Линклар

Шошилинч хабар
09 март 2021, Тошкент вақти: 16:00

Халқаро хабарлар

Норвегияда Россияга қарашли кема ёниб кетди

«Бухта наездник» кемасидаги ёнғинни ўчириш пайти.

Россиянинг аммиак резервуарига эга бўлган «Бухта наездник» кемасида юзага келган ёнғинни 26 сентябрда ҳам ўчиришга муваффақ бўлинмади.

Сўнгги хабарларда айтилишича, портлаш хавфи мажуд бўлгани оқибатида, кема чўктириб юборилган.

Икки юз минг тонна дизел ёнилғисини олиб кетаётган «Бухта наездник» кемаси Норвегиянинг Брейвик бандаргоҳига лангар ташлаган эди.

Норвегиянинг NRK телеканалига кўра, кемада ёнғин 25 сентябрь куни бошланган. Ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар борасида маълумот йўқ. Норвегия ҳукумати портлаш содир бўлишидан хавфсираб, уч юз метр радиусда юзга яқин одамни ва кема экипажининг 29 нафар аъзосини эвакуация қилди.

Ўт ўчирувчиларнинг билдиришларича, ёнғин айни пайтда аммиак резервуарига етиб борган, аммо портлаш содир бўлмаган. Мутахассисларга кўра, резервуар клапанлари ўз вақтида ишга тушиб, аммиакни оқизиб юборган бўлиши мумкин. Аммо ўт ўчирувчилар ҳар эҳтимолга қарши аммиак резервуарини нам ҳолатда ушлаб туришга ҳаракат қилганлар.

Кема олиб кетаётган дизел ёқилғисининг асосий қисми 26 сентябрга ўтар кечаси ёниб бўлган.

«Бухта наездник» кемасининг узунлиги 64 метр. У 1991 йилда Норвегияда ишлаб чиқарилган.

Кун янгиликлари

Афғонистонга COVAX дастури доирасида COVID-19 га қарши вакциналарнинг илк партияси етказилди

Кобулдаги клиникада коронавирусга қарши AstraZeneca препарати билан эмлаш жараёни, 2021 йил 3 марти

Афғонистон COVAX халқаро дастури доирасида коронавирусга қарши вакциналарнинг илк партиясини қабул қилиб олди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилот 8 март куни бу мамлакатга 468 минг доза вакцина етиб борганини маълум қилди. Афғонистонга жами 3 миллион доза вакцина бепул етказиб берилиши кутилмоқда.

AstraZeneca вакцинаси Кобулга Ҳиндистоннинг Мумбайдаги Зардоб институтидан етказилган. Вакцинадан ташқари Афғонистонга 470 минг шприц ва хавфсиз ташиш учун 4 минг 700 дона контейнер ҳам келтирилган.

Афғонистон соғлиқни сақлаш тизими вакиллари ривожланаётган мамлакатлар ўртасида коронавирусга қарши вакцина тақсимотига қаратилган COVAX дастури 38 миллион киши истиқомат қиладиган мамлакатда аҳолининг 20 фоизини эмлаш учун етарли эмдори етказиб берилишини билдирганлар.

COVAX дастури лойиҳани мувофиқлаштираётган Gavi дастури билан ЖССТнинг қўшма ташаббуси бўлиб ҳисобланади. Дастур вакцинага эга бўлишда бой ва қашшоқ мамлакатлар ўртасидаги фарқни озайтиришга қаратилган. COVAX ривожланмаган мамлакатларни 2021 йил охиригача икки миллиард доза вакцина билан таъминлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Мазкур дастурга Ўзбекистон ҳам қўшилган.

ХОҚ Лукашенконинг ўғлини Беларусь Миллий олимпия қўмитаси президенти ўлароқ тан олишдан бош тортди

Виктор Лукашенко

Халқаро олимпия қўмитаси Александр Лукашенконинг катта ўғли Викторни Беларусь Миллий олимпия қўмитасининг янги президенти сифатида тан олмади. Бу ҳақда ХОҚнинг 8 март куни ёйинланган хабарномасида айтилган.

Шунингдек, халқаро қўмита Хоккей федерацияси президенти Дмитрий Басковни ҳам Беларусь Миллий олимпия қўмитаси ижроия қўмитаси аъзоси ўлароқ тан олган эмас. Александр Лукашенконинг мухолифлари Басковнинг минсклик Роман Бондаренко ўлимига алоқаси бўлиши мумкинлигини айтиб келадилар.

Виктор Лукашенко Беларусь Миллий олимпия қўмитасига шу йилнинг 26 февралида президент этиб сайланганди. Ундан аввал бу лавозимни 1997 йилдан буён отаси Александр Лукашенко эгаллаб келган.

Халқаро олимпия қўмитаси бу галги қарори унинг ўтган йил охирида Беларусга нисбатан киритган чекловлари билан боғлиқ бўлиши мумкин. 2020 йил декабрида ХОҚ Беларусь Миллий олимпия қўмитаси ўз спортчиларини сиёсий дискриминациядан ҳимоя қилмаган, деган қарорга келганди. Ўша пайтда ХОҚ Александр ва Виктор Лукашенколарнинг Токиодаги Олимпиадага боришини тақиқлаб, Беларусь МОҚни молиялаштиришни тўхтатиб қўйганди.

Беларусда ўтган йил 9 августидаги президент сайловидан сўнг мамлакат Марказий сайлов комиссияси Александр Лукашенкони сайлов ғолиби, деб эълон қилган ва бунинг ортидан мамлакатда оммавий норозилик намойишлари бошланиб кетганди.

Мазкур сайловда кенг кўламли сохталаштиришларга йўл қўйилганини иддао қилган намойишчилар олти марта президентлик курсисини эгаллаган Лукашенконинг истеъфога кетиши ҳамда қайта сайлов ўтказилишини талаб қилишган.

Беларусдаги хавфсизлик кучлари намойишларни бостириш чоғида камида беш киши нобуд бўлгани, минглаб намойишчини қўлга олгани, юзлаб одам жабрлангани, тергов ҳибсхоналарида қийноққа солингани ва таҳқирлангани айтилади. Ҳуқуқ фаолларига кўра, шу кунгача 30 мингдан зиёд беларуслик қатағонга учраган, мамлакат расмийлари ўз мухолифларига қарши 900 дан зиёд жиноят иши очганлар.

Европа Иттифоқи давлатлари ва АҚШ Беларусдаги президент сайловини “легитим” дея тан олмаган. Европа парламенти мамлакатда тинч намойишларнинг аёвсиз бостирилишини қоралаган резолюцияни қабул қилган, беларуслик қатор амалдорларга қарши санкциялар жорий этилган.

Вашингтон Россияни АҚШ вакциналари ҳақида “дезинформация” тарқатаётганликда айблади

АҚШ Давлат департаменти расмийси Нед Прайс

Вашингтон COVID-19 га қарши АҚШда ишлаб чиқарилган вакциналарга ишончни сўндиришга қаратилган дезинформация кампанияси олиб бораётган Россияни танқид қилиб чиқди. Қўшма Штатлар бу кампанияга қарши “барча мавжуд воситалар” билан курашишга ваъда берди.

“Россия ўзининг эски найрангларидан фойдаланиб, ҳар куни одамлар ҳаётини сақлаб қолётган вакциналар тўғрисида нотўғри маълумот тарқатиб, кишилар ҳаётини хатар остига қўяётгани очиқ-ошкор кўриниб турибди”, дея билдирди АҚШ Давлат департаменти расмийси Нед Прайс 8 март куни журналистлар қаршисида сўзларкан.

Бу баёнотдан бир кун аввал Wall Street Journal газета Давлат департаментининг бўлинмаси бўлмиш Ўзаро ҳамкорлик глобал маркази хулосаларини ёйинлаган, мақолада мувофиқлаштирилган кампанияда иштирок этаётган тўртта онлайн-платформа ортида Россия разведка хизматлари тургани қайд этилганди. WSJ сайтлар АҚШнинг Pfizer вакцинаси билан боғлиқ хатарлар бўрттириб кўрсатувчи материаллар эълон қилаётгани, шу билан Россиянинг “Спутник V” вакцинаси ишлаб чиқарилишини дастаклашга уринаётгани ҳақида ёзган. Унда айтилишича, сайтлар вакциналарга нисбатан салбий муносабат акс этган халқаро хабарларга эътибор қаратиб, препаратларнинг хавфсизлиги ва самарадорлиги хусусида маълумот бермаяптилар.

Нед Прайс сайтлар “АҚШ озиқ-овқат ва дори-дармон маҳсулотлари сифатини санитар назорат қилиш бошқармаси томонидан ҳозирги кунда маъқулланган икки вакцина ҳақида” дезинформация тарқатаётганини таъкидлаган.

Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки брифинг чоғида: “[АҚШ] тасарруфида мавжуд бўлган барча воситалар билан [дезинформацияга қарши] курашади”, дея билдирган.

Сурия: Башар Асад ва хотини коронавирусга чалинди

Башар Асад (архив сурати)

Сурияда президент Башар Асад ва рафиқасининг коронавирусга топширган тести мусбат натижа берди. Дамашқ томонидан 8 март куни тарқатилган баёнотда эр-хотин ўзларида COVID-19 га хос бўлган ҳолсизликни ҳис этганларидан кейин тест топширганлари айтилган.

55 ёшли Башар Асад ва унинг 45 ёшли рафиқаси Асмо икки ҳафтадан уч ҳафтагача давом этиши мумкин бўлган ўз-ўзини иҳоталашдан сўнг ишга қайтишади, дейилган Сурия президенти девонхонаси хабарномасида.

Мазкур ҳужжатдан иқтибос келтирган ғарб агентликлари эр-хотиннинг аҳволи “яхши ва барқарор” дея баҳоланаётганини қайд этганлар.

Дамашқ томонидан назорат қилинадиган ҳудуддан олинган расмий статистикага мувофиқ, Сурияда тақрибан 16 минг киши коронавирусга чалинган, хасталик важидан 1063 нафар бемор нобуд бўлган. Аммо аҳолини ёппасига тестдан ўтказиш имконсизлиги туфайли эпидемияга оид ҳақиқий рақамлар бундан анча юқори бўлиши мумкинлиги тахмин этилади.

Сурия ҳудудида ички қуролли тўқнашувлар давом этмоқда. 2011 йил мартида президент Асад режимига қарши тинч намойишлар шаклида бошланган норозилик чиқишлари кейинроқ қонли воқеаларга уланиб кетган.

Расмий Дамашқ ўтган ҳафта мамлакатда эмлаш жараёни бошланганини эълон қилган, бироқ бунга оид тафсилотларни ошкор қилмаган. Расмийлар вакцина “дўст бўлган давлат”дан келтирилганини иддао қилганлар, бироқ мазкур мамлакат номини очиқлаган эмаслар.

Франциялик миллиардер Оливье Дассо вертолёт ҳалокатида нобуд бўлди

Оливье Дассо (ўнгда) Арманистон президенти Армен Саркисян билан. 2018 йилда олинган сурат.

7 март куни консерватив сиёсатчи ва Дассо самолётсозлар оиласининг аъзоси Оливье Дассо вертолёт қулаши натижасида ҳалок бўлди.

69 ёшга чиққан Дассо миллиардер саноатчи Серге Дассонинг тўнғич ўғли эди. Оилага тегишли Dassault Aviation ширкати Rafale ҳарбий учоқларини ишлаб чиқаради ва Le Figaro газетасига эгалик қилади.

Оливье таниқли аэронавтика муҳандиси Марсель Блохнинг набираси эди.

Dassault Aviation гуруҳи сўнгги 70 йил ичида Франциянинг етакчи самолётсозига айланди. Ширкат Falcon хусусий самолёти ва Mirage жанговар самолётларини ҳам ишлаб чиқаради.

Forbes журнали Оливьенинг бойлигини 6 миллиард долларга баҳолаган

Шаҳзода Ҳарри ва унинг рафиқаси Меган ошкора интервью берди

Шаҳзода Ҳарри ва унинг рафиқаси Меган.

Шаҳзода Ҳарри ва унинг рафиқаси Меган америкалик бошловчи Опра Уинфрига интервью бериб, британ қироличаси оиласида ўғиллари териси ранги ҳақидаги суҳбатлар ҳамда Меганни ўз жонига қасд қилиш ҳақида ўйлай бошлашга мажбур қилган муаммолар ҳақида очиқ-ойдин сўзладилар.

Интервью 7 март куни АҚШда эфирга узатилди ва 8 март куни Британия телеканалларида кўрсатилади.

2020 йил бошида 39 ёшли Меган ва 36 ёшли Ҳарри расман қирол оиласининг катта аъзолари мақомидан воз кечган эдилар.

Интервью давомида Британия тахтига навбатда олтинчи ўринда бўлган Ҳарри қирол оиласида ўзини эркин ҳис қила олмагани ва ўтган йили молиявий ва хавфсизлик имтиёзларидан айрилгани ҳақида сўзлади.

Аждодлари орасида қоратанлилар бўлган Меган биринчи ўғли Арчига ҳомиладор бўлган пайтида қиролича оиласининг бир аъзоси Ҳарридан фарзандлари терисининг рангги «қанчалик тўқ» бўлиши ҳақида сўраганини сўзлаб берди.

Ҳарри укаси Уильям билан яқин алоқада эмаслигини тан олди. У, шунингдек, ўз оиласи Меганни қўллаб-қувватламаганини айтди.

Соғлиқни сақлаш мутахассиси ЕИ давлатларини «Спутник» вакцинасини тасдиқлашга ошиқмасликка чорлади

Европа дори-дармон агентлиги 4 март куни «Спутник V» вакцинасини текширувдан ўтказа бошлаган.

Европа дори-дармон агентлигининг юқори лавозимли расмийси Европа Иттифоқига аъзо давлатларни агентлик Россияда ишлаб чиқарилган «Спутник V» коронавирус вакцинаси хавфсизлигини тўлиқ текшириб бўлгунига қадар уни рўйхатга олмай туришга чорлади.

7 март куни агентлик кенгаши раиси Криста Виртумер-Хоче: «Бизга кўриб чиқишимиз мумкин бўлган ҳужжатлар керак. Шунингдек, ҳозирда эмланган одамлар ҳақида маълумотга эга эмасмиз, - деди.

«Бу номаълум. Шунинг учун мен [вакцинани] фавқулодда миллий рўйхатга олмасликни қатъиян маслаҳат бераман», - дея қўшимча қилди Виртумер-Хоче.

Хабарларга кўра, Европа дори-дармон агентлиги 4 март куни «Спутник V» вакцинасини текширувдан ўтказа бошлаган.

ЮНИСEФ: Пандемия сабаб вояга етмаган қизларни эрга бериш кўпайди

ЮНИСЕФ логотипи.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ) коронавирус инқирози ортидан юзага келган қийинчиликлар туфайли кейинги ўн йил ичида болалар никоҳлари сони 10 миллионга ошиши мумкинлигини билдирди.

Ташкилотнинг 8 март куни чоп этилган тадқиқотида «пандемия сабабли мактабларнинг ёпилиши, иқтисодий стресс, хизмат кўрсатишдаги узилишлар, ҳомиладорлик ва ота-оналар ўлими энг ожиз қизларнинг болалар никоҳи қурбонига айланиш хавфини оширмоқда» дейилади.

Халқаро хотин-қизлар кунида эълон қилинган ҳисобот «COVID-19: болалар никоҳига қарши курашда эришилган ютуқларга таҳдид» деб номланади.

Ҳисоботда эътироф этилишича, сўнгги 10 йил ичида болалигида турмуш қурган қизлар улуши 25 фоиздан 20 фоизгача камайган, аммо пандемия туфайли эришилган бу ютуқлар чиппакка чиқиши мумкин.

ЮНИСEФ ҳисоботига кўра, пандемия билан боғлиқ чекловлар ва ижтимоий масофа сақлаш тартиблари туфайли қизларнинг тиббий ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиши ҳамда исталмаган ҳомиладорлик ва жинсга асосланган зўравонликдан ўзларини ҳимоя қилиши мушкуллашган. Бундан ташқари, иқтисодий қийинчиликларга дуч келаётган оилалар вояга етмаган қизларини турмушга беришга ошиқиши мумкин.

АҚШ шаҳарлари полиция қўлида нобуд бўлган Жорж Флойд судига ҳозирланмоқда

Флойднинг ўлдирилиши дунёнинг кўплаб мамлакатларида норозилик намойишларига сабаб бўлди.

АҚШнинг Миннеаполис шаҳри ва бошқа шаҳарлар расмийлари қора танли шахсни ҳибсга олаётиб, уни ўлдиришда айбланаётган оқ танли полиция ходими суди бошланишига ҳозирлик кўрмоқда.

Афроамерикалик Жорж Флойд ўтган йилда полициячилар томонидан қўлга олинганидан кейин жон берган эди.

Флойд қўлга олинганидан кейин полициячилардан бири Дерек Шовин 9 дақиқа давомида тиззаси билан унинг бўйнини бўққан.

Флойд ўлими ортидан АҚШда Black Lives Matter – «Қора танлиларнинг ҳаёти ҳам муҳим» шиори остида оммавий норозилик акциялари бошланиб кетди.

Шовин иккинчи даражали қотилликда айбланмоқда.

Ҳакамлар ҳайъати аъзоларини танлаш жараёни уч ҳафтагача давом этиши кутилмоқда. Жиноят ишлари бўйича бевосита суд эшитишлари 29 март куни бошланади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, суд ҳукми апрель ойи охирларида чиқади

Рим папаси “Ислом давлати” гуруҳининг собиқ “пойтахт”ида чиқиш қилди

Мўсулдаги насронийлар билан учрашган Рим папаси Франциск, 2021 йил 7 марти

Рим-католик черкови раҳбари Франциск якшанба куни Ироқнинг Мўсул шаҳрига келди. У Рим папалари орасида Ироққа сафар қилган илк руҳоний бўлди.

Ироқ шимолидаги Мўсул шаҳри уч йилдан кўпроқ муддат “Ислом давлати” террор ташкилоти жангарилари назорати остида бўлган. Айнан шу шаҳарда ИДнинг собиқ раҳбари, кейинчалик АҚШ махсус амалиёти чоғида ўлдирилган Абу Бакр ал-Бағдодий 2014 йили “халифалик” тузилганини эълон қилган. Мўсул 2017 йили халқаро коалиция кўмагида Ироқ армияси томонидан ИД жангариларидан озод қилинган.

Рим папаси шаҳардаги вайрона ҳолига келиб қолган черковлар ўртасидаги майдонда диндошлари олдида чиқиш қилди.

Шанба куни папа Франциск нуфузли шиа уламоларидан бири оятуллоҳ Али Систоний билан учрашган. Нажаф шаҳрида бўлиб ўтган мазкур учрашувда Ироқда турли дин вакилларининг биргаликда тинч-осойишта турмуш кечириши имконияти муҳокама қилинган.

Рим папаси Ироққа жума куни келиб, мамлакат президенти Барҳам Солиҳ билан учрашган. Бу мамлакатда православ, католик ва бошқа мазҳабларга мансуб насронийлар яшайди. Улар сони бир пайтлар 1,5 миллион чоғли бўлган, аммо урушлар туфайли уларнинг кўпи мамлакатни тарк этган ва бугунга келиб Ироқда 300 минг нафар атрофида насроний қолган.

Швейцариядаги референдумда сайловчилар бурқага қарши овоз беришди

Швейцария кўчаларидан бирига осилган баннер

Швейцариялик сайловчиларнинг кўпи 7 март куни бўлиб ўтган референдумда юзни ёпадиган бурқа кийиб юришни тақиқлашни ёқлаб чиқишди.

SFR телерадиокорпорацияси ва Tagesanzeiger нашрининг дастлабки ҳисоб-китобига кўра, мамлакат аҳолисининг 51 фоиздан кўпроғи ўзлари яшаган шаҳар кўчаларида юзлари ёпиқ аёлларни кўришни истамайди.

Мазкур тақиқ учун Швейцария конфедерациясидаги 26 кантондан кўпчилиги овоз берган. Эндиликда бу мамлакатда муслималар оммавий диний байрамлардагина бурқа кийиб юра оладилар.

Бурқани тақиқлаш ташаббуси Швейцария миллий-консерватив халқ партияси ўнг қаноти депутатларидан чиққан.

Референдум натижалари тасдиқланганидан кейин жамоат жойларида кийиб юриш мумкин бўлган кийим-бош турларига оид кўрсатма Швейцария Конфедерацияси конституциясида пайдо бўлади.

2018 йилдаги маълумотларга кўра, Швейцарияда 450 мингга яқин мусулмон истиқомат қилади, бу мамлакат аҳолисининг 5,3 фоизига тенгдир.

Туркманистонда маълумот устидан назорат янада кучайтирилмоқда

Туркманистон полицияси маълумот устидан назоратни янада кучайтирмоқда. Озодлик радиоси туркман хизматининг хабар беришича, полиция касалхоналарда тиббиёт ходимлари телефонларини текшира бошлаган ва Интернет фойдаланувчиларига чекловларни четлаб ўтиш имконини берувчи VPN хизматларидан фойдаланадиган ёшлар изидан тушган.

Хабарларга кўра, Туркманобод шаҳрида полиция соғлиқни сақлаш ходимларининг телефонларини текшириб, мамлакатдаги пандемия ҳолати тўғрисида Озодлик ва бошқа оммавий ахборот воситалари билан алоқага чиққан шахсларни аниқлашга уринмоқда.

Озодлик ва бошқа мустақил нашрлар мамлакат аҳолиси коронавирусдан азият чекаётгани, шифохоналар касаллар билан тўлгани ва ўлимлар сони ошиб бораётгани ҳақида хабар бериб келади.

Туркманистон расмийлари эса мамлакатда бирорта ҳам вирусга чалиниш ҳолати қайд этилмаганини иддао қилишда давом этмоқда. Аммо бир вақтнинг ўзида мамлакат бўйлаб кўплаб чекловлар жорий қилинган.

Давлат оммавий ахборот воситалари коронавирус билан боғлиқ вазият ҳақида лом-мим демай келади.

Туркманистон хавфсизлик хизматлари мунтазам равишда аҳолининг шахсий маълумотларини текширади ва VPN фойдаланувчиларини таъқиб қилади.

Швейцарияда бурқани тақиқлаш масаласида референдум ўтказилмоқда

Швейцариядаги тарғибот баннерларидан бири.

7 март куни Швейцарияда жамоат жойларида юзни тўлиқ ёпишни тақиқлаш масаласида умумхалқ референдуми бўлиб ўтади.

Референдумдан олдин ўтказилган сўровномалар бундай чорага қаршилар ва уни қўлловчилар сони деярли тенг эканини кўрсатган.

Бундай қонун кучга кирса, норозилик намойишлари давомида ҳам юзни тўлиқ ёпиш тақиқланади. Бунга қарамасдан, тақиқни қўлловчи кампания асосий масала ўта консерватив мусулмон аёллар киядиган ниқоб ёки паранжи эканини очиқ-ойдин айтиб келади.

Агар сайловчилар тақиқни қўллаб овоз берса, эркакларнинг аёлларни юзларини ёпишга мажбурлаши ҳам тақиқланади.

Ибодат жойларида, соғлиқ билан боғлиқ ҳолатларда ҳамда анъанавий карнавал байрамларида юзни ёпишга рухсат берилади.

Швейцария ҳукумати бундай чора сайёҳлар сонини чеклашини айтиб, унга қарши чиқиб келади. Бундан ташқари, танқидчилар паранжи тақиқи диний эркинликларга зид эканини айтмоқдалар.

Афғонистон разведка бошқармаси бош прокурори ўлдирилди

Афғонистон хавфсизлик кучлари.

6 март куни Афғонистон Миллий хавфсизлик бошқармаси бош прокурори Сайид Маҳмуд Оға бомба ўрнатилган автомашина ёрдамида амалга оширилган ҳужум натижасида нобуд бўлди.

Ҳилманд вилояти вилоят кенгаши раҳбари Аттауллоҳ Афғоннинг сўзларига кўра, Маҳмуд Оғани Лашкаргоҳ шаҳрига олиб кетаётган карвонга портловчи моддалар билан тўлдирилган автомашинани ҳайдовчиси ҳужум қилган.

Ҳужум натижасида Маҳмуд Оғанинг тансоқчиларидан бири ҳам нобуд бўлган. Бундан ташқари, саккиз киши, шу жумладан, икки ўткинчи жароҳат олган. Ҳужум учун жавобгарликни ҳали ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олгани йўқ.

Қатарда Афғонистон ҳукумати ва Толибон вакиллари ўртасида тинчлик музокаралари давом этаётган бўлишига қарамасдан, сўнгги ойларда Афғонистон бўйлаб журналистлар, фуқаролик жамияти фаоллари ва расмийларга қарши суиқасдлар сони тобора кўпайиб бормоқда.

Толибон ушбу ҳужумларнинг аксарига алоқаси йўқлигини иддао қилмоқда. Аммо Афғонистон ва АҚШ расмийлари ҳужумларда жангари гуруҳни айблаб келади.

Шарқий Польшада автобус ҳалокатида 6 украин ҳалок бўлди

Бахтсиз ҳодиса 6 март куни Польша ва Украина чегарасига яқин жойлашган Ярослав шаҳри яқинида содир бўлган.

Украина Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Олеҳ Николенконинг маълум қилишича, ўнлаб украиналикни олиб кетаётган автобус Польшада ариққа қулаб тушган, натижада камида олти киши ҳалок бўлган ва 41 киши жароҳат олган.

Бахтсиз ҳодиса 6 март куни Польша ва Украина чегарасига яқин жойлашган Ярослав шаҳри яқинида содир бўлган.

Хусусий TNV24 телеканалининг хабар беришича, автобус Украина давлат рақамига эга бўлган ва 57 нафар Украина фуқаросини олиб кетаётган бўлган.

Ҳалокатга нима сабаб бўлгани ҳозирча номаълум.
Кўп сонли украиналик Польшада муҳожир ишчидир.

Рим папаси Ироқда шиа уламоси Систоний билан учрашди

Рим папаси 2021 йилнинг 6 мартида Бағдодга борди.

6 март куни Рим папаси Франциск машҳур шиа уламоларидан бири оятуллоҳ Али ас Систоний билан тарихий учрашув ўтказди. Бундан олдин Рим папаси Ироққа бирор марта ташриф буюрмаган эди.

Учрашув муқаддас Нажаф шаҳрида бўлиб ўтди. Учрашув давомида Рим папаси Франциск икки дин вакилларини тинч яшашга чорлади ва азият чекиб келаётган ироқлик насронийларга мадад бўлишга уринди.

Ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган учрашувдан сўнг ас Систоний Ироқ насронийлари бошқа ироқликлар билан тенг ҳуқуқларга эга экани эътироф этилган баёнотни эълон қилди.

Ироқда православ, халдей католик ва бошқа насронийлар яшайди. Уларнинг умумий сони бир вақтлар 1,4 миллионга тенг бўлган, аммо бугунга келиб 300 мингга тушиб қолган.

Бунинг асосий сабаблари 2003 йилда АҚШ мамлакатга бостириб киргани ва 2014 йилда ИШИД жангарилари Ироқ шимолини ишғол қилганидир.

АҚШ Сенати йирик кўламли коронавирус ёрдам пакетини маъқуллади

АҚШ президенти Жо Байден.

6 март куни АҚШ Сенати 1,9 триллион долларлик коронавирус ёрдам пакети тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади.

Ёрдам пакети қиймати АҚШ умумий иқтисодиётининг ўндан бир қисмига тенгдир.

50 нафар демократ сенатор қонун лойиҳасини қўллаб овоз берди, 49 нафар республикачи сенатор эса унга қарши чиқди.

Сенат овоз бериб бўлганидан кейин президент Жо Байден:

«Халқимиз жуда узоқ вақтдан бери оғир азоб чекиб келади. Бу [ёрдам] пакети халқ мушкулини енгиллатишни ва халқнинг энг долзарб эҳтиёжларини қондиришни кўзлайди ва мақсадимизга эришишимиз учун йўл очади», - деди.

Қонун лойиҳасига биноан, аксарият АҚШ фуқаролари 1400 долларгача тўғридан-тўғри тўлов олади, фавқулодда ишсизлик нафақалари муддати узайтирилади.
Шунингдек, қонун лойиҳаси мактаблар, касалхоналар ва COVID-19 вакциналари ва тестлар учун маблағ ажратади.

Эндиликда қонун лойиҳасини Намояндалар палатаси кўриб чиқади.

Европада коронавирусга чалиниш ҳолатлари яна ўса бошлади

Ўтган ҳафтада Европада тахминан 1 миллион киши вирусга чалинган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, Европада коронавирус юқтириш ҳолатлари яна кўпая бошлаган. Минтақада сўнгги олти ҳафта давомида вирусга чалиниш ҳолатлари озайиб келаётган эди.

Ўтган ҳафтада Европада тахминан 1 миллион киши вирусга чалинган. Бу олдинги ҳафтага қиёслаганда 9 фоизга кўпдир.

ЖССТнинг Европа бўйича минтақавий директори Ханс Клуге бунга вируснинг янги штаммлари тарқалаётгани ҳамда чекловлар шошма-шошарлик билан бекор қилинаётган сабабчи эканини айтди.

Вируснинг биринчи марта ўтган йили Англияда аниқланган юқумли янги тури Европанинг 27 мамлакатида тарқалмоқда.

Хабарларга кўра, Европа давлатлари АҚШ, Исроил, Чили ва Бирлашган Араб Амирликлари каби мамлакатларга нисбатан ўз аҳолисини секин суръатда эмламоқда.

Бу орада Германияда сотувга чиққан илк тезкор коронавирус тестлари бир неча соат ичида сотиб бўлинди.

Эрон йўловчи учоқни олиб қочиш уриниши тўхтатиб қолинганини иддао қилди

Эрон Исломий инқилоб посбонлари корпуси йўловчи самолёт ўғриланиши олдиолганини даъво қилди, аммо айнан нима содир бўлгани ҳақида тўлиқ маълумот бермади.

5 март куни ҳарбий корпус веб-сайтида эълон қилинган баённомага кўра, исми очиқланмаган шахс 4 март куни Аҳвоз шаҳридан Машҳад томон йўл олган Iran Air ширкатига тегишли Fokker 100 учоғини ўғирлашни режалаштирган бўлган.

Самолёт Исфаҳон шаҳрига фавқулодда қўнган ва гумонланувчи шахс «нейтраллаштирилган». Гумонланувчи ҳибсга олинганми ёки ўлдирилганми, номаълум бўлиб қолмоқда.

Эрон Исломий инқилоб посбонлари корпусига кўра, жиноятчи учоқни Форс кўрфазидаги бошқа мамлакатга йўналтирмоқчи бўлган.

Хабар қилинишича, ҳар қандай ҳужум ёки ўғирлаш уриниши олдини олиш учун Эрон бўйлаб учадиган рейслар Эрон Исломий инқилоб посбонлари корпусининг қуролланган аъзолари иштирокисиз амалга оширилмайди.

Россияда Навальний намойишида қатнашган шахс 3 йилга қамалди

Россиянинг Владимир шаҳри суди 23 январь куни мухолифат етакчиси Алексей Навальний тарафдорлари ўтказган митинг давомида полиция ходимига ҳужум қилганликда айбланган Виталий Тимофеенкони уч йилга озодликдан маҳрум қилди.

5 март куни Владимир шаҳридаги Ленин туман суди Тимофеенкони намойишчиларни тарқатиш пайтида полиция ходимига қарши қалампир пуркагич ишлатишда айбдор деб топди.

Тимофеенко пуркагичдан фойдаланганини тан олди, аммо полиция ерга ётқизган бошқа бир намойишчига ёрдам бериш учун бундай қилганини айтди.

Тимофеенко Навальний ҳимоясига Россия бўйлаб ўтказилган митингларда қатнашиши ортидан жиноий жавобгарликка тортилган иккинчи шахсдир.

2 март куни Кострома шаҳрида яшовчи 26 ёшли фуқаро 23 январь куни бўлиб ўтган митингда полиция ходимига ҳужум қилгани учун 18 ой давомида мажбурий меҳнат қилишга маҳкум этилди.

Беларусда "Весна" инсон ҳуқуқлари ташкилотига қарши жиноят иши қўзғатилди

Беларус ҳукумати мамлакатдаги энг таниқли инсон ҳуқуқлари ташкилотларидан бири бўлмиш «Весна» марказига қарши жиноят ишини қўзғатиб, унинг бир нечта аъзосини ҳибсга олди.

Ташкилотнинг 5 март куни маълум қилишича, Беларус Тергов қўмитаси марказни рухсат берилмаган оммавий норозилик намойишларига молиявий ва бошқа ёрдам кўрсатишда ҳамда жамоат тартибини бузишда айбламоқда.

Ташкилотга кўра, унинг тўрт аъзоси ҳибсга олинган.

Беларусда ўтган йил 9 августидаги президент сайлови ортидан мамлакат Марказий сайлов комиссияси Александр Лукашенкони сайлов ғолиби, деб эълон қилганидан кейин оммавий норозилик намойишлари бошланиб кетган.

Бир неча ойдан бери тинчимаётган намойишлар расмий Минск томонидан шафқатсиз бостирилмоқда. «Весна» Беларус хавфсизлик кучлари томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар, жумладан, қийноқлар ва ҳибсга олишлар ҳақида маълумот бериб келаётган саноқли мустақил ташкилотларнинг биридир.

Путин Интернетни “ахлоқий қоидалар” асосида тартибга солиш кераклигини айтди

Россия президенти Владимир Путин интернет “ахлоқий қоидалар” асосида тартибга солиниши лозимлигини, акс ҳолда, жамият “таназзулга учрашини” айтди. Путиннинг фикрича, вояга етмаганларни нафақат намойишларга чиқариш учун, балки уларни суицидга чорлаш, уларга наркотик сотиш учун ҳам интернетдан кенг фойдаланилмоқда.

Путиннинг 4 март куни эфирга узатилган бу чиқиши АҚШда жойлашган ижтимоий медиа корпорацияларини Кремль “ўйин қоидаларига” бўйсундириш ҳаракатининг бир қисми сифатида қаралмоқда. Мухолифатчи Алексей Навальний ҳимояси учун Россия бўйлаб ўтказилган намойишларда ўн минглаб одам қатнашганидан сўнг, Москва ижтимоий тармоқларни аксил-ҳукумат намойишлар ҳақидаги “фейк” хабарларни олиб ташламаётганликда айблади. Декабрда Россия давлат Думаси тақиқланган контентни олиб ташламаётган платформаларга қарши жиддий жарималар белгилашга ҳамда Россия матбуотини модерация қилгани учун “YouTube”, “Facebook” ва “Twitter” каби тармоқларни блоклашга йўл берувчи қонунни маъқуллаган эди.

Расмийлар, шунингдек, мухолифатни ёшларни рухсат этилмаган оммавий намойишларда иштирок этишга чорлаётганликда айблаган.

“Нишони айнан вояга етмаган ёшлар бўлган онлайн болалар порнографияси ва фоҳишалиги ҳамда наркотиклар савдосига дучор бўляпмиз”, деган Путин.

Путин аксил-ҳукумат намойишлар ташкилотчиларини “безорилик қилиш, полиция билан уришиш учун кўчага чиққан ёшлар ортига беркинганликда” айблаган.

Россия мухолифатининг айтишича, бу гаплар ёлғон ва туҳматдир. Россияда ўтган йилларда интернетдаги эркинликларни тобора йўққа чиқаришга улгурган Путиннинг бу иддаолари янги намойишлар арафасида интернетни янада чеклаш ҳаракатининг давоми деб баҳоланмоқда.

Россия Қрим татарлари етакчиси Мустафо Жамилевга қўйилган тақиқни 2034 йилгача узайтирди

Қрим татарлари Жамилев Қрим Россия томонидан аннексия қилинишини тан олмагани учун таъқиб қилинмоқда, деб ҳисоблашади

Қрим татарлари етакчиси Мустафо Жамилевга Россия ҳудудига киришга қўйилган тақиқ муддати узайтирилди. Эндиликда 77 ёшли Жамилев ўз ватани бўлмиш Қримга 2034 йилгача киролмайди.

Тақиқ узайтирилганлиги аннексия қилинган Қримда Жамилевга қарши бўлиб ўтаётган суд жараёнида ошкор бўлди, деб хабар бермоқда Крым.Реалии нашри мухбири.

Тақиқ 2019 йилнинг 5 мартида 15 йилга қўйилган экан.

Армянскда 2019 йилда Жамилевга қарши қўзғатилган иш бўйича суд маҳкамаси бўлиб ўтмоқда. Жамилев Қримга ноқонуний киришга уринишда, ноқонуний қурол-аслаҳани харид қилиш ва сақлашда айбланмоқда.

Унинг ўзи бу айбловларни рад этиб, уларни сафсата деб атайди. Жамилев тарафдорларининг фикрича, Жамилев Қрим Россия томонидан аннексия қилинишини тан олмагани учун таъқиб қилинмоқда.

Душанбеда Озодлик мухбирлари ҳужумга учради

Иллюстратив сурат

Тожикистон пойтахти Душанбеда Озодликнинг тожик хизматида фаолият юритувчи икки журналист ёқилғи нархларининг ошишига оид сюжетни тасвирга олиш чоғида ҳужумга учради. Шаҳло Абдуллоева ва Муллоражаб Юсуфзодага 4 март куни автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларидан бирида ҳайдовчи билан суҳбатлашиб туришган пайтда ҳужум қилинган.

Ўз вазифасини бажариб юрган Тожикистондаги икки мухбиримизга қилинган ҳужум мутлақо қабул қилиб бўлмас ҳолатдир. Биз Тожикистон милицияси мазкур нохуш ҳодиса юзасидан тўлиқ текширув ўтказиб, журналистларнинг шу кунда ва келажакда воқеаларни очиқ ва тўсиқсиз ёритиш ҳуқуқини таъминлашини кутмоқдамиз”, дея баёнот берди Озод Европа / Озодлик радиоси президенти Жейми Флай.

Озодлик мухбирларига кўра, улар ҳайдовчилардан бири билан автомобиль ёқилғиси нархларининг ошиши ҳақида суҳбатлашиб туришган пайтда АЁҚШ ходимларидан бири журналистлардан тасвирга олишни бас қилишни талаб қилган. Кейин у Шаҳло Абдуллоевани қаттиқ туртиб юбориб, қўллари билан видеокамера объективини тўсиб олган. Ҳодисани мобиль телефони орқали тасвирга олаётган Юсуфзода ўртага тушган чоғда АЁҚШ ходими унга ҳужум қилган. Ходим ширкат раҳбариятининг ёзма розилигисиз журналистлар АЁҚШ ҳудудида видеотасвирга олишга ҳақли эмаслигини билдирган.

Юсуфзодага кўра, улар АЁҚШ биносини тасвирга олган эмаслар, улар шунчаки бензин нархи кескин ошиб кетганидан шикоят қилаётган ҳайдовчилар билан суҳбатлашаётган эдилар, холос. Юзига енгил жароҳат етган журналист ҳужум ҳодисаси ортидан шифокорга борган.

Озодлик мухбирлари Тожикистон Ички ишлар вазирлигига ариза билан мурожаат этишган. Сино туман ИИБ терговчилари оммавий ахборот воситалари вакилларига ҳужум ҳодисаси бўйича дастлабки суриштирувни бошлаганлар.

Қирғизистон президенти кейинги ҳафтада Тошкентга сафар қилади

Садир Жапаров

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 11-12 март кунлари Ўзбекистонга сафар қилади. Бу ҳақда Қирғизистон ташқи ишлар вазири Руслан Қазақбаев 4 март куни Бишкекда ўтган матбуот анжуманида билдирган.

Қазақбаевга кўра, сўнгги кунларда президент Жапаров қатор мамлакатлар лидерларидан таклиф олган ҳамда у Ўзбекистондан кейин Тожикистон, Туркманистон ва Хитойга бормоқчи.

Садир Жапаровнинг Қирғизистон президенти вазифасига киришганидан кейин илк хорижий сафари февраль ойи охирида Россия Москвага бўлган. Март ойи бошида эса С. Жапаров Қозоғистонга сафар қилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG