Линклар

Шошилинч хабар
07 июл 2020, Тошкент вақти: 07:03

Ўзбекистон хабарлари

Мирзиёев ЖБ вице-президентини “Дўстлик” ордени билан тақдирлади

Жаҳон банки вице-президенти Сирил Мюллер.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 20 апрель куни “Сирил Мюллерни Ўзбекистон Республикасининг “Дўстлик” ордени билан мукофотлаш тўғрисида“ги фармонни имзолади.

Фармон матнида қайд этилишича, С. Мюллер “мамлакат иқтисодиётида кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш ва устувор тармоқлардаги модернизация дастурларини рўёбга чиқаришда стратегик шерик ҳисобланган Жаҳон банки гуруҳи билан Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги кўп қиррали ва самарали ҳамкорликни шакллантириш ва ҳар томонлама мустаҳкамлашга, банк-молия, солиқ-бюджет, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалардаги туб ўзгаришлар жараёнига қўшаётган шахсий ҳиссаси, шунингдек, йирик инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини рўёбга чиқариш борасидаги амалий кўмаги, Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини ошириш йўлидаги улкан саъй-ҳаракатлари ҳамда Марказий Осиёда дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли шерикликни чуқурлаштиришга қаратилган ташаббусларни фаол қўллаб-қувватлаётгани учун” тақдирланган.

Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақалари бўйича вице-президенти Сирил Мюллер сўнгги бор Ўзбекистонга делегация етакчиси сифатида шу йил январь ойида келиб, президент Ш.Мирзиёев қабулида бўлган эди.

Қабул чоғида Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги шериклик бўйича янги узоқ муддатли стратегияни ишлаб чиқишга келишиб олинган.

Кун янгиликлари

МБ: Карантин талаблари юмшатилиши нақд пул айланмасига ижобий таъсир кўрсатди

Ўзбекистонда жорий йил март ойининг иккинчи ярмидан эълон қилинган карантин талабларининг май ойига келиб бироз юмшатилиши натижасида иқтисодиёт субъектларининг фаоллашуви банклар кассалари орқали нақд пуллар айланмаси динамикасига ҳам ўзининг ижобий таъсирини кўрсатди. Бу ҳақда Марказий банкнинг 6 июль куни ёйинланган “Нақд пул муомаласи бўйича қисқача шарҳ”ида айтилган.

МБ қайдича, 2020 йил апрель-июнь ойларида банк тизимида нақд пуллар айланмаси мамлакатда коронавирус пандемияси шароитида юзага келган ижтимоий-иқтисодий жараёнлар таъсирида шаклланган.

Апрель ойида банклар кассаларига нақд пул тушумининг март ойига нисбатан қарийб 41 фоизга камайиши кузатилган бўлса, июнь ойида апрелга нисбатан 85 фоизга кўпайиб, 14 триллион 600 миллиард сўмни ташкил этган.

Бироқ, Марказий банк таъкидича, июнь ойидаги кўрсаткич карантин шароитидан олдинги даврдаги ҳолатдан (жорий йил январида – 15 триллион 800 миллиард сўм ) камлигича қолмоқда. Айни пайтда МБ бу кўрсаткич эпидемиологик ҳолатнинг яхшиланиши ва карантин талабларининг юмшатилиши ортидан кейинги ойларда ижобий томонга ўзгаришини кутиш мумкинлигини қўшимча қилган.

Шарҳда нақд пул тушумларининг июнь ойида апрелга нисбатан ўсиш ҳажмининг қарийб 3,5 триллион сўми савдо ва пуллик хизматлардан, 1 триллион 400 миллиард сўми банк хизматлари бўйича тушумлар ҳиссасига тўғри келгани айтилган. Бу эса “яшил” ва “сариқ” ҳудудлардаги савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари фаолиятининг қайта тикланиши ҳамда автомашиналар ҳаракатига нисбатан таъқиқларнинг юмшатилиши, шунингдек, аҳоли томонидан бўш маблағларни банк омонатларига, кредитларнинг қайтарилишига ҳамда нақд чет эл валютасини сотиб олишга йўналтирилиши ҳисобига юзага келган.

МБга кўра, апрель ойида банклар кассалари (шу жумладан, банкоматлар) орқали чиқим қилинган нақд пуллар март ойига нисбатан 35 фоизга камайиши кузатилган бўлса, июнь ойида бу кўрсаткич апрель ойига нисбатан 53 фоизга кўпайиб, 14 триллион 800 миллиард сўмни ташкил этган.

Марказий банк карантин шароитида пенсия ва нафақа тўловлари, бюджет тизими ташкилотлари, шунингдек, фаолиятини тўхтатмаган стратегик корхоналар ходимларининг иш ҳақларининг тўлаб борилиши натижасида банклардан ушбу мақсадлар учун нақд пуллар чиқими нисбатан барқарор сақланиб қолинганини урғулаган.

Шарҳда июнь ойида банк карталарига жами 15 триллион 900 миллиард сўмлик маблағлар келиб тушиб, ушбу даврда банк карталаридаги 6 триллион 100 миллиард сўм аҳоли томонидан нақдлаштириб олингани қайд этилган.

Мирзиёев тижорат банклари фаолиятини танқид қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда банклар трансформацияси жараёнини фаоллаштириш зарурлигини таъкидлади. Бу ҳақда Ш. Мирзиёев 6 июль куни 2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси банк тизимини ислоҳ қилиш стратегиясини амалга ошириш ҳамда мамлакат тижорат банкларининг трансформация жараёнини жадаллаштириш бўйича ўтказган йиғилишда билдирган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Ш. Мирзиёев йиғилиш чоғида ҳозирда 6 та тижорат банки – “Ипотекабанк”, “Саноатқурилишбанк”, “Туронбанк”, “Асакабанк”, “Алоқабанк” ва “Агробанк” молиявий диагностика, истиқболли стратегияларни ишлаб чиқиш ва хусусийлаштириш масалалари бўйича халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни бошлаганини қайд этган.

“Бироқ бошқа банкларни трансформация қилиш ишлари етарли даражада фаол олиб борилмаяпти”, деган президент.

Бу камчиликни бартараф этиш учун Ш. Мирзиёев банклар фаолиятига хос бўлмаган функцияларни хатловдан ўтказиш, Марказий банк ҳузуридаги Қайта тайёрлаш корпоратив марказида аввало жойлардаги банк ходимлари учун банклар трансформациясини тушунтириш бўйича ўқув дастурларини ташкил этиш ҳақида топшириқ берган.

Йиғилишда банк тизимида коррупцияга барҳам бериш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Президентга кўра, барча тижорат банклари раислари коррупцияга чек қўйиш, комплаенс-назорат каби таъсирчан механизмларни жорий қилиш бўйича қатъий чоралар кўришлари лозим.

Ш. Мирзиёев йиғилишда давлат активлари бор тижорат банкларида ҳукуматдан олинган маблағлар ҳиссаси ҳамон юқорилигини ҳам танқид қилган.

Унга кўра, бундай кредитлар улуши Қишлоқ қурилиш банкда 41 фоизни, Ипотека банкда 32 фоизни ташкил этади. Ўтган йили банкларга давлат кафолати остида қарийб 600 миллион долларлик кредит линиялари жалб қилинган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 570 миллион долларни ташкил қилади. Шу билан бир қаторда, аҳолининг жамғарма ва муддатли депозитлари улуши йирик банкларда ўртача 5 фоизни ташкил этади, холос. Шу муносабат билан президент Марказий банкка тижорат банкларига аҳоли омонатларини жалб этиш бўйича қўшимча таклифлар ишлаб чиқишни топширган.

Ш. Мирзиёев банклар молиявий ресурсларни давлат ёрдами ва кўмагисиз, мустақил жалб қилишлари зарурлигини урғулаган.

Тошкентда 86 ёшли аёл вафот этиши ортидан COVID-19 қурбонлари сони 37 нафарга етди

Тошкентнинг Чилонзор туманида яшаган ва коронавирус юқтириб олгани тасдиқланган 86 ёшли З.Р. оламдан ўтди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълумотига кўра, 19 июнь куни қон босими юқорилиги, нутқи ўзгариши, қўл ва оёқлардаги кучсизлик сабаб Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилган бемор бундан ўн кун муқаддам аҳволи оғирлашганлиги сабабли реанимация бўлимига ўтказилган.

Инсульт, бош мия шиши, гипертония касаллиги, юрак ишемик касаллиги, ўпканинг сурункали обструктив касаллиги, ўткир юрак ва нафас етишмовчилиги ташхиси қўйилган беморнинг коронавирусга чалингани ҳам тасдиқланган.

Врачлар томонидан ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамай, бемор мия шиши, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этган. Шу тариқа Ўзбекистонда COVID-19 инфекцияси юқтириб олгани ортидан оламдан ўтганлар сони 37 нафарга етган.

Чилонзорликлар милиция ва савдогарларнинг тунги шовқинидан шикоят қилмоқда

Чилонзордаги кўп қаватли уйлар олдида юритилаётган ноқонуний савдо-сотиқ (Facebook тармоғидан олинган сурат).

Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани турғунлари тунда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг сиреналар ёқиб, овоз кучайтиргичлар орқали савдогарларни қувишга ҳаракат қилаётганидан безовта бўлаётганларини айтмоқдалар. Ижтимоий тармоқлардаги маълумотларга кўра, милиция вакиллари ҳамда бозорлар ёпилгани туфайли йўллар четида ва мавзеларда савдо қилаётган савдогарлар ўртасидаги зиддият бир ҳафтадан бери давом этмоқда.

Facebook фойдаланувчиси Наталья Шашкованинг “Чилонзор” гуруҳи қолдирган ёзувига кўра, Алгоритм мавзеида рухсат этилмаган бозор шундоққина одамлар яшайдиган кўп қаватли уй тагига очиб олинган. Шашкова ёйма бозорда савдо қилаётган кишиларнинг карантин туфайли ёпилган “Бек Барака” бозоридан келганини тахмин қилади.

Қайд этилишича, ички ишлар идоралари ва Миллий гвардия ходимлари кийим-кечак бозорларига киришни ёпиб қўйган. Пировардида савдогарлар йўл четига манекенларини қўйиб, молларини ёйиб, савдо қилишга тушиб кетишган. Одатда, бу ҳолат тунда ёки тонгга яқин содир бўлади. Ваҳоланки, “қизил” ва “сариқ” карантин ҳудудларида (Тошкентнинг барча туманлари “сариқ” ҳудудга киритилган) кечки соат 23:00 дан эрталабки соат 07:00 гача кўчада юриш тақиқланган. Милиция сирена ва овоз кучайтиргичларни ишга солган ҳолда, савдони тўхтатишга уринмоқда, бироқ бу шовқин-сурон чор-атрофдаги уйларда яшайдиган турғунлар тинчини бузяпти. Айтилишича, бу ерда тонгги соат 4 дан 7 гача эпидемиология қоидаларига зид равишда савдо-сотиқ қилинмоқда.

Айни пайтда ҳуқуқ-тартибот идоралари бу ердаги стихияли савдонинг олдини олишга муваффақ бўлаяпти, деб бўлмайди. Юқорида исми зикр этилган Наталья Шашкова уйи яқинидаги милиция таянч пунктига борган. У ердагилар шовқиндан безовта бўлаётган турғунлардан шикоятлар кўп тушаётганини, бироқ ҳозирча аҳвол ўзгаришсиз қолаётганини эътироф этишган. Ноқонуний савдо қилаётганлар кўчалардан қувилаётгани юзасидан фикр билдираётган Facebook фойдаланувчилари ҳозирда энг мақбул йўл кийим-кечак бозорларини ҳеч бир чекловсиз очиш бўлишини ёзганлар.

Чилонзор туманида “Ипподром” ва “Бек Барака” кийим-кечак бозорлари, шунингдек, қурилиш моллари ва идиш-товоқ бозорлари фаолият кўрсатади. Коронавирусга қарши кураш бўйича Республика махсус комиссияси қарорига мувофиқ, Тошкентдаги ноозиқ-овқат бозорлари муайян график асосида ишлаётгани туфайли вақти-вақти билан у ёки бу бозор дезинфекция ёпиб турилибди.

Коронавирус қурбонлари: Тошкентда 43 ёшли эркак оламдан ўтди

Ўзбекистон пойтахтининг Учтепа туманида яшаган ва коронавирус инфекциясига чалингани тасдиқланган 43 ёшли А. вафот этди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълум қилган.

Қайд этилишича, у бир неча кун давомида тана ҳарорати кўтарилиши, томоғида оғриқ ва ҳолсизлик бўлишига қарамай, шифокорларга ўз вақтида мурожаат қилмасдан, уй шароитида даволаниб юрган.

Пульмонолог тавсиясига биноан 2 июль куни Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам клиник шифохонасига юборилган беморга “икки томонлама пневмония, ўткир нафас етишмовчилиги 2-даража, семизликнинг 3-даражаси” ташхиси қўйилган. Шунингдек, унда коронавирус инфекцияси ҳам аниқланган.

Вазирлик, шифокорларнинг тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан, бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этганини билдирган. Шу тариқа Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олгани ортидан вафот этганлар сони 36 нафарга етган.

Марғилон шаҳрида Туркия университети филиали очилади

Бурса Улудағ университети сайтидан скриншот.

Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида Туркиянинг Бурса Улудағ университети филиали очилади. Бунга оид музокаралар, “Дунё” ахборот агентлиги хабарига кўра, Фарғона вилояти ҳокимлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси, Савдо-саноат палатаси ҳамда Туркия Республикасининг Бурса вилояти ҳокимлиги, Бурса Улудағ университети проректори, Бурса савдо-саноат палатаси вакиллари иштирокида куни кеча онлайн видеоконференция шаклида бўлиб ўтган учрашувда олиб борилган.

Учрашув пайтида Марғилонда Бурса Улудағ университетининг текстиль муҳандислиги, пиллачилик саноати, ипак қурти зоти дурагайларини яратиш, тўқимачилик маркетинги, дизайнерлик ва савдоси йўналишлари бўйича филиалини очиш юзасидан электрон битим имзоланган. Айни пайтда университет филиалининг қачондан очилишига аниқлик киритилмаган.

Тадбир чоғида ҳар томонлама алоқаларни ривожлантириш мақсадида Бурса савдо-саноат палатаси ҳамда Савдо-саноат палатаси Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси билан яқин кунларда онлайн видеоконференция ташкил қилиш, вилоят раҳбарлари иштирокида навбатдаги кенгайтирилган видеоконференция ўтказиш режаси ҳам муҳокама қилинган.

Самарқандда туғилган сиам эгизаклари вафот этди

Самарқандда туғилган сиам эгизакларининг вафот этгани ҳақида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумот тарқатди.

Жорий йилнинг 27 июнида Самарқандда дунёга келган сиам эгизаклари орадан ўн кун ўтиб вафот этди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, чақалоқларда нафас ва юрак етишмовчилиги борлиги, уларга доимий намланган ва илитилган кислород билан нафас олиши ҳамда тажрибали мутахассислар назоратида бўлиши зарурлиги сабабли эгизаклар 29 июнь куни Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига ўтказилган.

Аммо шифокорлар томонидан ўтказилган тезкор реанимацион муолажаларга қарамай, 6 июнь куни эрталабки соат 7:50 да сиам эгизакларининг биринчиси, соат 10:50 да эса иккинчиси нафас ва юрак етишмовчилиги туфайли жон таслим қилган.

Бир ҳафта муқаддам “сиам эгизакларининг аҳволи ёмон эмас”лиги ҳақида хабар қилинганди. Мутахассисларга кўра, сиам эгизакларининг туғилиши жуда камдан-кам юз берадиган ҳодиса бўлиб, Ўзбекистонда шу кунгача сиам эгизаклари туғилмаган эди.

МБ доллар ва евронинг расмий курсини яна оширди

Ўзбекистон Марказий банки жорий йил 7 июлидан валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматини белгилади.

МБ маълумотига кўра, сешанбадан АҚШ долларининг расмий курси ўтган ҳафтага нисбатан 11 сўм 35 тийинга қимматлаб, 10 минг 184 сўм 73 тийинни ташкил этади (ўтган ҳафта доллар курси 62 тийинга қимматлаб, 10 минг 173 сўм 38 тийин бўлган эди).

Евронинг расмий курси эса олдинги курсга нисбатан 44 сўм 30 тийинга ошиб, 11 минг 455 сўм 78 тийинга тенг бўлади (ўтган ҳафта евро курси 43 сўм 42 тийинга кўтарилиб, 11 минг 411 сўм 48 бўлган).

Валюта қийматини белгилаш чоғида Марказий банк мазкур валюталарни ушбу қийматда сотиш ёки сотиб олиш мажбуриятини зиммасига олмаган.

Икки ҳафта ичида хориждаги ўзбекистонликларни олиб келиш учун 19 та рейс амалга оширилади

Жорий йилнинг 6 июлидан 19 июлигача 19 та рейс орқали хориждаги ўзбекистонликлар юртига олиб келинади. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ахборот хизмати ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.

Хориждаги ўзбекистонликларни ватанга олиб келиш бўйича навбатдаги чартер рейслари жадвали Республика махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ равишда тасдиқланган.

Жадвалга кўра, 6 - 12 июль кунлари қуйидаги йўналишлар бўйича рейслар амалга оширилади:

6 июль – Сеул-Тошкент-Сеул
6 июль – Тошкент-Москва-Тошкент
7 июль – Тошкент-Истанбул-Тошкент
8 июль – Тошкент-Сеул-Тошкент
8 июль – Минск-Тошкент-Минск
9 июль – Тошкент-Москва-Тошкент
10 июль – Сеул-Тошкент-Сеул
10 июль – Тошкент-Дубай-Тошкент
11 июль – Тошкент-Москва-Тошкент
12 июль – Санкт-Петербург-Тошкент-Санкт Петербург

13 июлдан 19 июлгача эса қуйидаги йўналишлар бўйича чартер рейслар амалга оширилади:

13 июль – Сеул-Тошкент-Сеул
13 июль – Тошкент-Москва-Тошкент
14 июль – Тошкент-Санкт-Петербург-Тошкент
15 июль – Москва-Тошкент-Москва
15 июль – Тошкент-Сеул-Тошкент
16 июль – Истанбул-Тошкент-Истанбул
17 июль – Тошкент-Нью-Йорк-Тошкент
18 июль – Тошкент-Москва-Тошкент
19 июль – Тошкент-Владивосток-Тошкент

Юртга қайтмоқчи бўлган ўзбекистонликларга ўзлари юрган мамлакатлардаги Ўзбекистон элчихона ва консулликларига мурожаат қилиб, рўйхатга ёзилиш таклиф этилган. Чипталарни эса халқаро аэропортлардаги Uzbekistan Airways кассаларидан парвозга тўрт соат қолганда сотиб олиш тавсия қилинган.

Ўзбекистон элчихонаси муҳожирларни "ёлғон гапларга ишонмаслик"ка чақирди

Россия-Қозоғистон чегарасида йўл очилишини кутаётган марказий осиёлик муҳожирлар.

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси уйига қайтиш илинжида бўлган меҳнат муҳожирларини Россия—Қозоғистон чегарасидан муайян ҳақ эвазига ўтказиб қўйишни таклиф қилаётганларга ишонмасликка чақирди.

Элчихонанинг билдиришича, “йўловчи ташиш билан шуғулланадиган айрим шахслар Россия—Қозоғистон чегарасига одамларни етказиб қўйиш ва чегарани кесиб ўтишда “ёрдам бериш”ни ваъда қилиб, турли эълонлар тарқатмоқда”.

Элчихона бу ёлғон эканини, Россия, Ўзбекистон ва Қозоғистонда карантин чоралари, жумладан, мамлакатларга кириш бўйича чекловлар ўз кучида қолаётганини таъкидлади.

“Афсуски, шу кунларда Самара вилоятидаги Большая Черниговка қишлоғи, Оренбург вилоятидаги Бузулук тумани ва Соль-Илецк шаҳрида Ўзбекистон фуқароларининг яна тўпланиши кузатилмоқда. Уларнинг кўпчилиги ёлғон хабарларга ишониб Россиянинг турли ҳудудларидан келган ва Қозоғистон орқали ватанимизга қайтиш истагини билдирмоқда”, -дейилади хабарда.

Элчихона муҳожирларни бир ерга тўпланиш коронавирусга чалиниш эҳтимолини кучайтириши тўғрисида огоҳлантирди.

Ўзбек тилига “Ноу-хау” сўзи расман киритилди

Янги луғат уч минг нусхада чоп этилган.

“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”нинг янги таҳририга “жамиятда юз берган ўзгаришлар натижасида истеъмолга кириб келган юзлаб янги сўз ва атамалар киритилди”. Бу ҳақда Ўзбекистон Фанлар академияси хабар берди.

“Масалан, брокер, депозит, дилер, консалтинг, лизинг, менежер, менежмент, мониторинг, ноу-хау, санация, холдинг, дисплей, интернет, монитор, принтер, сайт, сканер, файл сингари бир қанча янги сўзлар шулар жумласига киради”, — дейилади хабарда.

Хабарда таъкидланишича, Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти томонидан 2006—2008 йилларда 5 жилдли “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” яратилган ва нашр этилган. Янги луғат мазкур нашрнинг тўлдирилган янги таҳриридир ва уч минг нусхада чоп этилган.

“Ушбу луғатга 80 мингга яқин ўзбек адабий тилида кенг истеъмолда бўлган сўз ва сўз бирикмалари, фан, санъат, маданият ва техника соҳаларига оид терминлар, шеваларда қўлланадиган сўзлар, тарихий атамалар жамланган”, - дейилади хабарда.

35-ўлим: Тошкентда сўнгги бир кунда тўрт бемор вафот этди

Аввалроқ Тошкентда уч киши вафот этгани хабар қилиган эди

Тошкент шаҳри Олмазор туманида яшовчи 67 ёшли Л.М., (эркак киши)коронавирус оқибатида вафот этгани ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлиги 6 июлда хабар берди.

Билдирилишича, Л.М., 26 июндан томоғида оғриқ, тана ҳарорати кўтарилган, аммо шифокорга мурожаат қилмасдан уйида даволанган. 1 июль куни эса йўтали кучайиб, нафас сиқиши белгилари пайдо бўлгач, тез ёрдам чақирган ва тез тиббий ёрдам машинасида Тошкент шаҳар 2-сон юқумли касалликлар шифохонасига олиб борилган.

Шу куни ундан “COVID-19” инфекциясига таҳлил олиниб, зудлик билан реанимацион муолажалар бошланган. Беморга ўткир миокард инфаркти, икки томонлама пневмония, нафас етишмовчилигининг 2-даражаси, юрак ишемик касаллиги, гипертония касаллиги” ташхиси қўйилган. Унда коронавирус инфекцияси ҳам аниқланган.

“Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган тезкор реанимацион муолажаларга қарамасдан бемор ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди”, -дейилади хабарда.

5 июль куни Тошкентда уч киши - 45 ёшли эркак, 71 ва 49 ёшли аёлнинг коронавирусдан вафот этгани хабар қилинган эди.

Коронавирусга чалинганларнинг 33 нафари оғир аҳволда қолмоқда

Ҳозирда касалхоналарда 3524 нафар бемор қолмоқда.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 6 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, 10143 нафарни ташкил этмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, бу билан сўнгги 12 соатда коронавирус юққанлар сони 123 нафарга кўпайди.

“Янги касалланиш ҳолатларининг 43 нафари Карантин марказидаги фуқаролар (барчаси хориждан келган) орасида, 60 нафари Андижон вилоятида (шундан 58 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 2 нафари аҳоли орасида), 20 нафари Тошкент вилоятида халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари орасида аниқланган”, -дейилади хабарда.

Айни пайтда коронавирусга чалинганлардан 6584 нафари соғайди, 34 бемор вафот этди.

Ҳозирда касалхоналарда 3524 нафар бемор қолмоқда. Улардан 25 нафари оғир, 8 нафари эса ўта оғир аҳволда.

34-ўлим: Тошкентда коронавирусга чалинган яна бир бемор вафот этди

Тошкентда бир кунда коронавирусдан уч киши вафот этди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 6 июлда билдиришича, Тошкент шаҳри Юнусобод туманида яшовчи, коронавирусга чалингани аниқланган 49 ёшли Н.У., (аёл киши) 5 июнь куни ўткир нафас ва юрак етишмовчилигидан вафот этди.

Вазирликнинг билдиришича, у “бир неча кун давомида тана ҳароратининг кўтарилиши, томоғида оғриқ ва ҳолсизлик бўлишига қарамасдан шифокорларга ўз вақтида мурожаат қилмаган”.

Жорий йил 3 июль куни бемор хусусий клиникада коронавирусга таҳлил топширган. Шу куни аҳволи оғирлашганлиги сабабли 7-сон шаҳар клиник шифохонасининг реанимация бўлимига ётқизилиб, сунъий нафас олиш аппаратига уланган.

“Унга “Икки томонлама пневмония, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, кома I” ташхиси қўйилган. Беморнинг даволаниши давомида кунлик аҳволи малакали шифокорлар томонидан доимий назоратга олинган. Бироқ шифокорларнинг стандартлар асосида ўтказган реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир нафас ва юрак етишмовчилигидан вафот этди”, -дейилади хабарда.

Н.У., 5 июль куни Тошкентда коронавирусдан вафот этган учинчи бемор бўлди. Аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги 5 июль куни Тошкентда икки киши - 45 ёшли эркак ҳамда 71 яшар аёлнинг коронавирусдан вафот этганини хабар қилган эди.

33-ўлим: Тошкентда уйида ўзини даволаб юрган коронавирус бемори вафот этди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкентда 45 ёшли эркак коронавирусдан вафот этганини маълум қилди.

Расмий хабарда айтилишича, пойтахтлик З. да бир неча кун давомида коронавирус аломатлари сезилиб, оғриқ ва ҳолсизлик кузатилганига қарамай уй шароитида даволаниб юрган.

30 июнь куни Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам шифохонасига ўта оғир ҳолатда, ўткир нафас етишмовчилиги билан олиб келиниб, реанимация бўлимига ётқизилган.

"Беморга юрак ишемик касаллиги, ўткир юрак ва нафас етишмовчилиги, икки томонлама пневмония дастлабки ташхиси қўйилган. Реанимацион муолажаларига қарамасдан, бемор ўткир юрак-қон томир ва ўпка етишмовчилигидан вафот этди", дейилади расимий хабарда.

5 июль куни Тошкентда коронавирусдан 71 яшар аёлнинг вафот этгани ҳам хабар қилинган эди.

Шу билан Ўзбекистонда коронавирус юққач, вафот этганлар сони 33 кишига етди.

Ўзбекистонда сўнгги икки ҳафта ичида COVID-19 га чалинганлар сони кунига камида 200 нафарга ошаётгани кузатилмоқда. Сўнгги бир неча кун ичида ўлим ҳолатлари ҳам қарийб 10тага кўпайди.

32-ўлим: 71 яшар бемор ўткир юрак ва нафас етишмовчилигидан вафот этди

​Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкентда коронавирусга чалинган 71 яшар бемор ўткир юрак ва нафас етишмовчилигидан вафот этганини маълум қилди.

Расмий хабарга кўра, Шайхонтоҳур туманида яшовчи, 71 ёшли М.Г. жорий йил 30 июнь куни коронавирус аниқлангани сабабли Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасининг реанимация бўлимига ётқизилган.

Унга “Юрак ишемик касаллиги, гипертония, стенокардия, қандли диабет, сурункали буйрак етишмовчилиги, икки томонлама пневмония оғир кечиши, ўткир нафас етишмовчилиги” ташхиси қўйилган.

Бемор бундан аввал, охирги 10 йил давомида юрак ишемик касаллиги, гипертония, стенокардия, қандли диабет, сурункали буйрак етишмовчилиги ташхиси билан даволаниб юрган.

Сўнгги бир ой ичида эса режали гемодиализ муолажаларини олишни бошлаган.

"Бироқ шифокорларнинг стандартлар асосида ўтказган тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир юрак-қон томир ва ўпка етишмовчилигидан вафот этди", деб хабар қилди вазирлик.

5 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда инфекцияга чалинганлар сони камида 9829 нафар, 32 бемор вафот этди.

​Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 3373 нафар бемор шифохоналарда қолмоқда, улардан 15 нафари оғир, 10 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Пойтахтда 1-батальонни бошқарган Миллий гвардия мулозими Навоийга тайинланди

Миллий гвардия аскарлари (иллюстратив сурат)

Ўзбекистон Миллий гвардиясининг Тошкент шаҳри Қўриқлаш бошқармасида ишлаган майор Нурмахон Ниёзбеков Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди.

Миллий гвардия Телеграм каналида хабар қилинишича, Н. Ниёзбеков бунга қадар пойтахт Қўриқлаш бошқармаси 1-Алоҳида батальони командири лавозимида ишлаган.

Расмий хабарда, гвардиянинг Тошкентда мулозими нима сабаблар билан Навоийга тайинлангани, Навоийдаги эндиликда собиқ раҳбар нега лавозимидан олингани ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмади.

Аммо, кейинги пайтларда айниқса Навоий вилоятидан, шунингдек қатор бошқа вилоятлардан, COVID-19 эпидемиясига қарши карантин чоралари назоратини сақлашга жалб қилинган Миллий гвардия ҳарбийлари устидан аҳоли шикоятлари ортгани кузатилмоқда.

Озодликка келаётган шикоятларда, ҳарбийларнинг ниқобсиз ёки мақсадсиз юрган, деб топилган аҳоли вакилларига куч қўллаётгани иддао қилинади.

Тошкентда аҳоли орасида коронавирус юқтирган 100дан ортиқ киши аниқланди

Жамоат жойларда аҳолининг қўлларини дезинфекция қилишини назорат қилувчи гуруҳлар ишламоқда, июнь, 2020, Сирдарё (иллюстратив сурат)

Тошкентда 100 дан ортиқ ҳолатда коронавирус аҳоли орасидан аниқланди.

4 июль куни Ўзбекистон бўйлаб, 312 ҳолатда касаллик қайд этилган.

Шундан 142 нафари аҳоли орасида:

- 105 нафари Тошкент шаҳрида,

- 36 нафари Тошкент вилоятида,

- 1 нафари Бухоро вилоятида аниқланди.

Қолган 162 нафари Карантин муассасаларида, 8 нафари эса халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиларида орасида аниқланган.

Мамлакат бўйлаб уй карантинида 42 659 нафар, стационар карантинда эса 24 301 нафар одам тиббий кузатувда қолмоқда.

Коронавирус юққан яна бир эркак оламдан ўтди, қурбонлар сони 30 нафарга етди

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Тошкентда коронавирусга чалинган 65 ёшли эркак 3 июль куни вафот этган.

Шундай қилиб, расмий маълумотларда келтирилаётган Ўзбекистондаги касаллик қурбонлари сони 30 нафарга етди.

Вазирлик билдирувида айтилишича, 1 июль куни 65 ёшли эркак ўта оғир аҳволда Ибн Сино номидаги 1-сон шаҳар клиник шифохонасининг жонлантириш бўлимига ётқизилиб, сунъий нафас олиш аппаратига уланган.

Унга гипертония касаллиги, атеросклероз, бош мияда қон айланишининг ўткир бузилиши (инсулт)нинг иккинчи бор қайталаниши (биринчи ҳолат 2020 йил июнь ойида юз берган), геморрагик инсулт ташхиси қўйилган.

3 июль куни шифокорлар томонидан стандарт асосида кўрсатилган тезкор реанимацион муолажаларга қарамасдан бемор ўпка артерияси тромбоэмболияси, ўткир нафас ва юрак етишмовчилигидан вафот этган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Ўзбекистонда 4 июлга келиб коронавирус аниқланганлар 9 ярим мингда ошган.

ССВ: Ўзбекистонда коронавирус юқтирганлар 104 кишига кўпайиб, 9500 нафарни ташкил этмоқда

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 9500 нафарга етди.

Ўзбекистонда 4 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 104 кишига кўпайиб, 9500 нафарни ташкил этмоқда.

Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

Шу пайтга қадар 29 нафар бемор касаллик асоратлари оқибатида вафот этган.

Ҳозирда мамлакатда 3220 нафар беморга шифокорлар томонидан белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда. Улардан 16 нафари оғир, 8 нафари ўта оғир аҳволда.

Ўзбекистонда коронавирусни аниқлаш бўйича умумий ҳисобда 1 246 691 та тест ўтказилди.

29-қурбон: Тошкентда коронавирус юқтириб олган 77 ёшли аёл оламдан ўтди

Ўзбекистон пойтахти Тошкентда яшаган ва коронавирус инфекцияси юқтириб олгани тасдиқланган 77 ёшли Н. Г. вафот этди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълумотига кўра, бемор жорий йил 7 июнидан 16 июнигача Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида юрак ишемик, гипертония, қон айланиш етишмовчилиги, ўнг сут бези саратони, икки томонлама бронхопневмония, ўпка шиши ташхиси билан даволанган.

23 июнь куни унда коронавирус инфекцияси ҳам аниқланган ва ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

ССВ қайдича, у охирги 10 йил давомида юрак ишемик, гипертония ва онкологик хасталик каби қатор ташхислар билан даволаниб келган.

Вазирлик, кўрсатилган реанимацион муолажаларга қарамасдан, бемор ўткир юрак қон-томир ва ўпка етишмовчилигидан вафот этганини билдирган. Шу тариқа Ўзбекистонда коронавирусга чалингани ортидан ҳаётдан кўз юмганлар сони 29 нафарга етган.

Ўзбекистонда қолиб кетган россияликлар бешта рейс билан юртига олиб кетилади

Коронавирус пандемияси ортидан чегаралар ёпилиб қолгани туфайли Ўзбекистонда қолиб кетган россияликларни олиб чиқиб кетиш учун янги рейслар ташкил этилмоқда. Бу ҳақда Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси консуллик хизмати маълум қилди.

Аввалдан келишилган графикка мувофиқ россияликлар қуйидаги саналарда юртига қайтарилади:

5 июль куни – Тошкент-Новосибирск

5 июль куни – Тошкент-Ростов

7 июль куни – Тошкент-Москва

8 июль куни – Тошкент-Жуковский

10 июль куни – Тошкент-Санкт-Петербург

Учоқ бортида жой сони чекланганини урғулаган консуллик Россияга қайтажак ватандошлар рўйхати Давлат хизматлари порталидаги қайд асосида шакллантирилишини билдирган.

SamAuto заводида янги тез ёрдам автомобиллари ишлаб чиқарилади

SamAuto заводида ишлаб чиқариладиган "тез ёрдам" автомобили ("Ўзавтосаноат" АЖ фотоси).

Ўзбекистондаги SamAuto заводида ISUZU D-Max пикапи негизидаги тез тиббий ёрдам машиналари ишлаб чиқарилади. Бу ҳақда “Ўзавтосаноат” АЖ Телеграмдаги ўз расмий канали орқали маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, мазкур автомобиль “юқори ўтувчанликка, маневрликка эга ҳамда ишончлилиги ва тежамкорлиги билан ажралиб туради”.

“Ўзавтосаноат” янги автомобиль тиббиётнинг айнан зарур бўлган йўналишига қараб, талаб ва кўрсатмаларга мувофиқ қўшимча ускуналар билан жиҳозланиши мумкинлигини қўшимча қилган.

Ўзбекистоннинг аксар ҳудудларида “тез тиббий ёрдам” хизматлари Андижонда ишлаб чиқарилган ва салони анча тор бўлган Damas машиналаридан фойдаланиб келади. Ўтган йили мамлакат ҳукумати пойтахт Тошкентда тез тиббий ёрдам хизматидаги Damas машиналарини тўлалигича замонавий Ford машиналарига алмаштириш ҳақида қарор қабул қилганди.

Коронавирусга чалинган тошкентлик эркак оламдан ўтди, қурбонлар сони 28 нафарга етди

Тошкент шаҳрида яшаган ва коронавирусга чалингани тасдиқланган 59 ёшли Ғ. Б. оламдан ўтди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълум қилди.

Маълумотларга кўра, 2 июль куни ўта оғир ҳолатда Тошкентдаги 4-сон шаҳар клиник шифохонасининг реанимация бўлимига ётқизилган ва сунъий нафас бериш аппаратига уланган.

Юрак ишемик касаллиги, қандли диабет, сурункали буйрак етишмовчилиги, инфарктдан кейинги кардиосклероз, икки томонлама пневмония каби ташхислар қўйилган беморда коронавирус инфекцияси ҳам аниқланган.

ССВ қайдича, тезкор реанимацион муолажаларга қарамасдан, бемор ўткир юрак-қон томир ва ўпка етишмовчилигидан вафот этган. Шу тариқа Ўзбекистонда коронавирусга чалингани ортидан ҳаётдан кўз юмганлар сони 28 нафарга етган.

Қаршида чеклов чоралари кучайтирилади

Қаршида жамоат транспортини дезинфекция қилаётган ходим, 2020 йил 17 марти.

Қашқадарё вилояти маркази бўлган Қарши шаҳрига кириш-чиқиш жиддий назоратга олинади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати ўз Телеграм-канали орқали маълум қилган.

Хабарномада вилоят махсус комиссияси қарори билан фаолияти тўхтатилган айрим назорат масканлари (постлар) қайта тикланиши қўшимча қилинган.

Расмий маълумотларга кўра, айни пайтда Қашқадарё вилоятида коронавирусга чалинган сони 201 нафарни ташкил этмоқда. Беморлардан 119 нафари соғайиб кетган, бир бемор оламдан ўтган.

Сўнгги уч кун ичида Нукус, Бухоро ва Жиззах шаҳарларига кириш-чиқишда назорат кучайтирилгани кузатилди.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG