Линклар

Шошилинч хабар
22 октябр 2019, Тошкент вақти: 01:06

Халқаро янгиликлар

Москвадаги мухолифат митингида камида 20 минг одам иштирок этди

Москвадаги митинг иштирокчилари.

Москвада 28 сентябрь куни рўйхатга олинмаган Либертариан партияси ўтказган мухолифат митингида ҳукуматдан сиёсий тутқунлари озод этиш талаб қилинди.

“Оқ ҳисоблагич” ташкилотига қўра, митингда 25 мингдан кўпроқ, Ички ишлар вазирлигига кўра эса, 20 мингга яқин одам иштирок этган.

Икки соат давом этган акцияда Коррупцияга қарши кураш фонди раҳбари Алексей Навальний, Либертариан партияси лидери Михаил Светов, адвокат Мария Эйсмонт, журналист Илья Азар, қўшиқчи Алексей Кортнев, Москва давлат думасига бўлиб ўтган сайловда депутатликка номзод бўлиши рад этилган Любовь Соболь, Иван Жданов, Юлия Галямина ва бошқалар нутқ сўзладилар.

Улар барча йиғилганларни Москва Думасига сайлов ҳалол ўтишини талаб қилиб август ва сентябрь ойларида ўтказилган митингларда қўлга олинган фаоллар қамоқдан озод этилмагунига қадар бу каби митингларни ҳар куни ўтказишга чақирдилар.

Кун янгиликлари

Молдовада Кишинёв мэри ва маҳаллий кенгаш сайловлари бўлиб ўтди

Молдовадаги сайлов участкасида сайловчилар овоз бермоқда. 2019, 20 октябрь.

20 октябрь куни Молдова пойтахти мэри ҳамда мамлакатдаги бошқа аҳоли пунктлари маъмуриятлари бошлиқлари, маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловлари бўлиб ўтди.

Молдова пойтахти Кишинёвда шаҳар мэри сайловида россияпараст Ион Чебан ҳамда Европа Иттифоқи билан интеграция тарафдори Андрей Нэстасе беллашди. Чебан 40,30 фоиз овоз тўплади, Нэстасе эса 31,01 фоиз овоз тўплади. Эндиликда мэр сайловининг иккинчи босқичи ўтказилади.

Жорий йилнинг ёзида Молдовада ғарб билан яқиндан алоқа ўрнатиш тарафдори бўлган ҳукумат ғалаба қозонган эди. Бош вазир Майя Санду очиқ ва эркин сайловлар ўтказиш ваъдасидан чиққанини айтар экан, аҳолини “иғвогарлардан” эҳтиёт бўлишга чорлади.

Сайловолди сўровлар Чебан Нэстаседан олдинда эканлигини кўрсатган эди.

2018 йилнинг июнида ўтказилган мэр сайловда Нэстасе Чебан устидан ғалаба қозонган эди, аммо суд сайлов натижаларини бекор қилган.

АҚШ Намояндалар палатаси спикери Пелоси ва мудофаа вазири Эспер Афғонистонга хизмат сафари билан борди

Нэнси Пелоси Афғонистон президенти Ашраф Ғани билан ҳамда мамлакатдаги Америка ҳарбийлари билан учрашди.

20 октябрь куни Намояндалар палатаси раиси Нэнси Пелоси, АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер ҳамда АҚШ Конгрессининг яна бир неча аъзоси Афғонистонга аввал эълон қилинмаган хизмат сафари билан борди.

Пелоси Афғонистон президенти Ашраф Ғани билан ҳамда мамлакатдаги Америка ҳарбийлари билан учрашди.

Бу ташриф июль ойида Пентагон раҳбари этиб тайинланган Эспер учун Афғонистонга илк хизмат сафари бўлди. Эспер ҳам ташрифи давомида Ғани билан учрашган ҳамда мамлакатда қолган 14 мингга яқин Америка ҳарбийси билан кўришган.

Ўтган ойда АҚШ президенти Дональд Трамп Толибон билан бир неча ой давомида олиб борилган музокараларни тўхтатиб қўйди.

Хабарларга кўра, Эспер Вашингтон Афғонистондаги террорга қарши курашга салбий кўрсатмаган ҳолда ҳарбийлари сонини 8600 га озайтириши мумкинлигини айтган.

- Мақсадимиз қачондир тинчлик келишувини имзолаш, айнан шу энг тўғри йўлдир, - деган Эспер.

Умрбод қамалган қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси қамоқхона раҳбарияти устидан халқаро ташкилотларга арз қилди

Азимжон Асқаров

Умрбод озодликдан маҳрум қилинган ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарлиги бошқармасининг минтақавий вакили, Европа Иттифоқининг Қирғизистондаги вакили, Бишкекдаги ЕХҲТ Марказига очиқ мурожаат йўллади. Асқаровнинг мактубини Voice of Freedom жамоатчилик жамғармаси бошқаруви раиси Абдумўмун Мамараимов тарқатди. Бу ҳақда Азаттиқ радиоси хабар қилди.

Асқаров жазони ижро этиш №19 колонияси раҳбари Н.А.Труспековнинг нохақ ҳаракатларидан – учрашувни чеклаши, қонунга зид равишда жарима изоляторига жойлаштириши, қонун бўйича маҳбусларга кафолатланган пенсия тўловлари борасидаги талабни инкор қилиши юзасидан шикоят қилган. Ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, нафақат ўзининг балки бошқа маҳбусларнинг ҳам хуқуқлари бузилмоқда.

«Жаҳон ҳамжамияти Қирғизистон расмийларидан БМТ Инсон хуқуқлари бўйича қўмитасининг қарорини бажариш ва зудлик билан мени озод бўлишимни талаб қилаётган бир вақтда жазони ижро этиш №19 колонияси бошлиғи оила аъзоларим билан учрашишга тўсқинлик қилган ҳолда мени ҳақоратламоқда», - деб ёзган Асқаров.

Унинг таъкидлашича, июнь ҳодисалари бўйича ҳукм қилинганлар БМТнинг инсон хуқуқлари бўйича Қўмитаси ва бошқа халқаро ташкилотлардан бу иш бўйича судьялар ва адвокатларнинг даражаси белгиланишини ва июнь ҳодисалари бўйича ҳукм қилинган маҳбусларга, жумладан А.Асқаровнинг ўзига нисбатан қийноқлар қўлланилгани борасидаги шикоятлар мустақил равишда текширилишини кутмоқда.

Азимжон Асқаров Жалолобод вилоятининг Бозор Қўрғон туманида истиқомат қилган ва ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланган. 2010 йилнинг июнь ҳодисаларидан кейин тартибсизликларни уюштириш ва милиция ходимининг ўлимида иштирок этиш гумони билан ушланди. Барча инстанциялардаги судлар қарори билан у умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

2016 йилнинг апрелида БМТнинг инсон хуқуқлари бўйича Қўмитаси Қирғизистон хукуматига мурожаат қилиб ҳуқуқ ҳимоячисининг иши қайта кўриб чиқилишини сўради. Қўмита ўз қарорини Азимжон Асқаров оғир шароитларда ушлаб турилгани, унга нисбатан қийноқлар қўлланилаётгани ва у қонунга зид равишда ушлаб турилиши билан изоҳлади. Қирғизистон суди янги вазият бўйича ишни қайта кўриб чиқди ва хукмни ўзгартиришсиз қолдирди.

2019 йилнинг 30 июлида унинг иши жиноий қонунчилик ўзгартирилиши муносабати билан қайта кўриб чиқилди - йил бошида Қирғизистонда янги Жиноий ва Жиноий -процессуаль кодекслар кучга кирди. Уларда жазолар юмшатилиши ва жиноий қонунчилик инсонпаварлик бўлиши кўзда тутилади. Асқаровнинг ўзи суд мажлисларида иштирок этмади. Адвокатлар Асқаровнинг айбсизлигини, шунингдек унинг саломатлиги жиддий ёмонлашганини айтишади. Чуй вилоят суди ҳуқуқ ҳимоячисининг озод бўлишига рухсат бермади.

Ҳиндистон-Покистон чегарасидаги отишмада камида 10 киши ҳалок бўлди

19 октябрь оқшомида Покистон ва Ҳиндистон чегарасида содир бўлган отишма натижасида камида 7 нафар оддий фуқаро, 3 нафар чегарачи ҳалок бўлгани хабар қилинди.

Ҳар икки тараф тарқатаётган хабарларга кўра, ҳалок бўлганлар сони ошиши мумкин.

Покистон армияси матбуот котиби генерал-майор Асир Ғафур Ҳиндистонни ҳужумни бошлашда ва оддий фуқароларни нишонга олишда айблади.

Покистон армияси тарқатган маълумотларга кўра, баҳсли Кашмирнинг Покистон бошқарувидаги ҳудудида 6 нафар оддий фуқаро ҳамда бир аскар ҳалок бўлган. Ғафур икки аскар ҳамда беш оддий фуқаро жароҳат олганини қўшимча қилди.

Ғафурнинг сўзларига кўра, Покистон тарафи ҳужумга жавобан ўт очган, натижада тўққиз нафар ҳинд аскари ҳалок бўлган.

Аммо Ҳиндистондаги манбалар Покистон иддаоларини рад этди. Ҳиндистон полицияси ва армияси расмийлари Покистон чегарачилари ҳинд чегара пунктига ҳужум қилганини, натижада бир нафар аскар ҳалок бўлганини билдирди.

Ҳонконгликлар яна оммавий норозилик намойишига чиқишди

Икки ҳафта давом этган нисбий осойишталикдан сўнг Ҳонконгда демократик кайфиятдаги фаолларнинг кўп минг кишилик юриши бўлиб ўтди. Associated Press ва Reuters агентликлари хабарига кўра, 20 октябрь куни бўлиб ўтган юришга ўн минглаб одам йиғилган.

Полиция рухсатсиз тадбирга йиғилган норозиларга қарши кўздан ёш сиздирувчи газ ва сув пуркагичларни ишга солган. Намойишчиларнинг айримлари полициячиларга қарата ичида ёнувчи суюқлик бўлган шишалар отган, кўчаларни тўсган. Жабрланганлар ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ.

Ҳонконгда норозилик чиқишлари ҳукумат томонидан жиноятчиликда гумонланганларни Хитойга экстрадиция қилиш тўғрисида қонун қабул қилиш таклифи ортидан тўрт ой муқаддам бошланганди. Ўшандан бери Ҳонконг расмийлари бу қонун лойиҳасидан воз кечилганини қайта-қайта эълон қилганига қарамай, маҳаллий аҳоли вакилларининг Ҳонконг суверенитетини муҳофаза қилиш чақириқлари билан норозилик чиқишлари тўхтамаяпти.

Ўтган вақт мобайнида норозилик акциялари чоғида икки киши ўқотар қуролдан яраланган, улардан бири жон таслим қилган. Акциялар пайтида минглаб намойишчи енгил жароҳатлар олган, 2,5 мингдан зиёд фаол қўлга олинган.

Пентагон Суриядаги АҚШ ҳарбийларини Ироққа йўллайди

Сурия шимолидаги америкалик ҳарбийлар.

Вашингтон Сурия шимолий-шарқидан олиб чиқаётган америкалик ҳарбийларни Ироққа йўллашни режаламоқда. Бу ҳақда АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер билдирди.

Вазирга кўра, гап 700 дан зиёд ҳарбий ҳақида кетмоқда. Ироқ ғарбига жойлаштирилажак бу ҳарбийлар "Ислом давлати" террор гуруҳига қарши курашни давом эттиради.

Суриянинг SANA давлат ахборот агентлиги 20 октябрь куни АҚШ машиналари карвони шимолий Ироқдан Сурия ҳудудига киргани, улар Туркия ҳарбий амалиёт ўтказаётган ҳудуддаги Америка базаларидан ҳарбийларни олиб чиқиб кетиши ҳақида хабар тарқатди. Агентлик маълумотига кўра, карвонда 100 чоғли юк машинаси бўлиб, уларга ҳарбий қўриқчилар ҳамроҳлик қилмоқда.

Жорий йилнинг 9 октябрида Туркия Сурия шимолидаги қуролли курд отрядларига қарши ҳарбий амалиёт бошлаган. Анқара уларни террорчи, деб билади. Вашингтон эса, аксинча, курд отрядларини “Ислом давлати” гуруҳига қарши курашда ўз иттифоқчиси, деб ҳисоблайди.

Ливанда аксилҳукумат намойишлари авж олмоқда

Ливанда якшанба куни минглаган одам коррупцияга ҳамда солиқлар оширилишига қарши намойишга чиқиб, ҳукумат истеъфосини талаб қилди.

Норозилик тадбирлари 16 октябрь куни расмийларнинг WhatsАpp ҳамда бошқа ижтимоий иловалар орқали қўнғироқларга солиқ жорий қилиш қарорига қарши бошланган. Иловалар орқали қўнғироқларга ойига 6 доллар миқдорида солиқ жорий қилишни кўзлаган расмийлар бу қарорни бекор қилганларига қарамай, норозилик чиқишлари давом этмоқда.

Норозилар эндиликда мамлакатда авж олган коррупцияга ҳам қаршилик билдиришиб, сиёсий тизимнинг бошдан-оёқ янгиланишини талаб қилмоқдалар.

Ливан бош вазири Саъд Ҳаририй бошқарувдаги коалицияга бўҳрондан чиқиш бўйича таклиф киритиш учун 72 соат муҳлат берган.

Душанбеда тарихий бинолар бузилаяпти

Тожикистон пойтахтида ўтган асрнинг 20 ва 30-йилларига оид тарихий бинолар бузилиши давом этмоқда. Душанбе тарихи айнан шу бинолар билан бошлангани айтилади.

Шу кунда Душанбенинг биринчи архитектори Петр Ваулин томонидан қурилган уй бузилиши кутилаяпти. Шаҳарда атиги 30 та тарихий бино қолган.

Қадимий уйларни бузиш қарорига қарши чиқувчилар жуда кўп. Улардан бири тарихчи-ўлкашунос Ғафур Шерматовга кўра, Тожикистон пойтахтидаги бинолар бошқа ҳеч қаерда йўқ – айрим уйлар фақат Тожикистон пойтахти учун лойиҳалаштирилган. Энг асосийси меъморий қадрият эмас, балки тарихий қадриятдир.

Айни дамда Душанбеда қурилиш ишлари фаоллик билан олиб борилмоқда, шунга қарамай, турар-жой биноларининг нархи пасаймаяпти. Тожикистон пойтахтида бир квадрат метр ҳозирги кунда ўртача 500 доллар туради – бу қурилиш таннархидан 2,5 баробар кўп ва мамлакатдаги ўртача иш ҳақидан уч баробар юқоридир.

Назарбоевнинг набираси полицияга қилган ҳужуми учун шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Ойсултон Назарбоев.

Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг Буюк Британияда яшаётган набираси - 28 ёшли Ойсултон Назарбоев маҳаллий суд томонидан Лондонда полицияга қилган ҳужуми учун шартли равишда бир йил озодликдан маҳрум қилинди. ВВС хабарига кўра, у жамоат ишларига жалб қилинган.

"Назарбоев гиёҳванд моддалар таъсирида 5 июнь куни Ковент-Гарден туманида полиция ходимига ҳужум қилганликда, уларни уриб ва улардан бири Росс Сэмбрукни тишлаб олганликда айбдор, деб топилди”, дейилади суд қарорида.

Ҳодисадан икки кун муқаддам кичик Назарбоев Лондондаги International Park Plaza Hotel меҳмонхонасининг балконига чиқиб, ўз жонига қасд қилиш билан пўписа қилган. Полиция ундай қилмасликка уни кўндирган. Кейинроқ Қозоғистон собиқ президентининг набираси хонада баланд овозда бақира бошлаган ва қўшнилар полиция чақирган.

Суд ҳукмига кўра, Ойсултон Назарбоев гиёҳванд моддаларга мубталоликдан даволанишда давом этиши ва камида 20 марта шифокор қабулига бориши керак. Шунингдек, унга 18 ойлик синов муддати, 140 соатлик жамоат ишларига жалб этиш, 1 минг фунтлик жарима ва хонага етказилган 5 минг фунтлик зарарни қоплаш мажбурияти юклатилган. Агар синов муддати даврида Назарбоев қонунни бузгудек бўлса, шартли ҳукм ҳақиқийга айланади.

Британия нашрлари хабарига кўра, Ойсултон Назарбоевни Буюк Британиядан депортация қилиш масаласи ҳам кун тартибига қўйилган.

Ойсултон Назарбоев Қозоғистон собиқ президентининг катта қизи, Сенат спикери Дариға Назарбоеванинг ўғлидир. У 2017 йили гиёҳванд моддаларга мубтало бўлганини тан олган ва гиёҳвандликдан уни айнан бобоси “қутқарган”ини урғулаган. Тақиқлаган препаратларга Назарбоевнинг набираси, ўз эътирофича, бобоси академик Мухтор Алиевнинг вафоти ва Австрия қамоқхонасида отаси Роҳат Алиев ўз жонига қасд қилганидан кейин ружу қўйган.

Сурия шимолида курд жангчилари чегарадан чекинишга рози бўлди

Суриялик курд жангчилар қўмондони Туркия курд жангчилари ва оддий фуқаролар жанг майдонини тарк этишига йўл очиб берса, АҚШ етакчилигида Анқара билан эришилган сулҳ шартларига биноан чегарадош ҳудуддан ўз қўшинларини олиб чиқишини билдирди.

Икки кун олдин Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон курд жангчилари ҳудудни тарк этиши учун ўт очишни тўхтатиб туришга рози бўлгани хабар қилинган эди.

Сурия демократик кучлари аъзоси Редур Ҳалил курд қўшинлари Туркия-Сурия чегарасидан 30 км нарига чекланишини айтди. Аммо у бунинг учун Рас ал-Айн ҳамда Тал-Абяд шаҳарларидан ҳарбийлар ва оддий фуқаролар эвакуациясига йўл очиб берилиши кераклигини таъкидлади.

20 октябрь куни Туркия ташқи ишлар вазири Мевлуд Чавушўғли Анқара Сурия шимолида яратишга бел боғлаган “хавфсизлик зонаси”да бирорта курд қолмаслигини исташини айтди.

Туркия шимолий Сурияга юриш бошлаши ортидан ўн минглаб одам ҳудудни тарк этишга мажбур бўлди.

НАТО аъзоси бўлган Туркиянинг бу амалиётини халқаро ҳамжамият кескин танқид қилмоқда. Европа давлатлари ҳамда АҚШ Анқаранинг ушбу ҳаракатига жавобан санкция ва бойкот эълон қилди.

Туркиянинг Сурия шимолидаги курд отрядларига қарши ҳарбий амалиёти 9 октябрь куни бошланган. Анқара курд қуролли отрядларини террорчи, деб ҳисоблайди. Вашингтон эса уларни “Ислом давлати” экстремистик гуруҳига қарши курашда ўз иттифоқчиси, деб билади.

Амалиёт бошланганидан бери Туркия ва унинг суриялик мухолифатчилардан иборат бўлган иттифоқчилари чегара яқинидаги ҳудуднинг бир қисмини ўз назорати остига олишга муваффақ бўлди.

Тарихда илк маротаба очиқ фазога фақат аёллар чиқди

Жума куни тарихда биринчи маротаба фақат аёллар очиқ фазога чиқди. Бу ҳақда НАСАга таянган ҳолда Euronews агентлиги хабар қилди.

Америкалик астронавтлар Кристина Кук ва Жессика Меир Халқаро фазо станциясининг ташқи аккумуляторларини алмаштирган. Ушбу аккумуляторлар станция Ернинг соясида бўлган пайтда уни энергия билан таъминлайди.

Астронавтлар станция ташқарисида етти соат вақт ўтказишган.

Бундан олдин аёл фазогирлар очиқ фазога фақат эркаклар билан бирга чиқиб келган. Меир очиқ фазога тўрт марта чиққан. Кук учун эса жума кунги амалиёт илк очиқ фазога чиқиш бўлди.

Бугунга қадар умумий ҳисобда аёллар очиқ фазога 14 маротаба чиққан. Илк маротаба очиқ фазога чиққан аёл совет космонавти Светлана Савицкаядир.

Чили пойтахтида фавқулодда вазият жорий қилинди

anniversary of Chile's independence

Чили президенти Себастьян Пиньера пойтахт Сантьяго шаҳрида фавқулодда вазият эълон қилди. Бунга шаҳарда содир бўлаётган тартибсизликлар ва отишмалар сабаб бўлди.

Бундан олдин мамлакатда жамоат транспорти нархларининг кўтарилиши туфайли оммавий норозилик акциялари бошланиб кетган эди.

Айни дамда Чили кўчаларини ҳарбийлар назорат қилаётгани айтилмоқда.

Шунингдек, Сантьягони бошқа аҳоли пунктлари билан улаб турувчи марказий автомагистраль танклар билан тўсилгани хабар қилинди.

Жамоат транспортидан фойдаланиш нархларининг ошиши чилиликларнинг мамлакатдаги тенгсизлик ва ижтимоий адолатсизликдан норозилиги ошишига сабаб бўлди.

Ангела Меркель Путин билан Украина шарқидаги можарони муҳокама қилди

Германия канцлери Ангела Меркель ва Россия президенти Владимир Путин телефон орқали суҳбатлашиб, Украина шарқидаги можарога оид масалаларни муҳокама қилди.

Германия ҳукумати вакилига таяниб тарқатилган хабарларга кўра, икки раҳбарнинг диққат марказида “Нормандия форматидаги” саммитга тайёргарлик масаласи бўлган.

Саммитнинг санаси ҳали белгиланмаган.

Меркель ва Путин, шунингдек, Сурия ва Ливиядаги вазиятни ҳамда Украина орқали Европага Россия газини юбориш масаласида олиб борилаётган музокараларни ҳам муҳокама қилган.

Икки етакчи суҳбатининг бошқа тафсилотлари очиқланмади.

Британия бош вазири Брюсселдан Брексит учун кўпроқ муҳлат сўради

Британия бош вазири Борис Жонсон Брюсселга Брексит жараёнини узайтиришни сўраб мактуб юборган, аммо унга имзо қўймаган. Бу ҳақда Бош вазир идорасидаги манба Би-би-сига маълум қилди.

Мактуб Брюсселга дипломатик каналлар орқали юборилган. Унинг ортидан бош вазир томонидан имзоланган иккинчи хат юборилган. Иккинчи мактубда Жонсон Брекситни кечиктириш хато бўлишига ишониши айтилган. Жонсоннинг ёзишича, ҳукумат Британия парламенти Европа Иттифоқи билан эришилган келишувни маъқуллашига эришиш учун курашишда давом этади. Бош вазир 31 октябргача буни амалга ошириш мумкинлигига ишонишини айтган.

Бу орада шанба куни Лондонда Брекситга қаршилар норозилик акциясига чиқди. Намойиш иштирокчилари мамлакат расмийларидан Британия Европа Иттифоқидан чиқишига йўл қўймасликни ҳамда иккинчи маротаба референдум ўтказишни талаб қилишди. Намойишда айрим мухолифат вакиллари, жумладан, Лондон мэри Содиқ Хон ҳам иштирок этди.

Туркия ва курдлар бир-бирларини оташкесимни бузганликда айбламоқда

Туркия ва суриялик курдлар бир-бирларини пайшанба куни АҚШ вице-президенти Майк Пенснинг Анқарага ташрифи пайти эришилган оташкесим шартларини бузганликда айбламоқда.

Туркия Мудофаа вазирлиги баёнотида "террорчилар" (таҳр. Туркия курд жангариларини шундай атайди) 36 соат ичида 14та ҳужумни амалга оширгани таъкидланади.

Вазирликка кўра, ҳужумларнинг аксари Туркия чегарасидаги Рас ал-Айн шаҳрида рўй берган.

Ўз навбатида курдлар Туркияни Рас ал-Айндаги позицияларига ҳужум қилиб, оташкесим шартларини бузганликда айбламоқда.

Аммо, кузатувчилар оташкесимга эришилганидан буён кўламли ҳужумлар минтақада кузатилмаганини айтишади.

Туркия ва АҚШ Сурия шимолида турк ҳарбийлари амалиётини вақтинча тўхтатиб туриш ҳақида пайшанба куни келишиб олгандилар.

Бу ҳақда Анқарада Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан 17 октябрь кунги учрашувдан кейин бўлиб ўтган матбуот анжуманида АҚШ вице-президенти Майкл Пенс билдирганди.

Оташкесим 120 соат давом этади. Бу вақт оралиғида курд қуролли отрядлари ҳарбий ҳаракатлар ҳудудини тарк эта оладилар. Шундан сўнг Анқара амалиётни поёнига етказади.

Пенсга кўра, Вашингтон Анқарага нисбатан янги санкциялар жорий этмоқчи эмас, ўт очиш тўхтаганидан кейин эса амалдаги чекловлар ҳам бекор қилинади.

Туркиянинг Сурия шимолидаги курд отрядларига қарши ҳарбий амалиёти 9 октябрь куни бошланган. Анқара курд қуролли отрядларини террорчи, деб ҳисоблайди. Вашингтон эса уларни “Ислом давлати” экстремистик гуруҳига қарши курашда ўз иттифоқчиси, деб билади.

Амалиёт бошланганидан бери ўтган 9 кун давомида Туркия ва унинг суриялик мухолифатчилардан иборат бўлган иттифоқчилари чегара яқинидаги ҳудуднинг бир қисмини ўз назорати остига олишга муваффақ бўлди.

Бу орада курд отрядлари ҳам Дамашқ билан келишувга эришиб, Анқара ҳужумидан ҳимоя қилиши учун қатор шаҳарларни Сурия ҳарбийларига топширишди.

Британия парламентида "Брекзит" бўйича ЕИ билан келишув мухокама қилинади

Британия парламенти бугун мамлакатнинг Европа Иттифоқидан чиқиш бўйича келишувини мухокама қилади.

Бош вазир Борис Жонсон икки кун аввал ЕИ раҳбарияти билан эришган келишувни парламент маъқулласа, бу Британиянинг 31 октябр куни Иттифоқдан чиқиши учун йўл очади.

Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқишига бағишланган референдум 2016 йил июнида бўлиб ўтди, ўшанда кичик фарқ билан брекзит тарафдорлари ғалаба қозонди.

Шундан кейин Буюк Британиянинг ўша пайтдаги бош вазири Тереза Мэй расман ЕИдан "ажралиш" бошланганини эълон қилди, аммо шунга қарамай ЕИдан чиқиш борасидаги талаблар борасидаги музокаралар ҳамон давом этмоқда.

Красноярскда дамба ёрилиши оқибатида камида 15 киши ҳалок бўлди

Россиянинг Красноярск ўлкасида дамба ёрилиши оқибатида камида 15 киши ҳалок бўлди, яна шунча киши жароҳат олди.

Яна ўндан ортиқ кишининг тақдири номаълум қолмоқда.

"Сибзолото" ширкатига қарашли дамба ўпирилгандан сўнг сел кончилар яшайдиган вагон уйларни оқизиб кетган.

Фожиа маҳаллий вақт билан соат 6лар атрофида юз берган.

Конда ҳаммаси бўлиб 180 га яқин одам ишлаган.

Воқеа жойида қидирув-қутқарув ишлари олиб борилмоқда.

Назарбоевнинг невараси Лондонда шартли муддатга жазоланди

Нурсултон Назарбоев неваралари (чапда) Ойсултон ва (ўнгда) Олтойлар билан.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг 30 ёшли невараси Ойсултон Лондонда полициячига ҳужум қилгани учун шартли муддатга жазоланди.

Ойсултон Назарбоев жаримага тортилиб, унга бир ярим йиллик синов муддати берилди. Бундан ташқари президент невараси 140 соатлик мажбурий жамоат ишларини ҳам қиладиган бўлди.

Шу йилнинг июнида Ойсултон Назарбоев Лондоннинг Ковент-Гарден туманидаги бировнинг уйида ўз жонига қасд қилмоқчи бўлганди.

Ўшанда Ойсултон суиқасднинг олдини олмоқчи бўлган полициячини тишлаб олганди.

Ойсултон Назарбоевнинг катта қизи Дариға Назарбоева ва марҳум эри Роҳат Алиевнинг иккинчи ўғлидир.

Аввалроқ Ойсултон Назарбоев Facebook изоҳида наркотикка ружу қўйгани ва ҳозир даволанаётганини айтган эди.

Наркотикка ўтириб қолганини у отасининг ўлимидан кейин депрессияга тушиб қолгани билан изоҳлаган.

Роҳат Алиев 2008 йили Нурсултон Назарбоев билан жанжаллашиб Европага қочган, 2015 йили Вена қамоқхонасида сирли равишда вафот этган эди.

Қозоғистон МХҚ: Суриядан қайтган 14 кишидан иборат гуруҳ терроризмда гумон қилинмоқда

«Жусан» амалиёти доирасида Суриядан 595 нафар қозоғистонлик, жумладан 400 дан ортиқ бола Қозоғистонга қайтарилган

Қозоғистон Миллий хавфсизлик Қўмитаси( МХҚ)нинг 17 октябрь куни маълум қилишича, Суриядан қайтарилган 14 кишига нисбатан терроризмда айблаш билан боғлиқ жиноят иши тергови якунланди.

Тергов версиясига кўра, гумондорлар Сурияда “Ислом давлати”(ИД) экстремистик гуруҳининг битта отряди сафида бўлган. Қўмита баёнотига қараганда, уларга нисбатан террорчилик фаолиятида иштирок этиш, ёллаш ва терроризмни тарғиб қилиш, «шунингдек бошқа оғир жиноятларни содир этиш» айби қўйилмоқда. Гумондорларнинг исми шарифи, жинси ва ёши ҳақида қўмита хабарида маълумот берилмаган. Қўмитанинг хабар қилишича, жиноят иши пойтахтдаги туманлараро жиноят ишлари бўйича ихтисослаштирилган судга оширилди.

МХҚ сайтида эълон қилинган баёнотда айтилишича, бундан аввал Суриядан қайтган бошқа 10 эркак ва 5 аёл Қозоғистонда фаолияти тақиқланган мазкур гуруҳ “фаолиятида иштирок этиш факти” бўйича турли муддатларга озодликдан маҳрум қилинди.

Йил бошида Қозоғистон ўз фуқароларини Суриядан қайтариш операцияси ҳақида баёнот берган эди. Яқин Шарқдан олиб чиқилган бир неча ўнлаб эркак ва аёлларга нисбатан расмийлар терроризм билан боғлиқ айблов бўйича жиноят иши очди.

МХҚ эълон қилган маълумотларга кўра, «Жусан» амалиёти доирасида Суриядан 595 нафар қозоғистонлик, жумладан 400 дан ортиқ бола қайтарилди. Январда Қозоғистон расмийлари баёнот бериб, уруш қамраб олган бу мамлакатдан 50 киши қайтарилганини маълум қилди, уларнинг кўпчилигини болалар ташкил қилади. Май ойи сўнгида Қозоғистон президенти администрацияси амалиётнинг “якуний босқичида” Суриядан 170дан ортиқ бола ва 67 нафар аёл олиб чиқилгани юзасидан ҳисобот берди.

HRW халқаро ҳамкорларни оилавий зўравонликдан аёлларни ҳимоя қилиш борасида қозоқ расмийларига босим ўтказишга чақирди

Иллюстратив сурат.

Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Қозоғистоннинг халқаро ҳамкорлари, шу жумладан, АҚШ ва Европа Иттифоқини оилада зўравонлик қурбони бўлаётган аёлларни яхшироқ ҳимоялашлари учун қозоқ расмийларига босим ўтказишга чақирди.

17 октябрь куни эълон қилинган қисқа ҳисоботда Қозоғистонда аёллар етарлича ҳимоя қилинмаётгани қайд этилади.

HRWга кўра, Қозоғистон ҳукумати зудлик билан Жиноят кодексига оилавий зўравонлик алоҳида жиноят ўлароқ эътироф этиладиган модда киритиши ҳамда зўравонга берилажак жазо етказилган зарарга мувофиқ оғирликда бўлишини таъминлаши лозим.

Қозоғистонда маиший зўравонлик 2017 йили жиноят сирасидан чиқарилган. Ўша йил 3 июлида президент Нурсултон Назарбоев “калтаклаш” ва “инсон саломатлигига қасдан енгил жароҳат етказиш” каби моддаларни жиноятдан маъмурий қонунбузарликка ўтказиш бўйича тузатишларни имзолаганди. Бунгача оилавий зўравонлик жиноят ўлароқ таъқиб қилинган.

Туркманистонда бюджет ташкилотлари ходимлари пахта теришга мажбурланмоқда

Иллюстратив сурат.

Шу кунда Туркманистон далаларида пахта тераётганлар орасида бу ишга мажбуран жалб қилинган давлат идоралари ва корхоналарининг кўплаб ходимини учратиш мумкин.

Turkmen.news нашри хабарига кўра, мамлакат ғарбида пахта теримига бандаргоҳ ходимлари ҳам жалб қилинган.

"Туркманбоши халқаро бандаргоҳининг бутун жамоаси навбатма-навбат Ахал вилояти билан чегарадош Сердар шаҳри далаларига пахта теримига юборилмоқда", дея хабар қилади нашр.

Қайд этилишича, “пахта смена”си 10 кун давом этади. Ходимлар егуликларини ўзлари билан олишлари керак, шунингдек, турар-жойни ҳам ўзлари топишлари лозим. Айрим жойларда маиший шароит мутлақо йўқ. Одамлар даланинг ўзида ҳожат чиқарадилар.

"Кўплаб ходимлар пахтага бормасликни афзал кўришади, бунинг учун кадрлар бўлимига 300 манат (бозор курси бўйича $17) беришлари керак бўлади. Бандаргоҳда маош кўп эмас, кўпчилик учун бу пул – ойлик маошнинг ярмини ташкил қилади, бироқ пахта теримига бориш, овқатланиш ва яшаш янада қимматга тушади, шу сабабли ходимлар пул беришни ва шу тариқа пахта теримидан қутилиб кетишни афзал кўришади", деб ёзади Turkmen.news нашри.

Пахта етиштиришда мажбурий меҳнатдан фойдаланилаётгани борасида халқаро танқидларга қарамай, Туркманистон расмийлари мажбурий меҳнатдан воз кечганлари йўқ. Мамлакатда пахта етиштириш давлат томонидан қатьий назоратга олинган бўлиб, бу йил мамлакатда 1 миллион 50 минг тонна пахта етиштириш режалаштирилган.

Туркия ва АҚШ Суриядаги амалиётни вақтинча тўхтатиш ҳақида келишувга эришди

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон (ч) АҚШ вице-президенти Майкл Пенс (ў) билан, Анқара, 2019 йил 17 октябри.

Туркия ва АҚШ Сурия шимолида турк ҳарбийлари амалиётини вақтинча тўхтатиб туриш ҳақида келишиб олдилар. Бу ҳақда Анқарада Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан 17 октябрь кунги учрашувдан кейин бўлиб ўтган матбуот анжуманида АҚШ вице-президенти Майкл Пенс билдирди.

Оташкесим 120 соат давом этади. Бу вақт оралиғида курд қуролли отрядлари ҳарбий ҳаракатлар ҳудудини тарк эта оладилар. Шундан сўнг Анқара амалиётни поёнига етказади.

Пенсга кўра, Вашингтон Анқарага нисбатан янги санкциялар жорий этмоқчи эмас, ўт очиш тўхтаганидан кейин эса амалдаги чекловлар ҳам бекор қилинади.

“Туркиядан ажойиб янгилик!.. Миллионлаган одам ҳаёти қутқарилади”, деб ёзди АҚШ президенти Дональд Трамп Твиттердаги ўз саҳифасида.

Эрдўғон билан Пенснинг 17 октябрдаги учрашуви икки ярим соат давом этди. Эрдўғон аввалроқ АҚШ вакилларининг миссиясига ишонқирамай қараётган эди. У ҳатто америкалик мулозимлар билан учрашмаслигини ҳам айтган, бироқ кейинроқ Туркия президенти қарорини ўзгартирди. Эрдўғон АҚШ томонидан киритилган санкцияларнинг кучайтирилишидан ҳам ташвишланмаётганини билдирган.

Туркиянинг Сурия шимолидаги курд отрядларига қарши ҳарбий амалиёти 9 октябрь куни бошланган. Анқара курд қуролли отрядларини террорчи, деб ҳисоблайди. Вашингтон эса уларни “Ислом давлати” экстремистик гуруҳига қарши курашда ўз иттифоқчиси, деб билади.

Амалиёт бошланганидан бери ўтган 9 кун давомида Туркия ва унинг суриялик мухолифатчилардан иборат бўлган иттифоқчилари чегара яқинидаги ҳудуднинг бир қисмини ўз назорати остига олишга муваффақ бўлди.

Бу орада курд отрядлари ҳам Дамашқ билан келишувга эришиб, Анқара ҳужумидан ҳимоя қилиши учун қатор шаҳарларни Сурия ҳарбийларига топширишди.

АҚШ вице-президенти ва давлат котиби Туркияга хизмат сафари билан учиб кетди

АҚШ президенти Дональд Трамп.

Бугун АҚШ вице-президенти Майк Пенс ҳамда АҚШ давлат котиби Майк Помпео Туркиянинг Сурия шимолидаги амалиётини тўхтатишни муҳокама қилиш учун Анқарага жўнаб кетди.

АҚШ президенти Дональд Трамп эса “бу бизнинг чегара эмас” ва “курдлар ҳам фаришта эмас” деб, ҳудуддан Америка ҳарбийларини олиб чиқиш тўғрисидаги қарори тўғри бўлганини далиллашга уринди.

Икки алоҳида самолётда Туркияга отланган Пенс билан Помпео 17 октябрь куни Анқарада Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан музокара ўтказмоқчи. Аммо ҳозирча Эрдўғон улар билан учрашишга рози бўладими-йўқми - номаълум бўлиб қолмоқда.

Трамп Помпео ва Пенс Туркияда муваффақиятли учрашувлар ўтказишига ишонишини айтди.

Туркия 8 октябрдан Сурия шимолида курд отрядларига қарши ҳарбий амалиёт бошлаган. Анқара уларни террорчи, деб билади. Анқара хатти-ҳаракати Вашингтонда қораланди, бироқ Трамп Туркиянинг ишларига аралашмаслигини билдирган эди.

Бунгача АҚШ курдларни радикал исломий жангариларга, хусусан, “Ислом давлати” гуруҳига қарши курашда асосий иттифоқчи ўлароқ қўллаб келаётган эди.

АҚШ Конгресси Эмомали Раҳмонни Радио Озоди муаммосини ҳал қилишга чақирди

Демократлар вакили Адам Б. Шифф (Adam B. Schiff) ва республикачилар вакили Стив Чабот (Steve Chabot) томонидан имзоланган мактуб.

АҚШ Конгресси Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон номига хат юбориб, Озод Европа/Озодлик радиоси Тожик хизмати - Радио Озодининг Душанбедаги бюроси журналистларига таҳдид ва таъқиблар борасида келаётган хабарлардан, улар аккредитациядан ўтказилмаётганидан ташвиш билдирди.

Демократлар вакили Адам Б. Шифф (Adam B. Schiff) ва республикачилар вакили Стив Чабот (Steve Chabot) томонидан имзоланган мактубда, эркин ва мустақил матбуотни ривожлантириш тарафдори бўлмиш “Озод Европа/Озодлик радиосини молиялаштирадиган АҚШ Конгресси АҚШ ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларга таъсир кўрсатадиган ва Тожикистоннинг обрўсига соя соладиган” вазиятдан ташвишга тушаётгани таъкидланади.

9 октябрда ёзилган мактубда таъкидланишича, бугунги кунда Радио Озодининг 9 нафар журналисти ва ходими Тожикистон ТИВ томонидан бериладиган аккредитацияси йўқлиги боис фаолиятдан четлаштирилган.

Улар орасида Душанбе Бюроси раҳбари, шунингдек 2017 йилдан бери касбий фаолияти учун ТИВдан бериладиган рухсатномани кутаётган журналист бор. Шу йилнинг июнида ТИВ Радио Озоди видеооператори Баротали Назаров (Барот Юсуфи)нинг аккредитациясини қайтариб олди. Бундан ташқари, мактубда таъкидланишича, Радио Озодининг яна 9 нафар ходимининг аккредитацияси шу йилнинг ноябри сўнгида тугайди.

Мактубда қайд қилинишича, Озод Европа/Озодлик радиоси халқаро журналистика стандартларига амал қилади ва унинг миссияси ўз аудиториясига ҳаққоний маълумот беришдан иборат.

Мактуб сўнгида муаллифлар Тожикистон президентини Радио Озоди фаолиятини давом эттиришига ва мазкур ОАВ ходимларининг аккредитация олишларига ёрдам беришга чақирадилар.

Бу аккредитация олишда хавотир уйғотган биринчи ҳодиса эмас. 2016 йилда президент Эмомали Раҳмоннинг қизларидан бири ташқи ишлар вазирлигида мансабга тайинлангани борасидаги хабардан сўнг ТИВ Озод Европа/Озодлик радиоси тожик хизматининг олти нафар ходимидан аккредитацияни олиб қўйган эди.

35 зиёратчи ҳалок бўлди - Саудияда Умрага кетаётганлар тушган автобус ёниб кетди

Иллюстратив сурат. Хабардаги воқеага алоқаси йўқ.

Саудия Арабистонида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида камида 36 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда ТАСС агентлиги Саудия соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб хабар қилди. Маҳаллий полиция 35 киши ҳалок бўлганини билдирган.

"Эр-Рияд" нашри ҳалокат Макка ва Мадина шаҳарлари ўртасидаги йўлда содир бўлганини ёзгани хабар қилинди. Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатларидан Умра ибодатига кетаётган зиёратчилар тушган автобусга юк машинаси урилган ва ёнғин чиққан.

Автобусда жами 40 киши бўлган, 4 киши касалхонага ётқизилган.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG