Линклар

Шошилинч хабар
19 октябр 2019, Тошкент вақти: 07:40

Халқаро янгиликлар

"Путинни ағдариш" учун Ёқутистондан пиёда йўлга чиққан шомон қўлга олиниб, руҳий шифохонага ётқизилди

Путинни ағдариш учун йўлга чиққан шомон Александр Габишев (ўнгдан иккинчи)

Россия президенти Владимир Путинни “Кремлдан ағдариш” учун пиёда йўлга чиққан ёқутистонлик шомон Александр Габишев руҳий касаллар шифохонасида эканлиги маълум бўлди.

20 сентябрь куни Ёқутистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Габишевнинг руҳий ҳолатига профессионал шифокорлар баҳо беришини ҳамда унга керакли тиббий ёрдам кўрсатилишини айтди.

Бу орада Бурятия Ички ишлар вазирлиги Габишев жиноят учун Ёқутистонда қидирувга берилганини, шу сабаб қўлга олинганини маълум қилди. Лекин Габишевнинг жинояти нимада эканлиги очиқланмади.

Габишев тарафдорлари расмийларнинг бу билдирувларини шубҳа остига олмоқда. Улар Габишев бир неча ой давомида Сибирь бўйлаб пиёда йўл юрганини айтиб, агар Ёқутистон расмийлари чиндан уни қўлга олишни истаганида, шомон аввалроқ ҳибсга олинган бўларди, дейишмоқда.

Габишев тарафдорларидан бири унинг Москвага сафарига қўшилган ҳамкорлари йўл юришда давом этишларини айтди. Гуруҳ ҳозир Иркутск ва Бурятия чегарасига етиб қолган. Ўша ерда маска кийган полиция ходимлари Габишевни қўлга олган.

Amnesty International ташкилоти Габишевнинг қўлга олингани Россияда инсон ҳуқуқлари поймол қилинишининг навбатдаги мисоли эканлигини айтиб, расмийлар ҳаракатларини қоралади.

Кун янгиликлари

Қозоғистон МХҚ: Суриядан қайтган 14 кишидан иборат гуруҳ терроризмда гумон қилинмоқда

«Жусан» амалиёти доирасида Суриядан 595 нафар қозоғистонлик, жумладан 400 дан ортиқ бола Қозоғистонга қайтарилган

Қозоғистон Миллий хавфсизлик Қўмитаси( МХҚ)нинг 17 октябрь куни маълум қилишича, Суриядан қайтарилган 14 кишига нисбатан терроризмда айблаш билан боғлиқ жиноят иши тергови якунланди.

Тергов версиясига кўра, гумондорлар Сурияда “Ислом давлати”(ИД) экстремистик гуруҳининг битта отряди сафида бўлган. Қўмита баёнотига қараганда, уларга нисбатан террорчилик фаолиятида иштирок этиш, ёллаш ва терроризмни тарғиб қилиш, «шунингдек бошқа оғир жиноятларни содир этиш» айби қўйилмоқда. Гумондорларнинг исми шарифи, жинси ва ёши ҳақида қўмита хабарида маълумот берилмаган. Қўмитанинг хабар қилишича, жиноят иши пойтахтдаги туманлараро жиноят ишлари бўйича ихтисослаштирилган судга оширилди.

МХҚ сайтида эълон қилинган баёнотда айтилишича, бундан аввал Суриядан қайтган бошқа 10 эркак ва 5 аёл Қозоғистонда фаолияти тақиқланган мазкур гуруҳ “фаолиятида иштирок этиш факти” бўйича турли муддатларга озодликдан маҳрум қилинди.

Йил бошида Қозоғистон ўз фуқароларини Суриядан қайтариш операцияси ҳақида баёнот берган эди. Яқин Шарқдан олиб чиқилган бир неча ўнлаб эркак ва аёлларга нисбатан расмийлар терроризм билан боғлиқ айблов бўйича жиноят иши очди.

МХҚ эълон қилган маълумотларга кўра, «Жусан» амалиёти доирасида Суриядан 595 нафар қозоғистонлик, жумладан 400 дан ортиқ бола қайтарилди. Январда Қозоғистон расмийлари баёнот бериб, уруш қамраб олган бу мамлакатдан 50 киши қайтарилганини маълум қилди, уларнинг кўпчилигини болалар ташкил қилади. Май ойи сўнгида Қозоғистон президенти администрацияси амалиётнинг “якуний босқичида” Суриядан 170дан ортиқ бола ва 67 нафар аёл олиб чиқилгани юзасидан ҳисобот берди.

HRW халқаро ҳамкорларни оилавий зўравонликдан аёлларни ҳимоя қилиш борасида қозоқ расмийларига босим ўтказишга чақирди

Иллюстратив сурат.

Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Қозоғистоннинг халқаро ҳамкорлари, шу жумладан, АҚШ ва Европа Иттифоқини оилада зўравонлик қурбони бўлаётган аёлларни яхшироқ ҳимоялашлари учун қозоқ расмийларига босим ўтказишга чақирди.

17 октябрь куни эълон қилинган қисқа ҳисоботда Қозоғистонда аёллар етарлича ҳимоя қилинмаётгани қайд этилади.

HRWга кўра, Қозоғистон ҳукумати зудлик билан Жиноят кодексига оилавий зўравонлик алоҳида жиноят ўлароқ эътироф этиладиган модда киритиши ҳамда зўравонга берилажак жазо етказилган зарарга мувофиқ оғирликда бўлишини таъминлаши лозим.

Қозоғистонда маиший зўравонлик 2017 йили жиноят сирасидан чиқарилган. Ўша йил 3 июлида президент Нурсултон Назарбоев “калтаклаш” ва “инсон саломатлигига қасдан енгил жароҳат етказиш” каби моддаларни жиноятдан маъмурий қонунбузарликка ўтказиш бўйича тузатишларни имзолаганди. Бунгача оилавий зўравонлик жиноят ўлароқ таъқиб қилинган.

Туркманистонда бюджет ташкилотлари ходимлари пахта теришга мажбурланмоқда

Иллюстратив сурат.

Шу кунда Туркманистон далаларида пахта тераётганлар орасида бу ишга мажбуран жалб қилинган давлат идоралари ва корхоналарининг кўплаб ходимини учратиш мумкин.

Turkmen.news нашри хабарига кўра, мамлакат ғарбида пахта теримига бандаргоҳ ходимлари ҳам жалб қилинган.

"Туркманбоши халқаро бандаргоҳининг бутун жамоаси навбатма-навбат Ахал вилояти билан чегарадош Сердар шаҳри далаларига пахта теримига юборилмоқда", дея хабар қилади нашр.

Қайд этилишича, “пахта смена”си 10 кун давом этади. Ходимлар егуликларини ўзлари билан олишлари керак, шунингдек, турар-жойни ҳам ўзлари топишлари лозим. Айрим жойларда маиший шароит мутлақо йўқ. Одамлар даланинг ўзида ҳожат чиқарадилар.

"Кўплаб ходимлар пахтага бормасликни афзал кўришади, бунинг учун кадрлар бўлимига 300 манат (бозор курси бўйича $17) беришлари керак бўлади. Бандаргоҳда маош кўп эмас, кўпчилик учун бу пул – ойлик маошнинг ярмини ташкил қилади, бироқ пахта теримига бориш, овқатланиш ва яшаш янада қимматга тушади, шу сабабли ходимлар пул беришни ва шу тариқа пахта теримидан қутилиб кетишни афзал кўришади", деб ёзади Turkmen.news нашри.

Пахта етиштиришда мажбурий меҳнатдан фойдаланилаётгани борасида халқаро танқидларга қарамай, Туркманистон расмийлари мажбурий меҳнатдан воз кечганлари йўқ. Мамлакатда пахта етиштириш давлат томонидан қатьий назоратга олинган бўлиб, бу йил мамлакатда 1 миллион 50 минг тонна пахта етиштириш режалаштирилган.

Туркия ва АҚШ Суриядаги амалиётни вақтинча тўхтатиш ҳақида келишувга эришди

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон (ч) АҚШ вице-президенти Майкл Пенс (ў) билан, Анқара, 2019 йил 17 октябри.

Туркия ва АҚШ Сурия шимолида турк ҳарбийлари амалиётини вақтинча тўхтатиб туриш ҳақида келишиб олдилар. Бу ҳақда Анқарада Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан 17 октябрь кунги учрашувдан кейин бўлиб ўтган матбуот анжуманида АҚШ вице-президенти Майкл Пенс билдирди.

Оташкесим 120 соат давом этади. Бу вақт оралиғида курд қуролли отрядлари ҳарбий ҳаракатлар ҳудудини тарк эта оладилар. Шундан сўнг Анқара амалиётни поёнига етказади.

Пенсга кўра, Вашингтон Анқарага нисбатан янги санкциялар жорий этмоқчи эмас, ўт очиш тўхтаганидан кейин эса амалдаги чекловлар ҳам бекор қилинади.

“Туркиядан ажойиб янгилик!.. Миллионлаган одам ҳаёти қутқарилади”, деб ёзди АҚШ президенти Дональд Трамп Твиттердаги ўз саҳифасида.

Эрдўғон билан Пенснинг 17 октябрдаги учрашуви икки ярим соат давом этди. Эрдўғон аввалроқ АҚШ вакилларининг миссиясига ишонқирамай қараётган эди. У ҳатто америкалик мулозимлар билан учрашмаслигини ҳам айтган, бироқ кейинроқ Туркия президенти қарорини ўзгартирди. Эрдўғон АҚШ томонидан киритилган санкцияларнинг кучайтирилишидан ҳам ташвишланмаётганини билдирган.

Туркиянинг Сурия шимолидаги курд отрядларига қарши ҳарбий амалиёти 9 октябрь куни бошланган. Анқара курд қуролли отрядларини террорчи, деб ҳисоблайди. Вашингтон эса уларни “Ислом давлати” экстремистик гуруҳига қарши курашда ўз иттифоқчиси, деб билади.

Амалиёт бошланганидан бери ўтган 9 кун давомида Туркия ва унинг суриялик мухолифатчилардан иборат бўлган иттифоқчилари чегара яқинидаги ҳудуднинг бир қисмини ўз назорати остига олишга муваффақ бўлди.

Бу орада курд отрядлари ҳам Дамашқ билан келишувга эришиб, Анқара ҳужумидан ҳимоя қилиши учун қатор шаҳарларни Сурия ҳарбийларига топширишди.

АҚШ вице-президенти ва давлат котиби Туркияга хизмат сафари билан учиб кетди

АҚШ президенти Дональд Трамп.

Бугун АҚШ вице-президенти Майк Пенс ҳамда АҚШ давлат котиби Майк Помпео Туркиянинг Сурия шимолидаги амалиётини тўхтатишни муҳокама қилиш учун Анқарага жўнаб кетди.

АҚШ президенти Дональд Трамп эса “бу бизнинг чегара эмас” ва “курдлар ҳам фаришта эмас” деб, ҳудуддан Америка ҳарбийларини олиб чиқиш тўғрисидаги қарори тўғри бўлганини далиллашга уринди.

Икки алоҳида самолётда Туркияга отланган Пенс билан Помпео 17 октябрь куни Анқарада Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан музокара ўтказмоқчи. Аммо ҳозирча Эрдўғон улар билан учрашишга рози бўладими-йўқми - номаълум бўлиб қолмоқда.

Трамп Помпео ва Пенс Туркияда муваффақиятли учрашувлар ўтказишига ишонишини айтди.

Туркия 8 октябрдан Сурия шимолида курд отрядларига қарши ҳарбий амалиёт бошлаган. Анқара уларни террорчи, деб билади. Анқара хатти-ҳаракати Вашингтонда қораланди, бироқ Трамп Туркиянинг ишларига аралашмаслигини билдирган эди.

Бунгача АҚШ курдларни радикал исломий жангариларга, хусусан, “Ислом давлати” гуруҳига қарши курашда асосий иттифоқчи ўлароқ қўллаб келаётган эди.

АҚШ Конгресси Эмомали Раҳмонни Радио Озоди муаммосини ҳал қилишга чақирди

Демократлар вакили Адам Б. Шифф (Adam B. Schiff) ва республикачилар вакили Стив Чабот (Steve Chabot) томонидан имзоланган мактуб.

АҚШ Конгресси Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон номига хат юбориб, Озод Европа/Озодлик радиоси Тожик хизмати - Радио Озодининг Душанбедаги бюроси журналистларига таҳдид ва таъқиблар борасида келаётган хабарлардан, улар аккредитациядан ўтказилмаётганидан ташвиш билдирди.

Демократлар вакили Адам Б. Шифф (Adam B. Schiff) ва республикачилар вакили Стив Чабот (Steve Chabot) томонидан имзоланган мактубда, эркин ва мустақил матбуотни ривожлантириш тарафдори бўлмиш “Озод Европа/Озодлик радиосини молиялаштирадиган АҚШ Конгресси АҚШ ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларга таъсир кўрсатадиган ва Тожикистоннинг обрўсига соя соладиган” вазиятдан ташвишга тушаётгани таъкидланади.

9 октябрда ёзилган мактубда таъкидланишича, бугунги кунда Радио Озодининг 9 нафар журналисти ва ходими Тожикистон ТИВ томонидан бериладиган аккредитацияси йўқлиги боис фаолиятдан четлаштирилган.

Улар орасида Душанбе Бюроси раҳбари, шунингдек 2017 йилдан бери касбий фаолияти учун ТИВдан бериладиган рухсатномани кутаётган журналист бор. Шу йилнинг июнида ТИВ Радио Озоди видеооператори Баротали Назаров (Барот Юсуфи)нинг аккредитациясини қайтариб олди. Бундан ташқари, мактубда таъкидланишича, Радио Озодининг яна 9 нафар ходимининг аккредитацияси шу йилнинг ноябри сўнгида тугайди.

Мактубда қайд қилинишича, Озод Европа/Озодлик радиоси халқаро журналистика стандартларига амал қилади ва унинг миссияси ўз аудиториясига ҳаққоний маълумот беришдан иборат.

Мактуб сўнгида муаллифлар Тожикистон президентини Радио Озоди фаолиятини давом эттиришига ва мазкур ОАВ ходимларининг аккредитация олишларига ёрдам беришга чақирадилар.

Бу аккредитация олишда хавотир уйғотган биринчи ҳодиса эмас. 2016 йилда президент Эмомали Раҳмоннинг қизларидан бири ташқи ишлар вазирлигида мансабга тайинлангани борасидаги хабардан сўнг ТИВ Озод Европа/Озодлик радиоси тожик хизматининг олти нафар ходимидан аккредитацияни олиб қўйган эди.

35 зиёратчи ҳалок бўлди - Саудияда Умрага кетаётганлар тушган автобус ёниб кетди

Иллюстратив сурат. Хабардаги воқеага алоқаси йўқ.

Саудия Арабистонида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида камида 36 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда ТАСС агентлиги Саудия соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб хабар қилди. Маҳаллий полиция 35 киши ҳалок бўлганини билдирган.

"Эр-Рияд" нашри ҳалокат Макка ва Мадина шаҳарлари ўртасидаги йўлда содир бўлганини ёзгани хабар қилинди. Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатларидан Умра ибодатига кетаётган зиёратчилар тушган автобусга юк машинаси урилган ва ёнғин чиққан.

Автобусда жами 40 киши бўлган, 4 киши касалхонага ётқизилган.

АҚШ Конгресси Трампнинг қўшинларни Суриядан олиб чиқиш қарорини қоралади

АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси америкалик ҳарбийларнинг Сурия шимолидан олиб чиқиб кетилишини қоралаган резолюцияни кўпчилик овоз билан қабул қилди. Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп бу минтақадан қўшинларни олиб чиқиб кетиш ҳақида қарор қабул қилганди.

Резолюцияда Туркия Суриядаги ҳарбий амалиётни тўхтатиши лозимлиги айтилади. Конгрессменлар Оқ уйни “Ислом давлати” террор гуруҳини йўқ қилиш бўйича режани тақдим этишга чақиришди.

Трампнинг Сурия шимолидан ҳарбийларни олиб чиқиб кетиш қарорини республикачи депутатлар ҳам, демократлар ҳам бирдай қоралаган. Улар минтақада жиҳодий ҳаракат қайта бош кўтаришидан ташвишланмоқдалар.

Ўз навбатида, АҚШ президенти Вашингтонда ўтган матбуот анжуманида Туркия ва Сурия юзага келган вазиятни изга сола олишига умид билдирган. Трамп муаммони ҳал қилиш ишига Вашингтон ҳам бош қўшишини урғулаган. У Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан АҚШ вице-президенти Майк Пенснинг 17 октябрь куни бўлиб ўтадиган учрашувига катта умид билан қараётганини билдирган. Трампга кўра, агар Эрдўғон билан Пенс бўҳронни изга солиш юзасидан ўзаро келиша олмасалар, Оқ уй Анқарага нисбатан санкцияларни кучайтиради.

Туркия 9 октябрдан Сурия шимолида курд отрядларига қарши ҳарбий амалиёт бошлаган. Анқара уларни террорчи, деб билади. Анқара хатти-ҳаракати Вашингтонда қораланган, бироқ Трамп Туркиянинг ишларига аралашмаслигини билдирган. Бунгача АҚШ курдларни радикал исломий жангариларга қарши курашда асосий иттифоқчи ўлароқ қўллаб келган.

МХДҚ: Суриядаги лагерларда 500га яқин қирғизистонлик бор

Иллюстратив сурат.

Сурия ҳудудларидаги лагерлар ва қамоқхоналарда 500 га яқин қирғизистонлик ушлаб турилибди. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Давлат қўмитаси раисининг ўринбосари Мирлан Турғунбаев парламент мажлисида маълум қилди.

Унга кўра, қирғизистонлик хотин-қизлар ва болаларни у ердан ватанга қайтариш масаласида музокаралар давом этмоқда.

“Сурияда бўлган фуқаролар, шу жумладан, хотин-қизлар ва болаларни идентификациялаш ишлари олиб борилмоқда. 500 дан зиёд қирғизистонлик қочқинлар лагерлари ва қамоқхоналарда ушлаб турилибди. Уларни ватанга қайтариш масаласида музокоралар олиб борилмоқда”, деди ​Турғунбаев.

Аввалроқ Сурия ҳудудларидаги лагерларда ушлаб турилган қирғизистонликлар билан учрашиш мақсадида халқаро ташкилотлар ва Қирғизистоннинг Туркиядаги дипломатик корпуси музокаралар олиб бораётгани ҳақида хабар берилган эди. Ҳукуматда бош вазир ўринбосари Жениш Разақов бошчилигида Сурия ва Ироқдаги қирғизистонликларни қайтариш бўйича ишчи гуруҳи тузилган. Унга кўра, Ироқдаги ҳарбий ҳаракатлар зонасида жойлашган лагерларда оналари қамоқда бўлган 78 нафар қирғизистонлик бола бор.

Расмий маълумотларга кўра, 2013-2014 йилларда Сурия ва Ироқдаги қуролли гуруҳлар сафига 800 га яқин қирғизистонлик бориб қўшилган, уларнинг 150 га яқини аёллардир.

Тожикистонда қийноқ қўллаганлар бундан буён 15 йилгача қамалиши мумкин

Иллюстратив сурат.

Тожикистонда қийноқ қўллаган ва шафқатсиз муносабатда бўлган шахсларга нисбатан жазо кучайтирилади. Эндиликда уларга нисбатан 2 йилдан 15 йилгача қамоқ жазоси бериладиган бўлди.

Авваллари Тожикистон Жиноят кодексидаги “Қийноқлар” моддасида жазо 20 мингдан 50 минг сомонийгача (2-5 минг доллар) шаклидаги жарима ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилишни кўзда тутарди.

Тожикистон парламенти 16 октябрь куни мамлакат Жиноят кодексига тегишли ўзгартишларни киритди. Адлия вазирлигининг маълум қилишича, ўзгартишлар БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси тавсияси ҳамда мамлакатда Қийноқларга қарши туриш миллий режасига биноан киритилган.

Туркияда Анқаранинг Суриядаги ҳарбий амалиётини танқид қилган 24 киши ҳибсга олинди

Туркияда Анқаранинг Суриядаги ҳарбий амалиётини ижтимоий тармоқларда танқид қилган 24 киши ҳибс этилди. Фойдаланувчиларнинг интернетдаги шу каби чиқишларини ҳукумат "дезинформация", деб атамоқда. Бу ҳақда давлатга тегишли Anadolu ахборот агентлиги хабар қилади.

Турк қўшинлари амалиётини танқид қилгани учун умумий ҳисобда 186 киши ушланган.

Сурияда курд отрядларига қарши амалиёт олиб бораётган Анқара бундан мақсад чегараларни террорчилардан тозалаш эканлигини таъкидламоқда. Вашингтон эса “Ислом давлати” террор ташкилотига қарши курашда курдларни ўзининг асосий иттифоқчиси эканлигини айтиб келади.

Қуруқликдаги амалиётлардан ташқари, турк ҳарбийлари ҳаводан ҳам зарба бермоқда. Инсон ҳуқуқлари мониторинги Сурия марказининг баёнотига кўра, амалиёт бошланганидан бери камида 70 нафар тинч аҳоли вакили, жумладан, 21 бола ҳалок бўлган. Ташкилот маълумотига қараганда, 300 мингга яқин киши уй-жойини ташлаб кетишга мажбур бўлган.

Туркия расмийларининг Суриядаги ҳаракатлари Европа Иттифоқи ва Араб давлатлари лигаси танқидига учради. АҚШ, Канада, Франция, Германия, Буюк Британия ва ЕИдаги бошқа мамлакатлар Анқарага қурол етказиб беришни тўхтатди. Айни пайтда Болгария ва Венгрия Туркияга қарши бормоқчи эмас. Улар Анқара билан можаро Европада янги миграция инқирозига сабаб бўлиши мумкинлигидан ташвишланмоқдалар.

АҚШ Туркиянинг давлатга қарашли банки устидан жиноят иши очди

Нью-Йорк шаҳар прокуратураси Түркиянинг давлатга қарашли "Halkbank"ини "фирибгарлик" ва "пул ювиш"да айблаб, унга нисбатан жиноят иши қўзғади.

Айбловга кўра, банк Вашингтоннинг санкциясига қарамай, Эронга 2012-2016- йиллар оралиғида 20 миллиард доллар пул ўтказган.

Нью-Йорк прокурори Жеффи Берман 15 октябрда банкнинг бундай ишга боришига Туркия ҳукуматидаги юқори лавозимли амалдорлар аралашган, улар миллионлаб доллар пора олиб турган, деб баёнот берди.

“Halkbank” устидан жиноят иши очилиши Вашингтон билан Анқара муносабатлари Туркиянинг Сурия шимолидаги курд қўшинига қарши ҳарбий амалиёти туфайли совиб кетган бир пайтга тўғри келди.

Мустақил Тожикистон тарихида энг кўламли амнистия эълон қилиниши кутилмоқда

Тожикистон президенти Конституция қабул қилинганининг 25 йиллиги муносабати билан парламент қуйи палатасига “Амнистия тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқиш учун тақдим этди.

Бу ҳақда 16 октябрда Тожикистон президенти сайти хабар қилди.

Умумий ҳисобда 20 мингдан ортиқ гумондор, айбланувчи, судланувчи ва ҳукм қилинганлар амнистия қилиниши режалаштирилган. Жумладан, 3 мингдан ортиқ киши жазони ижро этишдан, 5 мингдан ортиқ киши эса озодликдан маҳрум қилишни кўзда тутмаган бошқа жазолардан озод қилиниши кутилмоқда.

Қонун қабул қилинса, ҳукм қилинганларнинг кўпчилигига берилган жазо муддати камайтирилади. Қонун жиноят ишлари тергов идоралари, дастлабки тергов ёки судларда турган 2 мингдан ортиқ шахсга ҳам татбиқ этилади.

Бу гал таклиф қилинаётган қонун лойиҳасининг аввалгиларидан фарқи қамоқдан озод қилинадиганлар сони кўпайганида. Жумладан оғир жиноят содир этган аёллар, 70 ёшдан катта эркаклар (оғир жиноят содир этганлардан ташқари), 10 минг сомонидан ортиқ миқдорда пора берган ва пора олганлар, хорижий давлат фуқаролари тўлалигича жазодан озод қилинади.

«Шунингдек, жазо ҳозирча қўлланилмаган ёки кечиктирилган шахслар, ёки шартли равишда муддатдан аввал озод қилинганлар ёки жазони ижро этиш колонияларида муддатини ўтаётганлар ёки озодликдан маҳрум қилиш кўзда тутилмаган жазони ўтаётганлар ҳам озод қилинади», - дейилади президент сайтида.

Мазкур Қонун биринчи бор оғир жиноят ва ўрта даражали жиноят содир этганларга, ёки эҳтиётсизлик туфайли жиноят қилганларга ҳам қўлланилади.

«Амнистия тўғрисида»ги қонун умрбод қамоққа ҳукм қилинганларга, ўлим жазосига ҳукм қилинган ва бу ҳукм умрбод қамоқ жазосига алмаштирганларга, амнистия тўғрисидаги аввалги қонун билан афв қилинган ва қайтадан жиноят қилганларга, шунингдек, жазони ўташ жойида жиноят қилганлар ва колониядан қамоқхонага ўтказилган маҳкумларга жорий этилмайди.

Мустақиллик йилларида Тожикистонда 15 марта амнистия эълон қилинган. Амнистия тўғрисидаги аввалги қонун 2016 йил августида Тожикистон мустақиллигининг 25-йиллиги муносабати билан эълон қилинган эди. Ўшанда 12 мингдан ортиқ киши амнистия қилинган, жумладан 3 мингдан зиёд маҳкум озодликка чиқарилган эди.

Япония: Ҳабигис тўфони туфайли нобуд бўлган сони 70 дан ошди

Иллюстратив сурат.

Японияда содир бўлган Ҳабигис тўфони туфайли ҳаётдан кўз юмганлар сони, сўнгги маълумотларга кўра, 73 кишига етди. Ўндан зиёд одам бедарак йўқолган, 200 дан кўпроқ одам тан жароҳати олган, дея хабар қилади Япониянинг NHK телеканали.

Табиий офат энг кўп Япониянинг шимоли-шарқий соҳили ҳамда Токиога яқин бўлган Канагава префектурасига шикаст етказган. Бу жойларда мактаблар ва дўконлар ишлаётгани йўқ. Тўфон оқибатида 13 мингдан зиёд уй электрсиз, 315 минг чоғли уй сувсиз қолган. Қидирув ишларига 110 минг чоғли қутқарувчи жалб қилинган.

Японияда 12 октябрь куни кучли ёмғир ва шамол билан бирга бошланган Ҳабигис тўфон натижасида 14 та дарё ўзанидан тошиб чиққанди. Мутахассисларга кўра, бу Японияга 1958 йилда ёпирилган ва 1200 кишининг умрига зомин бўлган “Ида” тўфонидан кейинги энг йирик тўфон бўлган.

Трамп Пенс билан Пампеони Анқарага йўллади

АҚШ вице-президенти Майк Пенс.

АҚШ вице-президенти Майк Пенс билан Давлат котиби Майк Помпео 16 октябрь куни Туркия пойтахтига боради. Улар Анқара расмийлари билан турк қўшинларининг Суриядаги курд отрядларига қарши ҳужумларини тўхтатиш бўйича музокара олиб боришмоқчи.

Бу ҳақда сешанба куни АҚШ президенти Дональд Трамп билдирган. У АҚШ Туркиядан ҳужумларни тўхтатишни талаб қилишини, акс ҳолда, бу мамлакатга нисбатан кескин чоралар кўрилишини урғулаган. Оқ уй баёнотига кўра, Пенс пайшанба куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан учрашиши кутилмоқда.

Туркия ва унинг суриялик иттифоқдошлари 9 октябрдан бошлаб Сурия шимолида курд отрядларига қарши ҳужумларни амалга ошира бошлаган. Анқара ҳарбий амалиётлардан мақсад чегара яқинида “хавфсизлик ҳудуди” барпо қилиш ҳамда ўз ҳудудидаги 2 миллион суриялик қочқинни ватанига қайтариш эканини иддао қилмоқда.

“Трассаларда фоҳишаларга қарши рейд"ни ёритган тожик блогерлари маҳкамага тортилди

“Трассаларда фоҳишаларга қарши рейд"ларни суратга олган ва видеони Youtube видеохостингига жойлаштирган тўрт нафар тожик блогери шахсий ҳаётга қонунга зид равишда аралашганликлари учун судга тортилди.

Судда блогерлар ўзларига қўйилган айбловни тан олдилар. Аввалроқ улар жамиятга бор ҳақиқатни тақдим этганларини билдирган эдилар.

Шу йилнинг июнь ойида тармоққа “сотилган аёллар” ҳақидаги видео жойлаштирилганидан кейин аёлларни машиналарига ўтқазиб, хизматлар ҳақида келишиб олган блогерлар Рустам Ашуров, Беҳруз Шарифи, Шаҳриёр Жалилов ва Юсуфжон Давлатмурод қўлга олинганди. Тўртовига ҳам Тожикистон Жиноят кодексининг 144-моддаси (“Шахсий ҳаёт борасида қонунга зид равишда маълумот тўплаш ва тарқатиш”) бўйича айблов қўйилган. Бу моддага кўра 10 минг сомонийдан 25 минг сомонийгача ($1 минг - $2,5 минг) жарима тўлаш ёки бир йилгача ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилиш кўзда тутилган.

Маҳкама 15 октябрь куни Душанбедаги Фирдавсий туман судида судья Аҳмад Бобозода раислигида бошланди. Блогерларга нисбатан жиноят иши бу ҳаракатлар оқибатида жабр кўрганини билдирган 6 нафар аёл аризасига биноан очилди. Улардан бири судда ўша оқшом яширин камера орқали суратга олинаётганини билмаганини айтди.

Жабрдийдага кўра, блогерлардан бири Беҳруз уни автомашина салонига таклиф қилган ва интим-хизматлар нархини сўрай бошлаган. “Мен суратга олишаётганини билмадим. Биз икки аёл эдик ва хизматларимиз 200 сомоний туришини айтдик. Шеригим соқолли блогерни кўриб, қўрқиб кетди ва бирор ерга боришни истамади. Кейин у бизга пул бериб, уйга кетишимизни айтди”, деди у.

Бошқа бир аёл эса суддаги чиқишида видеонинг тармоқда эълон қилиниши ўзи учун оилада муаммолар пайдо қилганини айтди. Унга кўра, Россиядаги куёви қўнғироқ қилиб, аёлнинг юзи қорайтилган бўлса-да, таниганини айтган. Бу аёл ёлғиз ўзи икки болани тарбия қилади ва ижара уйда яшайди.

“Ҳаёт оғир, биз нима қила олардик? Видео эълон қилинганидан сўнг бизни таниб қолишди, қўнғироқ қилишиб, бу ҳақда сўрашаяпти”, дейди аёл.

Аёллар чиқишидан сўнг блогерлар судда ўзларини айбдор деб билишларини ва хатоларини тан олишларини айтишди. Улардан бири бу билан ҳеч кимни камситмоқчи бўлмагани ва шу орқали пул ишлаб топиш мақсади йўқлигини қўшимча қилди.

Блогер Шаҳриёр Жалилов Озодлик радиоси тожик хизмати билан суҳбатда мазкур видео ўзига нисбатан жиноят иши очилиши ва иш судгача боришини билмаганини урғулади. Аммо иш юзасидан бошқа изоҳ беришни истамади.

Жабрдийда аёллар ўзларининг қонуний хуқуқларини ҳимоя қилишни сўраб, милицияга мурожаат қилганларидан кейин ИИВ блогерлар хатти-ҳаракатини “ахлоқсизлик” дея баҳолаган ва тўрт блогерни шахсий ҳаётга тажовузда айблаган.

Видео ижтимоий тармоқда кескин баҳсларга сабаб бўлди. Кимдир тижорий интим вакиллари ҳуқуқни ҳимоя қилувчи идоралар сиймосида кучли “ҳомий”га эга эканлигини таъкидлаган бўлса, бошқалари блогерларга жиноят иши очишдан аввал расмийлар мамлакатда фоҳишалар билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиши кераклигини қайд қилганлар.

Таҳлилчиларнинг фикрича, эндиликда тожик блогерлари эҳтиёткорроқ бўлиб, ўз-ўзини цензура қилишга мажбур бўлишади.

Туркманистонда гепатит авж олмоқда

Иллюстратив сурат.

Туркманистонда аҳоли ўртасида гепатитга (сариққа) чалинганлар сони кўпаймоқда. Озодлик радиоси туркман хизмати мухбирлари Тошҳовуз, Лебап ва Ахал вилоятларида мазкур касалликка чалиниш ҳолатлари кўп кузатилаётгани борасида хабар қилган.

"Тошҳовуз вилоятида ҳақиқатан ҳам А гепатити эпидемияси кузатилмоқда. Асосан ўсмирлар ва болалар касалликка чалинаяпти. Катта ёшдагилар нисбатан оз. Сўнгги бор бу каби ҳолат 3 йил аввал худди шу ерда кузатилган эди", дея хабар беради Озодлик мухбири.

Мухбиримиз билан суҳбатлашган тиббиёт ходимлари касаллик билан боғлиқ ўлим ҳолатлари ҳам қайд қилинганини айтганлар.

"Ўлим ҳолатлари қайд этилди. Шифохоналарда дори йўқ. Оғир вазиятларда шифокорлар "Гептрал"ни тавсия қилмоқда, тажрибадан маълумки, бу дори педиатрияда 18 ёшгача, дея чекланган. 5 та ампула 600 манат туради ва буни ҳамма ҳам сотиб ололмайди. Эпидемия ҳақида гапириш расман тақиқланган", дейди Озодлик суҳбатдошлари.

Маълумотларга кўра, Тошҳовузда гепатит тарқалиши август ойи охиридан бери кузатилмоқда.

15 октябрь куни Озодлик мухбири Ахал вилоятидаги маҳаллий шифохоналар гепатитга чалинган болалар билан тўлиб кетганини маълум қилди.

Унга кўра, минтақа расмийлари касаллик ва унинг тарқалишини олдини олиш борасида аҳолига маълумот бермаяпти, жумладан, болалар боғчаларида ота-оналар мажлислари ўтказилмаган. Шу сабабли ҳам ота-оналарнинг кўпи касаллик хавфини етарлича англаб етишмаган.

Мамлакат расмийлари ва давлат нашрлари гепатит касаллигининг тарқалиши юзасидан аҳолига маълумот бермаяпти.

Тажрибали АҚШ дипломати Трампга қарши импичмент тергови доирасида кўрсатма беради

Жорж Кент.

Кўп йиллик тажрибага эга АҚШ дипломати АҚШ Демократик партиясининг Конгрессдаги намояндалари президент Дональд Трампга қарши олиб бораётган импичмент терговида кўрсатма беради.

Жорий йилнинг июлида Трамп телефонда Украина президенти Володимир Зеленскийни 2020 йилги президент сайловида асосий рақиби бўлиши кутилаëтган демократ Жо Байден ва унинг ўғлини тергов қилишга ундагани ўтган ойда ошкор бўлди. Шу сабабдан айни дамда АҚШ Демократик партиясининг Конгрессдаги намояндалари импичмент суриштирувини олиб бормоқда.

Куни кеча Трампнинг собиқ маслаҳатчиси АҚШнинг Украина бўйича сиёсатда қонунбузарликларга гувоҳ бўлганини айтгани хабар қилинган эди.

Украинада ва бошқа давлатларда коррупцияга қарши курашиб келган Жорж Кент 15 октябрь куни кўрсатма беради.

Миллий хавфсизлик кенгаши ходими Файона Ҳилл кўрсатма бериб, Трампнинг Украина сиёсатида қонунбузарликларга гувоҳ бўлганини ҳамда бу ҳақда хабар қилганини айтган. Хабарларга кўра, ўз кўрсатмаси давомида Ҳилл собиқ миллий хавфсизлик маслаҳатчиси Жон Болтон Трампнинг шахсий адвокати Руди Жулианини “ҳаммани портлатиб юборувчи қўл гранатаси” деб атаганини айтган.

Ҳиллнинг сўзларига кўра, Болтон Трамп атрофидаги шахслар ҳаракатларини гиёҳванд модда савдосига қиёслаган.

Россия бўйлаб полиция Навальний офисларида рейд ўтказмоқда

Полиция ходимлари Навальнийнинг Коррупцияга қарши кураш жамғармаси офиси олдида рейд ўтказиш учун йиғилмоқда. 2018 йил, 28 январда ўтказилган рейд олдидан олинган сурат.

Россиянинг бир неча шаҳрида мамлакат ҳуқуқ-тартибот органлари Кремль танқидчиси Алексей Навальнийнинг Коррупцияга қарши кураш жамғармаси офисларида рейд ўтказмоқда.

15 октябрь куни “ОВД-Инфо” нашри Уфа, Саратов, Самара, Екатеринбург, Ярославль, Челябинск ҳамда Новокузнецк шаҳарларида Навальний офислари тинтув қилинганини хабар қилди.

Коррупцияга қарши кураш жамғармаси директори Иван Жданов Белгород, Воронеж, Ижевск, Кемерово, Владивосток, Чебоксари ва Ставрополь шаҳарларида ҳам офислар тинтув қилинаётганини маълум қилди.

“Медиазона” ва “ОВД-Инфо” нашрларига кўра, Навальний ҳамкорларининг уйлари ҳам тинтув қилинмоқда.

Ждановнинг айтишича, Навальнийни қўлловчилар ҳамда жамғарма офисларида ўтказилаётган тинтувлардан “максимал даражада моддий зарар етказиш” кўзланмоқда.

- Авваллари бизни қўрқитиш ҳам уларнинг мақсадларидан бири эди, аммо бу натижа бермайди, - деди Жданов.

Навальний деярли ўн йилдан бери президент Владимир Путинни кескин танқид қилиб келади. Мухолифатчи бу орада бир неча марта қамалди, президентликка ҳамда Москва мэри лавозимларига номзодлигини кўрсатишга уринди.

Қозоғистонлик хитойшунос олим суд қарори билан фуқароликдан маҳрум қилинди

Хитойшунос олим Константин Сироежкин.

Олмаота суди томонидан 7 октябрь куни “давлатга хиёнат” айби билан 10 йил қамоққа ҳукм қилинган хитойшунос олим Константин Сироежкин суд қарори билан Қозоғистон фуқаролигидан маҳрум қилинди.

«Олмаотадаги жиноят ишлари бўйича ихтисослаштирилган туманлараро суд ҳукми билан Константин Сироежкин давлатга хиёнат қилганликда айбдор деб топилди ва 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Суд шунингдек, уни Қозоғистон Республикаси фуқаролигидан ҳам маҳрум қилди», — дейилади 15 октябрь куни тарқатилган Олмаота шаҳар суди тарқатган хабарда.

Ҳукм эълон қилинганидан сўнг Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси томонидан тарқатилган хабарда Сироежкин Қозоғистон фуқароси экани айтилган эди.

Ҳукмга кўра, дея хабар беради суд, Сироежкин жазони максимал хавфсизлик муассасаси (қаттиқ режимли колония)да ўташи керак. Суд шунингдек, у қамоқ муддатини ўтаб бўлганидан кейин беш йил давомида Қозоғистонга кирмаслик шарти билан мамлакатдан чиқариб юборилиши борасида ҳукм чиқарди. Ҳукм қонунан кучга кирмади.

2017 йилда қонунчиликка киритилган ўзгартишга кўра, “террорчилик жиноятларини содир этганлар, шунингдек Қозоғистон Республикаси манфаатларига зиён етказганлар” суд қарорига биноан фуқароликлан маҳрум қилинишлари мумкин.

Константин Сироежкин шу йилнинг февралида эҳтимолий давлат сирлари ошкор этилиши иши тергов қилинаётганида қўлга олинган эди. Сироежкиннинг ушланиши борасидаги илк хабар май ойида ОАВ саҳифаларида пайдо бўлди. Кейинроқ матбуот МХҚга таянган ҳолда Сироежкин 19 февралдан бери давлатга хиёнат гумони билан ҳибсда экани борасида хабар берди. Сироежкин иши бўйича расмий изоҳ берилмади.

Олмаотада туғилган 63 ёшли Константин Сироежкин СССР ДХҚ Олий мактабини битирган, 2006 йилдан бошлаб Қозоғистон президенти қошидаги стратегик тадқиқотлар институтида катта илмий ходим лавозимида ишлаб келарди ва мамлакатдаги етакчи хитойшунослардан бири сифатида кўриларди.

Япониядаги «Хагибис» тўфонида ҳалок бўлганлар сони 40 нафарга етди

«Хагибис» тўфони Токиода.

Японияда «Хагибис» тўфони оқибатида ҳалок бўлганлар сони 40 нафарга етди. Шунингдек, 17 киши бедарак йўқолгани, юздан ортиқ одам жароҳатлангани хабар қилинди.

Қидирув-қутқарув амалиётларида 110 мингдан ортиқ полициячи, ўт ўчирувчи ва ҳарбийлар қатнашмоқда.

Японияда 12 октябрь куни кучли ёмғир ва шамол билан бирга бошланган тўфон натижасида 14та дарё ўзанидан тошган. Табиий офат туфайли 200 мингдан ортиқ хонадон электр таъминотидан узилган.

Мутахассисларга кўра, бу Японияга 1958 йилда ёпирилган ва 1200 кишининг умрига зомин бўлган «Ида» тўфонидан кейинги энг йирик тўфон бўлмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев 13 октябрда «Хагибис» тўфони оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани муносабати билан Япония Бош вазири Синдзо Абэга ҳамдардлик билдирган эди.

Трамп Эрдўғондан Суриядаги ҳарбий амалиётни тўхтатишни талаб қилди

АҚШ вице-президенти Майк Пенс.

АҚШ президенти Дональд Трамп 14 октябрь куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан телефон мулоқоти пайтида уни Суриядаги ҳарбий амалиётни зудликда тўхтатишга чақирди. Бу ҳақда АҚШ вице-президенти Майк Пенс матбуотга маълум қилди.

Пенсга кўра, Трамп Эрдўғон билан қатъий оҳангда сўзлашган ва низолашаётган томонлар ўртасида воситачи бўлиш учун яқин кунларда минтақага сафар қилишини айтган.

"Қўшма Штатлар Туркиянинг Сурияга бостириб кирганига тоқат қила олмайди. Биз Туркияни муроса қилишга, зўравонликни тўхтатиб, музокаралар столига ўтиришга чақирамиз”, деди Майк Пенс.

Трамп, шунингдек, Туркияга нисбатан санкциялар жорий этиш тўғрисидаги буйруқни имзолаган. Унга кўра, АҚШ Туркия билан юз миллиард долларлик савдо келишуви юзасидан музокараларни тўхтатади ва Туркия пўлатига божхона тўловини 50 фоизга кўпайтиради.

14 октябрда Европа Иттифоқига аъзо қатор давлатлар Туркияга қурол сотишга эмбарго эълон қилди.

-Нидерландия Туркияга қурол сотишни тўхтатди. Бошқа бир қатор давлатлар ҳам мана шундай қарор қабул қилди,-деди Нидерландия ташқи ишлар вазири Стеф Блок.

Альфред Нобель номидаги иқтисод бўйича мукофот лауреатлари эълон қилинди

Альфред Нобель номидаги иқтисод бўйича мукофот лауреатлари.

Швеция Қироллик академияси 14 октябрда Нобель хотирасига таъсис этилган иқтисод бўйича мукофотнинг 2019 йилги совриндорлари номини эълон қилди.

-Бугун Швеция Қироллик академияси Швеция банкининг Альфред Нобель хотираси учун таъсис этган иқтисодий соҳа бўйича 2019 йилги мукофотини Абхиджит Банержи, Эстер Дюфло ва Майкл Кремерга уларнинг глобал миқёсда қашшоқликка қарши курашга экспериментал ёндашуви учун топширади,- деб билдирди Швеция Қироллик фанлар академияси бош котиби Горан Ханссон.

Банержи Ҳиндистонда туғилган, айни пайтда АҚШнинг Массачусетс технология университети профессори.

Дюфло Банержининг турмуш ўртоғи, у ҳам мазкур универистетда ишлайди.

Кремер Коннектикут штатидаги Қашшоқликка қарши кураш бўйича инновациялар институтининг илмий маслаҳатчиси.

Иқтисод бўйича мукофот 1962 йилда Швеция банки томонидан таъсис этилган ва расман Нобель мукофоти эмас, Альфред Нобель номидаги иқтисод бўйича мукофот деб аталади.

Иқтисод бўйича лауреатлар номи эълон қилиниши билан Нобель ҳафталиги расман ёпилади.

7 октябрь куни Физиология ва тиббиёт бўйича, 8 октябрда физика бўйича Нобель мукофоти лауреатлари эълон қилинган эди.

Адабиёт бўйича мукофот 10 октябрда, Нобель Тинчлик мукофоти эса 11 октябрь куни эълон қилинган.

Саудия Россиядаги лойиҳаларга 10 миллиард доллар сармоя ажратгани айтилди

Қирол Салмон Путинни кутиб олиш маросимида.

Расмий ташриф билан 14 октябрда Саудия Арабистонига борган Россия президенти Владимир Путин Ар Риёдда валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон билан музокаралар ўтказди. Музокаралар натижасида икки давлат ўртасида бир неча миллиард долларлик шартномалар имзоланди.

Шартномалар сармоя, аэрокосмик саноат, маданият, соғлиқни сақлаш ва илғор технологиялар соҳасига оид экани айтилмоқда.

Кремль матбуот хизматининг билдиришича, Путин Муҳаммад Бин Салмон билан учрашув пайтида Саудия жамоат фонди Россиядаги турли лойиҳаларни амалга ошириш учун 10 миллиард доллар сармоя ажратганини билдирган.

Путин Саудияга ташрифи арафасида Al Arabiya, Sky News Arabia ва RT Arabic телеканалларига берган интервьюсида қирол ва валиаҳд шаҳзода билан дўстона муносабатларда эканини билдирган эди.

Путин 15 октябрда Бирлашган Араб Амирликларига ташриф қилади.

Путин Саудия Арабистонига хизмат сафари билан борди

14 октябрь куни Россия президенти Владимир Путин Саудия Арабистонига хизмат сафари билан борди. Кремль баёнотига кўра, президент у ерда нефть савдоси бўйича келишувлар имзолаши кутилмоқда.

Жорий йилда Россия Ғарб давлатлари жорий қилган санкциялар туфайли ялпи ички маҳсулотини режалаштирилгандек 3 фоизга оширишга эриша олмади. Шу сабабдан Путин ўз ташрифи давомида Россияга сармоя ётқизиш масаласини ҳам муҳокама қилиши кутилмоқда.

Сиёсий таҳлилчи Фёдор Лукьянов Путин ва Саудия қироли Салмон ҳамда валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон ўртасидаги учрашув давомида муҳокама қилинадиган асосий масала нефть бўлишини айтди.

2014 йилда нефть нархлари тушиб кетиб, Россия иқтисодига зарба берганидан бери Россия нефть ишлаб чиқарувчи ва экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти - OPEC аъзоларини ишлаб чиқариш кўламини қисқартириб, нефть нархларини оширишга ундаб келади.
Россия OPEC аъзоси эмас.

Путин ташрифи арафасида бир неча араб телеканалига қўшма интервью бериб, Саудия қироли ва шаҳзодаси билан яхши муносабатда эканлигини айтди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG