Линклар

Шошилинч хабар
16 май 2024, Тошкент вақти: 17:06

Россия Алишер Усмонов танқидчисини халқаро қидирувга берди


Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев россиялик миллиардер Алишер Усмоновни "Достиқ" ордени билан мукофотлаганди, Нур-Султон, 2019 йил, 11 май.
Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев россиялик миллиардер Алишер Усмоновни "Достиқ" ордени билан мукофотлаганди, Нур-Султон, 2019 йил, 11 май.

Рус олигархи Алишер Усмоновнинг уюшган жиноятчилик билан алоқалари борасида ёзган “Росбалт” агентлиги журналисти Александр Шварёв халқаро қидирувга берилди.

Полиция журналистни “бизнесмен Усмонов ҳақида ёлғон маълумотларни тарқатиб келганликда” ва қозоғистонлик бошқа "бизнесмендан 50 минг доллар талаб қилганлик"да айбламоқда.

Бу айбловларни Александр Шварёв “валдираш” деб атади.

Россия Ички ишлар вазирлиги “Росбалт” агентлиги мухбири Александр Шварёвга товламачилик ва бўҳтонда сиртдан айблов эълон қилди.

Бу ҳақда Шварёвнинг адвокатлари 7 ноябр куни журналистларга хабар қилди.

- Шварёвга товламачилик ва бўҳтонда сиртдан айблов эълон қилинди, душанба 11 ноябр куни уни сиртдан ҳибсга олиш масаласи Москванинг Тверской судида кўриб чиқилади, деди ҳимоячи Владимир Жеребенков.

Терговчиларга кўра, журналист Александр Шварёв россиялик бизнесмен ва миллиардер Алишер Усмонов ҳақида “олдиндан маълум бўлган ёлғон маълумотларни тарқатган” ва шу тариқа “уни обрўсизлантирган ва маънавий зарар келтирган".

Шунингдек, мухбир гўё қозоғистонлик яна бир бизнесмен Кенес Ракишевдан 50 минг доллар миқдорида пул талаб қилиб келгани эълон қилинди.

Олдинроқ Россия Ички ишлар вазирлиги Россия Жиноят Кодексининг 128.1 моддаси (“Туҳмат”) асосида жиноят иши очганди.

Тергов материалларида айтилишича, 2018 йилнинг июль-октябрь ойлари давомида Шварёв Алишер Абдуллаев исмли шахс билан бирга бир қанча сайтда Усмоновнинг жиноятчиларга ва жиноятларга алоқадорлиги борасида материаллар тарқатган.

Бу масалада чиқиш қилган “Росбалт” ахборот агентлиги бош муҳаррири Николай Ульянов мухбир Шварёвга қўйилаётган айбловлар бесўнақайлигига эътибор қаратиб, унга қарши янги айбловлар сериясидан иборат “жиноий спектакль” ҳозирланаётганини билдирди.

- Олдинроқ тергов қўяётган айблов икки оёққа “оқсоқлаётганди”. Энди терговчилар Ракишевни топиб, “Олигархлар бўйича мутахассислашган журналист товламачи ҳам экан, қаранг!”, демоқда. Ракишев мухбиримиз “қурбонига” айлангани борасида олдинроқ айтмагани негадир терговчиларни қизиқтирмаётир, дея киноя қилди Николай Ульянов.

“Росбалт” бошлиғи таҳририят Александр Шварёвни ҳимоя қилишда давом этиши, Конституцияда белгиланган сўз эркинлиги бўғилаётгани ва жамоатчилик ва давлат учун Алишер Усмонов тўғрисида очиқланган муҳим маълумотлар тарқатилишига тўсқинлик бўлаётганини билдирди.

Адвокатлар Александр Шварёв Алишер Усмоновнинг “Шакро Молодой” лақаби билан танилган криминал авторитет Захарий Калашов билан алоқалари ҳақида бир қанча мақолаларни чоп этгани ортидан полиция терговчилари назорати остига тушганини гапирмоқда.

2018 йилнинг декабрида Russian Criminal сайтида чоп этилган бу айбловлар келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган Алишер Усмонов томонидан суд орқали олиб ташланган эди.

2019 йилнинг 18 апрел куни бошларида Москва полицияси “Росбалт” агентлиги таҳририяти ва журналист Шварёв квартирасида тинтув олиб боргани, полиция ходимлари мухбирнинг квартирасига “наркотик ташлаб қўйиш” билан таҳдид қилгани устидан ҳимоячилар Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикинга шикоят қилгани, бироқ полициянинг бу ҳаракатлари устидан ҳанузгача тафтиш олиб борилмаганини маълум қилди “росбалтчилар”.

Сўз эркинлиги бўйича ЕХҲТнинг махсус ваколатхонаси Александр Шварёв иши юзасидан хавотир билдирган эди.

Ҳозирда Латвияда даволанаётганини гапирган Александр унга қўйилаётган айбловларни қатъиян инкор этиб, бу таъқиб буюртма ва унинг журналистик фаолиятига боғлиқ эканини ТВ-5 каналига гапирди.

- Товламачилик масаласида – бу бошдан оёқ валдирваса гап, дея гапни қисқа қилди Шварёв.

“Росбалт”агентлиги раҳбарияти яқин орада Александр Шварёвнинг Захарий Калашов ва Алишер Усмонов ишига оид журналистик суриштируви натижаларини тўлиқ ҳолда чоп этишини эълон қилди.

“Чегарасиз мухбирлар” халқаро ташкилоти эълон қилган сўз эркинлиги рейтингига кўра, Россия 189 давлат орасида 149 ўринни эгалаб, матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият оғир мамлакатлар қаторига киритилди.

XS
SM
MD
LG