Линклар

Шошилинч хабар
06 август 2020, Тошкент вақти: 12:18

UZ/Коронавирус: Пойтахт ва Тошкент вилоятида яна 160 бемор аниқланди. Наманганда коронавирусга чалинганлар қаровсиз қолганини айтмоқда


Бу жонли блогда COVID-19 - коронавирус эпидемияси бўйича Ўзбекистон ва дунёдаги сўнгги вазиятга доир хабарлар, фото-видеоматериаллар жамланмоқда.

(Бу жонли блогнинг давоми. Аввалги қисмини мана бу линкда ўқишингиз мумкин.)

* * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * *

- 2020 йил 16 июль соат 17:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда инфекцияга чалинганлар сони камида 14 991 нафар, тузалганлар 8655 дан ошди, 73 бемор вафот этди.

- Махсус комиссия 10 июлдан 1 августгача карантин қоидаларини яна кучайтирди, машиналар қатнови чекланди, тўйлар тақиқланди, спорт ва фитнес заллари яна ёпилди.

- Парклар ва истироҳат боғлари, буюм бозорлари ва йирик дўконлари, спорт заллари, фитнес клуб, тренажер ва бассейнлар ёпилди.

- Мамлакат бўйлаб ижтимоий масофани сақлаш, ниқоб тақиш, дезинфекция мажбурий бўлиб қолмоқда.

- Вирусни юқтирганлар расмий сони дунёда 13 миллион 587 мингдан ошди, ўлганлар сони эса 584 мингдан, тузалганлар 7 миллион 585 мингдан ошди.

Тошкент шаҳри ва вилоятида ярим кунда 160 бемор аниқланди

Тошкент шаҳри ва вилоятида 16 июль соат 17:00 ҳолатига кўра, 160та янги бемор аниқланди.

Булардан 126 нафари — Тошкент шаҳрида (87 нафари тана ҳарорати кўтарилгани туфайли профилактика мақсадида ҳамда беморлар билан мулоқотда бўлгани сабабли намуна олинган фуқаролар, 39 нафари аҳоли орасида), 34 нафари — Тошкент вилоятида тана ҳарорати кўтарилгани туфайли профилактика мақсадида ҳамда беморлар билан мулоқотда бўлгани сабабли намуна олинган фуқаролардир.

Президент 15 июль куни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида пандемия вазияти бўйича қилган селектор йиғилишида Соғлиқни сақлаш тизимини танқид қилди.

“Вирус юқтирганлар сони пойтахтда 4 минг 92 тани ва Тошкент вилоятида 1 минг 498 тани ташкил этмоқда. Бу бутун мамлакат бўйича касалларнинг 40 фоизи деганидир. Тошкент шаҳрида коронавирусдан ўлим сони ҳам кескин кўпайиб, 45 тага етган. Президент бундай ачинарли ҳолатлар аҳолининг ҳақли шикоят ва эътирозларига сабаб бўлаётганини таъкидлади”, деб хабар қилди президент матбуот хизмати.

Бемор: "Наманганда ковид бемоларини 1 суткадан бери шифокор кўрикдан ўтказмади"

Озодликка Наманган вилоятида коронавирусга чалинган беморлар шифокор назорати, тиббий дори воситаларисиз қолиб кетаётганидан шикоят қилинган видео келиб тушди.

Видеони Озодликка йўллаган наманганлик беморнинг айтишича, беморлар уйидан олиб бораётган дорилар билан иссиғини туширишга ҳаракат қилмоқда:

"1 сутка ўтиб, ҳамшира келди. Лекин ҳали ҳам дори беришгани йўқ. Мен ўзим билан уйимдан олиб келган градусникни ишлатяпман, дориларни ичиб, иситмамни тушираяпман. Наманганда ковид-19 беморларига қаралмаяпти", деди исмини очиқлашимизни истамаган бемор.

Озодлик бу бемор шахсига оид маълумотларни ошкор қилмаётир.

Қуйида бу бемор йўллаган видео:

"Наманганда ковид бемоларини 1 суткадан бери шифокор кўрикдан ўтказмади"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:15 0:00

Наманган вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасидан бу шикоятга бирор муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотга кўра, 15 июль соат 23:30 ҳолатига кўра, Наманган вилоятида 150га яқин бемор коронавирусдан даволанмоқда.

Бухорода пандемияга қарши фаол курашган журналист пневмонияга чалинди

Бухорода танилган мустақил журналист Учқун Турсунов пневмонияга чалиниб, шифохонага ётқизилди.

Учқун Турсунов
Учқун Турсунов

Журналистнинг айтишича, унда ҳануз COVID-19 инфекцияси аниқланмаган, аммо ўпкада иккитомонлама яллиғланиш пайдо бўлган. Журналист ҳозирга келиб аҳволи яхшилана бошлаганини айтди.

Журналистнинг Озодликка айтишича, шу кунда у даволанаётган Бухоро вилояти юқумли касалликлар шифохонасида пневмонияга чалинган кўплаб беморлар келтирилмоқда:

- Беморлар жуда кўп. Лекин, кўпида коронавирус аниқланиб, бошқа шифохонага олиб кетилаяпти. Мен билан ётган 3 кишини ҳаммасида коронавирус аниқланди, олиб кетишди. Лекин, менда ҳали ковид чиқмади. Аҳволим яхшиланаяпти. Сунъий нафас олдириш қурилмасида эдим, ундан куни кеча чиқдим, ўзим нафас олаяпман ҳозир. Бу ерда шароит мен кутганимдан яхши экан. Шифокорларга алоҳида раҳмат айтишни истардим! Бу жуда оғир касаллик экан. Азизлар, ўзингизни эҳтиёт қилинг!

Турсунов ўзи ётган шифохонадан видеотасвирларни ҳам Озодликка йўллади:

Пневмонияга чалинган бухоролик журналист шифохонада қолмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:36 0:00

Учқун Турсунов Бухородаги воқеалар, пандемия пайтида қилинган саховат ишларини анча фаол ёритган мустақил журналист ва блоггердир.

Уни даволовчи врачнинг Озодликка айтишича, журналистдан бир бора коронавирусга таҳлил олинган ва негатив натижа чиққан, аммо ҳозир аҳволи яхшиланиб бормоқда.

Бош прокурор: "Тез ёрдам" 15 дақиқада етиб борадиган қиламиз!

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев бундан буён 103 рақамига телефон қилинганида банд бўлиш ҳолатига чек қўйилиши, тез ёрдам хизматининг узоғи билан 15 дақиқада етиб бориши таъминланишини ваъда қилди.

Президент 15 июль куни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида пандемия вазияти бўйича қилган селектор йиғилишида Соғлиқни сақлаш тизимини танқид қилди.

"Йиғилишда таъкидланганидек, аҳоли коронавирус ва бошқа касалликлар бўйича қаерга бориб мурожаат қилишни ва даволанишни билмай, сарсон бўлмоқда. Шошилинч тиббий ёрдамга қўнғироқ қилиб тушиш қийинлашиб кетган", дейилади селектор ҳақида президент матбуот хизмати берган хабарда.

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевнинг маълум қилишича, ушбу йиғилишдан сўнг фуқаролар ўзи безовта бўлаётган ҳолатлар юзасидан 103 рақамига мурожаат қилганида бандлик ҳолатига йўл қўймаслик ҳақида махсус топшириқ берилган:

"Бундан буён ҳар бир фуқаромиз «103»га мурожаат қилганда, бандлик ҳолатлари, айниқса узоқ вақт банд бўлиш ҳолатларига мутлақо чек қўйилади.

Иккинчи топшириқ – тез тиббий ёрдам хизматини яна кучайтириш. Бу борада тегишли малакали тиббиёт ходимлари, тиббий техника воситалари ва транспорт воситаларини янада кўпайтириш, аҳолига қулай тез ёрдам кўрсатиш вазифаси олдимизга қўйилди.

Бундан буён 15 дақиқадан кўп бўлмаган вақтда зудлик билан тез тиббий ёрдам автомашиналари тегишли ходимлар билан етиб бориши тўлиқ таъминланади", дейилади Бош прокуратура Телеграм саҳифасида эълон қилинган баёнотда.

Баёнотда 15 июл кунининг ўзида прокуратура органлари томонидан Тошкент шаҳридаги мавжуд 1700дан ортиқ дорихоналар раҳбарлари расман огоҳлантирилгани айтилган.

Наманганлик шифокор: ахир одамлар ўлмоқда, ҳар бир одам касаллик ўчоғини билишга ҳақлидир!

Наманганлик шифокор Камолилид Рафиқов орнавирусга карши кураш республика махсус комиссиясига мурожаат йўллади.

Ушбу мурожаатда шифокор, ўзбекистонликларни COVID-19 инфекциясидан ҳимоя қилиш учун вирус тарқалган ўчоқларга оид маълумотларни жамоатчиликка очиқлашни сўради.

Қуйида шифокор мурожаати таҳрирсиз чоп этилмоқда, имло ва стилистика муаллифга оид:

"Маълумки, юртимизда хам коронавирус тарқалиб асоратидан одамлар ўлмоқда.

“ФУҚАРОЛАР СОҒЛИҒИНИ САҚЛАШ ТЎҒРИСИДА” Қонуннинг 45-моддсига асосан юқумли касалликлар тарқалиши, ялпи заҳарланиш ва зарарланиш хавфи таҳдид солганида шифокор сири очиқланиши мумкин.

Яъни, қонунда асослар бор, дейилган экан, хўш коронавирусдан одамлар ўлаётган экан, вирусни тарқашини олдини олиш учун фуқаролар тўғрисидаги маълумотлар нега очиқланмаяпти? Нега яширилмоқда?

Хўш нима учун касалланган фуқаролар тўғрисида маълумот очиқ айтилмай яширилмоқда?

Ахир ўша ўчоққа борган одам вирус чиққанини билса, оиласидагилар ва бошқаларга юқтирмай вақтида мурожаат қиладику, нега касаллик тарқалишига йўл қўйиб беряпсизлар?

Ахир хар бир одам касалликдан сақланиш, яшаш ҳуқуқига эгаку?!

Эшитишимча Жанубий Кореяда касал чиққан заҳоти аҳоли телефонига касалга оид барча маълумотлари келиб тушар экан.

Хулоса қилиб айтганда, 49-моддага ўзгартириш киритинг ёки бошқа қарор билан очиқланишини таъминлаб беринг!

Ахир одамлар ўлмоқда, ҳар бир одам касаллик ўчоғини билишга ҳақлидир.

Ҳар бир одам вакцина келгунича касалланмаслик, яшаш ҳуқуқига эгадир.

Ёки яна бир таклиф: хўп бўлмаса, касаллардан розилик олишни йўлга қўйиб беринглар! Ҳеч бир касал йўқ, демаса керак. Бошқаларга юқмаслик учун маълумотингизни ошкор қиламиз, деса!"

Бош прокуратура "COVID-19дан даволанди", деб тилхат олинишига оид маълумотларни ўрганади

Бош прокуратура Troll.uz каналида берилган, COVID-19 касаллиги тасдиқланмаган кишилардан 30-35 миллион сўмга даволангани ҳақида тилхат олинаётганига оид маълумотларни текширишини маълум қилди.

Gazeta.uz нашрининг ёзишича, каналда тарқалган ахборот юзасидан Бош прокуратуранинг Соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа ижтимоий соҳаларда қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси томонидан ўрганиш ўтказилади.

Бош прокуратура ахборот хизматининг маълум қилишича, Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси бошланганидан бери бунақа ҳуқуқбузарлик ҳолатлари қайд этилмаган.

Troll.uz канали, ижтимоий тармоқларда одамлардан ана шундай тилхатларга имзо қўйдиришаётгани ҳақида постлар кўпайгани ҳақида ёзган ва бир қанчасини эълон қилганди.

Блог муаллифи Умид Ғофуровнинг айтишича, у 50 одамдан шундай маълумот олган.

Алоҳида кишиларнинг ҳикояларида айтилишича, COVID-19 инфекциясини юқтиришда гумон қилиб олиб кетилганлардан, гўёки бемор сифатида даволангани ва ўзига 25 миллион сўмдан 60 миллион сўмгача маблағ сарфлангани ҳақидаги ҳужжатга имзо қўйиш сўралган:

Соғлиқни сақлаш вазири ва Тошкент ҳокимига ҳайфсан эълон қилинди

15 июль куни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида пандемия билан боғлиқ вазият муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Унда президент Шавкат Мирзиёев бу ҳудудларда вазият ачинарли ҳолга келиб қолганини таъкидлади ва аҳолидан тушаётган ҳамда эътирозларни ҳақли эканини таъкидлади.

Селектор йиғинида айтилишича, Тошкент шаҳрида касалликни аниқлайдиган тестлар ва зарур тиббиёт воситалари етишмаяпти, дорихоналарда вирус ва иситмага қарши препаратлар нархи асоссиз, бир неча баробар ошириб юборилган, бу эса аҳоли орасида кўплаб эътирозларга сабаб бўлмоқда.

Бундан ташқари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳам, кейинги бир ойда коронавирусни даволаш стратегияси ва тактикаси кескин бузилган, реал ҳолатдан келиб чиқиб, даволаш амалиёти ўзгартирилмагани айтилди.

"Айни пайтда Тошкент шаҳри шифохоналарида 418 та, Тошкент вилоятида эса 816 та штат бирликлари бўш тургани вазирлик ва ҳокимият томонидан жорий вазият ўз ҳолига ташлаб қўйилганидан далолат беради. Йиғилишда таъкидланганидек, аҳоли коронавирус ва бошқа касалликлар бўйича қаерга бориб мурожаат қилишни ва даволанишни билмай, сарсон бўлмоқда. Шошилинч тиббий ёрдамга қўнғироқ қилиб тушиш қийинлашиб кетган", дейилади селектор ҳақида президент матбуот хизмати берган хабарда.

Вирус юқтирганлар сони пойтахтда 4 минг 92 тани ва Тошкент вилоятида 1 минг 498 тани ташкил этмоқда.

Бу бутун мамлакат бўйича касалларнинг 40 фоизи деганидир.

Тошкент шаҳрида коронавирусдан ўлим сони ҳам кескин кўпайиб, 45 тага етган.

– Яна бир бор таъкидлайман. Айни пайтда бутун дунё, шу жумладан, биз ҳам кўринмас душман билан чин маънода уруш олиб боряпмиз. Бу вируснинг барча хавф ва хатарини тўғри баҳолаб, ҳар томонлама тайёргарлик кўриб курашсак, уни албатта енгамиз, – деди селекторда Шавкат Мирзиёев.

Талон-тарожда айбланганидан 4 кун ўтиб, Наманган СЭОМ карантинга ёпилди

Наманган вилояти Санитария-эпидемиология осойишталик маркази СЭОМ тўлиқ карантинга ёпилди.

15 июль куни марказдан олинган маълумотга кўра, ходимлар СЭОМ биносида қолиб, ишини давом эттирмоқда.

"Ишимизни давом эттираяпмиз, шу ерда тунаб қолаяпмиз. Неча киши коронавирусга чалинганини мен сизга айта олмайман. Карантинга ёпилганимизга 4 кун бўлди", деди марказнинг ўзини таништирмаган ходими.

Марказдан олинган маълумотга кўра, идора яна 10 кун - жами 14 кунлик карантин тугагунча ёпиқ туради.

14 июль куни Санитария-эпидемиология осойишталик агентлиги республика идорасида ҳам ўнлаб ходим коронавирус инфекциясини юқтириб олгани маълум бўлган эди.

7 июль куни айни марказ раҳбарлари катта миқдордаги талон-торожда айблангани ҳақида Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилган эди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Наманган вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, вилоят СЭОМ мансабдор шахслари «F.B.», «A.T.» ва «H.S.» МЧЖлар билан 275,9 млн сўм бўлган «гипохлорид калций» дизенфекцияловчи воситасини 524,8 млн сўмга сотиб олиш бўйича шартномалар тузгани аниқланган.

Яъни, дезинфекцияловчи воситалар, бюджетдан олинган пул билан, ўртача бозор нархидан 248,9 млн сўмга қиммат нархда сотиб олингани гумон қилинмоқда.

Кейинги пайтларда, ходимлари бирин-кетин коронавирусга чалинаётган ва жуда оғир шароитда 4 ойдан буён ишлаётган СЭОА нинг турли вилоятлардаги бўлинмалари раҳбарлари катта миқдордаги маблағни талон-тарож қилгани аниқлангани кузатилмоқда.

Жумладан, СЭОМ мансабдор шахслари Навоий вилоятида 222,3 млн сўм, Бухоро вилоятида 202,5 млн сўм миқдоридаги бюджет маблағларини талон-тарож қилгани юзасидан жиноят иши қўзғатилгани расман эълон қилинган.

Айни пайтда, СЭОА ходимларидан коронавирусга қарши кураш тадбирларига жалб этиларкан, уларга ҳимоя кийимлари ва воситалари етказиб берилмаётган, уларга ваъда қилинган қўшимча устама иш ҳақлари вақтида ёки умуман тўланмаётгани ҳақида кўплаб шикоятлар келишда давом этмоқда.

COVID-19 қурбонлари сони бир кунда 4 нафарга кўпайди

Ўзбекистонда 14 июль куни коронавирусга чалинган беморлардан 4 киши оламдан ўтди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълум қилган.

Сешанба куни вафот этганлардан уч нафари Тошкент шаҳридан, яна бири Қашқадарё вилоятидан бўлган.

Қашқадарё вилоятининг Қарши туманида яшаган56 ёшли Б.В.нинг (эркак) ҳам, пойтахтнинг Шайхонтоҳур туманида яшаган 61 ёшли Ф.А.нинг (эркак) ҳам, Олмазор туманида яшаган 68 ёшли К.А. (эркак) ва унинг рафиқаси 67 ёшли С.А.нинг ҳам коронавирус юқтириб олгани тасдиқланган.

ССВ тошкентлик беморларда ҳамроҳ хасталиклар ҳам бўлганини қайд этади.

Аммо, шифокорлар томонидан ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамай, улар оламдан ўтишган.

Шу тариқа Ўзбекистонда COVID-19 инфекциясига чалингани ортидан ҳаётдан кўз юмганлар сони 67 нафарга етган.

Коронавирус штаби вакили: ССВ ўлим ҳолатларини камайтириб кўрсатаётгани йўқ!

збекистон Коронавирусга қарши кураш штаби вакили COVID-19 беморлари сони камайтириб кўрсатлаётгани ҳақида маълумотларни қатъиян рад қилди.

Штаб вакили Ҳабибулло Оқилов:

"Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўлим ҳолатларини камайтириб кўрсатаётгани йўқ. Бизга бундан ҳеч қандай наф йўқ. Бироқ вафот этаётганлар орасида коронавирус инфекциясига тест топширган ва таҳлил жавоблари орқали тасдиқланмаган ҳолатлар бўлиши мумкин. Қўлимизда беморда коронавирус ташхиси тасдиқланган факт бўлмаса, уни коронавирусдан вафот этди, дея олмаймиз", деди 14 июль куни АОКА штабида ўтган митингда.

Оқиловнинг маълум қилишича, ҳозир мамлакат бўйлаб 16 та шифохона коронавирусга чалинган фуқароларни даволаш учун ишламоқда.

Бир ҳафта муқаддам Зангиотадаги очилган махсус янги клиника эса беморларга тўлиб бўлган.

Шунингдек, ССВ расмийси ҳозирда коронавирусни даволашга мўлжалланмаган шифохоналарда вирус аниқланса, муассаса 14 кунга ёпилмаётганини маълум қилди:

"Коронавирусга мўлжалланмаган шифохоналарда коронавирус аниқланса, уни 14 кунга ёпиб ташлар эдик. Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатдики, бу нотўғри йўл. Ҳозирча коронавирус чиқадиган бўлса, ўша бўлимнинг ўзини ёпяпмиз. У ҳам — бир кунга. Ходимларини яккаланиш ёки карантинга оляпмиз. Керакли чоралар ўтказилгандан кейин, таҳлиллар олингандан кейин, эртасига очиляпти. Шунинг учун қайсидир шифохона карантинга ёпилди, дейиш мутлақо нотўғри".

62-ўлим: икки томонлама пневмония кузатилган яна бир бемор вафот этди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар қилишича, 9 июль куни ковид инфекцияси аниқланган тошкентлик бемор 13 июль куни вафот этган.

Учтепа туманида яшовчи С.Қ.да 9 июль куни "COVID-19" тасдиқланган ва ўткир нафас етишмовчилиги билан Зангиота юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Унга "COVID-19" инфекцияси ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Бемор қандли диабет, гипертония ва жигар циррози касалликлари билан ҳам оғриб келган.

Реанимацион муолажаларга қарамасдан, бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Расмий баёнотларга қараганда, сўнгги кунларда коронавирусга чалинганлар орасида қайд этилаётган ўлим ҳолатларида икки томонлама пневмониянинг жуда қисқа муддатда оғирлашиб кетгани қайд этилмоқда.

Тошкент СЭОА раҳбари пойтахтда аҳоли орасида вирус тарқалиши кенгайгани сабабини изоҳлади

13 июль куни АОКА ҳузуридаги штабда Тошкент шаҳри санитария- эпидемиологик осойишталик маркази бош шифокори ўринбосари Бобур Қурбонов иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

Қурбонов брифингда Тошкентда ҳоли орасида коронавирус тарқалиши сабабларини шундай изоҳлади:

- Аҳоли орасида коронавирусга чалинганларнинг кўпайиб кетаётганига сабаб: фуқароларимиз, асосан ёшларимиз карантин тадбирларига амал қилмай қўйди. Тиббий ниқобларни нотўғри тақиш (бурунни очиб), масофа сақламаслик, ёшларнинг кечалари маҳаллалар ва кўп қаватли уйлар тагида йиғилиб бирга вақт ўтказишлари — мана шу сабаблар туфайли Тошкент шаҳрида касалланишлар сони кескин кўпаймоқда.

Халқ артисти Ф. Зокиров ҳамюртларини карантинга риоя қилишга чақирди

"Ўзбекистон халқ артистлари клуби" раиси, Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров ҳамюртларини карантин қоидаларига риоя этишга чақириб видеомурожаат эълон қилди.

61-ўлим: Тошкентда яна бир бемор коронавирусдан вафот этди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, вирус юқтириб олгани аниқланган 67 яшар тошкентлик аёл 3 кун ичида вафот этган.

Расмий хабарга кўра, 10 июль куни Шайхонтоҳур туманида яшовчи 67 ёшли М.Т. (аёл)да COVID-19 тасдиқланган.

Шу куниёқ ўткир нафас етишмовчилиги сабабли беморнинг аҳволи оғир бўлгани учун Зангиотада янги очилган юқумли касалликлар шифохонасининг реанимация бўлимига ётқизилган.

Шифохонада унга “COVID-19” инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония, нафас етишмовчилигининг 3-даражаси, ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги ташхиси қўйилган.

Ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

СЭОА директори: Ўзбекистонда 1 миллионта тест захираси бор

Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев мамлакатда 1 миллионта тест заҳираси борлигини маълум қилди.

12 июль куни, айни пайтда, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори бўлган Баҳодир Юсупалиев «Ўзбекистон 24» телеканалига интервью берди.

Жонли мулоқот давомида мулозим, кунига 450-470 нафаргача янги ҳолат қайд этилаётганини урғулаб, соғлиқни сақлаш тизими ортиқча босим остида ишлаётганини яна бир карра таъкидлади.

"Республика бўйича кунига 20, 22, 25 минггача тестлар ўтказяпмиз. Буни ўтган давр билан солиштирамиз: илгари кунига 8-10 мингта тест ўтказган бўлсак, ҳозирга келиб бу кўрсаткич 2-3 баробарга ошганини кўриш мумкин", деб маълум қилди мулозим.

Б. Юсупалиев мамлакатда тест тизимлари етишмаётгани ҳақидаги маълумотларни инкор қилиб, захирада 1 миллионта тест борлиги ва захира тинимсиз янгиланиб боришини таъкидлади.

Тошкентда коронавирус учун тест топшириш мумкин бўлган марказлар рўйхати эълон қилинди

12 июль куни Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг пойтахтда коронавирус учун тест ўтказадиган лаборатория марказлари рақамлари эълон қилинди.

Сўнгги кунларда Тошкентда коронавирус аломатлари билан оғрий бошлаган ва "Тез ёрдам" хизматини кунлаб кутаётганлардан Озодликка мурожаатлар келиши кўпайганди.

Тармоқларда ҳам бу каби шикоятлар кўпайиши, шикоятчилар сафида давлат ташкилотлари вакилларининг ҳам кўриниши ортидан, агентлик махсус лаборатория марказлари рақамларини эълон қилди.

Озодлик мухбири 12 июль куннинг биринчи ярмида бу рақамлардан баъзиларига қўнғироқ қилиб, боғланишга уринди ва аммо, Озодликка келаётган шикоятларда қайд этилгани каби, рақамлар одатан банд бўлиб қолаётганига гувоҳ бўлди:

ССВ: 45 бемор оғир, 7 нафари ўта оғир аҳволда

12 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 12706 (+193) нафарни ташкил этмоқда.

Янги касалланиш ҳолатларининг:

- 84 нафари Карантин марказидаги (барчаси хориждан келган) фуқаролар орасида,

- 67 нафари Тошкент шаҳрида аҳоли орасида,

- 25 нафари Наманган вилоятида (шундан 17 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 8 нафари аҳоли орасида),

- 17 нафар Самарқанд вилоятида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида аниқланган.

4925 киши шифохоналарда қолмоқда.

Улардан 45 нафари оғир, 7 нафари эса ўта оғир аҳволда.

COVID-19 касаллиги симптомсиз кечаётганларни уйида даволаш тартиби тасдиқланди

"Коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш ва касаллик тарқалишини олдини олиш борасида ўтказилаётган эпидемияга қарши курашиш тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида" Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи қабул қилинди.

ССВ берган хабарга кўра, ушбу буйруқ билан қуйидагилар тасдиқланди:

- COVID-19 касаллигини ташқи белгиларсиз енгил кечираётганларни уйида даволаш ва эпидемиологик суриштирув ўтказиш тартиби;

- барча ҳудудларда бундай беморларга уйида тиббий хизмат қиладиган ходимлар рўйхати;

- Бундай беморларнинг 10 кунлик тиббий кузатувига оид ҳисобот шакли;

- Коронавирус аниқланган беморлар тўғрисидаги маълумот шакли.

Аммо, сўнгги бир ҳафта ичида республика бўйлаб коронавирус касаллиги аломатини ўзида сеза бошлаган, аммо тест топшириш учун қилган сўровлари жавобсиз қолаётганлардан шикоятлар кўпайиб кетди.

8 июль куни Коронавирусга қарши кураш республика штаби вакили Ҳабибулла Оқилов мамлакатдаги тиббиёт муассасалари тўлгани, агар қайд этилган беморларнинг кунлик сони 1000 нафарга етса, тизим ўлишини айтган эди.

Шу вақтгача Ўзбекистонда 7 яримга яқин коронавирус бемори шифохоналардан соғайиб чиқди. Расмий рақамларга кўра, бу беморларнинг 70-80 фоизга яқини касалликни симптомларсиз кечирган.

Бундай беморларнинг ҳар бирига, ССВ берган расмий баёнотга кўра, 32 миллион сўмдан 64 миллион сўмгача маблағ сарфланган.

4 ойга чўзилган бу амалиётдан шу йилнинг 5 июлидан воз кечилди ва шу санадан бошлаб, коронавирус инфекциясига чалинганлар касалликни енгил кечираётган бўлса, уларга уйида даволанишига рухсат берилди.

COVID-19 аломатсиз шакли билан касалланган фуқаролар ўз хоҳишига кўра стационар шароитда ҳам даволаниши мумкин.

Махсус комиссия карантин кучайтирилгани сабабини изоҳлади

Изоҳда айтилишича, 10 июлдан 1 августга қадар республика миқёсида карантин чекловлари қайтадан кучайтириш соғлиқни сақлаш тизими бироз ўзини тиклаб олиши учун ўта зарурдир.

Махсус комиссия баёнотига кўра, 10 июлга келиб, Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш тизими катта босимга дуч келган, вазирлик тизимидаги муассасалар тўлган.

"Айни вазиятда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими учун COVID-19 билан зарарланганлар сонини қисқартириш ҳамда касалланиш занжирини ҳеч бўлмаганда бир ойга узиш ва тизимни қайта тиклаш ҳаётий заруриятдир".

"20 кунлик танаффус — соғлиқни сақлаш муассасалари, шифокорлар ва тиббиёт ходимларига бўлган босимни юмшатиш ва август ойида мамлакат иқтисодиётини тиклашда давом этиш учун зарур", дейилади баёнотда.

Бундан ташқари, барча тиббиёт ходимлари ва ётоқ ўринлари COVID-19 бемоларига ажратилгани учун, вақтида муолажа ололмай, бошқа касалликлардан ўлиши мумкин бўлган беморларни ҳисоблаш имкони қолмаслиги ҳам қайд этилган.

Яна айтилишича, мамлакатда COVID-19 билан касалланган шифокорлар сони ҳам кўпаймоқда, кўпчилик карантинда бўлгани сабабли ходимлар етишмовчилиги юзага келган.

"Шифокорлар ва тиббиёт ходимларига бўлган психологик босим энг юқори нуқтага етди", дейилади баёнотда.

Баёнотда, расмий статистика фақат аниқланган касалланиш ҳолатларини қайд этаётгани, ҳақиқий ҳолат бошқа мамлакатлардаги каби бир неча баробар фарқли бўлиши мумкинлиги ҳам айтилди.

* * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * *

Бу жонли блогда COVID-19 - коронавирус эпидемияси бўйича Ўзбекистон ва дунёдаги сўнгги вазиятга доир хабарлар, фото-видеоматериаллар жамланмоқда.

Блогнинг аввалги қисмларини қуйида ўқишингиз мумкин:

Алоқадор

XS
SM
MD
LG