Линклар

Шошилинч хабар
17 феврал 2020, Тошкент вақти: 06:27

Халқаро хабарлар

Афғонистонда тўйга қилинган ҳужум қурбонлари сони 80 нафардан ортди

17 август куни ҳужум қилинган тўйхонада олинган сурат. Кобул, 2019, 18 август.

Афғонистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати вакили Насрат Раҳимий худкуш ҳужумидан ҳалок бўлганлар сони 80 нафардан ортганини маълум қилди.

17 август куни кечқурун Кобулдаги тўйхонада содир этилган худкуш ҳужум оқибатида 63 киши қурбон бўлган ва 182 киши яраланган эди.

Толибон бу ҳужумга алоқаси йўқлигини эълон қилган. Бироқ Ашраф Ғани Толибонни “ваҳшийларча” ҳужумга камида шерик, деб атади.

Айрим хабарларда айтилишича, ҳужум учун масъулиятни "Ислом давлати" гуруҳининг Афғонистондаги шўъбаси ўз зиммасига олган.

Бу жорий йилдаги энг кўп одам ўлган террор бўлди.

Кун янгиликлари

НАТО Франция ядровий қуролларини альянс стратегияси марказига қўйиш чақириғини рад этди

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг, 13 февраль, 2020 йил, Брюссель

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Франция президенти Эммануэль Макроннинг Франция ядровий қуролларини Европа мудофаа стратегия марказига қўйиш чақириғини рад этди.

Котибнинг сўзларига кўра, АҚШ ва Британия қуроллари Европа Иттифоқини етарли даражада хавфсизлик билан таъминлайди.

15 февраль куни Мюнхен хавфсизлик конференциясида сўзлаган Столтенберг:

- Европа ядровий муҳофазага эга эканини ёддан чиқармаслигимиз керак. 28 ҳамкор давлат буни таъминлаб келади. Бу шунчаки ваъда эмас, балки ўнлаб йилдан бери мавжуд бўлган стратегиядир, — деди.

Столтенберг Франция ўта муҳим ҳамкор эканини ҳамда мамлакат ядровий қуроллари НАТОнинг умумий хавфсизлигини таъминлашда муҳим роль ўйнашини таъкидлади.

Макрон Британия Европа Иттифоқини тарк этгани учун иттифоқ хавфсизлиги стратегиясини қайтадан кўриб чиқишга чорламоқда.

"Брексит" ортидан Франция ядровий арсеналга эга ягона Европа Иттифоқи давлатига айланди. Макрон НАТОни қўллашини изҳор қилиб, бир вақтнинг ўзида Вашингтонга бўлган тобеликни озайтиришни исташини айтган.

Ўтган ҳафтада Макрон Европа давлатларини мудофаа харажатларини оширишга чорлади.

Франция НАТО аъзоси бўлса-да, ўз ядровий қуролларини альянс ихтиёрига ўтказмаган. Париж ўз мустақил ядровий дастури борлигидан фахрланади. Германия эса Вашингтон ёрдами етарли эканини айтиб, Франция қуролларига таянишга қарши чиқиб келади.

Босниядаги лагерда қолаётган муҳожирлар полиция билан тўқнашди

Босниядаги лагерда яшаётган муҳожир, 14 февраль, 2020 йил

Босния ва Герцеговинада лагерда ушлаб турилган юзлаб муҳожир полиция билан тўқнашди.

Хабарларга кўра, муҳожирлар лагердаги шароитлар ҳамда қўшни Хорватия полицияси уларга қарши куч ишлатганидан норозилик билдириб, лагерни тарк этишга уринган.

Ҳодиса 15 февраль куни Босния ғарбидаги Мирал муҳожир лагерида содир бўлган. 700 кишига мўлжалланган лагерда айни дамда 1000 нафар одам ушлаб турилибди.

Гувоҳларнинг айтишича, полиция “Озодлик!”, “Пулимизни қайтаринг!”, “Бизни уришни бас қилинг!” дея ҳайқирган муҳожирлар билан тўқнашган, уларнинг айримларини қўлга олган.

Муҳожирлар, шунингдек, лагердан 10 км масофада жойлашган Хорватия полицияси уларни калтаклагани, уст-бош ва телефонларини тортиб олганини айтиб, шикоят қилган.

Хорватия расмийлари чегарадан ўтишга уринган муҳожирларга қарши кескин куч ишлатилганини рад этди.

Босния расмийларининг сўзларига кўра, 2019 йилда асосан Покистон, Афғонистон, Ироқ, Марокко ва Суриядан келган ва ғарбий Европага боришни кўзлаётган 50 мингга яқин муҳожир Босниядан ўтган.

Айни дамда Боснияда 6 мингга яқин муҳожир лагерларда сақлаб турилибди.

Зеленский октябрда Донецк ва Луганскда маҳаллий сайлов ўтказишга чорлади

Украина президенти Володимир Зеленский, 15 февраль, 2020, Германия.

Украина президенти Володимир Зеленский мамлакат шарқида тинчимаётган конфликтга қарамасдан, жорий йилнинг октябрида мамлакат бўйлаб, жумладан, Донецк ва Луганскда маҳаллий сайлов ўтказишга чорлади.

15 февраль куни Мюнхен хавфсизлик конференциясида сўзлаган Зеленский ғарб давлатларини Киевни Россия дастаклаб келаётган айирмачиларга қарши курашда қўллашда чорлади.

- Биламан, Украинадаги уруш — Европадаги уруш. Қрим аннексияси билан бошланган уруш Иккинчи жаҳон уруши қанча давом этган бўлса, ўшанча пайтдан бери тинчимаяпти. Тасаввур қилинг-а! — деди президент. ​- Бугунги кунда истагимиз Украина ҳудудлари бўйлаб, жумладан, Донецк ва Луганск регионларининг айрим ҳудудларида октябрь ойида маҳаллий сайлов ўтказишдир. Қрим ҳудудида ҳам айни нарсани амалга ошириш ниятимиз бор.

Зеленский Донбасс аҳли “Украина ҳамда бутун дунё легитим деб тан оладиган сайловга муҳтож эканлигини” қўшимча қилди.

Европада коронавирусдан биринчи ўлим қайд этилди

Европада коронавирусдан биринчи ўлим холати қайд этилди. Францияда коронавирусга чалинган хитойлик сайёҳ вафот этган.

Франция Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 80 ёшли аёл коронавирус ўчоғи ҳисобланган Хубэй вилоятидан 16 январда келган ва 25 январда карантинга олинган бўлган.

Шу пайтгача Хитой ташқарисида коронавирусдан уч киши ҳалок бўлди. Ўлим холатлари Хонг Конг, Филиппин ва Японияда қайд этилди.

Хитойнинг ўзида эса коронавирус 1 ярим мингдан ортиқ одам ёстиғини қуритди.

Дунё бўйлаб 20дан ошиқ давлатда 59 мингдан кўп коронавирусни юқтириш ҳоллари қайд қилинди.

Ўзбекистонда эса, мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, коронавирусга чалинган беморлар йўқ.

Россия Сочи Олимпиадасида олган яна бир олтин медалдан маҳрум этилди

Россиялик биатлончи Евгений Устюгов антидопинг қоидаларини бузганликда айбланиб, спортдан икки йилга четлатилди.

Устюгов пешобида допинг аниқлангач 2014 йил Сочи Олимпиадасида у билан бирга эркаклар эстафетаси мусобоқаларида қатнашган Россия терма жамоаси биатлончилари ҳам олтин медалдан маҳрум этилди.

Шундай қилиб, Россия термаси Сочи Олимпиадаси медаллар ҳисобидаги ғолибликни йўқотди.

Спортчи 21 куни ичида халқаро спорт арбитражига қарор юзасидан даъво киритиши мумкин.

Устюгов бу йил 35 ёшга тўлади. Шу билан унинг спортдаги карьераси тугагани ҳақида ёзмоқда Россия матбуоти.

"Манчестер Сити" Европа кубоги ўйинларидан икки йилга четлатилди

УЕФА "Манчестер Сити" футбол клубини икки йилга Европа кубоги ўйинларидан четлатди.

Бундан ташқари, клуб 30 млн евро миқдорида жаримага ҳам тортилди.

"Манчестер Сити" 2012-2016 йилларда ҳомийлардан олган даромадларини ошириб кўрсатиб, лицензиялаш ва молиявий фэйр-плей қоидаларини жиддий тарзда бузган, дейилади УЕФА баёнотида.

"Манчестер Сити" Британиядаги энг навқирон футбол клублардан саналади.

Клуб Англияда олти марта чемпионликни қўлга киритган.

Помпео “Толибон” билан музокараларда муҳим илгари силжиш борлигини билдирди

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео

Кейинги кунларда АҚШнинг “Толибон” ҳаракати билан тинчлик музокараларида “муҳим илгари силжиш” рўй берди¸ деб баëнот берди АҚШ Давлат котиби Майк Помпео.

Вашингтон дипломатлари раҳбарига кўра¸ Дональд Трамп Афғонистонда ўн йиллардан бери давом этаëтган урушга барҳам беришни мақсад қилган сўзлашувларни давом эттириш таклифини маъқуллаган.

2001 йилдан бери АҚШ ҳарбийлари Афғонистонда қолмоқда.

Пайшанба куни АҚШ Мудофаа вазири Марк Эспер «Толибон» билан яқин ҳафталарда жанговар ҳаракатларни тўхтатиш борасида келишувга эришилганини билдирди.

Трамп маъмурияти «Толибон» билан музокараларда жиддий муваффақиятга эришилгани ҳақида бундан олдин ҳам баëнот берган¸ аммо шунга қарамай Афғонистондаги жанговар ҳаракатлар тўхтамаган.

Айни пайтда¸ «Толибон» вакили жума кунидан бошлаб жанговар амалиëтлар қисқариши¸ аммо ҳозирча уларни бутунлай тўхтатиш ҳақида гап бормаëтганини билдирди.

Қирғизистонга Хитойдан яна 40 талаба қайтди

Хитойдан яна 40 нафар қирғизистонлик қайтди. Бу ҳақда Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Улар Қозоғистон томонининг дастаги билан “Пекин-Олмаота” рейсида келишган. Қайтганларнинг ҳаммаси Урумчида таҳсил оладиган талабалардир.

Улар ХХР билан чегаралар ёпилгани ва парвозлар бекор қилингани сабабли аввал харид қилинган чипталар билан келолмаётган эдилар.

ССВ маълумотига кўра, келганларнинг ҳаммаси карантинга жойлаштирилган ва барчасининг аҳволи яхши.

“Келган фуқароларнинг ҳаммаси коронавирус инфекцияси бўйича текширувдан ўтказилади. Карантин вақтида келган шахслар билан фақат тиббиёт ходимларигина мулоқотда бўладилар”, дейилади вазирлик хабарномасида.

Бунгача Қирғизистон Хитойдан 200 дан зиёд фуқаросини олиб чиққан.

Айни дамда Қирғизистонда коронавирус билан боғлиқ ҳолатлар аниқланмаган. Барча назорат-ўтказиш масканлари, Бишкек ва Ўшдаги аэропортларда санитар назорат ўрнатилган. Хитой билан чегарадаги НЎМлар вақтинча ёпилган, ҳаво қатнови тўхтатилган.

Назарбоевнинг набираси оилавий жанжал сабаб Буюк Британиядан бошпана сўраганини билдирди

Нурсултон Назарбоев набиралари Ойсултон (чапда) ва Олтой билан. 1992 йил.

Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг Лондонда яшаëтган набираси Ойсултон Буюк Британиядан бошпана сўради.

Ойсултон Назарбоев ўз Facebook саҳифасида оиласидан бўлаëтган босимлар сабаб шундай қарорга келганини ëзди.

Назарбоев набираси Қозоғистон ва Россия ҳукуматлари ўртасидаги коррупцияга оид маълумотга эгалигини ҳам билдирди.

Унинг айтишича¸ Қозоғистон гази ўртакаш компания орқали Газпромга сувтекинга сотилади ва ўртада ишланган пуллар “Путиннинг ҳамëни” бўлган шахслар билан бўлиб олинади¸ сўнгра бу миллионлар Сингапурдаги банк ҳисобларига ўтказилади.

Ойсултон Назарбоевга кўра¸ бу схемадаги ўртакаш компания Қозоғистонга 700 миллион долларга яқин пул беради ва бу пуллар холасининг эри Тимур Кулибоев ва ўзининг собиқ қайнотаси Кайрат Боранбоев томонидан бўлишиб олинади.

Ойсултоннинг айтишича¸ онаси Дариға Назарбоева ва унинг иккинчи эри Кайрат Шарипбоев бу контрактни ўз қўлига олишга уринмоқда¸ томонларнинг очкўзлиги боис¸ ўзи бу можаро марказига тушиб қолган.

Ўз оиласидаги бойлик талашуви ҳақида Британиянинг Times газетасига интервью берганини айтган Ойсултон Назарбоев¸ бунгача наркотик моддалар истеъмол қилиши ҳақидаги хабарлар билан жамоатчиликка танилган эди.

Хусусан¸ ўтган йил октябрь ойида 28 яшар Ойсултон Назарбоев маҳаллий суд томонидан Лондонда полицияга қилган ҳужуми учун шартли равишда бир йил озодликдан маҳрум қилиниб¸ жамоат ишларига жалб қилинган эди.

"Назарбоев гиёҳванд моддалар таъсирида 5 июнь куни Ковент-Гарден туманида полиция ходимига ҳужум қилганликда, уларни уриб ва улардан бири Росс Сэмбрукни тишлаб олганликда айбдор, деб топилди”, деб ëзилган эди суд қарорида.

Бердимуҳаммедов Миллий хавфсизлик вазирини ишдан бўшатди

Генерал Яйлим Бердиев (ўнгда)нинг кейинги тақдири номаълум бўлиб қолмоқда.

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов мамлакат Миллий хавфсизлик вазири Яйлим Бердиевни лавозимидан бўшатди.

22 январь кунги Давлат хавфсизлик кенгаши йиғинида Бердимуҳаммедов Бердиев рутбасини генерал-полковникдан генерал-майор даражасига туширган ва уни Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимидан бўшатган эди.

Ўша мажлисда Бердиевга ишда йўл қўйган камчиликлар учун “сўнгги огоҳлантириш” берилган эди.

Ўтган йил ноябрь ойида туркманистонлик врач мамлакатдаги жинсий озчилик ҳаëти ҳақида Озодлик туркман хизматига берган интервьюси учун Миллий хавфсизлик вазирлиги томонидан қийноққа солинган эди.

Бу воқеа халқаро майдонда жиддий эътирозларга сабаб бўлгани ортидан Бердимуҳаммедов Миллий хавфсизлик вазирига огоҳлантириш берган эди.

Ҳозирча Бердиевнинг кейинги тақдирига оид расмий маълумот берилмади.

13 февраль куни Туркманистон давлат телеканаллари полковник Гурбанмурат Аннаевнинг янги Миллий хавфсизлик вазири этиб тайинланганини хабар қилди.

Туркия президенти Россияни Идлибдаги тинч аҳолига ҳужум қилаëтганликда айблади

Идлиб яқинидаги турк ҳарбийлари.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Россияни Суриянинг Идлиб вилоятидаги тинч аҳолига ҳужум уюштираëтганликда айблади.

Эрдўғон шунингдек турк ҳарбийларига яна ҳужум қилган тақдирда¸ Сурия ҳукумат қўшинларига кескин жавоб ҳужуми берилажагидан огоҳлантирди.

Россия Мудофаа вазирлиги Эрдўғон баëнотини «ҳақиқатдан йироқ»¸ деб баҳолади.


Россия ҳарбийлари¸ Суриядаги террорчи гуруҳлар тинч аҳолидан жонли қалқон сифатида фойдаланиб келаëтганини қўшимча қилди.

Жорий ҳафта бошида турк ҳарбийларининг Идлибдаги кузатув пунктига Сурия ҳукумат қўшинлари ўт очиши оқибатида ўндан ошиқ турк аскари ўлдирилди.

Анқара Кремлдан ўз нуфузидан фойдаланиб Сурия президентини Идлибдаги ҳарбий амалиëтларни тўхтатишга кўндиришга чақирмоқда.

Хитойнинг Хубэй провинциясида коронавирусга чалинганлар сони бир кунда 10 баробарга кўпайди

Хитойлик врач иситма билан келган бемордан анализ олмоқда.

Хитойнинг Хубэй провинциясида коронавирусга чалинганлар сони 13 февралга келиб бир кун олдингига қараганда 10 баробарга кўпайди ва янги беморлар сони 15 мингга етди.

Бу ҳақда хабар қилган маҳаллий расмийларга кўра¸ кейинги 24 соат ичида коронавирусдан ўлганлар сони ҳам икки баравардан ошган ва 242 тага етган.

Бу рақамлар шу пайтгача қайд этилган ўртача кўрсаткичлардан анча баланддир.

12 февраль куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирус инфекцияси тарқалиши сусайганини билдирган эди.

Кейинги 24 соат ичида вирусга чалинганлар сонининг кескин ошишини шарҳлаган Хитой соғлиқни сақлаш расмийлари уни касалликни диагностика қилиш методикасидаги ўзгариш билан изоҳлади.

Айтилишича¸ хитойлик врачлар бошқа лаборатория анализлари натижасини кутмасдан¸ компьютер томографияси асосида вирусни дастлабки босқичда аниқлаш методикасини қўллашга ўтган.

Ҳозирга келиб Хитойда коронавирусга чалинганлар сони 60 мингга етди.

Ашхобод мактабларида уяли телефондан фойдаланган ўқувчиларнинг ота-оналари жазоланмоқда

Ашхобод мактабларида уяли телефондан фойдаланган ўқувчиларнинг ота-оналари жаримага тортилаяпти.

Озодлик туркман хизматининг Ашхободдаги мухбирларига кўра, сўнгги ҳафталарда пойтахтдаги иккита мактабда ўқувчиларнинг уяли телефондан фойдалангани аниқланиб, олиб қўйилган.

Мухбирнинг хабар қилишича, ўқитувчилар аввалига ўқувчиларни мактаб директорининг хонасига олиб боришади, директор чақируви бўйича етиб келган полиция ходимлари ўқувчиларни бўлимга олиб кетишади.

Полиция бўлимида ўқувчилардан бундан буён мактабда уяли телефон ишлатмаслик борасида тилхат олинади, аммо олиб қўйилган телефонлар уларга қайтарилмайди. Бундан ташқари, ўқувчиларнинг ота-оналари жаримага тортилади.

“Бўлимга ота-оналар чақирилади ва улардан 100 манат (расмий курс бўйича тақрибан 28,5 доллар - таҳр.) миқдорида жарима тўлаш талаб қилинади. Жарима "Халқбанк" бўлимида тўланади, 100 манатдан ташқари банк хизмат учун1 манат олиб қолади. Тўланганлик ҳақидаги квитанция зудлик билан полиция бўлимига олиб келиниши керак. Шундан кейингина олиб қўйилган телефонлар ота-оналарга қайтарилади”, дея хабар қилади Ашхободдаги мухбиримиз.

Озодликнинг туркман хизмати мамлакат Таълим вазирлигидан бу борада расмий изоҳ ололмаган.

Январь ойи ўрталарида мактабларга уяли телефон олиб келиш ва улардан фойдаланишни тақиқлаш аввалига пойтахт Ашхободда жорий қилинган, сўнгра бу каби чекловлар Балкан, Лебап ва Дашўғиз вилоятларига ёйилган. Чекловга уяли телефоннинг бола тарбиясига салбий таъсири сабаб ўлароқ келтирилган.

Хубэйда коронавирус қурбонлари сони 1300 нафардан ошди

Хитойнинг Хубэй вилоятида COVID-19 деб номланган коронавирусдан ўлганлар сони 1310 нафарга етди, касалликни юқтириб олганлар сони эса 48 минг кишидан ошди. Бу ҳақда вилоят гигиена ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси маълумот тарқатди.

Айни пайтда хасталикдан 3441 киши соғайгани айтилмоқда.

Хабарларга кўра, Хитой армияси коронавирусга қарши кураш учун Уханга қўшимча 2,6 минг нафар ҳарбий шифокорни йўллаган. Вирус тарқалганидан бери армия бу шаҳарга 4 минг нафар шифокор ва ҳамшира юборган.

Хитой расмийлари вирус янада кенгроқ тарқалиши олдини олиш учун Хубэй вилоятини изоляция қилган.

Коронавирусга чалиниш ҳолатлари Хитойдан ташқари яна 24 та давлатда қайд этилган.

Демократик партиянинг Нью-Ҳампширдаги қурултойида 78 яшар Берни Сандерс ғолиб бўлди

Сенатор Берни Сандерс.

2020 йилги президент сайловларида қатнашадиган ўз номзодини саралаш жараëнини бошлаган Демократик партиянинг шимол-шарқий Нью-Ҳампшир штатидаги қурултойи ( прамериз)да Берни Сандерс ғолиб бўлди.

«Бу ғалаба Дональд Трамп сўнгининг бошланишидир»¸ деди ўз тарафдорларига қарата қилган чиқишида Сандерс.

Нью-Ҳампшир қурултойида индианалик номзод Пит Буттижич иккинчи ўринни эгаллади.

Ҳозирга келиб¸ 78 яшар сўлчи Сандерс ва мўътадил сиëсатчи 38 яшар Буттижич партия қурултойида ҳозиргача умумиятла 9 тадан делегатга эга бўлди.

Учинчи ўринни 6 делегат билан сенатор Эми Клобушар эгаллади. Демократик партиянинг етакчи номзодлари сифатида кўрилаëтган Элизабет Уоррен ва Жо Байденлар овоз қозона олмади.

Делегатлар сони бўйича кичик бўлишига қарамай¸ Нью-Ҳампшир сайловолди кампаниясида муҳим ўрин тутади ва партия қурултойининг кейинги ривожига муҳим таъсир кўрсатади.

Демократларнинг навбатдаги қурултойи 22 февраль куни Невада штатида бўлиб ўтади.

Демократик партиянинг ялпи қурултойида партиянинг ягона номзоди сайланади ва бу номзод 2020 йил ноябрида ўтказиладиган навбатдаги президент сайловида Дональд Трампга рақиблик қилади.

Россия коронавирусга чалинган иккала беморнинг тузалиб¸ касалхонадан чиқарилганини билдирди

Коронавирус инфекциясига чалингани аниқланиб¸ Забайкалье минтақаси касалхонасига ëтқизилган хитойлик турист тўлиқ тузалиб¸ касалхонадан чиқарилди.

Бу ҳақда Россия Соғлиқни сақлаш расмийлари маълум қилди.

Бундан олдин 11 февраль куни Қозоғистон билан чегарада жойлашган Тюмень касалхонасида даволанган хитойлик аëл талабанинг тузалиб¸ касалхонадан чиқарилгани хабар қилинган эди.

Иккала бемор билан алоқада бўлганлар ҳалигача карантинда сақланмоқда.

Коронавирус эпидемияси бошланганидан кейин Хитойдан қайтган россияликларнинг аксари ҳозирда Тюменда карантинда сақланмоқда.

Россия ҳукумати коронавирус тарқалиши олдини олиш учун Хитойга авиақатновларни тўхтатди¸ қуруқлик чегараларини ҳам ëпиб қўйди.

Россия элчихонаси Хитой фуқароларига бизнес визаси беришни ҳам вақтинча тўхтатиб қўйди.

Москвада полициячини ўлдирганликда айбланган қирғизистонлик 18 йилга қамалди

Иллюстратив сурат.

Москва суди полиция ходимини ўлдирганликда айбланган қирғизистонлик Нурлан Муратов устидан ҳукм чиқарди. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизматига Муратовнинг адвокати Алексей Толстих маълум қилди.

Адвокатга кўра, суд Муратовни айбдор, деб топган ва 18 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган.

Аввалроқ адвокат тергов чоғида ҳимоясидаги шахснинг айбини исботловчи далил топилмаганини айтган ва суд оқлов ҳукмини чиқаришига умид билдирган эди.

2018 йил сентябрида Москва метросининг “Курская” бекатидаги хоналардан бирида 23 ёшли полиция ходими Андрей Райскийнинг жасади топилганди. Унинг бошидан ўқ егани туфайли ҳаётдан кўз юмгани аниқланган. Бу жиноят гумонланувчиси сифатида 42 ёшли Нурлан Муратов ушланган.

Н.Муратов полициячи уни ҳужжатини текшириш учун тўхтатганини, кейинроқ хонага кириши билан ўқ овозини эшитганини таъкидлаган.

Ўш вилоятининг Қорағулжа туманида туғилган Нурлан Муратов 2006 йилдан бери пул топиш мақсадида Россияда ишлаётган эди. 2008 йили у Оренбургда Россия ватандошлигини олган. Сўнгги пайтларда у хотини ва ака-укалари билан Москвада ишлаётган эди.

Тожикистонлик 46 нафар талаба Ухандан эвакуация қилинди

Иллюстратив сурат.

Янги турдаги коронавирус тарқалганидан бир ой ўтиб тожик расмийлари 46 нафар тожикистонликни Хитойнинг Ухан шаҳридан олиб чиқди. Уларни “Сомон Эйр” авиаширкатига тегишли учоқ 11 феврал куни мамлакатга олиб келди.

Расмийларга кўра, Ухандан келганларнинг барчаси, шу жумладан, йўловчиларга ҳамроҳлик қилган шахслар – тиббиёт ходимлари, Фавқулодда вазиятлар ва фуқаро мудофааси қўмитаси ходимлари, самолёт экипажи икки ҳафта карантинга жойлаштирилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, қайтарилганларнинг ҳаммаси Варзоб туманидаги “Харангон” санаторийсида карантинда бўлади.

Соғлиқни сақлаш вазири муовини Мирҳамуддин Камолзода Хитойдан келган тожикистонликларда коронавирус инфекцияси аломатлари аниқланмаганини билдирди. Аммо, мулозимга кўра, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиясига биноан улар икки ҳафта мобайнида карантинда бўлишлари лозим.

ССВ маълумотига мувофиқ, бугунги кунда 900 чоғли киши Хитойдан Тожикистонга келган – уларнинг ҳаммаси шифокорлар назоратида карантинда бўлиб туришибди.

Шу билан бирга айрим талабаларнинг ота-оналари фарзандлари Уханда қолдирилгани юзасидан ташвиш изҳор қилганлар.

Тожикистон ТИВ ахборот департаменти ҳарорати юқори бўлган етти нафар тожикистонлик парвозга қўйилмагани, ҳозир улар шифокорлар назоратида эканини тасдиқлаган. Яна уч киши ўз истагига кўра ватанга қайтишни хоҳламаган.

11 феврал куни Озодликнинг тожик хизмати журналистлари Варзобдаги “Харангон” санаторийсига йўл олганлар, аммо муассаса қўриқчилари ҳудудга ҳеч кимни киргизмаган.

Аввалроқ коронавирус маркази бўлган Хитойнинг Ухан шаҳридаги тожик талабалари бир неча бор Тожикистон ҳукуматига мурожаат қилиб, расмийлардан ўз ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлган бу шаҳарни тарк этишда ёрдам беришни сўраган эдилар.

Украина президенти ўз маъмурияти раҳбарини ишдан бўшатди

Украина президенти офисининг янги раҳбари этиб Андрей Ермак тайинланди.

Украина президенти Володимир Зеленский ўз маъмурияти – президент офиси раҳбари Андрей Боҳданни лавозимидан озод қилди.

11 февраль куни президент расмий сайтида эълон қилинган фармонга мувофиқ¸ Боҳдан ўрнига президент ëрдамчиси бўлиб ишлаб келган Андрей Ермак тайинланди.

Ҳозирга қадар ташқи сиëсат масалалари билан шуғулланиб келган Ермак¸ асирларни айирбошлаш бўйича Россия билан музокараларни бошқарган¸ ўтган йил декабрида Парижда Россия билан "Нормандия формати"да ўтказилган сўзлашувларга тайëргарликни мувофиқлаштирган.

Андрей Ермак номи АҚШ президенти Дональд Трамп хусусий адвокати Рудольф Жулиани билан ҳам боғлиқ ҳолда матбуот тилига тушган.

Трамп устидан ўтказилган импичмент жараëнида Жулианининг 2020 йилги президент сайловларида Трампга асосий рақиб бўлиши кутилган демократ Жозеф Байденга қарши компромат тўплаш мақсадида айнан Ермак билан ҳам учрашгани маълум бўлди.

Ўтган йил май ойида Зеленский Андрей Боҳданни ўз маъмурияти раҳбари этиб тайинлаганида унинг қудратли олигарх Игорь Коломойскийга яқинлиги кескин танқидларга учраган эди.

Коронавирусдан ўлганлар сони 1000дан ошди

Япония қирғоқларида қолаëтган Diamond Princess кемасидаги 3700 одамдан 130 тасида коронавирус борлигини аниқланди.

11 февралга келиб¸ жаҳон бўйлаб коронавирус инфекциясидан ўлганлар сони 1000 дан ошди. Бу ўлимнинг1016 таси Хитойда¸ иккитаси ундан ташқарида қайд этилди.

Кейинги 24 соат ичида коронавирусга чалинганлардан 108 таси вафот этди ва бу эпидемия бошланганидан бери қайд этилган энг юқори кўрсаткичдир.

Айни пайтда¸ коронавирусга янги чалинганлар сони камайгани кузатилмоқда. Кейинги бир сутка давомида 2500 одамнинг коронавирус юқтиргани қайд этилди. Бу эса¸ олдинги кунга нисбатан 600 тага камдир. Ҳозиргача коронавирусга чалинганлар жами сони 42 500 дан ошди¸ улардан 4000 дан ошиғининг тўлиқ тузалиб кетгани айтилмоқда.

Коронавирусга чалинган ва ўлганларнинг аксарияти Хитойнинг Хубэй минтақасидан. Вирус тарқалишига қарши курашни тўғри ташкил қилмаганлик учун сешанба куни бу провинция партия котиби ва соғлиқни сақлаш қўмитаси раҳбари ишдан олинди.

Хитой ташқарисида коронавирусга чалинганлар сони 319 тага етди.

Улардан 130 таси Япония қирғоқларида қолаëтган Diamond Princess круиз кемасида қайд этилган. Кемада карантин эълон қилингани боис¸ унинг бортидаги 3700 нафар одам уни тарк эта олмаëтир.

Ҳозирча Россияда коронавирусга чалинган икки бемор борлиги айтилмоқда. Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги¸ иккала беморнинг ҳам тузалиб¸ яқинда касалхонадан чиқарилишини билдирди.

Ҳозирча Марказий Осиë давлатларида коронавирусга чалинганлар қайд этилгани ҳақида маълумот йўқ.

Алишер Усмонов Олимпия қўмитасига тарихий ҳужжатни ҳадя қилди

Миллиардер Алишер Усмонов.

Асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов замонавий Олимпия ўйинлари асосчиси Пьер де Кубертен нутқи қўлёзмасини сотиб олиб, Лозаннадаги Олимпия музейига совға қилди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар қилади.

1892 йилга оид бўлган 14 саҳифали қўлёзма 2019 йил декабрида Нью-Йоркдаги Sotheby’s кимошдисида 8,8 миллион долларга сотиб олинган, аммо харидорнинг исми ошкор қилинмаганди.

Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах қўлёзмани қабул қилиб оларкан, “Бугун биз тарихий кунга гувоҳ бўлиб турибмиз”, деди.

Замонавий Олимпиада ўйинларининг биринчиси 1896 йили Юнонистон пойтахти Афинада бўлиб ўтган. Бу ўйинларнинг ўттиз иккинчиси бу йил ёзда Япония пойтахти Токиода бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Forbes маълумотига кўра, сарвати 12,5 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган Алишер Усмонов Россиядаги энг бадавлат кишилардан бири бўлиб ҳисобланади.

Туркман расмийлари манат курсини ўзгартиришни режалаяпти

Ашхободдаги банклардан бири.

Туркманистон ҳукумати миллий валюта бўлган манатнинг Америка долларига нисбатан курсини ўзгартирмоқчи. Бу ҳақда Озодликнинг туркман хизматига Туркманистон Марказий банкида ишлайдиган манба маълум қилган.

Исми ошкор этилишини истамаган манбага кўра, туркман манатининг янги курси бўйича 8-10 манат 1 АҚШ долларига тенг бўлади.

Туркманистон Марказий банки 2015 йилда 1 АҚШ доллари қийматини 3,5 манат қилиб белгилаган ва бу курс ўшандан бери ўзгармай келади. Нақд валюта айирбошлаш мамлакатда 2016 йил январидан бери тақиқланган.

Озодликнинг Туркманистондаги мухбирларига кўра, 10 февраль куни Лебап вилоятида 1 доллар қўлдан 20,2 манатга сотиб олинган.

Бугунги кунда АҚШ долларининг қора бозордаги баҳоси расмий курсдан беш баробар қиммат туради. Туркманистонда долларнинг "қора" курси 2018 йил ёзида тарихий юксак даражага чиқди ва 30 манатгача кўтарилди.

Мамлакатда нақд валюта конвертацияси 2016 йилдан буён расман тақиқланган. Шу тариқа хорижда ишлаб топилган валютани конвертация қилиш учун яширин тарзда айирбошлаш меҳнат миграцияси ҳисобига кун кечирадиган аҳоли учун ягона йўл бўлиб қолган.

Сўнгги икки йил ичида валютани давлат курси бўйича айирбошлашда аҳоли учун нақд бўлмаган конвертация имкониятлари яратилди, бунинг учун аҳоли пул маблағларини мамлакат ичкарисида банк ҳисобларига туркман манатида қўяди, кейинчалик уларни хорижда чет эл валютасига айирбошлашлари мумкин бўлади. Аммо 2017 йилдан Туркманистон Ташқи иқтисодиёт банки ўз мижозлари учун нақд пул олиш ва хорижда чет эл валютасида нақд пулсиз амалиёт ўтказишда айрим чекловларни жорий қилган.

Қозоғистон президенти этник тўқнашув юзага чиққан Жамбул ҳокимини ишдан олди

Этник асосдаги зўравонликлардан жон сақлашга уринган дунганлар Қирғизистон чегарасига ëпирилди.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳафта охирида миллий асосда қонли низо юзага чиққан жанубий Жамбул вилояти ҳокими Асқар Мирзаахметовни ишдан бўшатди.

Вилоятнинг Қўрдай туманидаги қатор қишлоқларда 7 февраль куни маҳаллий қозоқлар ва дунганлар ўртасида юзага чиққан этник можаро оқибатида 10 одам ўлди¸ 100 дан ошиғи жароҳатланди.

Зўравонликлар пайтида 30 та уй¸ 15 тижорий иншоот ва 23 дан ошиқ машинага зиëн етказилди. Бу воқеалар ортидан ҳокимият идоралари туманда фавқулодда ҳолат жорий этишга мажбур бўлди.

Президент фармони билан Жамбул вилояти ҳокимининг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари ва Қардай туман ҳокими ҳам лавозимидан бўшатилди.

Айни пайтда Ички ишлар вазири Жамбул бошқармаси ва Қордай туман ИИБ бошлиғини ишдан олди.

Идлибдаги отишмада турк армиясининг беш аскари ўлдирилди

Шу кунларда Идлиб Сурия ҳукумат қўшинлари ва қуролли мухолифат ўртасидаги жанг майдонига айланган.

Сурия шимол-ғарбидаги Идлиб шаҳрида ҳукумат қўшинлари билан юзага чиққан отишма оқибатида беш турк ҳарбийси ўлдирилди. Бу ҳақда Туркия Мудофаа вазирлиги хабар тарқатди.

Айтилишича¸ турк армиясининг Сурия ҳукумат қўшинлари ва қуролли мухолифат билан уруш чизиғи яқинида жойлашган Тафтаназ авиабазасидаги кузатув пункти ўққа тутилган. Айрим хабарларга кўра¸ турк ҳарбийлари Сурия ҳукумат қўшинлари позициясига ракеталардан ҳужум қилган.

Айни пайтда бугун Анқарада Сурия ҳукумат армияси ҳужум уюштираëтган Идлибдаги вазият бўйича Россия-Туркия музокараларининг навбатдаги давраси бошланди. Сўзлашувларда иккила давлат ҳарбийлари қатнашмоқда.

Россия Сурия урушида Башар Асад ҳукуматини қўллаб-қувватлаëтган бўлса¸ Туркия унга қарши курашаëтган айрим қуролли гуруҳларни қўлламоқда.

Иккала давлат Идлибдаги сулҳ келишуви ижросини кафолатлашни зиммасига олган бўласа-да¸ бу сулҳга амал қилинмаяпти.

Россия-Туркия музокараларининг шанба кунги давраси самарасиз тугади. Душанба кунги сўзлашувларда ҳам муросага эришилмаса¸ расмий Анқара таъкидича¸ масала икки давлат президенти даражасида кўриб чиқилади.

Арманистонда конституцияга ўзгартиш киритиш масаласида референдум ўтказилади

Николь Пашинян Олий суддаги 7 ҳакамни ишдан бўшатиш учун референдум ўтказишга қарор қилди.

2020 йилнинг 5 апрель куни Арманистонда мамлакат конституциясига ўзгартиш киритиш бўйича умумхалқ референдуми ўтказилади.

9 февраль куни президент Николь Пашинян бу ҳақдаги фармонга қўл қўйди.

Уч кун олдин арман парламенти 2018 йилги норозилик намойишларидан олдин Олий судга тайинланган 9 ҳакамдан еттитасини лавозимидан бўшатиш учун конституцияга тузатиш киритиш ҳақдаги ҳужжатни қабул қилди.

Бу норозилик намойишларидан сўнг ҳокимиятга келган Пашинян партияси парламентда кўпчиликни ташкил этади. Конституцияга киритилиши кўзда тутилган ўзгартишга кўра¸ бўшатиладиган 7 нафар ҳакам ўрнига янги судьяларни парламент мақуллайди.

“5 февраль куни биз Инқилобга “ҳа” деймиз¸ Озодликка “ҳа” деймиз ва коррупция юзига эшикни ëпамиз”¸ деб ëзди ўз Facebook саҳифасида Пашинян.

Арман президентига кўра¸Олий судга халқ инқилобига қадар тайинланган аввалги ҳокимият қолдиқлари¸ судлар мустақиллигига қаратилган ислоҳотларга тўсқинлик қилмоқда.

Пашинян мухолифлари эса¸ унинг судларни ўз назоратига олиш уринишида айбламоқда.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG