Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:31

Деҳқонободда каврак можароси катталашмоқда: Ери тортиб олинган 100 дан ошиқ оила вакиллари норозилик билан Қаршига келди (ВИДЕО)


16 июнь куни Қашқадарë вилоят прокурори билан учрашишга келган бўзтепаликларни ҳеч ким қабул қилмади.
16 июнь куни Қашқадарë вилоят прокурори билан учрашишга келган бўзтепаликларни ҳеч ким қабул қилмади.

Деҳқонобод туманининг ўзбек-туркман чегарасида жойлашган Бўзтепа қишлоғи аҳли вакиллари 16 июнь куни Қашқадарë вилоят прокуратурасига ўз норозилигини ифодалаш учун келди.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган норозиларнинг айтишича¸ 2015 йилда Деҳқонобод туман Ўрмон хўжалиги бўлими билан 7 йиллик ижара шартномаси асосида доривор каврак ўсимлиги етиштириб келган 100 дан ошиқ бўзтепалик оила туман ҳокими бу ерларни “инвесторларга тортиб олиб бериши" ортидан ягона тирикчилик манбаидан ажраган.

Деҳқонобод туман Ўрмон хўжалиги бўлими мулозими¸ қонун ва ҳужжатлар норозилар томонида экани¸ аммо на ҳокимлик¸ на прокуратура буни инобатга олмай келаëтганини тасдиқлади.

Деҳқонобод туман ҳокими ёрдамчиси масалани махсус ишчи гуруҳ ўрганаётганини билдирди.

Маълум бўлишича, 14-15 июнь кунлари Деҳқонобод туман марказидан қарийб 100 км масофада жойлашган Бўзтепадан 100 га яқин эркагу аëл ҳокимлик биносига келиб¸ ҳоким билан учрашув талаб қилган.

Тунги 11 да норозилар олдига чиққан туман ҳокими Зоир Алиқулов “масаласини эртагаëқ жойида ҳал қиламан” деган ваъдасида яна бир бор турмагани ортидан бўзтепаликлар Қаршига¸ прокуратурадан ҳимоя истаб борган.

150 км. йўл босиб келганларни вилоят прокурори тугул¸ оддий ходим ҳам қабул қилмасдан¸ орқага қайтариб юборган.

Бўзтепаликлар¸ ҳокимнинг халққа қарши қарори зудлик билан бекор қилинмаса¸ ўз норозилигини тўхтатмаслиги¸ эндиликда Тошкентга – президент девонига бориш режасида эканини айтмоқда.

Қўлида шартномаси билан ерсиз қолган деҳқонлар

Қашқадарë вилояти Деҳқонобод туманидаги Бўзтепа қишлоғи чўл ва адирликда жойлашган. Туркманистон билан чегара чизиғидаги бу қишлоқ аҳлининг Озодликка айтишича¸ иқлими ниҳоятда қаттиқ бўлган бу ҳудудда сув йўқлигидан¸ оддий деҳқончилик билан шуғулланишнинг иложи йўқ.

Асосан мол боқиш билан тирикчилик қилиб келган бўзтепаликлар 2015 йили туман Ўрмон хўжалиги бўлими билан 7 йиллик ижара шартномаси тузиб¸ адирликка доривор каврак ўсимлиги экишни йўлга қўйган. Каврак ширасини йиғиб¸ уни Афғонистон ва Ҳиндистонга экспорт қилувчиларга сотиш Бўзтепадаги 100 дан ошиқ оиланинг деярли ягона даромад манбаи бўлган.

Озодлик билан гаплашган бўзтепаликларга кўра¸ 2019 йил охири¸ 2020 йил бошларида Деҳқонобод туман ҳокими бу ерларни на уни қонуний ижарага олган деҳқонлар ва на бу ер қарашли бўлган Ўрмон хўжалиги бўлимига билдирмай туриб¸ “хорижий ва маҳаллий инвестор”ларга тортиб олиб берган.

“15 кунча олдин, каврак ширасини олиш бошланишига озгина қолганда¸ бу ер меники¸ деган фирмалар 50-60 тача ишчи олиб келиб¸ кавракларимизни чопа бошлади. Туман ҳокими биз олти йилдан бери каврак етиштириб келган 650 гектарча ерни олтита фирмага ноқонуний сотиб юборган. Бизнинг қўлимизда 7 йиллик ижара шартномаси бор. Фуқаролар ушбу ер майдони учун Давлат ўрмон хўжалигига бир йилда 500 миллион сўм ижара тўлайди. Вазирлар Маҳкамасининг ўтган йил охиридаги қарори асосида биз йил бошида уч томонлама битим имзолаганмиз¸ у тасдиқлаш учун Ўрмон хўжалиги қўмитасига кетган. Ҳамма ҳужжатларимиз жойида бўлиб турганига қарамай¸ ҳоким Алиқулов халқнинг оғзидаги сўнгги ошини тортиб¸ афғонистонлик¸ қозоғистонлик фирмаларга сотиб юборган”¸ дейди 16 июнь куни Қашқадарë вилоят прокуратураси биносига шикоят билан келган бўзтепаликлардан бири.

Бўзтепаликлар вилоят прокурори олдига туман ҳокимининг ноқонуний қарорига протест киритиш ва уни бекор қилдириш сўрови билан келган. Лекин уларни прокуратура эшигидан ҳам киритишмаган.

Шундан сўнг вилоят ҳокимлигига борган шикоятчилар билан гаплашган ходим уларни онлайн мулоқотга ëзиб қўйишни билдирган ва орқага қайтиб¸ “туман ҳокими ва прокурорининг” қарорини кутишни маслаҳат берган.

Деҳқонободликларнинг шикояти
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:09 0:00

“Туман ҳокими алдовдан нарига ўтмаяпти”

16 июнь куни карантин ва жазирамага қарамай 150 километрдан вилоят маркази Қаршига борган бўзтепаликлар бундан олдин 14-15 июнь кунлари Деҳқонобод туман ҳокимлигига келиб¸ ҳоким билан учрашувни талаб қилган.

Халқ ҳоким олдига ўзлари 6 йилдан бери каврак етиштириб келган ерларни "хорижий ва маҳаллий инвестор" деб тақдим этилаëтган “Исо Муҳаммад Нур”¸ “Big Bio Impex”, “Pinnacle Worldwide Exim”¸ “Деҳқонобод келажак томорқа хизмати”¸ “Камол ўғли Шаҳбозбек” деган МЧЖларга 25 йиллик ижарага бериш қарорини бекор қилиш сўрови билан келган.

Деҳқонобод туман ҳокими Зоир Алиқулов шикоятчи халқ билан тунги соат 11 дан кейин учрашишга мажбур бўлган.
Деҳқонобод туман ҳокими Зоир Алиқулов шикоятчи халқ билан тунги соат 11 дан кейин учрашишга мажбур бўлган.

Булар гўë туманга инвестиция олиб кириб¸ каврак экспортини йўлга қўярмиш. Биттаси Қозоғистонда яшайдиган афғонистонлик¸ қолганлари ўзларининг одами. Агар инвестиция киритмоқчи бўлса¸ бошқа ер берсин¸ ана ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб¸ завод¸ фабрика қурсин. Йўқ¸ булар биз 6 йил парваришлаб каврак экиб келган таппа-тайëр ерларни тортиб олиб¸ бошқаларга бераяпти. Бу фирмалар яна бизга ўxшаган маҳаллийларни сувтекинга ишлатиб¸ каврак ширасини ташқарига олиб чиқиб¸ пулини Афғонистонми¸ Қозоғистонга қўяди. Бундан маҳаллий халққа нима фойда? Туман ҳокими халқ дардини тингламай¸ қочиб юрган эди¸ охири тунда 100 км узоқдаги тоғдан келиб ҳокимлик биноси олдига келиб ётиб олганимиздан кейин¸ учрашишга мажбур бўлди. Лекин яна барибир алдади. "Эртага бориб¸жойида ҳал қиламан" деганича¸ қочиб юрибди. Ҳокимдан умид йўқлиги учун вилоят прокуратурасига борсак¸ улар ҳам қабул қилмади”.

Туман ҳокими қарори “ноқонуний”ми?

Озодлик билан исмини очиқламай туриб гаплашган Деҳқонобод туман Ўрмон хўжалиги бўлими мулозими¸ қонун ва ҳужжатлар норозилар томонида экани¸ аммо на ҳокимлик¸ на прокуратура буни инобатга олмай келаëтганини тасдиқлади.

Бизда ҳоким қарори билан хорижий ва маҳаллий фирмаларга бериб юборилган ерларнинг Ўрмон хўжалиги балансида эканини исботловчи ҳужжат ва хариталар бор. Ҳокимлик Ўрмон хўжалиги балансидаги ерни кимгадир бериш ваколатига эга эмас. Бунинг учун вилоят ҳокими қарор чиқариши керак. Бу эса¸ Давлат Ўрмон хўжалиги қўмитаси билан мувофиқлаштириладиган узун жараëн. Бунақа қарор йўқ. Халқнинг қўлида 7 йиллик қонуний шартномаси бор¸ у бекор бўлган эмас. Аммо туман Ер ресурслари сохта ҳужжат тайëрлаб¸ гўëки "бу ерлар ҳокимлик заҳирасидаги ер эди"¸ деган иддаони қиляпти. Биз бунақа асл ҳужжат йўқлиги¸ кўрсатилаëтган нусханинг сохта эканини ДХХгаям¸ прокуратурагаям айтиб¸ ëзиб келяпмиз. Лекин улар умуман инобатга олмаяпти. Бу можаронинг катталашиб¸ ўзбек-туркман чегара ҳудудида тўполонга сабаб бўлишидан хавотирдамиз. Чунки халқнинг тирикчилик қиладиган ҳеч нарсаси қолмади. Аччиқ устида эртага кимдир ўт қўйиб юборса¸ қовжираб ëтган минглаб гектар адир ëниб кетади¸ жабрини яна халқ кўради ”.

Озодликка бўзтепаликлар юборган ўнлаб ҳужжат Ўрмон хўжалик бўлими мулозими айтган гапларни тасдиқлайди - улар Деҳқонобод туман ҳокими¸ гўë ўз балансида бўлгани иддаоси билан сотиб юборган ерларнинг аслида Ўрмон хўжалиги балансида бўлганини кўрсатади.

Халқдан қочиб юрган ҳоким нима дейди?

16 июнь куни Озодлик 100 дан ошиқ бўзтепалик деҳқонни 15 кундан бери сарсон қилиб¸ улар норозилигига сабаб бўлиб келаëтган қарор эгаси – Деҳқонобод туман ҳокими Зоир Алиқуловнинг ўзи билан боғланишга уринди. Ҳоким телефонига ўзини унинг ëрдамичиси деб таништириб жавоб берган мулозим¸ Алиқуловнинг президент камбағалликни камайтириш¸ иш ўринлари яратиш бўйича ўтказаëтган навбатдаги видеоселектор йиғилишида эканини билдирди.

Селектор 4-5 соат давом этади. Шунга ҳоким билан бугун гаплашиш қийин бўлади. Лекин сиз айтган масалада бугун эрталаб ҳоким фармойиш чиқариб¸ ишчи гуруҳ тузди. Унга ҳокимлик юристи бошчилик қилади¸ таркибига ҳокимнинг инвестициялар бўйича ўринбосари¸ Ўрмон хўжалиги юристи ва зоналар бўйича мутахассиси¸ Ер ресурслари бошлиғи киритилди. Булар масалани жойида ўрганиб¸ хулоса бермагунча¸ Бўзтепадаги каврак ерларига на қишлоқликлар¸ на фирма ишчилари тегинмайди”¸ деди Деҳқонобод туман ҳокими ëрдамчиси.

"Норозилик тўхтамайди!"

Деҳқонобод туман ҳокими қабул қилгани айтилган фармойишга муносабат билдирган бўзтепаликлар¸ ҳокимнинг ўзи тузган комиссия у чиқарган қарорни “қонуний деб топиб¸ уни кучда қолдириши аниқ” бўлгани учун¸ норозиликни тўхтатмаслик қарорида эканини айтди.

Чорвани бўрининг ўзига топшириш билан бир нарса бу. Ҳамма қилғиликни қилган ҳокимдан умид йўқ. Қаршида бизни ҳеч ким қабул қилмади. Энди Тошкентга - Вазирлар Маҳкамаси¸ президент девонига борамиз. Бизнинг ерларимизни ўзимизга қайтариб бермагунича¸ тўхтамаймиз. Биз ўзбек-туркман чегарасида бир тўполон чиқмасин¸ Сўхдагига ўхшаб Ўзбекистон шаънига ëмон бўлмасин¸ деб можарони тинч¸ қонуний ҳал қилиши учун ҳаракат қилдик. Аммо ҳокимлик ҳам¸ унинг қарорини битта протест билан тўхтатиши мумкин прокуратура ҳам устимиздан куляпти¸ ëлғон гапириб¸ сарсон қилишдан бошқа нияти йўқ буларнинг. Энди тўполон чиқса¸ айб бизда эмас¸ халқни писанд қилмаëтганларда бўлади”¸ дейди бўзтепалик деҳқонлардан бири.

Каврак нима?

Каврак зирадошлар оиласига кирувчи доривор ўсимлик бўлиб, халқ табобатида кенг фойдаланилади. Қумли чўллар, қир-адирлар, тоғ ва тоғолди ҳудудларда ўсадиган кавракнинг илдизи ҳам¸ пояси ҳам дори сифатида ишлатилади. Ошқозон-ичак¸ нафас йўллари хасталикларини даволашда қадимдан Шарқ табобатида ишлатиб келинган. Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларида ўсадиган бу ўсимликдан ëз ойлари олинадиган ширанинг асосий харидори¸ бўзтепаликларга кўра¸Ҳиндистондир.

"Қуп-қуруқ адирда¸ сувсиз жойда ўсадиган ўсимлик бу. Меҳнати жуда оғир¸ жазирама офтобда ишлаймиз. Унинг томирини кесиб¸ қатиққа ўхшаган оқ ширасини йиғамиз. Жуда майда иш. Унинг бир килосини биздан 500 сўмдан олиб¸ Афғонистон¸ Ҳиндистонга экспорт қилишади. Биздан арзон олиб¸ қимматга сотишади. Ўрмон хўжалигидан ижарага олинган ерларда кимдир 50¸ кимдир 100 кг. шира йиғиб сотардик. Сентябрларда экилиб¸ мана ҳозир шираси олинадиган ўсимлик бу. Айнан шираси олинадиган пайтда¸ ерларимизни пайҳон қилишди"¸ дейди бештепалик кавракчи деҳқон.

Бўзтепадаги каврак плантацияси.
Бўзтепадаги каврак плантацияси.

Кавракни "экспортбоп маҳсулотлар" сирасига киритган Шавкат Мирзиëев 2018 йил 20 март куни мамлакатда Ўзбекистонда каврак плантацияларини ташкил этиш ва хом-ашëсини экспорт қилиш ҳақида махсус қарор чиқарган.

Қарорда¸ 2018-2021 йилларда Сурхондарë¸ Қашқадарë ва Навоий вилоятларида каврак экиладиган ҳудудларни 9500 гектарга етказиш кўзда тутилган.

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси бу қарор ижроси учун асосий масъул тизим қилиб белгиланган.

ЎзА агентлигининг ëзишича¸ Ўзбекистонда йилига камида 8 тонна каврак шираси олинади.

"1 килограмм каврак нархи 70 АҚШ долларига тенг. Асосий истеъмолчи давлатлар Ҳиндистон (йилига 3 минг 200 тонна) ва Хитой (500 тонна)дир"¸ деб ëзган ЎзА.

XS
SM
MD
LG