Линклар

Шошилинч хабар
19 июл 2019, Тошкент вақти: 02:31

Ўзбек мулозимлари ҳам рус тили билан боғлиқ баҳсларга қўшилди


Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов

Бир гуруҳ ўзбек зиёлиларининг рус тилига расмий мақом бериш борасидаги таклифи ортидан бўлаётган баҳс-мунозараларга мулозимлар ҳам қўшилди.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов “Индамаслик — розилик аломати эмас”, дея таъкидлади.

Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, Халқаро пресс-клуб бошлиғи Шерзод Қудратхўжаев “Миллий тил иккитадан бўлиши мумкин эмас”, деган фикрни билдирди

Шунингдек, айрим партиялар ҳам ушбу баҳслардан четда қолмади.

Айни пайтда ҳукумат расмийлари бу борада бирор баёнот берганича йўқ.

Вазир Шерматов: Индамаслик — розилик аломати эмас

Ўзбекистон Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов 4 май куни Фейсбукдаги саҳифасида давлат тилига расмий мақом бериш борасида бўлаётган баҳс-мунозараларга қўшилиб, бу борадаги ўз фикрларини билдирди:

«Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига бу йил 30 йил тўлади. Биз бу санани яхшилаб нишонлашга тайёргарлик қилиш ўрнига, қайсидир «зиёлилар»нинг рус тилини ҳам расмий тил этиб белгилаш керак деган таклифига индамай ўтирибмиз...

«Индамаслик — розилик аломати» деб қабул қиладиганлар ҳам топилиб, бу қайсидир «зиёлилар» позицияси эмас, айнан Давлат томонидан олдинга сурилган таклиф, деб ҳам талқин қилаётганларни кўриб, ўз фикримни билдиришим зарурлигини тушуниб етдим».

Вазир Шерматов чет тилларни ўрганишни қўллаган ҳолда, ўз она тилини эсдан чиқармаслик лозимлигини таъкидлайди:

«Ўз тилимиздан ва миллатимиздан ғурурланиш ҳиссига эга бўлсаккина мамлакатимиз ривожланишига эриша оламиз».

Ректор Қудратхўжаев: Миллий тил иккита бўлиши мумкин эмас

Ўзи ҳам рус тилида таҳсил олганини таъкидлаган Шерзод Қудратхўжаев “Инсонда она Ватан, ота-она ва миллий тил иккитадан бўлиши мумкин эмас”, дейди Фейсбук тармоғидаги саҳифасида эълон қилган пости орқали:

“Бу масалани кўтараётган бир гуруҳ катта авлод вакиллари ёшларга намуна бўлиш ўрнига, яна ўша эски замонни, “социалистик” ўтмишни қўмсаётганини тушуниш жуда ҳам қийин, албатта. Ҳурматли кекса авлод вакиллари, аввало шуни билинглар: ўша машъум совет даври энди қайтиб келмайди, орқага қайтадиган кўприклар ёниб кетган. Орқага қайтувчи йўллар ҳам қолмади. Миллат ҳам ўзгарди, Ўзлигини қайтараётган миллат бу».

Миллий тикланиш партияси: Ўзбек тили- ягона давлат тилидир

Ўзбекистон Миллий тикланиш партияси ҳам ушбу баҳсларга қўшилди. Партия сайтида эълон қилинган «Ўзбек тили- ягона давлат тилидир» сарлавҳали мақолада рус тилига давлат мақоми бериш таклифи қораланади:

«Интернетда ўзбек тилининг қўлланиш доирасини кенгайтириш, уни бутун дунё глобал тармоғида муносиб ўрин эгаллаши учун саъй-ҳаракат қилинаётган бир пайтда бундай таклиф билан чиқиш мавҳумликдан, одамларни чалғитишдан ўзга нарса эмас».

Партия ўзбек тили билан боғлиқ муаммоларни санаб, уларни бартараф қилиш ва ўзбек тилини ривожлантиришда зиёлиларни ҳамкорликка чақиради.

"Юксалиш" ҳаракати: Бошқа тилга махсус мақом бериш мақсадга мувофиқ эмас

Жорий йил президент Мирзиёев фармони асосида ташкил қилинган "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати ҳам ​ушбу баҳсларга қўшилди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати маълум бир тилга Ўзбекистон ҳудудида махсус мақом берилишини мақсадга мувофиқ деб ҳисобламайди. ​Четдан кириб келаётган ҳар қандай хорижий тил таъсири она тили ва миллий маданиятга соя солиши мумкин...

Бундан ташқари, кўп миллатли Ўзбекистонда юридик жиҳатдан маълум бир тилга давлат тилига тенг бўлган махсус мақом берилиши жамиятда қандайдир даражада кескинлик, унинг бўлиниши ва этник қарама-қаршиликларни юзага келтириши мумкин".

Бир гуруҳ зиëлиларнинг рус тилига давлат тили мақоми бериш ташаббуси

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг 2 май куни Ўзбекистонга қилган расмий ташриф арафасида 20 га яқин ўзбекистонлик рус тилли зиëли рус тилига расмий мақом бериш таклифи билан чиқди.

Ораларида Халқ артистлари¸ таниқли рассом ва киночилар бўлган ташаббусчилар таклифи Кремль пропагандасининг таркибий қисми кўрилган нашрда эълон қилинди.

Озодликнинг аниқлашича, бу ташаббус “Россотрудничество” Федерал агентлиги молиявий кўмаги асосида фаолият юритадиган Тошкентдаги рус маданият марказининг 25 йиллигига бағишланган тантанада муҳокама қилинган¸ имзо тўплаш вазифасини журналист Аъло Ходжаев ўз зиммасига олган.

Таклиф ўзбек оммавий ахборот воситаси сифатида расмий рўйхатдан ўтган, лекин Ўзбекистонда Россия манфаатларини тарғиб қилиб келадиган Вести.уз сайтида эълон қилинди.

Озодлик Ўзбекистон ҳукуматига таклиф билан чиққан бу ташаббусчилардан айримлари билан суҳбатлашди. Таниқли мултипликатор Нозим Тўлахўжаев¸ СССР халқ артисти Бернора Қориева Озодик билан суҳбатда “ўзбек миллатининг маданий-марифий ривожида шакллантирувчи роль ўйнаган рус тилига расмий мақом берилиши адолат тантанаси” бўлажагини урғулади.

Горбачев совғаси

Ўзбекистонда Михаил Горбачёв бошлаб берган ошкоралик сиёсати туфайли миллат ўз давлат тилини белгилаш ҳуқуқига эга бўлган эди.

1989 йил 21 октябрда Ўзбекистон Олий Совети томонидан Ўзбекистонда давлат тили ҳақидаги қонун қабул қилинган эди.

“Давлат тили тўғрисида”ги қонун матбуотда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Кўпчилик зиёлилар ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишини қўллаб-қувватлаган эди.

Айни пайтда¸ орадан 30 йил ўтиб ҳам ўзбек тилининг давлат тили мақоми даражасига кўтарилмагани эътирозларга сабаб бўлиб келмоқда.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG