ўтказиши учун рухсат берилди
Париж префектураси "Ўтюраклар" клуби асосчиси Мўътабар Тожибоевага 9 октябрь куни пикет ўтказиши учун рухсат берди.
Президент Мирзиёевнинг Франция президенти билан учрашуви ўтадиган бир кунда, ўзбекистонлик фаоллар, Париждаги Сент-Огюстен церкови майдонида пикет ўтказиши кутилмоқда.
Ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоева пикет ўтказишдан мақсад президент Мирзиёев билан мулоқот ўрнатиш ва шунинг воситасида, Ўзбекистонда ечимини топмаётган муаммоларга ечим топиш, эканини таъкидлайди.
Ҳуқуқ фаоли тилга бундай муаммолар сирасида хорижда юрган муҳожирлар ва мухолифат фаоллари, қочқинларнинг қайтишига рухсат бериш, аксар муҳожирларнинг фуқаролиги бекор қилинган президент фармонини бекор қилиш, фаоллар, шу жумладан, наманганлик депутат Олимжон Тўхтаназаровга нисбатан сохталаштирилган жиноят ишларини бекор қилиш каби масалаларни тилга олди.
Тожибоева билан бирга ўзбекистонлик фаол Башорат Эшованинг пикетда қатнашиши айтилди.
Президент Шавкат Мирзиёев 9 октябрь куни Парижда Франция раҳбари Эммануэль Макрон билан музокаралар ўтказади.
Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, музокаралар кун тартибидан сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва молиявий соҳалардаги амалий ҳамкорликни ривожлантириш, турли тармоқларда инвестиция лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш, шунингдек, маданий-гуманитар алмашувларни фаоллаштириш масалалари ўрин олган.
Учрашувлар якунида ҳукуматлараро ва идоралараро 10 дан ортиқ ҳужжат, жумладан, иқтисодиёт, молия, транспорт, туризм, экология, маданият ва санъат соҳаларида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар имзоланиши кўзда тутилган.
Ўзбекистон ва ЮНЕСКО алоқаларини ривожлантиришга қаратилган 2021 йилгача ҳамкорлик дастурини имзолади.
Президент Шавкат Мирзиёев 8 октябрь куни ЮНЕСКОнинг Париждаги бош қароргоҳида ташкилот бош директори Одри Азуле билан учрашди.
Президент Шавкат Мирзиёев Франция Республикасига расмий ташриф ЮНЕСКОдаги учрашувдан бошлангани чуқур маъно ва муҳим аҳамиятга эга эканини, Ўзбекистоннинг ушбу ташкилот билан ҳамкорлиги изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади.
“ЮНЕСКО Бош директори Ўзбекистон Президентининг ушбу ташкилот шафелигида тинчлик ва бағрикенглик маданиятини шакллантириш, экстремизмнинг олдини олиш мақсадида Самарқанд шаҳрида Мирзо Улуғбек номидаги халқаро институт ташкил этиш, Тошкент Ахборот технологиялари университети ҳузурида Таълимда ахборот-коммуникация технологиялари бўйича минтақавий марказ ҳамда Самарқанддаги Туризм халқаро университетида ЮНЕСКО кафедрасини тузиш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлади”, дейилади президент матбуот хизмати тарқатган хабарда.
Шунингдек, Ўзбекистонда Марказий Осиё ёш олимлари минтақавий форумини ҳамда 2019 йилда Тошкентда "Ахборот технологиялари маданий меросни асраш хизматида" мавзуида Осиё форумини ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.
Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси Франция президенти Макронга, президент Мирзиёев билан учрашуви афарасида, очиқ мактуб эълон қилди.
Мактубда Шавкат Мирзиёев 2016 йилда президентликка сайланганидан буён бир неча ҳуқуқ фаолининг қамоқдан озод этилгани олқишланган ва бу ҳаракат умид уйғотгани алоҳида таъкидланган.
Аммо, халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари, бу умид тўла оқланиши учун шу йўналишдаги ислоҳотлар изчил давом эттирилиши ва бир неча муҳим қадамлар ташланиши зарурлигини таъкидлайди.
"Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси ва Инсон ҳуқуқлари лигаси Франция президентидан Ўзбекистон президенти билан учрашувда Ўзбекистонда ҳуқуқлари поймол этилган қурбонларнинг адолатга эриша олмаётгани, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг ҳануз қамоқхоналар ва ҳибсхоналарга қўйилмаётгани, фуқаролик жамиятининг чекланиши, аёлларга қарши зўравонлик каби ҳолатлар бўйича хавотир изҳор қилишни сўрайди", дейилади очиқ мактубда.
Шунингдек, мактубда 2005 йил, 13 майда Андижонда бўлган қонли воқеалар қурбонлари ва уларнинг яқинлари учун адолат таъминланиши керак, деб таъкидланган.
Мактубда шу кунда Франциядан бошпана олиб яшаётган ҳуқуқ фаоли, "Ўтюраклар" клуби асосчиси Мўътабар Тожибоева ҳақларини тиклаш ҳам сўралган.