Линклар

Шошилинч хабар
26 октябр 2020, Тошкент вақти: 15:27

Марказий Осиёда "яшаган" ва "ўлган" ҳайкаллар тарихи


Украинанинг Запорожье шаҳрида ишчилар Владимир Ленинга ўрнатилган ёдгорликни демонтаж қилмоқда. 2016, 17 март.

Май ой охирида АҚШда афроамерикалик Жорж Флойднинг оқ танли полициячи томонидан ўлдирилиши АҚШда ва бошқа бир неча мамлакатда полиция зўравонлиги ҳамда ирқчиликка қарши норозилик намойишларига сабаб бўлди. Намойишчилар бугунга келиб айримлар истилочилик ҳамда ирқчиликда айблай бошлаган тарихий шахслар ёдгорликларини олиб ташлашни талаб қилишди. Айрим ҳайкалларни эса намойишчилар йиқитди.

Бундай воқеалар Европада ҳам кузатилди. Хусусан, Швейцариянинг Женева шаҳрида норозилар Африканинг жанубий қисмини ишғол қилган Сесил Родс ҳайкали олиб ташланишини талаб қилди. Лондонда эса парламент биноси олдидаги бош вазир Уинстон Черчилл тагсупасида «У ирқчи эди» ёзуви пайдо бўлди. Парламент депутатлари ва оддий фуқаролар Черчиллнинг нацизмга қарши курашдаги хизматларини эсга олиб, бу ҳаракатни қоралади. Англия жануби-ғарбидаги Бристолда қулфурушлик билан шуғулланган тадбиркор ва филантроп Эдвард Колстон ҳайкалининг намойишчилар томонидан қўпориб ташлангани ҳам мунозараларга сабаб бўлди.

Британия ва Россия империялари тарихини ўрганиб келаётган тарихчи олим Александр Моррисоннинг Марказий Осиё мамлакатлари бошдан кечирган ҳайкал алмаштириш тўлқинлари ҳақидаги мақоласини эътиборингизга ҳавола қилаяпмиз.

***

Инглиз тилида сўзлашувчи давлатларда ҳайкалларнинг кейинги пайтларда қулатилаётганига оид хабарлар тез-тез пайдо бўлмоқда. Бу мамлакатларда ёдгорликларни бузиш 21- аср ҳодисаси ўлароқ кўрилади. Бироқ собиқ Россия Империяси ҳамда Совет Иттифоқи ҳудудларида ҳайкал қулатиш янгилик эмас – бу ерлар 20- асрнинг бошидан бери ёдгорликларни барбод қилишнинг камида уч тўлқинини бошдан кечирди.

Большевиклар атрофни Оқ пошшо ўтмишидан тозалашган: Эйзннштейннинг «Октябрь» (1928) фильмидаги энг эсда қоларлик кадрлар оломон император Александр II нинг ҳайкалини йиқитаётгани акс этган кадрлардир. Хрушчев етакчилигидаги десталинизация кампанияси давомида эса «шахсга сиғиниш»ни эслатувчи обидалар, жумладан, Сталиннинг кўплаб ҳайкали бузиб ташланди, фильмлар қайта монтаж қилинди. 1991 йилдан бери яна кўплаб ҳайкал қулатилади. Жумладан, Феликс Дзержинский ҳайкаллари. Чека асосчиси Дзержинский ҳайкали бир пайтлар Москванинг Лубянка майдонидаги КГБ иморати олдида савлат тўкиб турган эди.

Аммо Дзержинский ҳайкалининг олиб ташлангани КГБ деган қисқартма сўздан бошқа ҳеч нимани ўзгартирмади. Бугунга келиб КГБ ўрнини ФСБ эгаллади, аммо ташкилот ҳануз Лубянкада жойлашган, унинг Россия ҳукумати устидан назорати ўзини чекист деб ҳисобловчи Владимир Путин етакчилигида янада кучайди.

Дзержинский ҳайкали 1991 йилнинг августида давлат тўнтариши уриниши доирасида қулатилган оз сонли совет ҳайкалларининг бири бўлди. Бунинг ортидан қулатилган ёдгорликларнинг аксари Ельцин тузумини қайтадан легитимлаштириш лойиҳаси доирасида йўқ қилинди.

1990- йиллар якунига келиб совет ҳайкалларини қулатиш истаги заифлашди. Қолаверса, ҳайкалларни қулатиш жараёнига мутаносиб даражада совет тузумининг кўплаб қурбонларини хотирлаш ёки репрессия архивларини тўлиқ очиш истаги кузатилмади.

Ҳатто бугунги кунда ҳам Гулаг ёки Сталин даврида ҳукумат айби билан содир бўлган даҳшатли очарчилик қурбонлари хотирасига ўрнатилган ёдгорликларни санаш учун бир қўл панжалари етарли бўлади. Бундан ташқари, уларнинг деярли барчаси Россия ҳукумати эмас, балки фуқаровий жамият ташкилотлари ҳаракатлари натижасида ўрнатилган.

Дзержинскийни тик қолдиргандан (ундан ҳам яхшиси, юзи ерга қараб ётганидан) кўра, бу ҳайкалларни йўқ қилиш ҳамда уларнинг ёнида унинг қурбонларига ёдгорлик ўрнатиш қулай амнезия жараёнига йўл очиб берди, деган аргументни илгари суриш мумкин. Украинадаги анча муфассал де-советлаштириш жараёни эса аҳолини бўлиб, мамлакат муаммоларини умуман ечгани йўқ.

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида супасидан олиб ташланган Ленин бюсти. 2018, баҳор.
Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида супасидан олиб ташланган Ленин бюсти. 2018, баҳор.

Марказий Осиёда Чор Россияси ёки Совет ҳокимияти даврида ўрнатилган ёдгорликлар нафақат мафкуравий жиҳатдан муаммоли, балки кўпчилик истилочи деб ҳисобловчи ўтмиш эсдаликларидир. Россия империяси даврида Россиянинг Марказий Осиёдаги истилоларига бағишланган қатор монументлар ўрнатилди. Жумладан, 1864 йилги Иқон жанги, 1865 йилда Тошкентнинг таслим бўлгани ҳамда 1881 йилда туркман Кўктепасидаги қирғинга бағишланган ёдгорликлар ўрнатилди.

Буларнинг барчаси 1917 йилдан кейин большевиклар томонидан йўқ қилинди. Энг катта рамзий аҳамиятга эга жой рус Тошкентининг марказий майдони бўлган, дейиш мумкин. У ерда 1913 йили 30 йилга чўзилган тортишувлар ортидан 1865 йилда шаҳарни қўлга олаётиб ҳалок бўлган аскарларга ҳамда Туркистоннинг илк генерал-губернатори Константин Петрович фон Кауфманга ёдгорлик ўрнатилди, аммо 6 йилдан кейин бузиб ташланди. Майдонда бир неча вақтинча турган инсталляциялар ортидан 1940- йиллар якунида Сталин ҳайкали қад кўтарди. Сталин ҳайкали 1961 йил олиб ташланди ва 1968 йил унинг ўрнига Карл Маркс ҳайкали ўрнатилди. 1993 йилда эса унинг ўрнини от миниб олган Амир Темур ҳайкали эгаллади (айни дамда майдон Темур номи билан аталади).

Билишимча, Марказий Осиёда Чор Россияси даврида ўрнатилган ва бугунга қадар сақланиб қолган ҳарбий монументлар Ўзбекистоннинг Зарафшон водийсида жойлашган Жом қишлоғи яқинида 1878 йилда вабодан ўлган аскарлар учун ўрнатилган ёдгорлик ҳамда Узуноғоч жангига ўрнатилган ёдгорликдир. Узуноғоч жангида 1860 йили ҳозирги Олмаота шаҳри яқинида рус қўшинлари Қўқон хонлиги кучларини мағлуб қилган.

Жом яқинидаги ҳайкал кўпчиликка маълум эмас ва шунчаки эътибордан четда қолган бўлиши мумкин. Узуноғоч ёдгорлиги 1921 йилда қисман бузилган, аммо Семиречьедаги русларга ўзлик рамзига айланган кўринади. 1950- йилларда ушбу ёдгорлик Биринчи жаҳон урушидан қайтган рус ва қозоқ аскарларнинг ватанга қайтгани акс этган саҳнада кўрсатилди.

Ёдгорлик яқинда қайта таъмирланди. Бундан ташқари, Қирғизистоннинг Қоракўл шаҳри яқинида тадқиқотчи Николай Пржевальскийга ўрнатилган ҳайкал ҳалиям турибди. Пржевальский Россия империясини кенгайтириш тарафдори бўлган ва ирқчи қарашларга эга бўлган. Аммо географияга қўшган ҳиссаси усун совет тузуми уни «прогрессив» шахс ўлароқ кўрган, шунинг учун унинг ёдгорлиги ўз ўрнида қолдирилган. Бугунга кунга келиб Пржевальский карьерасининг мунозарали жиҳатлари унутилган ва унга ўрнатилган ҳайкал тўй суратлари олинадиган жойга ҳамда маҳаллий аҳоли фахрига айланган.

Минтақада совет ҳайкалларини сақлаб қолиш жараёни турлича кечди. Ўзбекистон ва Қозоғистон қачонлардир Тошкент, Олмаота ва бошқа йирик шаҳарлар кўчаларини безаб турган деярли барча Ленин ҳайкалларини олиб ташлади. Аммо мозаикалар ҳамда фрескалар каби йўқ қилиш мушкулроқ бўлган иконография сақланиб қолган ва бадиий қиймати учун қадрлана бошланди.

2003 йили Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрига илк маротаба борганимда, Сирдарё бўйидаги тепаликда Лениннинг улкан ҳайкали ҳануз турар эди ва шаҳарнинг совет даврида Ленинобод деб аталганини эслатиб турарди. Эндиликда унинг ўрнини Тожикистоннинг янги миллий қаҳрамони Исмоил Сомоний ҳайкали эгаллади. Ленин эса дарё бўйидаги камтарроқ ерга кўчирилган.

Қирғизистон пойтахти Бишкек паркларининг бирида таниқли «Олой қироличаси» ва қирғизларнинг миллий қаҳрамони Қурмонжон Додхоҳга замонавий ёдгорлик ўрнатилган . Айни паркда ўша пайтда Пишкек деб аталган қўрғонда туғилган европалик келгинди Михаил Фрунзе етакчилигида минтақани қайта қўлга олаётиб ҳалок бўлган қизил армия аскарларига ўрнатилган большевик ёдгорлик ҳам бор.

Марказий Осиёда кичикроқ, озроқ одам борадиган жойларда совет давридаги ёдгорликлар сақланиб қолган. Мен кўрган энг ачинарли ёдгорлик Қозоғистон шимолида жойлашган Тонкошуровка қишлоғида Ленинга ўрнатилган кичкина бетон ҳайкалдир. Ёдгорлик асосида у ўша пайтдаги «Фриден колхози» ҳудудида 1940 йилнинг ёзида ўрнатилгани ёзилган. Бундан қишлоқда бу ерларга бадарға қилинган волгалик немислар яшаганини билиб олиш мумкин. Яқинда оқланган ҳайкал 1990 йилларда қурилган католик черковига имо қилиб турибди. Ёдгорлик даҳшатли азоб даврини ва йўқолган жамоани эслатади – Тонкошуровкада яшаган немисларнинг аксари кейинги 20 йил ичида кўчиб кетди. Бу ҳолат ҳайкалга берадиган замонавий маъно билан Ленин мафкураси у ёқда турсин, унинг тарихий образи ўртасида боғлиқлик йўқ.

Бу ҳолатларнинг барчаси ёдгорликлар ҳар доим ҳам ўз мавзуларининг рамзи бўлиб қолмаслигини ёки улар илк маротаба ўрнатилганда асар муаллифлари назарда тутган маъно томошабинлар учун ўзгармай қолмаслигини кўрсатади. Олмаотадаги Меърож собори яқинидаги панфиловчилар ёдгорлиги Брежнев даврида аслида содир бўлмаган ҳодисага бағишлаб ўрнатилган. 28 панфиловчи фашистларнинг Москвага юриши давомида қаҳрамонларча қаршилик кўрсатгани айтилади.

Олмаотанинг Панфилов паркида ўрнатилган ёдгорлик. 2019, 9 май.
Олмаотанинг Панфилов паркида ўрнатилган ёдгорлик. 2019, 9 май.

Бу Сталин даврида юзага келган афсона бўлиб, анча олдин фош қилинган – ёдгорлик 1976 йили ўрнатилганида ҳалок бўлгани айтилган қаҳрамонларнинг айримлари тирик бўлгани аниқланган. Бошқача қилиб айтганда, бу атайин тўқилган уйдирма бўлиб, бронза ва мармарда ўз аксини топган. Аммо олмаоталиклар бугунги кунда ёдгорликка берадиган маънони бу ҳақиқатлар чеклагани ёки булғагани йўқ. Ёдгорлик фашистларни енгишда нафақат руслар, балки барча этник гуруҳлар, барча совет халқлари ўйнаган роль келтириб чиқарган давомли ва асосли ғурур тимсолидир. Бошқа собиқ совет давлатларидаги уруш ёдгорликлари каби, бу ерда муҳим ҳаётий маросимлар ўтказилади. Бунга энг аввало тўйлар мисол бўла олади – қадаҳ ва оилавий суратлари билан.

Ёдгорликларни бузиб ташлаш ўтмишни унутишга етаклайдиган бўлса, бир вақтнинг ўзида уларнинг тарихий моҳиятини сақлаб қолиш ҳамда бугуни кун контекстида тутган ўрнини кўрсатиб бериш учун бундай ёдгорликларни ўз ерида қолдириш йўллари мавжуд.

Бунга энг яхши мисолни бошқа бир собиқ мустамлакачи ҳудуд – Шимолий Ҳиндистонда жойлашган Лакҳнау шаҳридаги Британия резиденциясида топиш мумкин. Резиденция 1857 йилги исён давомида қамалга олинган. Вайроналар, ёдгорликлар ҳамда қабрлардан иборат ушбу улкан комплексни британияликлар рожанинг қаҳрамонлиги ва фидоийлиги рамзи ўлароқ сақлаб қолишган.

Ҳиндистон мустақилликка эришганидан кейин, комплекс бузиб ташланмади. Ҳиндистон ҳукумати резиденция ёнида ҳалок бўлган ҳиндистонликларга ёдгорлик ўрнатди ва қарши томонда «қўзғолончи» дея таърифланган шахслар эндиликда қаҳрамон ўлароқ кўрилишини ёзиб қўйди.

Марказий Осиёда бунга параллель чизадиган бўлсак, Амир Темур майдонида бир вақтнинг ўзида 1913 йилда фон Кауфманга ўрнатилган, 1968 йил Марксга ўрнатилган ҳамда Амир Темурнинг замонавий ҳайкали турганини бир тасаввур қилинг. Бу ҳолат шаҳарнинг ҳозирги ҳолати шаклланишида роль ўйнаган кучларнинг, яъни рус колониализми, совет коммунизми ҳамда замонавий ўзбек миллатчилигининг аниқ ифодаси бўлган бўларди. Кейинги йилларда Ўзбекистонда мазкур ўтмишнинг катта қисми ўчириб ташланди.

Ўтмишнинг қайси рамзларини сақлаб қолиш қарорини чиқариш ёдгорликларни бузиб ташлаш тарафдорлари учун ҳам, уларни сақлаб қолишни истайдиганлар учун ҳам мушкул саволларни туғдиради. Сталиннинг даҳшатли зулмини ифодаловчи ҳайкаллар ҳамда улардан замонавий сиёсий ралли нуқталари ўлароқ фойдаланиш мумкинлиги бунга яққол мисол бўла олади.

2014 йилда Москванинг Вернадский проспектида Кўктепани ер билан яксон қилган генерал Михаил Скобелевга ҳайкал ўрнатилгани Россия ўз колониал ўтмишини тан олмаслигини ҳамда «Оқ генерал» лақаби берилган Скобелев шахсига сиғиниш қайта жонланганини кўрсатади. Аслида эса 1912 йилда Тверская кўчасидаги Скобелев ҳайкалининг большевиклар томонидан олиб ташлангани генерал унутилишига сабаб бўлган эди.

Большевикларнинг ўтмишга бўлган назаридан эҳтиёт бўлишимиз керак, чунки улар ҳозирги тузумлар ҳамда қабул қилинган қарашлар жамоат жойларида мафкуравий монополияга эга бўлишини талаб қилишган. Пировардида, ёдгорликлар жонсиз объектлар бўлиб, улар атрофдаги жамият ва жамоалар уларга берадиган моҳиятдан бошқа ҳеч қандай кучга эга эмас. Қолаверса, ҳайкаллар тақдирини ҳукумат эмас, маҳаллий аҳоли ҳамда фуқаровий жамият ечса, айни муддао бўларди.

Александер Моррисон, New College

Муаллиф тўғрисида:

Александр Моррисон империялар ва империал урушлар тарихини чуқур ўрганган. Британия ва Россия империялари ва ҳарбий тарихини қиёслаб тадқиқотлар ўтказган. Моррисон Russian Rule in Samarkand 1868-1910: A Comparison with British India («1868-1910 йилларда Самарқандда рус ҳокимияти: Британия Ҳиндистони билан муқояса») китоби муаллифидир. 2014 – 2017 йилларда Остонадаги Назарбоев университетида тарихдан дарс берган. Айни дамда Оксфорд университети қошидаги New Collegeда (Янги коллеж) ишлайди.

XS
SM
MD
LG