Линклар

Шошилинч хабар
05 июл 2020, Тошкент вақти: 18:14

UZ/Коронавирус: камида 1692 киши, яна 1 бемор ўлди, 96 нафари соғайди. Йирик солиқ тўловчиларга стикер берилади


Бу жонли блогда COVID-19 - коронавирус эпидемияси бўйича Ўзбекистон ва дунёдаги сўнгги вазиятга доир хабарлар, фото-видеоматериаллар жамланмоқда.

(Бу жонли блогнинг давоми. Аввалги қисмини мана бу линкда ўқишингиз мумкин.)

* * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * *

- 22 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда камида 1692 кишида вирус аниқланди, 357 бемор соғайди, 6 бемор вафот этди.

- Хориждан авиапочта қисман тикланди, карантин 10 майгача узайтирилди, ноозиқ-овқат маҳсулотлари сайёр савдосига рухсат берилди.

- Қозоғистонда вирус юқтирганлар 1757, Қирғизистонда 568 кишига етди, Туркманистонда футбол матчлари бекор қилинмади.

- Вирус юқтирганлар расмий сони дунё бўйича 2 миллион 408 мингдан ошди, ўлганлар сони эса 165 мингдан зиёд, тузалганлар 626 минг атрофида.

ЭЪЛОН: йирик солиқ тўловчига стикер берилади

Йирик солиқ тўловчиларнинг транспорт воситалари учун махсус рухсат берувчи стикерлар берилади.

Рухсат берувчи ҳужжатни олиш учун солиқ тўловчининг онлайн шахсий кабинети орқали my.soliq.uz порталига ариза киритиши керак.

Рухсат бериш учун ҳеч қандай тўлов олинмайди.

ДСҚ ҳар бир солиқ тўловчига алоҳида стикер квоталари белгилайди.

Стикер олинган кундан бошлаб 30 кун мобайнида ҳаракатланиш ҳуқуқини беради.

ССВ: 73 яшар эркак бемор вафот этди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, коронавирус инфекцияси тасдиқланган яна бир бемор вафот этган.

Наманган шаҳрида яшовчи Ш. юрак ишемик касаллиги, гипертония иккинчи даражаси, атеросклеротик кардиосклероз, икки томонлама пневмония ва ўткир нафас етишмовчилиги ташхиси билан 14 апрель куни вилоят юқумли касалликлар шифохонаси реанимация бўлимига ётқизилган.

Тезкор диагностик таҳлиллардан сўнг беморда “Covid-19” коронавирус инфекцияси ҳам аниқланган.

73 ёшли (эркак) ушбу беморнинг шу кунгача кунлик аҳволи мамлакатимиздаги шу соҳага ихтисослашган тиббиёт муассасаларининг нуфузли мутахассислари назоратида бўлган. Улар томонидан мунтазам консилиумлар ўтказиб келинган.

Бироқ кардиолог, вирусолог, пульмонолог, терапевт, реаниматологларнинг белгиланган стандартлар асосида ўтказган реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этдиган.

Шу тариқа, вирусдан вафот этган беморлар сони 6 киши бўлди.

ССВ: Фарғона, Андижон, Тошкент, Бухоро ва Хоразмда жами 96 бемор соғайди

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 21 апрель кун Фарғона вилояти юқумли касалликлар шифохонасидан коронавирус инфекциясига чалинган 5 нафар соғайган.

Соғайганларнинг барчаси Туркиядан келган.

Бухоро вилоятидан яна 15 нафар, Хоразм вилоятидан эса 4 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор буткул соғайди.

Булар ҳам Туркия ва Россиядан қайтган ватандошлардир.

Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасидан ҳам 10 нафар бемор соғайди. Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида 13 нафари буткул соғайди. Улар орасида энг ёши каттаси 71 ёшда бўлса, энг ёши кичиги эса зтган йили туғилган.

Тошкентдаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасидаги 21 бемор соғайди. Улар орасида энг ёши каттаси 67 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 11 ёшда.

Наманган вилояти юқумли касалликлар шифохонасида эса 20 нафар бемор соғайди, булар орасида 5 яшар бола ҳам бор.

21 апрель, соат 20:00га келиб, мамлакатда жами соғайганлар 393 нафарни ташкил этмоқда.

ҲУҚУҚИЙ АХБОРОТ: карантин вақтида айрим бюджет харажатлари қисқартирилди

Президент қарори билан коронавирус пандемияси даврида ортиқча харажатлар қисқартирилиши эълон қилинган.

15 апрель куни президент «Коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети барқарорлигини таъминлаш ва биринчи навбатдаги тадбирларни ўз вақтида молиялаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор қабул қилди.

Қарорда коронавирус пандемияси оқибатида қўшимча бюджет харажатлари юзага келиши туфайли тақчилликнинг янада ошиши назарда тутилиб, йилнинг иккинчи ярмида бюджет харажатларини қисқартиришга қарор қилинди.

Адлия вазирлиги эълон қилган инфографикада бу қисқартиришлар содда ва лўнда изоҳланган.

ТИВ: Хориждаги ўзбекистонликларни қайтариш учун чартер рейслари ташкил этилади

Республика махсус комиссияси хорижда қолиб кетган ўзбекистонликларни олиб келиш учун чартер рейсларини ташкил этиш тўғрисида алоҳида қарор қабул қилади.

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, махсус комиссиянинг мазкур қарори, ҳамда чартер рейсларининг санаси ва йўналишлари тўғрисидаги маълумот расмий интернет-манбалар орқали қўшимча равишда тарқатилади.

МОВ: маҳаллада томорқа учун уруғ ва бошқа зарур нарсалар сотилади

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги (МОВ) маҳаллаларда ташкил қилинадиган саёр савдо нуқталари ҳақида маълумот берди.

Вазирлик Ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаеванинг 21 апрель кунги брифингда айтишича, карантин 10 майга қадар узайтирилганини ҳисобга олиб, маҳаллаларда томорқа учун зарур буюмлар ва уруғлар сотилиши йўлга қўйилади:

- Жумладан, ноозиқ-овқат буюмлар (кийим-кечак, хўжалик моллари, кўчатлар, уруғлар) савдосига сайёр савдо нуқталари орқали ташкил этишга рухсат берилди. Ҳа, бу тартибни жорий қилишга эҳтиёж бор. Сабаби баҳор келиши билан аҳолининг ўз томорқаларидан фойдаланиши, унга турли экинлар экиш зарурати туғилади. Бунинг учун албатта, маҳсулот уруғлари, ерга ишлов бериш учун хўжалик буюмлари керак. Бугунги карантин даврида бу масалаларнинг энг оқилона ечими сифатида ҳудудларда мазкур маҳсулотларнинг сайёр савдоларини ташкил этишни айтиб ўтиш жоиздир, - деди вазирлик вакили.

Шунингдек, вазирлик вакили, кунга қадар республикамиздаги мавжуд 9121 та фуқаролар йиғинлари томонидан жами 1 910 936 та оила ўрганиб чиқилгани, 21 260 та оилада аниқланган муаммо ва камчиликлар бартараф этилганини маълум қилди:

- 5 758 та оила бўйича карантин талабларини бузиш ҳолатлари аниқланиб, огоҳлантирилди. Уларнинг айримларига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 54-моддасига асосан тегишли чоралар кўрилган. Шунингдек, улар билан тушунтириш ишлари олиб борилган, - МОВ вакили.

"Ўзбеккино": COVID-19 ҳақида илк фильм олинди

Унда вируснинг хавфи, тарқалиши ва фожеавий оқибатлари бир киши ҳаёти мисолида тасвирланади.

13 ярим дақиқали фильмда бош қаҳрамон бўлган ёшгина эркакнинг бефарқлиги оқибатида ўзи, оиласи ва кекса отаси хасталанади.

Фильм сўнггида эса ота ҳаётдан кўз юмади.

"Ўзбеккино" миллий агентлиги 11 кун аввал - 10 апрель куни республика махсус комиссияси ёрдамида ҳужжатли фильм олишни бошлаганини билдирган эди.

Россия: коронавирусга чалинганлар сони 50 мингдан ошди

Россияда коронавирус инфекциясини юқтириб олганлар сони айни пайтда 52 минг 763 кишини ташкил этмоқда. Бу ҳақда Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кураш бўйича тезкор штаб маълум қилади.

Озодликнинг рус хизмати хабарига кўра, COVID-19 вирусига чалинганларнинг энг кўпи Москва шаҳридадир (29 мингдан зиёд).

Касаллик тарқала бошлаганидан бери бу мамлакатда 456 киши қурбон бўлган, 3 минг 873 киши соғайиб кетган.

Ҳозирда коронавирусга чалиниш ҳолатлари Россиянинг барча минтақаларида қайд этилган.

ОЗОДМАКТУБ: "Туркияда қолиб кетдим, хаста болам кўзим олдида қуриб боряпти"

Озодликка Туркияда 4 яшар хаста боласи билан қолиб кетганини билдирган ўзбекистонлик аёл ёрдам истамоқда.

Исмини ошкор қилмаётганимиз аёлнинг ёзишича, фарзанди "суяк эриши, мияга кислород етишмасли"дан азият чекмоқда. Уни даволатиш учун Туркияга борган ва COVID-19 тарқалиши ортидан, авиқатнов тўхтаб, бу давлатда қолиб кетган.

Аёлнинг ёзишича, ҳозир боланинг дорилари тугаган, шу боис аҳволи кундан кунга оғирлашмоқда.

Мактубда айтилишича, элчихона аёлнинг ҳолидан хабардор, аммо Ўзбекистонга чартер рейс ташкил қилишни кутишдан бошқа ечим таклиф қилолмаётир.

Қуйида бу аёл мактуби таҳрирсиз эълон қилинмоқда:

"4 ёш болам билан Туркияга даволанишга келиб қолиб кетдим. Ўғлим ногирон жуда ҳам тушкин ва оғир аҳволдаман.

Посолствадан ёрдам сўрасам сабр қўлимиздан ҳеч нарса келмайди деяпти. Бировнинг уйида омонат ўтирибман қўлимда пулим йўқ.

Фарзандимни дорилари тугади, суяк эриши, мияга кислород етмаслик касалликлари бор. Юзлари кўкариб бошлади, дорилари тугади. Кундузи 2 3 соат ухлайди.

Кетмасак бўлмайди чартер кутиб чарчадик. Кимга мурожат қилай Ўзбекистонга кетиш учун?

Турган жойимдан ойни охирида уйни пули тўланмаганига бўшатишимизни сўраяпти. Туркия ҳам Рамазонгача 27 минг фуқаросини ватанига қайтараяпти . Бизни қачон қайтаришади? Карантинга ҳам розимиз ўтиришга.

Бу ерда уйсиз нонсиз қийналганлар қанча, касал болалар бор. Илтимос шу сўзларимниям чиқаринг, қачон эшитишади чет элда қийналаётганларни?

Президентимни гапларини эшитиб яна йиғлагим келади: Мен бор эканман ўзбек аёлини кўзидан ёш оқмайди деган эдилар. Фарзандини бу ерда қуришини кўриб ўтиширга ким йиғламайди?"

Мактуб йўллаган аёлнинг хаста фарзанди, 21 апрель, 2020
Мактуб йўллаган аёлнинг хаста фарзанди, 21 апрель, 2020

Адлия вазирлиги: 2019-2020 ўқув йили онлайн тарзда якунланади

Республика махсус комиссиясининг Қарори билан бу йил мактабларда ўқиш онлайн тарзда якунланади:

- 2019/2020 ўқув йили “online-maktab” лойиҳаси доирасида ташкил этилган масофавий телевизион видеодарслар орқали якунланади;

- ўқитувчилар ўз иш фаолиятларини масофавий тарзда (иш ҳақи тўланган ҳолда) давом эттирадилар.

ОЗОДМАКТУБ: "Ригада 250дан зиёд киши қолиб кетдик"

Озодликка Ригада қолган ўзбекистонлик талаба ва ишчи номидан йўллангани айтилган мактубда, Ўзбекистонга чартер рейс кутаётганлар оғир аҳволда қолаётгани айтилган.

Мактубда ёзилишича, ватандошларнинг ёнидаги пули тугамоқда, юртга чартер рейсдан эса дарак йўқ.

Қуйида ушбу мактуб таҳрирсиз берилмоқда:

"Биз хозирда Прибалтикадамиз илтимос шу масалада ёрдам қилсангиз.

Европанинг Рига шаҳрида 250 зиёд талаба ҳамда ишга келган Ўзбекистон фуқаролари чартер рейсни кутиб ўтирипти.

Бизга ёрдам беринг Ҳурматли Прездент, пулимиз қомаёпти, уй жой масаласи қиммат.

Ригада самолётга билетни қандай оламиз илтимос ёрдам қилинг!"

БРИФИНГ: 14 карантин муддати қайта-қайта узайтирилаётгани сабаби айтилди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов 14 кунлик карантин муддати узайтирилаётганига изоҳ берди.

Сўнгги кунларда Озодликка келаётган мурожаатларда карантин муддати қайта ва қайта узайтирилаётганидан норозилик кўпайгани кузатилмоқда.

Оқиловнинг айтишича:

- Карантиндан чиқариш қоидаларига асосан, 14 кунда лаборатория натижалари манфий бўлса, карантиндагилар чиқарилади, агар лаборатория натижалари мусбат бўлса, карантин давом этади.

Шунингдек, Оқилов беморларнинг коронавирусдан тузалиш муддати ҳаидаги маълумотларга ҳам аниқлик киритди:

- Беморлар ўртача 10-15 кун, баъзида оғир ҳолларда бир ой давомида тузалади. Тузалгандан сўнг, яна 14 кун давомида реабилитация ишлари олиб борилади.

АНИҚЛАМА: карантинда ишлаётган ҳамма шифокор ҳам мукофот ололмайди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов​нинг маълум қилишича, карантин ҳудудларида ишлаётган ҳамма шифокорлар ёки тиббиёт ходимлари муокофот ололмайди.

21 апрель кунги брифингда Оқиловга Навоийдаги "Металлург" сихатгоҳида 14 кунлик карантинда шифокор бўлиб ишлаган кишидан савол тушди:

"Карантин тугади ва ҳамма соғайиб уйларига қайтишди. Биз врачларга ҳокимият томонидан 2 млн сўм берилди. Президентимиз бир мартарлик рағбатлантириш Қарори бизга ҳам тегишлими?"

Оқиловнинг айтишича:

- Агар сиз карантинда лаборатор тасдиқланган беморларни даволаган бўлсангиз ва шу билан хавф остида бўлган бўлсангиз, Президентимиз томонидан қабул қилинган рағбатлантириш Қарори Сизга ҳам тааллуқли бўлар эди. Агар карантинда бўлганларнинг ҳаммаси соғ бўлса — асосий моянангизга қўшиладиган фоиз берилади, холос.

Қуйида брифингни тўлиқ томоша қилишингиз мумкин:

CCВ: 150 мингга яқин киши коронавирус бўйича тестдан ўтказилди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланганидан буён 150 мингга яқин киши коронавирус бўйича тестдан ўтказилди.

21 апрель куни АОКА ҳузуридаги штабда брифинг ўтказган Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқиловнинг айтишича, тез орада жами ярим миллион киши вирусни аниқлаш учун тиббий текширувдан ўтказилади.​

ЭЪЛОН: никоҳга аризани онлайн топшириш мумкин бўлди, аммо тўй учун карантин битишини кутиш керак

Давлат хизматлари агентлиги ФҲДЁдан ўтиш учун аризаларни масофадан туриб қабул қиладиган бўлди.

ЎзА агентлигининг хабар қилишича, бунинг учун қуйидаги ҳаволадан фойдаланиш мумкин: https://my.gov.uz/uz/service/133

Бунда келин ёки куёв, авваламбор юқорида айтиб ўтилган ҳаволадан ўтиб, ариза тўлдириши керак. Сўнг иккала томон ҳам аризасини ўз электрон рақамли имзоси билан тасдиқлаши шарт.

Бу хизмат бепул. ФҲДЁ эса аризани 1 иш кунида қабул қилиб олади.

Ҳозир дунёнинг аксар давлатлари, ҳатто қўшни Қирғизистонда ҳам онлайн-тўйлар ўтказилмоқда.

Аммо, Ўзбекистонда онлайн тўй қилиш учун ариза топширишнинг ўзи кифоя эмас. Никоҳдан ўтиш учун жуфтлик тиббий кўрикдан ўтиши керак.

Бунинг учун барибир карантин ниҳоясига етишини кутиш лозим. Ундан сўнг тиббий кўрикдан ўтиш учун йўлланма олишлари мумкин.

ИДОРА: Рамазон ойининг бошланиши 24 апрелга тўғри келади

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахборотига кўра, 2020 йил муборак Рамазон ойининг бошланиши 24 апрель кунига тўғри келади.

Шу муносабат билан “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, Рамазон ойининг карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда, уй шароитида, оила даврасида ўтказилиши учун зарур шароитлар яратилади.

Таиландда қолган ўзбекистонлик аёл: "250 киши уйга қайтишни кутаяпмиз"

Таиланднинг Паттая шаҳридан Озодликка мурожаат қилган самарқандлик 45 яшар Мадина Ўзбекистонга қайта олмаётганини билдирди.

Унинг айтишича, Таиланддаги консуллик сўрови билан бу давлатда бўлган ўзбекистонликларнинг рўйхати тузилган.

Аксари аёллар бўлган ватандошлар 20 кундан буён самолёт кутаётмоқда, бу орада, пули тугаб, егулик ва турар-жойдан қийнала бошлаган.

Аёл Озодликдаги мурожаати орқали Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа ҳукумат идораларидан ёрдам сўрашини билдирди.

Қуйида исмини ошкор қилмаган бу аёлнинг аудиомурожаатини тинглашингиз мумкин:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:30 0:00
Бевосита линк


МБ раҳбари: “Бюджет ходимларининг ойлигини қисқартириш масаланинг ечими эмас”​

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратовнинг қайд этишича, бюджет ходимларининг ойлигини қисқартириш ҳозирги пандемия вақтида юзага чиққан кризиснинг ечими эмас. Боиси, карантин оқибатлари алоҳида фонд - Инқирозга қарши жамғарма ҳисобидан қопланмоқда.

МБ раҳбари Телеграмдаги davletovuz каналининг муаллифи Қобил Хидировга берган интервьюсида шундай деди.

Суҳбатда ҳозирги вазиятда тижорат банклари орасида ўтказилган стресс-тест натижалари, 2 трлн. сўмлик ликвидликнинг қандай механизм асосида ажратилиши, тижорат банклари томонидан хусусий секторга ойлик-маошлар учун кредит ажратиш эҳтимоли ҳақида сўз борди.

"Ҳукумат иқтисодий блокининг оммавий ахборот воситаларига берган интервьюлари, қолаверса, Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратовнинг сўзларидан англаганимиз шу бўлаяптики, меҳнат фаолиятини тўхтатган аҳолига тўғридан-тўғри ёрдам бериш бўйича бир тўхтамга келинганга ўхшайди". "Бу ҳозирда пандемия туфайли меҳнат фаолиятини тўхтатган халқимизга моддий ёрдам кўринишда бўлади", деб ёзди суҳбатни ҳавола қилган журналист.

Қуйида ушбу суҳбатни тўлиқ томоша қилишингиз мумкин:

ССВ: Тошкентда бир йўла 21 бемор соғайди

20 апрель куни Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасидан коронавирус инфекциясига чалинган 21 нафар бемор соғайди.

Соғайганларнинг 13 нафари чартер рейс орқали Туркиядан Тошкентга келган бўлиб, “Ботаника” санаторийси ҳамда Ўртасарой карантин марказига жойлаштирилган эди.

Қолган 8 нафари эса коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган.

Улар орасида энг ёши каттаси 57 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 5 ёшда.

Жами тузалганлар сони 261 киши бўлди.

Вазирлик: хориждан Ўзбекистонга авиапочта қисман тикланди

"Ўзбекистон почтаси" ширкати 20 апрелдан халқаро авиапочта қисман тикланганини маълум қилди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, 38 давлатдан халқаро авиапочта жўнатмаларини қабул қилиш бошланган.

Хабар қилинишича, 20 апрелдан 1 июнгача дунёнинг 38 давлатига "Экстра" тариф режаси асосида халқаро авиа почта жўнатмаларни етказиб берилиши йўлга қўйилган.

Карантин бошидан бери - 20 мартдан "Ўзбекистон почтаси" жўнатмаларни ер усти транспорти орқали хорижга жўнатаётган эди.

ТОЖИКИСТОН: пневмониядан ўлган прокуратура ходими ёпиқ тобутда кўмилди

Душанбе шаҳар прокуратурасининг ички ишлар идоралари фаолияти устидан назорат бўлими бошлиғи Жалолиддин Пиров, Озодлик тожик хизматининг хабар қилишича, 19 апрель куни эрталаб кутилмаганда оламдан ўтган.

Яқинларининг айтишича, марҳумнинг жасади солинган тобут махсус ҳимоя кийимидаги шифокорлар ҳамроҳлигида “тез ёрдам” машинасида видолашиш учун унинг ҳовлисига олиб келинган ва ўша заҳотиёқ дафн учун олиб кетилган.

Марҳумнинг ҳамкасбларидан бири, Тожикистон Бош прокуратураси ходимининг Озодлик тожик хизматига айтишича, Пиров ўтган ҳафта хасталанган ва унга карантинга чиқиш тавсия қилинган, аммо коронавирус борасида бирор-бир шубҳа бўлмаган.

Бошқа бир манбага кўра, ўзи ҳам прокуратура ходими бўлган марҳумнинг отаси Саидислом Пиров ҳам саломатлиги ёмонлашгани важидан 19 апрель куни касалхонага ётқизилган.

Юз берган ҳодисага Тожикистон расмийлари ҳали изоҳ берганларича йўқ, бироқ аввалроқ улар мамлакатда СOVID-19 билан боғлиқ бирорта ҳам ҳолат қайд қилинмагани ҳақида баёнот берган эдилар.

Тафсилотлар қуйидаги юкламада:

SIZDAN TELEGRAM: “Новвой: Ун нархи ошиб, харажатимизни ҳам қоплай олмай қолдик”

Сурхондарё вилоятининг Денов туманидан ёзган нонвой карантин даврида маҳаллий ун нархи 190 минг сўмгача ошиб кетганидан нолиди.

Мактубда айтилишича, нонвойларнинг харажати ошиб кетган, аммо нон нархини ошириш - халқни норози қилиши мумкин:

МИБ: карантин пайтида жарималарни ундириш давом этади

Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун маъмурий жарималарни ундириш давом этади.

Мажбурий ижро бюроси (МИБ) жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Фаррух Тошпўлатовнинг 20 апрель кунги брифингда маълум қилишича, фақатгина карантинга олинган фуқароларга солинган жарима муддати узайтирилган.

Яъни, президент фармони билан бундай шахслар карантин муддати тугагандан кейин жаримани тўлаши мумкин.

Шунингдек, МИБ расмийси Telegram тармоғидаги @mibuzbot алоқа боти орқали жарима тўлаш мумкинлигини ҳам эслатди ва фирибгарлардан эҳтиёт бўлишга чақирди.

Бундан ташқари, брифингда маълум қилинишича, ҳозирга қадар 2 мингдан ортиқ эҳтиёжманд фуқаро зиммасида йиғилган 426 млн. сўмдан зиёд қарздорлик саховатпешалар ҳисобидан қопланган.​

ҚИРҒИЗИСТОН: вирусни юқтирганлар 568 кишига етди

Қирғизистонда бир сутка ичида коронавирусга чалинган 14 бемор аниқланди. Бу билан коронавирус юқтирганлар сони 568 кишига етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 20 апрелда билдиришича, беморлардан яна икки нафари вафот этди. Вафот этганлардан бири 70 ёшли аёл Чуй вилоятидан, 79 ёшли эркак эса Ўш шаҳридан.

Қирғизистонда коронавирус бошланганидан бери бу дарддан ўлганлар 7 кишига етди.

ССВ: Андижонда 2, Бухорода 11, Тошкентда 2 киши соғайди

Андижон вилояти юқумли касалликлар шифохонасидаги вирусга чалинган 2 бемор бутунлай соғайди ва реабилитацияга кузатилди.

Тузалганлардан бири, 39 ёшли аёл Хўжаобод туманидан бўлса, иккинчиси 51 ёшли аёл Андижон шаҳридан.

Ҳар икки бемор ҳам коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқотда бўлган.

20 апрель куни Бухоро вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказидан яна 11 бемор соғайиб чиқди.

Шифо топганлар 25 март куни чартер рейс билан Россиядан Бухорога олиб келинган ва карантинга олинганлардан. Улар орасида энг ёши каттаси 54 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 20 ёшда.

Тошкентдаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида яна 2 бемор соғайди.

Соғайганлардан бири 19 ёшли қиз Тошкент шаҳридан бўлиб, коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган. Иккинчиси Россиядан чартер рейс орқали Тошкентга олиб келинган ва карантинга олинган эди.

Айни пайтга қадар мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан жами 240 нафар бемор тўлиқ соғайди.​

Шифокорлар коронавирусдан тузалган 83 яшар бемор билан, 17 апрель, 2020
Шифокорлар коронавирусдан тузалган 83 яшар бемор билан, 17 апрель, 2020

SIZDAN TELEGRAM: “Мажлисга “бошқоронғи” бўлган раҳбарлар карантинда ҳам беҳуда йиғилишларни бас қилмаяпти”

Хоразмда ҳукумат комиссиясининг карантин вақтида мажлисларни тўхтатиш қарорига қарамай, маҳаллий ҳокимликларда мажлисбозлик ҳамон давом этаётганидан шикоят бўлмоқда.

Шикоятга илова қилинган суратда мажлислар залига йиғилган маҳаллий мутасаддилар акс этган.

Шикоятни ёзган киши эса банкда ишлаши, карантинга қарамай, ҳар куни уйига соат 23:00, гоҳида 01:00 да қайтишини айтган.

ҚОЗОҒИСТОН: вирусдан ўлганлар сони 19 киши бўлди

Қозоғистон расмийларининг билдиришича, 20 апрель соат 9:25 даги вазият бўйича, мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 1735 кишига етди.

Бир сутка ичида 9 янги бемор аниқланди, икки киши вафот этди. Шу кунгача Қозоғистонда коронавирусдан ўлганлар сони 19 кишига етди.

Беморларнинг 525 нафари Олмаотада, 381 нафари Нур-Султонда, 149 нафари Қизилўрдада даволанмоқда. Қолган вилоятларда коронавирусга чалинганлар сони озроқ.

ҚАРОР: хусусий клиникалар COVI-19 учун пуллик тест ўтказиши мумкин

Республика Махсус комиссияси қарори билан Ўзбекистондаги нодавлат тиббиёт муассасаларига шу йилнинг 1 сентябрга қадар коронавирус инфекциясини лаборатор текшириш бўйича пуллик тиббий хизмат кўрсатишга рухсат берилди.

Махсус комиссияси қарорига биноан, нодавлат тиббиёт ташкилотларига барча талабларига риоя қилган ҳолда ҳудуддий санитария эпидемиологик осойишталиги марказлари раҳбарлари томонидан имзоланадиган шартнома асосида тест ўтказиши мумкин.

Президентнинг 26 мартдаги қарори билан хусусий тиббиёт муассасаларига, истисно тариқасида, Covid-19 инфекциясини юқтириб олган беморларга тиббий хизмат кўрсатишга рухсат берилган эди.

SIZDAN TELEGRAM:“Шифохонада турли зараркунанда ҳашаротлар, ҳатто каламушлар изғиб юрибди”

Бухородаги “Ситораи моҳи хоса” сиҳатгоҳида карантинда ўтирганини ёзган бир ватандош бу маскан карантин талабига жавоб бермаслигидан арз қилган.

Исми ошкор қилинмаётган мактуб муаллифининг ёзишича, сиҳатгоҳда 240 киши бир жойга йиғилиб, 3 маҳалдан овқатлантирилган.

Шунингдек, бу мактубда вилоят юқумли касалликлар шифохонасида ҳам шароит йўқлиги, ҳатто иссиқ сув ҳам йўқлигидан арз қилинган.

ССВ: Республика перинатал маркази карантинга ёпилди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов Тошкентдаги Республика перинатал маркази карантинга ёпилганини маълум қилди.

ЎзА агентлиги хабарига кўра, 16 апрель куни ҳомиладор аёлда коронавирус инфекцияси аниқланган.

"У махсус ажратилган 3 туғруқхонага кўчирилди. РПМ карантинга ёпилган. Ҳозирча ходим ва бошқа ҳомиладорларда коронавирус аниқланмади. Перинатал марказ қачон очилиши масаласи карантин қоидаларига мос ҳолда ҳал этилади", деди Ҳабибулла Оқилов.

Авалроқ пойтахтдаги 6-туғруқхона, 17-клиник шифохона ҳамда 8-оилавий поликлиника барча беморлари, шифокорлари ва бошқа ходимлари билан биргаликда 14 кунлик карантинга ёпилгани ҳақида хабар берилган эди.​

Н. Отабеков: 12 беморнинг аҳволи оғир, 83 нафарида пневмония белгилари кузатилмоқда

Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков 19 апрель 23:00дан бери беморлар сони ўзгаришсиз - 1565 нафар бўлиб қолаётганини маълум қилди.

Унинг айтишича, 12 беморнинг аҳволи оғир, 83 нафарида пневмония клиник белгилари кузатилмоқда:

- Вирусология илмий-текшириш институтидан олинган маълумотга кўра, ушбу институт клиникасида даволанаётган 94 беморнинг 29 нафарида пневмония клиник белгилари кузатиляпти, 4 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир.

Эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институтида даволанаётган 83 бемордан 2 нафарининг аҳволи оғир.

Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида даволанаётган 194 бемордан 54 нафарида пневмония клиник белгилари бор, 5 нафарининг аҳволи оғир, деб баҳоланяпти.

Шунингдек, бош санитар инспекторнинг маълум қилишича, қарийб 92 мингга яқин фуқаро карантинда.

19 апрель куни 11 минг 800 дан кўпроқ ҳолатда вирусологик текшириш ўтказилган.

ТОШКЕНТ: маҳаллаларда қулупнай сотишга рухсат берилди

Тошкент шаҳар ҳокимлиги маҳаллаларда қулупнай савдосини ташкил қилишга рухсат берди.

Шаҳар матбуот хизматининг хабар қилишича, қулупнай мавсуми бошлангани учун бу савдога рухсат берилган.

Шунингдек, Тошкентга қулупнай олиб кирувчилар ва уларнинг транспорт воситаларига шароит яратиб берилиши айтилди.

Шунингдек, 20 апрель куни Тошкентнинг 8 та маҳалласида ноозиқ-овқат маҳсулотлари савдоси ташкил этилгани хабар қилинди.

Тошкент шу йилнинг 24 мартидан буён кириш-чиқиш учун ёпилган. Фақат махсус рухсатномаси бўлган ёки рухсатномасиз юришига рухсат берилган автотранспорт воситаларигина кириб-чиқиши мумкин.

ҚАРОР: ноозиқ-овқат буюмлар сайёр савдосига рухсат берилади

Республика махсус комиссияси барча чекловлар муддати 2020 йилнинг 10 майига қадар узайтириш қарори ортидан, баъзи янги тартибларни жорий қилди.

ЎзА агентлиги чоп этган қарорда айтилишича:

- мамлакатдаги хорижлик фуқароларга берилган виза муддатлари жорий йилнинг 1 июнгача автоматик тарзда узайтирилади.

- ноозиқ-овқат буюмлар (кийим-кечак, хўжалик моллари, кўчатлар, уруғлар) савдосига сайёр савдо нуқталари орқали санитария-гигиена талабларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда ташкил этишга рухсат берилади. Бунда ижтимоий масофа (2 метр) сақланиши ҳамда бошқа санитария-гигиена қоидаларига риоя этилиши мажбурийдир.


- Карантин даврида муддати тугайдиган барча рухсат бериш хусусиятига эга бўлган ҳужжатлар (лицензия ва рухсатномалар) ҳамда шахсни тасдиқловчи ҳужжатларнинг (фуқаролик паспорти, Ўзбекистонда яшаш рухсатномаси), автотранспорт воситалари учун талаб қилинадиган ҳужжатлар (суғурта полиси, транспортни бошқариш учун ишончнома, транспорт воситасини (қайта) рўйхатдан ўтказганликни ҳамда техник кўрикдан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар) амал қилиш муддати 2020 йил 1 июлга қадар узайтирилади. Уларнинг муддати ўтганлиги муносабати билан жавобгарлик ва бошқа чоралар қўлланилмайди.

- карантин даврида фақатгина банк пластик карталарига ўтказиш тартиби белгиланганини инобатга олган ҳолда, пенсионерларнинг пластик карталаридаги операциялар учун комиссион тўловларни ундирмаслик тартиби жорий этилади.

- электрон рақамли имзо калитини масофадан туриб олиш механизми жорий этилади.

- йўловчи ташиш фаолияти билан боғлиқ барча лицензиялар бўйича ариза қабул қилиш ва лицензияларни кўриб чиқиш ва бериш 2020 йил 10 майгача қадар вақтинча тўхтатилади.

- Шунингдек, деҳқон бозорларида, шу жумладан бозор ҳудудидан ташқарида жойлашган йирик озиқ-овқат дўконларида савдо ижтимоий масофа (2 метр) сақлаган ҳолда “зигзаг” тартиби (қувурлар, бантлар ва бошқа шу каби тўсиқлар орқали) ташкил этилади.

ОЗОДМАКТУБ: "Деҳлида тахминан 200дан ошиқ ватандош қолиб кетди"

Озодликка Ҳиндистон пойтахтидан йўллангани айтилган мактубда, Деҳли шаҳрида 200дан ортиқ ўзбекистонлик юртига қайтишни кутаётгани айтилди.

Мактуб мазмунига кўра, буларнинг аксарияти жарроҳлик амалиёти учун Ҳиндистонга борган хаста ўзбекистонликлар ва уларнинг яқинларидир.

Айримлари эса жарроҳлик амалиётини кўтаролмай, вафот этгани ҳам айтилмоқда.

Исмини ошкор қилмаётганимиз мактуб муаллифи элчихонага мурожаат қилгани, элчихонадагилар эса Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидан жавоб кутаётганини айтиш билан чекланаётганини ёзмоқда.

Қуйида ушбу мактуб таҳрирсиз келтирилади:

"Ассалому алейкум. Сизга Ҳиндистон пойтахти Деҳли шаҳридан Ўзбекистон фуқоролари номидан ёзвомиза. Бизни номимиздан мақола чиқариб беришингизни илтимос қилиб.

Бу ерда тахминимиз бўйича 200 тадан ошиқ фуқороларимиз бор. Бу ердаги ватандошларимизни аксарияти жарроҳлик амалиёти учун келганлар.

Ўзбекистондан Деҳлига охирги марта 21 март куни чартер самолёт келган. Ўшандан бери кутиб ўтиримиза мурожат қилмаган жойимиз қолмади.

Элчихонага телефон қилсак, ТИВга хабар берганмиз жавоб кутиб ўтирибмиз, деб айтишади ҳар доим.

Ватанимизга қайтиб кетолмаётганимиз сабабини ҳалигача тушунмаяпмиз.

Бу ердигиларни аксарияти касалар ёши катта инсонлар, жарроҳлик муолажасини кўтаролмай жон берганлар ҳам бор.

Сиздан илтимос мақола чиқариб берсангиз, чартер рейс берилишига сабабчи бўлиб қолишингиздан умид қиламиз".

ССВ: Бухорода ва Тошкентда яна 31 бемор соғайди

19 апрель куни Бухоро вилояти ихтисослашган тиббиёт муассасасидан 10 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор буткул соғайиб чиққани хабар қилинди.

Улар реабилитацияга кузатилган.

Айтилишича,шифо топганларнинг барчаси шу йил 25 март куни чартер рейс билан Россиядан Бухорога олиб келинган ва карантинга олинганлардир.

Уларнинг 3 нафари Самарқанд вилоятидан, 2 нафари Қашқадарё вилоятидан, Тошкент шаҳри, Навоий, Сурхондарё, Жиззах ва Андижон вилоятларидан эса 1 нафардан.

Улар орасида энг ёши каттаси 55 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 19 ёшда.

Бухоро вилояти бўйича шу пайтга қадар 47 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 57 нафарга етди.

Тошкент шаҳридаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлари илмий-текшириш институти клиникасида коронавирус инфекциясига чалинган 10 бемор ҳам буткул соғайиб, 19 апрель куни республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди.

Улардан 7 нафари коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, юқтириб олишган.

Шунингдек, 2 нафари Россиядан келган ва “Сокол” оромгоҳида карантинга олинган, яна 1 нафари эса Москва – Тошкент йўналишида чартер рейси орқали келгач, Юқори Чирчиқ туманидаги карантин марказига жойлаштирилганди.

Уларда коронавирус инфекцияси аниқлангач, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлари илмий-текшириш институти клиникасида даволанишни бошлашган.

Улар орасида энг ёши каттаси 61 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 13 ёшда.

Шунингдек, Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасидан илк бор коронавирус инфекциясига чалинган 11 бемор соғайган.

Соғайганларнинг барчаси чартер рейс орқали Туркиядан Тошкентга келган, 7 нафари “Ботаника” санаторийсига, қолган 4 нафари эса Ўртасарой карантин марказига жойлаштирилганди.

Уларда коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасига жойлаштирилган.

Улар орасида энг ёши каттаси 51 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 23 ёшда.

Айни пайтга қадар мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан жами 225 нафар бемор тўлиқ соғайди.

ОЗОДМАКТУБ: "30 апрелгача контракт тўламасак, талабалар сафидан чиқарилишимизни айтиб қўнғироқлар бўлаяпти"

Озодликка Бухородаги Мухандислик технологиялари институти талабалари номидан йўлланган мактубда контракт пулини тўлаш талаб қилинаётгани айтилди.

Мактубда баён қилинишича, ўқиш пулини 30 апрелгача тўлаш талаб қилинмоқда.

Қуйида мактуб таҳрирсиз эълон қилинмоқда:

"Ассалому алайкум. Биз бухоролик бир қатор талабалар сизнинг каналингиз орқали мурожаат йўлламоқчимиз. Чунки каналингизда етакчи соҳа вакиллари мавжуд ва бизнинг мурожаатни кўришади деб ўйлаймиз.

Ҳозирда юртимизда карантин бўлишига қарамай Бухоро Мухандислик технологиялари институти талабаларига нисбатан институтдаги баъзи бир ўқитувчилар томонидан, бизга агар 30 - апрелгача контракт суммасини тўламасак, бизни талабалар сафидан чиқарилишимизни айтиб қўнғироқлар бўлаяпти.

Бу қанчалик тўғри? Ахир олий таълим вазирлиги вакили брифингда сўзга чиқиб карантин даврида контракт тўламаганлар талабалар сафидан чиқарилмайди, буни эса карантин тугагач кўриб чиқамиз, дея маълумот берилганди.

Бизга шу масалага ойдинлик киритишингизни сўраймиз.

Ҳозирда ота онамиз ва биз уйда ўтирибмиз. Контракт суммасини тўлашга имконимиз йўқ".

ССВ: яқин вақтда 400 минг одам тест қилинади

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, шу кунгача вирусни аниқлаш учун 100 мингдан ортиқ одам тест қилинган.

Вазирлик ҳузуридаги Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов 19 апрель куни брифинг ўтказди.

Унинг маълум қилишича, айни пайтгача 100 мингдан ортиқ инсон коронавирус бўйича тестдан ўтказилган, яқин вақт ичида ушбу рақамлар ярим миллионга етказилиши режаланган.

Шунингдек, расмийга: "Хитойда битта беморни коронавирус билан даволаш ўртача 3 минг доллар, аҳволи оғир беморни даволаш 21 минг доллардан ортиқ экан. Бу ростми?" деган савол берилди.

Расмий бу саволга жавоб бераркан, Ўзбекистонда бир беморни даволаш қанчага тушаётганини айтмади:

"Ҳар хил давлатларда бу рақамлар ҳар хил талқин этилмоқда. Ҳақиқатан ҳам бу диагноз билан даволаниш, айниқса реанимацион ҳолатларда арзон бўлиши мумкин эмас. Бироқ Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ бўлган барча харажатлар давлат томонидан қопланади. Бемор ва барча карантин зоналарида карантинда сақланувчи фуқароларимиз учун бепул", дейиш билан чекланди ССВ вакили.

Брифингни тўлиқ қуйида томоша қилишингиз мумкин:

ЭЪЛОН: муддати тугаган ҳужжатлардан 1 июлгача фойдаланиш мумкин

Республика махсус комиссияси қарори билан автотранспорт воситалари эгаларига қулайлик яратиш ҳамда муддати тугаган ҳужжатлар учун енгиллик бериш мақсадида айрим ҳужжатлар муддати шу йилнинг 1 июлигача узайтирилди.

Булар:

- барча рухсат бериш хусусиятига эга бўлган ҳужжатлар (лицензия ва рухсатномалар);

- шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар (фуқаролик паспорти, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида яшашига рухсатнома);

- автотранспорт воситаларини бошқариш учун талаб қилинадиган ҳужжатлар (суғурта полиси, ишончнома, техник кўрикдан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар)


Бунда, уларнинг муддати ўтганлиги муносабати билан юридик ва жисмоний шахсларга жавобгарлик ва бошқа таъсир чоралари қўлланилмайди.

ИИВ: ички постдаги ҳарбийлар вазият "назоратдан чиқмаслигини таъминлаш" учун қўйилган​

Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов ташкил этилаётган постларга ҳарбийлар қўйилишига изоҳ берди.

Маълумки, коронавирус инфекцияси тарқалмаслиги учун, аҳоли ва транспортнинг чекланган ҳаракатини назорат қилувчи постлар шаҳарлар ичида ҳам ташкил қилинди.

Жумладан, Тошкент шаҳрининг ўзида 61 та ички пост қўйилган. Бу постларда ИИВ ходимлари, Миллий гвардия ҳарбийлари ҳамда маҳалла фаолларидан тузилган жамоатчи назоратчилар турибди.

19 апрель кунги брифингда Ғиёсовга: "Ташкил этилган постларда нега қуролланган ҳарбийлар туришибди? Бу аҳолида ваҳима уйғотяпти. Бизда уруш бўлмаяптику?" деган савол берилди.

Бунга жавобан ИИВ вакили COVID-19 мамлакат бўйлаб кенг тарқалиб кетишини олдини олиш ҳамда "назоратдан чиқмасликни таъминлаш мақсадида" шундай чора белгиланганини айтди:

"Бу ҳолатни нормал қабул қилишни ҳамда белгиланган тартиб-қоидаларга тўлиқ риоя этган ҳолда, ўзингиз ва оилангиз хавфсизлиги нуқтаи назаридан ёндашишингизни маслаҳат берган бўлардик".

Шунингдек, ИИВ вакили томорқасида ҳосили етишган деҳқонлар маҳсулотни ўз машинасида бозорга олиб бориши мумкинлигини эслатди:

"Махсус комиссиянинг 2020 йил 11 апрелдаги 18-сон Баёнига кўра, етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бозорга ёки озиқ-овқат дўконларига М1 ёки М2 тоифадаги шахсий транспорт воситангизда олиб боришингиз мумкин".

Айни пайтда, Ғиёсов Тошкентда 20 апрелдан барча тадбиркорларга автомобилда стикерсиз юришга рухсат берилади, деган миш-мишларни инкор қилди.

Брифингни тўлиқ қуйида томоша қилишингиз мумкин:

ВАЗИРЛИК: якуний давлат имтиҳонларини ўтказиш йўллари муҳокама қилинмоқда

Халқ таълими вазирлиги шу кунларда мактабдаги якуний давлат имтиҳонларини ўтказиш йўллари муҳокама қилинаётганини билдирди.

Вазирликнинг ахборот хизмати раҳбари Анвар Умаров 19 апрель кунги брифингда шуни маълум қилди.

Маълум қилинишича, Халқ таълими вазирлиги ва тегишли давлат ташкилотлари 5-11-синф ўқувчилари учун босқичли назорат ва якуний давлат имтиҳонларини ўтказиш йўллари ёки бекор қилиш масаласини муҳокама қилмоқда.

"Ишлаб чиқилган таклифлар Махсус ҳукумат комиссияси муҳокамасига тақдим этилади. Халқ таълими вазирлиги Махсус ҳукумат комиссиясининг бу масаладаги қарорини ўз каналлари орқали маълум қилади", деди Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Анвар Умаров.

Брифингда ўқитувчилар томонидан: "Ҳозир отпускага чиқиб кетсак, 20 кундан кейин отпускамиз тугайди, ўша пайт карантин тугамаган бўлса, бизни ўз ҳисобимиздан яна таътилга чиқаришадими?" деган савол берилди.

Вазирлик вакилига кўра, навбатдаги меҳнат таътилидан фойдаланган ҳамда иш жараёнини масофавий тарзда, мослашувчан иш графиги асосида ташкил этиш имкони бўлмаган ходимларга тўловларни амалга ошириш бўйича қисқа муддатда таклиф ишлаб чиқиш Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига юклатилган.

Бу масала бўйича қўшимча ахборот берилиши айтилди.

Брифингни тўлиқ қуйида томоша қилишингиз мумкин:

ПРОКУРАТУРА: 2 млн. аҳоли 11 мингдан ортиқ томорқага бириктирилди

АОКА ҳузуридаги штабда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бўлим бошлиғи Фарҳод Очилов иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

Брифингда нархларни асоссиз ошириш, ажиотажга сабаб бўлувчи 1 минг 95 та ҳолат ва жами 2,33 млрд сўмлик маҳсулотни қиммат сотиш аниқлангани айтилди.

"Хусусан, ҳуқуқбузарликларнинг 313 таси картошкани, 5 таси сабзи, 49 таси пиёз, 27 таси ун, 42 таси ёғ, 34 таси гўшт ва 364 таси бошқа маҳсулотларни қиммат сотиш билан боғлиқ ҳолатлар бўлиб, ҳар бир ҳуқуқбузарга нисбатан қатъий чоралар кўрилди", деди Очилов.

Айтилишича, қарийб 2 млн. аҳоли доимий фаолият юритувчи деҳқон бозори мавжуд бўлмаган 15 та туманда яшайди.

Бу туманлардаги савдо дўконлари 27 турдаги зарур маҳсулотларни сотадиган минимаркетларга айлантирилган ҳамда ишлаб чиқарувчиларга бириктирилган.

Бу дўконларни маҳсулот билан таъминлайдиганлар орасида 11 минг 200 дан ортиқ томорқа ҳам бор.

"Департамент ташаббуси билан ушбу туманлардаги 489 та дўконга 136 та ишлаб чиқарувчи, 1319 та фермер ва деҳқон хўжалиги ҳамда 11208 та томорқа ер эгалари бириктирилиб, 14-18 апрел кунлари жами таклиф этилган 27 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлардан 1599 тонна сотилди", деб маълум қилди прокуратура расмийси.

Шунингдек брифингда маълум қилинишича, давлат ресурсидан ажратиладиган ун ҳажмини биржа савдоларисиз арзон нархда истеъмолчиларга етказиб беришга киришилган.

"Департамент органлари томонидан ун маҳсулотларини дон корхоналаридан тўғридан-тўғри харид қилувчилар рўйхатига:

— амалда ишламаётган савдо нуқталари,
— макарон ишлаб чиқарувчилар,
— новвойхоналар,
— биржада нархларни манипуляция қилган субъектларни киритилмаслик бўйича барча чоралар кўрилади",
деб маълум қилди Очилов.

Шунингдек, прокуратура вакили картошкага талабнинг кескин ошгани ҳисобга олиниб, импорт қилинган картошканинг "биринчи қўл" тамойили асосида марказлашган тарзда, манзилли равишда аҳолига етказиб бериш механизми йўлга қўйилганини айтди:

"Бозорда муайян маҳсулотнинг нархи ошиш эҳтимоли пайдо бўлиши билан ўша маҳсулот миқдорини кўпайтириш орқали интервенция қилиш мақсадида:

15 март-17 апрель кунлари республика бўйича 16 000 тн картошка, 5 200 тн пиёз, 3 700 тн сабзи, 400 тн карам, 460 тн товуқ гўшти, 1150 тн гўшт, 8,3 млн дона тухум, 1 350 тн гуруч, 540 тн шакар ва 120 тн олма ишлаб чиқарувчилар нархида интервенция қилинди".

Бошқа тафсилотлар қуйидаги видеолавҳада:

Бош санитар инспектор: 80 беморда пневмония белгилари кузатилмоқда, 11 нафарининг аҳволи оғир

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Атабековнинг маълум қилишича:

- Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида даволанаётган 87 беморнинг 27 нафарида пневмония белгилари кузатилмоқда, 4 нафарининг аҳволи оғир, бир нафарининг аҳволи эса ўта оғир деб баҳоланмоқда.

Тошкентдаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлари илмий-текшириш институти клиникасида даволанаётган 93 нафар беморнинг 2 нафарининг аҳволи оғир.

Тошкент тиббиёт академияси клиникасида даволанаётган 165 нафар беморнинг 53 тасида пневмония белгилари кузатилаётган бўлса, 5 нафарининг аҳволи оғир, деб баҳоланмоқда.

Нурмат Отабеков брифингда, апрель, 2020
Нурмат Отабеков брифингда, апрель, 2020

ИНФОГРАФИКА: 1 киши 27 кишига вирусни қандай қилиб юқтириши мумкин?

Коронавируснинг янги турини юқтириб олган бемор, карантин қоидаларига амал қилмаса, инфекцияни 1 ҳафта ичида камида 3 нафар кишига юқтириши мумкин.

Koronavirus Info Телеграм каналида берилган видеоизоҳда вируснинг 1 кишидан 27 кишига қандай юқиши акс этган занжир тасвирланган.

Яъни, илк киши 1 ҳафтада 3 кишига, бу 3 киши эса 9, бу 9 киши кейинчалик 27 кишига вирусни юқтириши мумкин. Шундай қилиб зарарланиш занжири ҳар сафар 3 баробарга кўпаяверади.

Кўпчиликнинг хабари бўлган, аммо яна бир бор ёдга олиш фойдали бўлган маълумот қуйида:

ИИВ: карантин қоидаларини бузиш ҳоллари 80 мингга яқинлади

Карантин тадбирлари эълон қилинган вақтдан 18 апрель, соат 22:00га қадар республикада карантин қоидаларига амал қилмаслик билан боғлиқ жами – 79 851 та ҳолат аниқланди.

ИИВнинг хабар қилишича, қоидабузарларнинг асосий қисми ниқобсиз юрганлар, бемақсад велосипед минганлар ва карантин ҳудудини тарк этганлар бўлмоқда.

Сўнгги хабарида ИИВ Тошкентнинг Миробод туманида 28 яшар йигит 18 апрель куни уйида танишларини йиғиб, туғилган кунини нишонлангани учун жаримага тортилганини хабар қилди.

17 апрель куни Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрида ҳам 28 яшар бир аёл уйига меҳмон чақириб, спиртли ичимлик ичиб олиб, қўшниларини безовта қилгани айтилди. Бу аёл Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 3 та моддаси - 54, 183 ва 194-моддалари билан 1 115 000 сўм миқдорида жаримага тортилган.

Бошқа маълумотлар қуйидаги видеолавҳада:

ССВ: 77 яшар бемор бронхопневмония ва ўткир нафас етишмовчилигидан вафот этди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар қилишича, 7 апрель куни карантинга олинган 77 ёшли аёл вафот этган.

Хабарда айтилишича, бемор А. сурункали бронхит, ўнг ўпка ателектази, гипертония касаллиги билан аввалдан оғриган.

Зудлик билан ўтказилган тезкор диагностик таҳлиллардан сўнг беморда “Covid-19” коронавирус инфекцияси ҳам аниқланган.

Шундан сўнг унга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникасига ўтказилган.

"Бироқ вирусолог, пульмонолог, терапевт, кардиолог, реаниматологларнинг стандартлар асосида ўтказган тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор бугун ушбу инфекция асоратлари: икки томонлама бронхопневмониянинг оғир кечиши, ўткир нафас етишмовчилиги ва ўпка шишидан вафот этди", дейилади расмий хабарда.

Шунинг билан Ўзбекистонда Covid-19 коронавирус инфекциясига чалиниб, вафот этганлар сони 5 нафар бўлди.

* * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * *

Бу жонли блогда COVID-19 - коронавирус эпидемияси бўйича Ўзбекистон ва дунёдаги сўнгги вазиятга доир хабарлар, фото-видеоматериаллар жамланмоқда.

Бу жонли блогнинг учинчи қисми.

Аввалги қисмларини қуйида ўқишингиз мумкин:

Шарҳларни кўринг (2)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG