Линклар

Шошилинч хабар
16 октябр 2019, Тошкент вақти: 07:30

Халқаро янгиликлар

Толибон Кобулдаги ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олди

Aфғон ҳарбийси.

Толибон Афғонистон пойтахти Кобулда 2 сентябрь куни содир этилган портлаш учун масъулиятни ўз зиммасига олди.

Кобулнинг йирик хориж ташкилотлари ва агентликлари жойлашган қисмида амалга оширилган портлашда камида беш одам ҳалок бўлган ва 50 нафарга яқин одам яраланган эди.

Мазкур ҳужум АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Ҳалилзод ҳукумат расмийлари билан тинчлик битими шартларини муҳокама қилиш учун келган бир пайтда уюштирилди.

Ҳалилзод 2 сентябрда Озодлик радиоси афғон хизматига берган интервьюсида:

-Умид қиламизки, Толибон билан эришадиган келишувимиз афғонлараро мулоқот эшигини очади. Бу Афғонистонда 40 йилдан бери давом этаётган урушни тўхтатиш учун тарихий имконият бўлади,-деб айтган эди.

Кун янгиликлари

Тажрибали АҚШ дипломати Трампга қарши импичмент тергови доирасида кўрсатма беради

Жорж Кент.

Кўп йиллик тажрибага эга АҚШ дипломати АҚШ Демократик партиясининг Конгрессдаги намояндалари президент Дональд Трампга қарши олиб бораётган импичмент терговида кўрсатма беради.

Жорий йилнинг июлида Трамп телефонда Украина президенти Володимир Зеленскийни 2020 йилги президент сайловида асосий рақиби бўлиши кутилаëтган демократ Жо Байден ва унинг ўғлини тергов қилишга ундагани ўтган ойда ошкор бўлди. Шу сабабдан айни дамда АҚШ Демократик партиясининг Конгрессдаги намояндалари импичмент суриштирувини олиб бормоқда.

Куни кеча Трампнинг собиқ маслаҳатчиси АҚШнинг Украина бўйича сиёсатда қонунбузарликларга гувоҳ бўлганини айтгани хабар қилинган эди.

Украинада ва бошқа давлатларда коррупцияга қарши курашиб келган Жорж Кент 15 октябрь куни кўрсатма беради.

Миллий хавфсизлик кенгаши ходими Файона Ҳилл кўрсатма бериб, Трампнинг Украина сиёсатида қонунбузарликларга гувоҳ бўлганини ҳамда бу ҳақда хабар қилганини айтган. Хабарларга кўра, ўз кўрсатмаси давомида Ҳилл собиқ миллий хавфсизлик маслаҳатчиси Жон Болтон Трампнинг шахсий адвокати Руди Жулианини “ҳаммани портлатиб юборувчи қўл гранатаси” деб атаганини айтган.

Ҳиллнинг сўзларига кўра, Болтон Трамп атрофидаги шахслар ҳаракатларини гиёҳванд модда савдосига қиёслаган.

Россия бўйлаб полиция Навальний офисларида рейд ўтказмоқда

Полиция ходимлари Навальнийнинг Коррупцияга қарши кураш жамғармаси офиси олдида рейд ўтказиш учун йиғилмоқда. 2018 йил, 28 январда ўтказилган рейд олдидан олинган сурат.

Россиянинг бир неча шаҳрида мамлакат ҳуқуқ-тартибот органлари Кремль танқидчиси Алексей Навальнийнинг Коррупцияга қарши кураш жамғармаси офисларида рейд ўтказмоқда.

15 октябрь куни “ОВД-Инфо” нашри Уфа, Саратов, Самара, Екатеринбург, Ярославль, Челябинск ҳамда Новокузнецк шаҳарларида Навальний офислари тинтув қилинганини хабар қилди.

Коррупцияга қарши кураш жамғармаси директори Иван Жданов Белгород, Воронеж, Ижевск, Кемерово, Владивосток, Чебоксари ва Ставрополь шаҳарларида ҳам офислар тинтув қилинаётганини маълум қилди.

“Медиазона” ва “ОВД-Инфо” нашрларига кўра, Навальний ҳамкорларининг уйлари ҳам тинтув қилинмоқда.

Ждановнинг айтишича, Навальнийни қўлловчилар ҳамда жамғарма офисларида ўтказилаётган тинтувлардан “максимал даражада моддий зарар етказиш” кўзланмоқда.

- Авваллари бизни қўрқитиш ҳам уларнинг мақсадларидан бири эди, аммо бу натижа бермайди, - деди Жданов.

Навальний деярли ўн йилдан бери президент Владимир Путинни кескин танқид қилиб келади. Мухолифатчи бу орада бир неча марта қамалди, президентликка ҳамда Москва мэри лавозимларига номзодлигини кўрсатишга уринди.

Қозоғистонлик хитойшунос олим суд қарори билан фуқароликдан маҳрум қилинди

Хитойшунос олим Константин Сироежкин.

Олмаота суди томонидан 7 октябрь куни “давлатга хиёнат” айби билан 10 йил қамоққа ҳукм қилинган хитойшунос олим Константин Сироежкин суд қарори билан Қозоғистон фуқаролигидан маҳрум қилинди.

«Олмаотадаги жиноят ишлари бўйича ихтисослаштирилган туманлараро суд ҳукми билан Константин Сироежкин давлатга хиёнат қилганликда айбдор деб топилди ва 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Суд шунингдек, уни Қозоғистон Республикаси фуқаролигидан ҳам маҳрум қилди», — дейилади 15 октябрь куни тарқатилган Олмаота шаҳар суди тарқатган хабарда.

Ҳукм эълон қилинганидан сўнг Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси томонидан тарқатилган хабарда Сироежкин Қозоғистон фуқароси экани айтилган эди.

Ҳукмга кўра, дея хабар беради суд, Сироежкин жазони максимал хавфсизлик муассасаси (қаттиқ режимли колония)да ўташи керак. Суд шунингдек, у қамоқ муддатини ўтаб бўлганидан кейин беш йил давомида Қозоғистонга кирмаслик шарти билан мамлакатдан чиқариб юборилиши борасида ҳукм чиқарди. Ҳукм қонунан кучга кирмади.

2017 йилда қонунчиликка киритилган ўзгартишга кўра, “террорчилик жиноятларини содир этганлар, шунингдек Қозоғистон Республикаси манфаатларига зиён етказганлар” суд қарорига биноан фуқароликлан маҳрум қилинишлари мумкин.

Константин Сироежкин шу йилнинг февралида эҳтимолий давлат сирлари ошкор этилиши иши тергов қилинаётганида қўлга олинган эди. Сироежкиннинг ушланиши борасидаги илк хабар май ойида ОАВ саҳифаларида пайдо бўлди. Кейинроқ матбуот МХҚга таянган ҳолда Сироежкин 19 февралдан бери давлатга хиёнат гумони билан ҳибсда экани борасида хабар берди. Сироежкин иши бўйича расмий изоҳ берилмади.

Олмаотада туғилган 63 ёшли Константин Сироежкин СССР ДХҚ Олий мактабини битирган, 2006 йилдан бошлаб Қозоғистон президенти қошидаги стратегик тадқиқотлар институтида катта илмий ходим лавозимида ишлаб келарди ва мамлакатдаги етакчи хитойшунослардан бири сифатида кўриларди.

Япониядаги «Хагибис» тўфонида ҳалок бўлганлар сони 40 нафарга етди

«Хагибис» тўфони Токиода.

Японияда «Хагибис» тўфони оқибатида ҳалок бўлганлар сони 40 нафарга етди. Шунингдек, 17 киши бедарак йўқолгани, юздан ортиқ одам жароҳатлангани хабар қилинди.

Қидирув-қутқарув амалиётларида 110 мингдан ортиқ полициячи, ўт ўчирувчи ва ҳарбийлар қатнашмоқда.

Японияда 12 октябрь куни кучли ёмғир ва шамол билан бирга бошланган тўфон натижасида 14та дарё ўзанидан тошган. Табиий офат туфайли 200 мингдан ортиқ хонадон электр таъминотидан узилган.

Мутахассисларга кўра, бу Японияга 1958 йилда ёпирилган ва 1200 кишининг умрига зомин бўлган «Ида» тўфонидан кейинги энг йирик тўфон бўлмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев 13 октябрда «Хагибис» тўфони оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани муносабати билан Япония Бош вазири Синдзо Абэга ҳамдардлик билдирган эди.

Трамп Эрдўғондан Суриядаги ҳарбий амалиётни тўхтатишни талаб қилди

АҚШ вице-президенти Майк Пенс.

АҚШ президенти Дональд Трамп 14 октябрь куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан телефон мулоқоти пайтида уни Суриядаги ҳарбий амалиётни зудликда тўхтатишга чақирди. Бу ҳақда АҚШ вице-президенти Майк Пенс матбуотга маълум қилди.

Пенсга кўра, Трамп Эрдўғон билан қатъий оҳангда сўзлашган ва низолашаётган томонлар ўртасида воситачи бўлиш учун яқин кунларда минтақага сафар қилишини айтган.

"Қўшма Штатлар Туркиянинг Сурияга бостириб кирганига тоқат қила олмайди. Биз Туркияни муроса қилишга, зўравонликни тўхтатиб, музокаралар столига ўтиришга чақирамиз”, деди Майк Пенс.

Трамп, шунингдек, Туркияга нисбатан санкциялар жорий этиш тўғрисидаги буйруқни имзолаган. Унга кўра, АҚШ Туркия билан юз миллиард долларлик савдо келишуви юзасидан музокараларни тўхтатади ва Туркия пўлатига божхона тўловини 50 фоизга кўпайтиради.

14 октябрда Европа Иттифоқига аъзо қатор давлатлар Туркияга қурол сотишга эмбарго эълон қилди.

-Нидерландия Туркияга қурол сотишни тўхтатди. Бошқа бир қатор давлатлар ҳам мана шундай қарор қабул қилди,-деди Нидерландия ташқи ишлар вазири Стеф Блок.

Альфред Нобель номидаги иқтисод бўйича мукофот лауреатлари эълон қилинди

Альфред Нобель номидаги иқтисод бўйича мукофот лауреатлари.

Швеция Қироллик академияси 14 октябрда Нобель хотирасига таъсис этилган иқтисод бўйича мукофотнинг 2019 йилги совриндорлари номини эълон қилди.

-Бугун Швеция Қироллик академияси Швеция банкининг Альфред Нобель хотираси учун таъсис этган иқтисодий соҳа бўйича 2019 йилги мукофотини Абхиджит Банержи, Эстер Дюфло ва Майкл Кремерга уларнинг глобал миқёсда қашшоқликка қарши курашга экспериментал ёндашуви учун топширади,- деб билдирди Швеция Қироллик фанлар академияси бош котиби Горан Ханссон.

Банержи Ҳиндистонда туғилган, айни пайтда АҚШнинг Массачусетс технология университети профессори.

Дюфло Банержининг турмуш ўртоғи, у ҳам мазкур универистетда ишлайди.

Кремер Коннектикут штатидаги Қашшоқликка қарши кураш бўйича инновациялар институтининг илмий маслаҳатчиси.

Иқтисод бўйича мукофот 1962 йилда Швеция банки томонидан таъсис этилган ва расман Нобель мукофоти эмас, Альфред Нобель номидаги иқтисод бўйича мукофот деб аталади.

Иқтисод бўйича лауреатлар номи эълон қилиниши билан Нобель ҳафталиги расман ёпилади.

7 октябрь куни Физиология ва тиббиёт бўйича, 8 октябрда физика бўйича Нобель мукофоти лауреатлари эълон қилинган эди.

Адабиёт бўйича мукофот 10 октябрда, Нобель Тинчлик мукофоти эса 11 октябрь куни эълон қилинган.

Саудия Россиядаги лойиҳаларга 10 миллиард доллар сармоя ажратгани айтилди

Қирол Салмон Путинни кутиб олиш маросимида.

Расмий ташриф билан 14 октябрда Саудия Арабистонига борган Россия президенти Владимир Путин Ар Риёдда валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон билан музокаралар ўтказди. Музокаралар натижасида икки давлат ўртасида бир неча миллиард долларлик шартномалар имзоланди.

Шартномалар сармоя, аэрокосмик саноат, маданият, соғлиқни сақлаш ва илғор технологиялар соҳасига оид экани айтилмоқда.

Кремль матбуот хизматининг билдиришича, Путин Муҳаммад Бин Салмон билан учрашув пайтида Саудия жамоат фонди Россиядаги турли лойиҳаларни амалга ошириш учун 10 миллиард доллар сармоя ажратганини билдирган.

Путин Саудияга ташрифи арафасида Al Arabiya, Sky News Arabia ва RT Arabic телеканалларига берган интервьюсида қирол ва валиаҳд шаҳзода билан дўстона муносабатларда эканини билдирган эди.

Путин 15 октябрда Бирлашган Араб Амирликларига ташриф қилади.

Путин Саудия Арабистонига хизмат сафари билан борди

14 октябрь куни Россия президенти Владимир Путин Саудия Арабистонига хизмат сафари билан борди. Кремль баёнотига кўра, президент у ерда нефть савдоси бўйича келишувлар имзолаши кутилмоқда.

Жорий йилда Россия Ғарб давлатлари жорий қилган санкциялар туфайли ялпи ички маҳсулотини режалаштирилгандек 3 фоизга оширишга эриша олмади. Шу сабабдан Путин ўз ташрифи давомида Россияга сармоя ётқизиш масаласини ҳам муҳокама қилиши кутилмоқда.

Сиёсий таҳлилчи Фёдор Лукьянов Путин ва Саудия қироли Салмон ҳамда валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон ўртасидаги учрашув давомида муҳокама қилинадиган асосий масала нефть бўлишини айтди.

2014 йилда нефть нархлари тушиб кетиб, Россия иқтисодига зарба берганидан бери Россия нефть ишлаб чиқарувчи ва экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти - OPEC аъзоларини ишлаб чиқариш кўламини қисқартириб, нефть нархларини оширишга ундаб келади.
Россия OPEC аъзоси эмас.

Путин ташрифи арафасида бир неча араб телеканалига қўшма интервью бериб, Саудия қироли ва шаҳзодаси билан яхши муносабатда эканлигини айтди.

АҚШ Суриядаги 1000 нафар аскарини олиб чиқиб кета бошлади

АҚШ Сурия шимолидан барча қўшинларини олиб чиқиб кетаётганини маълум қилди. Франция эса Туркия етакчилигидаги кучлар ҳамда курд жангчилари ўртасидаги шиддатли тўқнашувлар давом этар экан, ҳудуддаги ҳарбий ва тинч аҳоли хавфсизлигини таъминлаш учун чора кўрилаётганини билдирди.

13 октябрь куни Суриядаги курд қўшинлари Сурия ҳукуматидан Туркия юришига қарши курашда ёрдам олишга рози бўлишганини маълум қилди.

АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер Туркия режалаштирилгандан каттароқ ҳудудга бостириб киришни кўзлаётганини айтди.

Ўтган ҳафтада Туркия курдлар етакчилигидаги Сурия демократик кучларини (СДК) мағлуб этиш учун Шимолий Сурияга ҳарбий юриш бошлади. Анқара СДК Туркияда курдлар мустақиллиги учун курашиб келган “Курдистон ишчилари партияси”нинг бир тармоғи эканлигини иддао қилиб келади.

Эспер СДК Туркия қўшинларига қарши альянс тузиш мақсадида Сурия ҳамда Россия ҳукуматлари билан музокара олиб бораётганини қўшимча қилди.

БМТ маълумотларига кўра, Туркиянинг Суриядаги амалиёти туфайли 130 минг одам ўз уйини тарк этишга мажбур бўлди.

Зеленский Украина ҳимоячилари кунида аҳолини Россия телеканаллари иғвосига учмасликка чақирди

Украина президенти Володимир Зеленский.

Украина президенти Володимир Зеленский 14 октябрь - Украина ҳимоячилари кунида украиналикларни Россия телевидениеси учун тасвир олиш мақсадида юрганлар “провокациясига” учмасликка чақирди.

Бу билан президент Украинани ашаддий миллатчилар ва фашистлар давлати сифатида кўрсатиб келаётган Россия телеканалларини назарда тутди.


Украина ҳимоячилари куни 2014 йилда – Россия Қримни аннексия қилиб олиб, Украина шарқида россияпараст айирмачиларни қўллай бошлаши ортидан таъсис этилган.


“14 октябрь куни пойтахтда кўплаб ветеран ва кўнгилли бўлади. Донбассдаги вазиятни ҳал қилиш билан боғлиқ хавотирларингизни тушунаман. Ҳақли равишда курашингиз зое кетишини хоҳламайсиз. Украина президенти ҳамда Қуролли кучлар бош қўмондони ўлароқ бунга ҳеч қачон йўл қўймасликни ваъда қиламан”, деб ёзди Зеленский.
Украина полицияси байрам куни мамлакат бўйлаб 300 га яқин акция ва тадбир бўлиб ўтишини маълум қилди.

Собиқ президент Атамбаев ўзи устидан бошланган суд мажлисида қатнашишдан яна бир марта бош тортди

Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбаев.

14 октябрь куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда ўзи устидан коррупция айблови бўйича суд мажлисига келишдан собиқ президент Алмазбек Атамбаев яна бир бор бош тортди Атамбаевнинг устидан суд жараёнининг биринчи мажлиси 11 октябрда ўтказилиши керак эди, бироқ Атамбаевнинг мажлисга келишдан бош тортгани учун суд мажлиси 14 октябрга қолдирилган.

Адвокат Замир Жўўшевга кўра, унинг мижози Алмазбек Атамбаев Қирғиз Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 275-моддасига биноан судланувчи судга "ишни менсиз кўриб чиқишингизни сўрайман" деб мурожаат қилишга ҳақли ва судга шундай мурожаат киритилади.

10 октябрь куни Қирғизистон расмийлари дастлабки мажлис ёпиқ эшиклар ортида ўтказилишини маълум қилган эди.

Август ойида Бишкек шаҳри Биринчи Май тумани суди Атамбаевга қўйилган айблов 2013 йилда уюшган жиноятчилар етакчиси Азиз Батукаев ноқонуний тарзда озодликка чиқарилгани билан боғлиқ эканлигини маълум қилган эди.

Батукаев бир неча оғир жиноят, жумладан, депутат ҳамда Ички ишлар вазирлиги ходимини ўлдиришда айбдор деб топилган бўлган.

Атамбаевнинг адвокати Сергей Слесарев мижози айбдор деб топилса, 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкинлигини айтди.

Атамбаевнинг ўзи унга қўйилган айбловларни рад этиб келади.
Жорий йилнинг августида Атамбаев Ички ишлар вазирлигининг уч марта сўроққа чақирув талабини инобатга олмаганидан сўнг, Бишкек ҳукумати собиқ президентни ҳибсга олишга қарор қилди.

Атамбаев ва унинг тарафдорлари эса икки кунлик қаршиликдан сўнг, 8 август куни полицияга таслим бўлди.

Толибон туман ҳокими ва прокурорнинг ўлими учун масъулиятни ўз зиммасига олди

Афғонистон махсус хизматлари аскарлари.

Толибон Кобулда Майдон Вардак вилоятидаги Жагату тумани ҳокими Роз Муҳаммад Вазирийни отиб ўлдирди.

Расмий маълумотда айтилишича, ҳокимга қарши Қобул ғарбида 12 октябрда ўқ узилган. Толибон расмий вакили Забиулла Мужоҳид ташкилот ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олишини билдирди.

Шунингдек, Толибон Парвон вилоят прокурори Одил Шоҳ Одил ўлими учун ҳам масъулиятни ўз зиммасига олди. Прокурор вилоят маркази Харакор шаҳрида номаълум одамлар томонидан отиб кетилган эди.

Имрон Хон воситачи бўлиш учун Эрон ва Саудия Арабистонига сафар қилмоқчи

Покистон Бош вазири Имрон Хон Яқин Шарқ минтақасидаги кескин азалий рақибларни яраштириш учун 13 октябрда Теҳронга, сўнгра Саудия Арабистонига боради, дея хабар тарқатди Покистон Ташқи ишлар вазирлиги.

АҚШ президенти Доналд Трамп Саудия Арабистонининг нефть иншоотларига 14 сентябрда уюштирилган ва кўп зарар етказган ҳужумдан сўнг Хондан иккита мусулмон мамлакати ўртасидаги тангликни юмшатишда воситачи бўлишни илтимос қилган эди.

Вашингтон, Риёд, шунингдек, араб давлатларининг бошқа ҳукуматлари Эронни ҳужум қилганликда айбламоқда, Теҳрон эса буни рад этмоқда.

Саудия Арабистони – стратегик ҳамкоримиз, Эрон эса – дўстимиз ва қўшнимиз, ‒ деган эди Покистон Ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Қурайший жорий ҳафта бошида. ‒ Биз икки мусулмон мамлакати ўртасидаги тушунмовчиликларни музокаралар орқали бартараф этишга интиляпмиз.

У минтақада урушга йўл қўйиш керак эмаслигини алоҳида таъкидлаган эди.

Ташқи ишлар вазирлиги вакили қайд этишича, Хоннинг ташаббуси “Покистон Бош вазирининг минтақада тинчликни таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларидир”.

Покистон Бош вазирининг сафари Эроннинг нефть танкерига ракета ҳужуми уюштирилгани ва буни расмий Теҳрон “қўрқоқларча ҳужум” деб атаганидан сўнг амалга ошмоқда.

Эрон ахборот воситалари хабарига кўра, “Собитий” танкерига 11 октябрда Қизил денгизда, Саудия Арабистони ҳудудидан ташқарида ҳужум қилинган. Ҳали мустақил равишда тасдиқланиши шарт бўлган нохуш ҳодиса Қизил денгиз ва Форс кўрфазида танкерларга қарши ҳужумларнинг сўнггисидир.

Бунинг Ямандаги урушда билвосита қатнашаётган минтақадаги рақиб мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни янада кескинлаштириб юбориши тахмин қилинмоқда.

Яман Қизил денгизнинг жанубий соҳилида жойлашган.

АҚШ собиқ мудофаа вазири Трамп қарори боис ИД “қайта бош кўтариши”дан огоҳлантирди

АҚШ президенти билан келиша олмагани сабабли истеъфога чиққан собиқ мудофаа вазири Жим Мэттис огоҳлантиришича, Ислом давлати (ИД) экстремистик ташкилоти Доналд Трампнинг Сурия шимоли-шарқидан қўшинларни олиб чиқиш тўғрисидаги қарори ортидан “қайта бош кўтариши” мумкин.

Биз ИД қайта бош кўтармаслиги учун босим ўтказишни давом эттиришимиз керак, − деди Мэттис 12 октябрда NBC News телеканалига берган интервьюсидан берилган парчада. Интервью тўлиқ ҳолда 13 октябрда эфирга узатилади.

Биз уруш тугашини исташимиз, ҳатто уни тугади, деб эълон қилишимиз ҳам мумкин, − деди Мэттис интервьюда. – Сиз президент Барак Обама қўшинларни Ироқдан қийинчилик билан олиб чиққандай, олиб чиқишингиз мумкин. Лекин биз ҳарбийларнинг тили билан айтганда, шундан сўнг “душманда овоз бериш ҳақи пайдо бўлади”. Айни ҳолатда биз босим ўтказиб турмасак, ИШИД қайта туғилади. Уларнинг қайтиши кундай равшан.

Трамп ИДга қарши курашиш учун курдлар етакчилигидаги Сурия демократик кучлари (SDF) билан зикр этилган жойда ҳамкорлик қилган АҚШ қўшинларини олиб чиқа бошлагани учун танқидга учради.

ИД қўшинлари Ироқ ва Сурия устидан тўлиқ назорат ўрнатилгандан сўнг ўзаро саъй-ҳаракатлар билан тор-мор этилган эди.

Танқидчилар Трампни иттифоқчи курд жангчиларига хиёнат қилганликда айблади. Ҳозир Туркия ҳарбийлари Сурия шимолида уларга ҳужум қилмоқда. Анқара курд жангчиларини террорчилар деб ҳисоблайди ва уларни минтақадан ҳайдаб чиқариш билан таҳдид қилган эди.

Ҳам республикачи, ҳам демократ қонун чиқарувчилар Трампнинг қарори ИД қайта тикланишига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Бугунги кунда курд қўшинлари 10 мингга яқин маҳбусларни ушлаб турибди. Экспертлар курд ва турк қўшинлари жангга кирган пайт ҳибс жойларидан қочиб кетиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.

Назарбоев икки ҳокимиятчилик даъвосини рад этди, тартибсизлик учун “сотқинлар”ни айблади

Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев давлат телевидениесига 11 октябрда интервью берди ҳамда икки ҳокимиятчиликка оид даъволарни рад этди.

Совет авторитаризми маҳсули бўлган 79 яшар Назарбоев жорий йил мартида собиқ бош вазир ва дипломат Қасим-Жомарт Тоқаевга президентлигини топширган.

Аммо, у ҳамон “элбоши” унвонига эга бўлиб, имтиёзлардан фойдаланмоқда: у суд таъқибидан холи, кучли ваколатларга эга Хавфсизлик кенгаши ва анча вақтдан бери ҳокимиятдаги “Нур-отан” партиясига раислик қилмоқда.

У давлатга қарашли Khabar TV га берган интервьюсида Тоқаевнинг ўзидан “маслаҳам сўраб туриши”ни Қозоғистонда “икки ҳокимиятчилик” мавжуд деган гапларга “асос бўла олмайди”, деб айтди.

Назарбоевга кўра, “бундай миш-мишларни Қозоғистонда барқарорлик бўлишини истамаган кишилар тарқатади”. Унинг қўшимча қилишича, “Қозоғистон президент бошқарув тизимига асосланган унитар давлатдир”.

Янги сайланган президент 66 яшар Тоқаевнинг инаугурацияси июнда мамлакатда сайлов ноқонуний ўтганидан норози бўлган кишиларнинг “қама-қама”си давом этаётган пайтда бўлиб ўтган, чет эллик кузатувчилари “сайлов кенг тарқалган қонунбузарликлар” билан ўтганини айтган эди.

Қозоғистонда сўнгги ойларда мамлакатдаги сиёсий турғунлик ва Хитойнинг тахмин қилинган таъсирига қарши кўплаб рухсат этилмаган намойишлар бўлиб ўтди.

Бу ҳол намойиш қатнашчиларининг ҳибсга олиниши ва шусиз ҳам қаттиқ хавфсизлик чораларининг янада кучайтирилишига сабаб бўлди.

Сўнгги баъзи митингларни фаолияти тақиқланган, раҳбари Мухтар Аблязов Францияда қочқинликда яшаётган “Демократик танлов” партияси уюштирди.

Танқидчилар Назарбоев полиция давлатига раҳбарлик қилгани, сиёсий мухолифларини қамоққа ташлаб тургани ёки бошқа йўсинда таъқиб этгани, ахборот воситаларини назорат қилгани, жисмоний ва юридик шахсларга сиёсий содиқлигига қараб, муносабатда бўлганини айтиб келади.

Туркия армияси Сурия шимолидаги Рас-эл-Айн шаҳрини ишғол этди

Қуруқлик амалиёти олдидан турк авиацияси шаҳарни бомбалади.

Туркия армияси шанба куни Сурия мухолиф кучлари отрядлари билан бирга Сурия шимол-шарқидаги Рас-эл-Айн шаҳрини ишғол этди.

Қуруқлик амалиёти олдидан турк авиацияси шаҳарни бомбалади.

Минтақадаги АҚШ кучлари позициялари ҳам ҳаво зарбаларига учраган.

Аммо, Туркия АҚШ позицияларини нишонга олмаганини билдирди.

Туркия армияси тўртинчи кундирки Сурияда ҳарбий амалиётларни давом эттирмоқда.

Анқара ҳарбий амалиётлардан мақсад Туркия жанубидаги Сурия билан чегарасида 30 километрлик хавфсиз ҳудуд барпо этиш эканини айтиб келади.

Ғарб давлатлари Туркия ҳаракатларини қораламоқда.

АҚШ Туркияга нисбатан санкция тайёрлаётганини маълум қилди.

Туркия президенти Европа Иттифоқи ҳам санкцияга қўл урса уч миллионлик суриялик қочқинлар учун эшикларини очиб Европага ўтказиб юбориш билан пўписа қилди.

АҚШ прокуратураси Доналд Трампнинг шахсий адвокати Рудолф Жулианига нисбатан суриштирув бошлади

АҚШ матбуотига кўра, икки тадбиркор аэропортда қўлга олинишидан сал олдин Вашингтондаги Trump International меҳмонхонасида Трампнинг шахсий адвокати Рудолф Жулиани билан учрашганлар.

АҚШ прокуратураси президент Доналд Трампнинг шахсий адвокати Рудолф Жулианига нисбатан суриштирув ишларини бошлади.

Бу ҳақда The New York Times нашри хабар қилди.

Нашрга кўра, Жулиани лоббичилик ҳақидаги қонунни бузганликда гумонланмоқда.

Тергов "Украинагэйт" номи билан танилган иш доирасида олиб борилмоқда.

Чоршанба куни АҚШ махсус хизматлари пост-совет ўлкаларидан бўлган тадбиркорлар Игор Фруман ва Лев Парнасларни Вашингтоннинг Даллес аэропортида ҳибсга олганди.

Терговчиларни бу икки тадбиркор АҚШ президенти Доналд Трамп ва Украина президенти Володимир Зеленский ўртасидаги музокараларни ташкиллаштиришда қандай рол ўйнагани қизиқтирмоқда.

АҚШ матбуотига кўра, икки тадбиркор аэропортда қўлга олинишидан сал олдин Вашингтондаги Trump International меҳмонхонасида Трампнинг шахсий адвокати Рудолф Жулиани билан учрашганлар.

Аввалроқ демократлар Трампни ўзининг шахсий сиёсий мақсадларида Украина раҳбариятига сайловдаги эхтимолий рақиби Жо Байденнинг ўғли иши юзасидан босим ўтказишда гумон қилиб, унга қарши импичмент жараёнини бошлашганди.

Байден Демократлар партиясидан 2020 йилги президент сайловида республикачи Трампга рақиб бўлишга интилаётган номзодлардан биридир.

“The Wall Street Journal” 20 сентябрда хабар қилишича, Трамп ўша қўнғироғи вақтида Зеленскийдан 8 марта Байденнинг Украинадаги фаолиятини кўриб чиқишни сўраган. Бу эса Конгрессдаги демократлар ўртасида Трампнинг хатти-ҳаракатларини мажбурлашга тенг деб баҳоласа бўладими-йўқми масала кўтарилишига сабаб бўлди.

Бироқ Трамп айби борлигини рад этмоқда.

Туркиянинг Суриядаги амалиёти туфайли 70 мингдан ортиқ одам ўз уйини тарк этишга мажбур бўлди

Туркия Сурия шимолида ҳарбий амалиётини давом эттирар экан, ҳалок бўлганлар ва ўз уйини тарк этишга мажбур бўлаётганлар сони ошиб бормоқда.

Хабарларга кўра, 11 октябрь куни Туркия қўшинлари Сурия ҳудудига янада чуқурроқ кириб борган.

Қароргоҳи Лондонда жойлашган "Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваторияси" гуруҳи Туркия қўшинлари Рас Ал-Айн ҳамда Тел-Абяд шаҳарлари яқинида етти қишлоқни эгаллаб олганини хабар қилди.

Гуруҳ маълумотларига кўра, 9 октябрь куни бошланган амалиёт туфайли ҳозирга қадар камида 10 нафар оддий фуқаро ҳамда курдлар етакчилигидаги Сурия демократик кучларининг 29 жангчиси ҳалок бўлган.

Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваторияси, шунингдек, 17 нафар Туркияни қўлловчи жангчи ҳам ҳалок бўлганини хабар қилди.

Туркия эса бир аскари ҳалок бўлганини, уч нафар ҳарбий жароҳат олганини билдирди.

Дунё етакчилари Туркияни ўз амалиётини тўхтатишга чорлар экан, БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури Туркия юриши туфайли 70 мингдан ошиқ одам қочишга мажбур бўлганини билдирди.

Эрон нефть танкерларидан бирига ҳужум қилинганини маълум қилди

Эрон нефть ташувчи кемасига зарба берилгани айтилаётган жой.

Эрон миллий нефть ширкати (NIOC) Саудия Арабистони соҳилида ўз нефть танкерига ракета билан ҳужум қилинганини, натижада Қизил денгизга нефть оқиб кетганини маълум қилди.

11 октябрь куни NIOC Жидда шаҳридан 100 км масофада “Сабити” нефть танкери бортида икки портлаш юз берганини хабар қилди. Ширкат баёнотида портлашлар “ракета ҳужумлари натижасида содир бўлгани” эҳтимоли борлиги айтилади.

Эрон давлат телеканаллари эса кемага икки ракета билан ҳужум қилинганини хабар қилди.

Саудия Арабистони расмийлари ҳали ушбу ҳодисани изоҳлагани йўқ.

Эрон миллий нефть ширкати кема экипажи соғ-омон эканлигини, кема эса барқарор эканлигини маълум қилди.

IRNA агентлиги эса танкердан нефть оқиши тўхтатиб қолингани ва вазият назорат остида эканлигини хабар қилди.

Кейинги ойларда минтақадаги денгиз йўлларида вазият танг бўлиб қолмоқда. Май ойида Бирлашган Араб Амирликлари соҳиллари яқинида тўрт нефть танкерига ҳужум уюштирилган, АҚШ ва унинг ҳамкорлари ҳужумларда Эронни айблаган эди. Июль ойида эса Британия Гибралтар бўғозида Эрон нефть танкерини қўлга олди.

Собиқ президент Атамбаев ўзи устидан бошланган суд мажлисида қатнашишдан бош тортди

Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбаев.

11 октябрь куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда собиқ президент Алмазбек Атамбаевга қўйилган коррупция айблови бўйича суд жараёни бошланди. Суд мажлисига Атамбаев келишдан бош тортди. Бунинг оқибатида суд мажлиси 14 октябрга қолдирилди.

10 октябрь куни Қирғизистон расмийлари дастлабки мажлис ёпиқ эшиклар ортида ўтказилишини маълум қилган эди.

Август ойида Бишкек шаҳри Биринчи Май тумани суди Атамбаевга қўйилган айблов 2013 йилда уюшган жиноятчилар етакчиси Азиз Батукаев ноқонуний тарзда озодликка чиқарилгани билан боғлиқ эканлигини маълум қулган эди.

Батукаев бир неча оғир жиноят, жумладан, депутат ҳамда Ички ишлар вазирлиги ходимини ўлдиришда айбдор деб топилган бўлган.

Атамбаевнинг адвокати Сергей Слесарев мижози айбдор деб топилса, 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкинлигини айтди.

Атамбаевнинг ўзи унга қўйилган айбловларни рад этиб келади.
Жорий йилнинг августида Атамбаев Ички ишлар вазирлигининг уч марта сўроққа чақирув талабини инобатга олмаганидан сўнг, Бишкек ҳукумати собиқ президентни ҳибсга олишга қарор қилди.

Атамбаев ва унинг тарафдорлари эса икки кунлик қаршиликдан сўнг, 8 август куни полицияга таслим бўлди.

Нобель-Тинчлик мукофотига Эфиопия бош вазири Абий Аҳмад Али лойиқ топилди

Эфиопия бош вазири Абий Аҳмад Али.

Норвегия Нобель қўмитаси 2019 йил учун Нобель-Тинчлик мукофоти Эфиопия бош вазири Абий Аҳмад Алига Эритрея билан чегара можаросини бартараф этишдаги роли учун беришга қарор қилди.

Нобель қўмитаси раиси Берит Райсс-Андерсен Эфиопия бош вазири ҳануз чегарадаги вазиятни изга солиш билан фаол шуғулланаётганини,берилаётган мукофот эса, мазкур масалани ҳал қилишга рағбат бўлишини айтди.

Нобель-Тинчлик мукофотига бу йил 200 дан ортиқ киши ва 85 ташкилот номзоди кўрсатилган эди. Номзодлар рўйхати, анъанага кўра, махфий сақланган.

Эронда сўнгги 38 йилда биринчи марта аёлларга стадионда футбол кўришга рухсат берилди

Эрон-Камбожа ўйинини стадионда томоша қилаётган аёллар.

Эронда 1981 йилдан бери биринчи марта 10 октябрь куни футбол кўриш учун стадионга киришга рухсат берилди.

Жаҳон чемпионатининг саралаш босқичи доирасида Эрон-Камбожа ўйинига аёлларга ҳам билет сотилди. Теҳрондаги стадионида ўтган ўйинда Эрон 14:0 ҳисобида ғалаба қилди.

Ҳуқуқ фаоллари бу воқеага турлича баҳо бермоқда. Масалан, Human Rights Watch билетлар ҳамма аёлларга эмас, балки ҳукуматга яқин бўлган доирадаги аёлларга сотилганини, 78 минг одам сиғадиган стадионга фақат уч ярим мингта аёлнинг киришига рухсат берилганини маълум қилди. Amnesty International эса бу воқеани “сурбетларча қилинган реклама", деб баҳолади.

Эронда аёлларга эркаклар иштирокидаги футбол матчларига кириш 1979 йилдаги Ислом инқилоби ортидан тақиқланган эди. Кейинги йилларда бундай норасмий тақиқ баскетбол ва волейбол мусобақаларига ҳам жорий этилмоқда.

Эронлик аёллар бундай мусобақаларга кириш учун кўпинча эркакча кийинишга мажбур бўладилар. Аммо назоратчилар буни фош этиб қолса, аёллар қаттиқ жазоланади.

29 яшар эронлик футбол ишқибози Саҳар Худоёрий жорий йилнинг 2 сентябрида суд биноси олдида устига бензин қуйиб, ўзини ёқиб юборган эди. Унинг ҳалок бўлгани Эронда ҳам, халқаро ҳамжамиятда ҳам кучли ижтимоий акс-садо берди.

Саҳар Худоёрийнинг ўз жонига қасд қилишига март ойида стадионда футбол мусобақасини томоша қилгани билан боғлиқ айбловлар сабаб бўлган эди.

Мазкур воқеадан сўнг Эрон ҳукумати аёлларни футбол мусобақасига киритишга ваъда берган.

Саратовда полиция самосуд қилмоқчи бўлган оломонни газ билан тарқатди (ВИДЕО)

Саратов манзараси.

Саратовда полиция тўққиз ёшли Елизавета Киселёвани ўлдиришда гумонланган шахсни самосуд қилиш учун ўзларига топширишни талаб қилган оломонга нисбатан кўздан ёш сиздирувчи ғаз қўллашга мажбур бўлди.

Қизнинг жасади топилган гаражлар массивида тергов эксперименти ўтказилган. Полиция эксперимент ўтказиш учун бу ерга гумонланувчини ҳам олиб келганини таҳмин қилган маҳаллий аҳоли полиция автомашинасига ҳужум қилиб, гумонланувчини ўзларига топширишларини талаб қилганлар.

Воқеа жойига ОМОН етиб келган. Бу ерга турли воситалар билан қуролланган юзлаб одамлар йиғилгани хабар қилинди.

Тўққиз ёшли Елизавета Киселёва 9 октябрь куни мактабга кетаётганида йўқолиб қолган эди. Минглаб саратовликлар икки кун мобайнида уни қидириш ишларида қатнашдилар. Сўнгги хабарларга қараганда, унинг жасади 11 октябрга ўтар кечаси шаҳардаги гаражлар массивидан топилган.

Error rendering VK.

Эрдўғон: Суриядаги ҳарбий амалиёт пайтида камида 109 террорчи ўлдирилди

Сурияда ҳарбий амалиёт бўлаётган ҳудуддаги уйларини тарк этаётган одамлар.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 10 октябрь куни ҳукмрон АК партияси фаоллари олдида қилган чиқиши чоғида Суриядаги ҳарбий амалиёт пайтида “камида 109 террорчи ўлдирилди”, деб баёнот берди.

Ахборот агентликлари минглаб одамлар уйларини ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлгани ҳақида ёзмоқда.

Эрдўғон партиядошларига мурожаат қилар экан, Европа Иттифоқини Туркия ҳаракатларини қораламасликка чақирди:

-Эй, Европа Иттифоқи, ўзингга кел. Мен яна бир бор такрорлайман: агар сен бизнинг Суриядаги амалиётимизни босқинчилик сифатида қоралайдиган бўлсанг, унда чегараларимизни очиб юборамиз ва 3 миллион 600 минг қочқин сен томонга қараб йўлга чиқади,- деди Эрдўғон.

АҚШ президенти Дональд Трамп Туркиянинг Суриядаги амалиётига баҳо берар экан: ”Вашингтон турклар ва курдлар ўртасида воситачи бўлишга тайёр” эканини билдирди.

“Биз учта йўлдан бирини танлашимиз керак. Минглаб ҳарбийларни жўнатиш ва ҳарбий жиҳатдан устунликка эришиш, Туркияга санкциялар жорий этиб, оғир молиявий зарба бериш ёки Туркия ва курдлар ўртасида воситачи бўлиш”, деб ёзди Трамп Твиттер саҳифасида.

Туркия Сурия шимолида 9 октябрь куни курд жангчиларига қарши ҳарбий амалиёт бошлаган эди.

Тўрт кун олдин Туркия амалиётига халақит бермаслигини айтган АҚШ президенти Дональд Трамп Туркия режасини эндиликда “ёмон фикр” деб атади.

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг альянс аъзоси Туркиянинг “хавфсизлик хавотирларини тушунса бўлади” деди, аммо Анқара “минтақани беқарорлаштирувчи” чораларни кўрмаслиги кераклигини таъкидлади.

Косовода ҳукмронликка келган янги партия Сербия билан мулоқот ўрнатилишини билдирди

«Ветевендоше» партияси раиси Альбин Курти.

Косовода ўтказилган навбатдан ташқари парламент сайловида кўпчилик овозларни олган миллатчиларнинг «Ветевендоше» партияси раиси Альбин Курти Сербия билан алоқаларни “мустаҳкам мулоқот” ва “ҳамкорлик” асосида қуришини билдирди.

- Мулоқот Косово мустақиллигини тан олиш ва бу борада Серб конституциясига ўзгартишлар киритиш масаласини ҳам қамраб олмоғи зарур, - деди Альбин Курти 10 октябрда Озодлик радиосига берган интервьюсида.

Альбин Курти Косоводаги миллий озчиликлар, жумладан, Косово серблари билан ҳам мулоқот ўрнатилишини билдирди.

Косово 2008 йилда Сербиядан мустақиллик эълон қилган бўлиб, буни Испания ва яна тўрт Европа Иттифоқи давлати тан олмай келади.

Косовода 6 октябрь куни навбатдан ташқари парламент сайловида «Ветевендоше» партияси 12 йил ҳукмронлик қилган Косово Демократик партияси устидан ғалаба қозонган эди.

Косово парламенти 120 депутатлик ўрнидан иборат. Парламентдаги 120 та ўриндан 10 таси этник серблар ва яна 10 таси этник турклар ва лўлилар учун ажратилади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG