Линклар

Шошилинч хабар
07 декабр 2019, Тошкент вақти: 16:55

Ортиқхўжаев Тошкентда "Яшил ташаббус" пиар-акцияси доирасида кўчат тарқатмоқда (ВИДЕО)


Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 9 март куни "Яшил ташаббус" акциясини бошлаб берди. Шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, 25 мартгача давом этадиган акция доирасида шаҳарнинг турли бурчидаги кўча ва хиёбонларига ҳокимият тарқатаётган 400 минг туп эман, каштан ва бошқа мевали дарахт ҳамда сурия атиргули, магнолия каби бута кўчати экилиши айтилди.

Шаҳарнинг турли ҳудудларида кўчатларни тарқатадиган махсус шохобчалар ташкил қилинди ва шаҳарликлар, ўзи эккан кўчатга ўз номини ёзиб қолдириш имкони билан акцияга жалб қилинмоқда.

Расмий хабарда айтилишича, 2 мингдан ортиқ кўнгилли ҳашарчи ва бюджет ташкилотлари ишчиси тадбирга чақирилган.

Шанба кунидан бошланган тадбир, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида, шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг пиар-кампанияси сифатида қарши олинмоқда.

Зеро, тадбир учун махсус лого чизилган ва лого ёпиштирилган махсус траспорт воситалари ҳамда кийимлар, очилиш маросими учун эса карнай-сурнайлар ҳозирланган.

Бундан ташқари, шаҳар ҳокимлигининг Facebook тармоғига ушбу акция учун махсус басталанган қўшиқ ва куйлар остидаги видеоклиплар жойлаштирилди.

Ортиқхўжаевнинг тадбирига санъаткор, жамоат арбоблари ва бошқа фаоллар ҳам қўшилиб, кўчат экаётгани акс этган видеоларини ижтимоий тармоқларда тарқатмоқда.

Аммо, сўнгги йилларда пойтахтда кўп йиллик дарахтларнинг кесилиши, кўп қаватли турар-жой ёки бошқа биноларнинг бузилишини тилга олган айрим ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари тадбирни эътироз билан қарши олмоқда.

Уларнинг асосий эътирози, шаҳарнинг кўп йиллик чинор ва каштанлари кесиб ташланган майдонларига нинабаргли дарахт кўчатлари экилаётганига қаратилган.

Айни пайтда, шаҳар ҳокимининг Gazeta.uz нашрига интервью берган ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Элбек Шукуров бу акциянинг бир марталик эмаслиги, келгусида махсус кўчатхоналар ташкил этилишини айтган.

Бундан ташқари, тез орада шаҳар ҳокимлиги дарахтларни ноқонуний кесилиши олдини олиш учун, фуқаролар мурожаатларини қабул қилиб оладиган махсус телефон рақамини ишга туширишни ваъда қилмоқда.

XS
SM
MD
LG