Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:44

Ўзбекистон халқаро ташкилотни пахта бойкотини бекор қилишга чақирди


Cotton Campaign 2010 йилдан бери Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга барҳам берилишини талаб қилиб келган.
Cotton Campaign 2010 йилдан бери Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга барҳам берилишини талаб қилиб келган.

Ўзбекистон ҳукумати аҳоли мажбурий меҳнатга жалб этилмаслиги борасида қўшимча кафолатлар берган тақдирдагина, халқаро брендлар ўзбек пахтасига бойкотни бекор қилиш масаласини кўриб чиқиши мумкин.

Cotton Campaign расмийлари 15 апрель куни Ўзбекистон бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусановнинг мазкур халқаро ташкилотга қилган мурожаатига мана шундай муносабат билдирди.

Нозим Ҳусанов Cotton Campaign халқаро коалициясининг ҳаммуассиси Беннет Фриман, Ишчилар ҳуқуқлари бўйича Халқаро Форумнинг ижрочи директори Жуди Герхард, Cotton Campaign координатори Эллисон Гиллга мамлакатда ишлаб чиқарилган пахтадан фойдаланиш учун бойкотни олиб ташлашни сўраб мурожаат қилди.

Вазирнинг айтишича, коронавирус пандемияси шароитида “Ўзбекистон меҳнат бозори мисли кўрилмаган босимга дуч келмоқда”.

“Мамлакатимизда амалга оширилаётган кескин (чоралар) изоляция туфайли 150 минг фуқаро мажбуран ишсиз қолди, чет элдан қайтган 140 мингдан ортиқ фуқароларимиз доимий даромадларидан маҳрум бўлишди, 200 мингдан ортиқ оила қашшоқлик ёқасида”, дейилади мурожаатда.

Нозим Ҳусанов пахта бойкотини олиб ташланиши Ўзбекистондаги минглаб одамларни қашшоқликдан қутқариши ва миллионлаб одаимларни иш билан таъминлаши мумкинлигига эътибор қаратган.

“ Ўзбекистон тўқимачилик саноати аҳоли бандлигини таъминлашда етакчи тармоқлардан биридир. Фақат ишлаб чиқаришда қарийб 7 000 корхонада 200 мингдан ортиқ аҳоли иш билан банд бўлганлиги боис бир миллион аҳоли барқарор даромадга эга. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ўзбек пахтасидан бойкот олиб ташланса, тўқимачилик маҳсулотларининг умумий экспорт ҳажми икки баробарга ортиши мумкин. Бу эса халқимиз учун зарур иш ўринларини яратади”, дейилади мурожаатда.

Ўзбекистон бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов мурожаатида 6 март куни президентининг «Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилингани ваЎзбекистон 2020 йилдан бошлаб пахта ишлаб чиқаришни, нархни ва мажбурий сотишни давлат томонидан тартибга солишдан воз кечгани таъкидланади.

Вазирга кўра, бу мажбурий меҳнатнинг олдини олишга қаратилган яна бир тарихий ҳужжат бўлган ва Ўзбекистон пахтачилик секторини ислоҳ қилишда давом этади.

“Янги ислоҳотлар даврига ўтишда аҳолига зарур ўзгаришларни амалга ошириш учун коалиция томонидан имзоланган Uzbek Cotton Pledge мажбурияти доирасида ўзбек пахтасига қўйилган бойкотни олиб ташлашни сўрайман”, дейилади мурожаатда.

Cotton Campaign аъзоларидан бири бўлган Америка кийим ва пойабзал ишлаб чиқарувчилар ассоциацияси вице-президенти Нейт Херман мурожаатга муносабат билдирар экан, Озод Европа-Озодлик радиосига мана буларни айтди:

“Биз Ўзбекистон мажбурий меҳнатга барҳам бериш йўлида эришган тарихий прогрессни тан оламиз. Лекин халқаро брендлар мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай кўринишига тоқат қила олмасликларини эътиборга олиш лозим. Халқаро меҳнат ташкилоти 2019 йилги пахта теримида юз мингдан ортиқ одам мажбурий меҳнатга жалб қилинганини билдирган. Шундан келиб чиққан ҳолда, брендлар Ўзбекистон ҳукумат аҳоли мажбурий меҳнатга жалб этилмаслиги юзасидан қўшимча кафолатлар беришини истайди”.

Cotton Campaign ташкилоти мувофиқлаштирувчиси Эллисон Гилл ҳам Ўзбекистон ҳукумати мажбурий меҳнатга барҳам бериш йўналишида катта ишларни амалга оширди, деб ҳисоблайди.

“Лекин фуқаролик жамияти ҳуқуқларини ва имкониятларини кенгайтириш, жумладан, мустақил нодавлат ташкилотларини рўйхатга олиш ҳамда мустақил ишлашига шароитларни яратиб бериш масаласи оқсамоқда. Биз ҳукуматни эркин ва фаол фуқаролик жамиятининг ривожланишига шароит яратишга чақирамиз”, деди Эллисон Гилл.

Cotton Campaign Ўзбекистон бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири мурожаатига яқин соатларда расмий баёнот билан жавоб қайтариши кутилмоқда.

Ғарб давлатларидаги ҳуқуқ ҳимоячилари¸ бизнес ва инвестиция гуруҳларидан тузилган Cotton Campaign коалицияси 2010 йили болалар ва мажбурий меҳнат эвазига терилган ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган ва бу бойкотга умумий капитали 1 триллион долларга тенг бўлган Nike, Zara, GAP, C&A, Levi's, H&M, UNIQLO каби етакчи кийим-кечак ва тўқимачилик ширкатлари қўшилган эди.

​Ўзбекистонда бюджет ташкилотлари ходимларининг ихтиёрига зид равишда 2019 йилда ҳам пахтага мажбурлангани ҳақида Озодлик хабар берган.

Бош вазир ўринбосари Танзила Норбоева раҳбарлигидаги делегация халқаро ташкилотлар томонидан ўзбек пахтасига эълон қилинган бойкотни тўхтатиш масаласида музокаралар олиб бориш учун 2019 йил 4 февралда АҚШга борган эди.

АҚШда бўлиб ўтган музокаралар натижасида ҳукумат халқаро Cotton Campaign коалицияси билан ҳамкорликда Ўзбекистон пахатасига байкотни бекор қилиш йўналишида амалга оширилиши лозим бўлган ҳаракатлардан иборат “йўл харитаси”ни ишлаб чиққан. “Йўл харитаси” Cotton Campaign коалициясига тақдим этилган.

Cotton Campaign делегацияси 2020 йилнинг февралида Ўзбекистонда бўлган ва ҳукумат расмийлари билан учрашган эди. Cotton Campaign пахта етиштиришда давлат якка ҳокимлигини тугатиш Ўзбекистон ҳукумати олдига улар қўйган йўл харитаси бўйича талаблардан бири эканини билдирган.

XS
SM
MD
LG