Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:59

Ўзбекистонликларни олиб кетаётган носоз автобус Красноярскда тўхтатиб қолинди (ВИДЕО)


2018 йилнинг 19 ноябрида Екатеринбург яқинидаги автоҳалокат.
2018 йилнинг 19 ноябрида Екатеринбург яқинидаги автоҳалокат.

Россия йўл полицияси томонидан тўхтатилган Красноярскдан Ўзбекистонга меҳнат муҳожирларини олиб кетаётган автобусга носозлиги боис ҳаракатланиш тақиқланди. Транспорт воситаси махсус стоянкага юборилди, миграция қонунчилигини бузганлиги аниқланган 10 мигрант 2 минг рублдан жаримага тортилди ва уларнинг Россияга кириши тақиқланди.

Красноярск полициясининг билдиришича, 11 декабрга ўтар кечаси Р-255 “Сибирь” федерал трассаси бўйлаб Красноярскдан Ўзбекистонга қараб ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини олиб кетаётган “Мерседес” автобуси маҳаллий йўл ҳаракати хавфсизлиги назорати ходимлари томонидан тўхтатилди.

"ГИБДД халқаро ва шаҳарлараро йўловчи ташиш хавфсизлиги бўйича профилактика амалиётларини ўтказаётган эди", деди Озодлик сўровига ўзини таништирмаган Красноярск вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати ходимаси.

- “Мерседес” автобуси Иркутск – Ўзбекистон йўналиши бўйича 36 йўловчини олиб кетаётгани аниқланди. Транспорт воситасининг техник ҳолати ўрганилганида, унда кейинги ҳаракатланишни тақиқловчи носозликлар борлиги маълум бўлди. Машинанинг рул бошқаруви ва тормоз тизими бузуқ ҳолатда бўлган, унинг кейинги эксплуатацияси жиддий йўл-транспорт ҳодисасига олиб келиши мумкин эди, - деди Красноярск вилоят Ички ишлар бошқармасининг навбатчи офицери.

Йўл полицияси автобусни махсус стоянкага жўнатгани айтилди.

Полиция бошқармаси Сибир совуқларида кетаётган автобуснинг аянчли аҳволини тасвирловчи видеолавҳани ҳам Озодликка тақдим этди.

(Красноярск вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати тақдим этган видео)

Унда полиция ходими ўзбек йўловчиларидан бирига “Автобус чиптасини қанчага сотиб олдингиз?” саволига “6 минг рубл” жавобини олганини эшитиш мумкин. Ҳайдовчи эса автобус двигатели ўчирилса, қайта ишлатишда муаммо бўлиши мумкинлигидан огоҳлантиради.

Мигрантларни Ўзбекистонга олиб кетаётган транспорт воситасини кўздан кечирган мутахассислар ҳам уни эксплуатация қилиш хавфли эканини таъкидлади.

Шунингдек, полиция автобусда кетаётган 36 нафар Ўзбекистон ватандошлари ҳужжатларини текширувдан ўтказди. Хусусан, ўзбек йўловчиларидан 10 нафари Россия миграция қонунчилигини бузгани аниқланди.

Ҳужжатлари жойида бўлмаган ўзбекистонлик мигрантларнинг ҳар бирига суд қарори билан 2 минг рублдан жарима солинди ва улар яқин орада Россия ташқарисига чиқиб кетиши кераклиги айтилди.

Полиция ходими бу 10 кишига Россияга кириш тақиқланганини ҳам эслатиб ўтди.

Охирги йилларда меҳнат муҳожирларини Россия ва Ўзбекистон ўртасида автобус, микроавтобус ва енгил автомашиналарда ташиш катта даромад келтирувчи бизнесга айланди.

Ўзбекистонлик ишчиларни Қозоғистон орқали ташиётган минглаб автобуслар йўловчи ташиш транспортининг энг арзон турига айланган. Шунинг учун унга бўлган талаб-эҳтиёж ошиб бормоқда.

Россия ва Қозоғистон ҳудудида меҳнат муҳожирларини олиб бораётган ва олиб келаётган автотранспорт билан боғлиқ ҳалокатлар, бу икки давлатда маҳаллий йўл ҳаракати хавфсизлиги идораларининг айнан шу турдаги транспорт воситасига бўлган эътиборини кучайтирди.

Йўл полицияси кўп ҳолларда бундай рейслар қайта таъмирланган эски автобуслар ёрдамида амалга оширилаётганига эътибор қаратиб келмоқда.

Озодлик 2018 йилнинг ўзида Россиядан Ўзбекистонга ёки Ўзбекистондан Россияга кетаётган транспорт воситалари билан боғлиқ бир қанча йирик автоҳалокатлар содир бўлгани тўғрисида хабар берган эди.

Жумладан, 2018 йилнинг январ ойида Ақтўбе вилоятининг Самара-Шимкент трассасида Россияга йўл олган йўловчилар автобуси ёниб кетган. Ёнғин оқибатида Қозон шаҳрига ишлашга кетаётган 52 нафар Ўзбекистон фуқаролари ҳалок бўлишган.

Шу йилнинг 1 мартида Ақтау-Бейнау автомобил йўлида йўловчи ташувчи машина билан юк машинаси тўқнашиб кетиши оқибатида 7 киши ўлган эди.

23 январга ўтар кечаси Чимкент-Петропавлоск- Нижневартовск йўналишида йўлга чиққан автобсунинг музлаб бузилиб қолиши оқибатида совуқда қолиб кетган 47 ўзбекистонлик қутқарилди.

26 февраль куни “Самара-Чимкент” йўлининг Ақтўбе вилоятидан ўтувчи қисмида “Краснодар-Чимкент” йўналиши бўйича 25 нафар ўзбекистонликни олиб кетаётган Mercedes автобуси ағдарилиб кетган эди. Воқеада 7 ўзбекистонлик жароҳатланган.

XS
SM
MD
LG