Линклар

Шошилинч хабар
30 сентябр 2020, Тошкент вақти: 12:19

Манзил колонияси маҳкуми смартфон тутгани учун яланғоч ечинтирилди, сочи олинди


Озодлик сўнгги икки ой ичида ИИБ ходимларининг фуқароларга куч қўллаши билан боғлиқ бир қатор ҳолатларни ёритди.

Маҳкум яланғочланди, калтакланди ва сочи олинди. Маҳкумлар орасида коронавирусга чалинганлар кўпайиб бормоқда.

Бу Тошкент вилоятида жойлашган икки манзил колониясидан сўнгги кунларда келган хабарлардир. Биринчиси 45-манзил колониясидан, иккинчиси 47- манзил колониясидан.

Калтаклангани иддао қилинган маҳкум жазони ўтаётган колония бошлиғи бундай воқеа бўлганини инкор этди.

Жазони ижро этиш бош бошқармасининг Озодлик боғланган мулозими телефон орқали информация бериш тақиқланганини билдириш билан чекланди.

Тошкент вилоят, Олмалиқ шаҳрида жойлашган 45-манзил колониясида жазо ўтаётган маҳкумнинг иддао қилишича, бир неча кун муқаддам унинг колониядоши муассаса маъмурлари томонидан қийноққа солинган.

"Смартфон учун яланғочланди, сочи олинди"

“Уни 4- 5 ходим ўртасида яланғоч ечинтириб, калтаклашди, кейин сочини тагидан олиб ташлашди. Айби оддий телефон ўрнига смартфон тутганида”.

Маҳкумнинг яна айтишича, унинг колониядошини эрлик шаънини камситувчи сўзлар билан ҳақорат ҳам қилишган.

Уни 4- 5 ходим ўртасида яланғоч ечинтириб, калтаклашди, кейин сочини тагидан олиб ташлашди.

Озодликка хабар жўнатган маҳкум калтакланган колониядошининг исм-фамилиясини, ёшини, Жиноят Кодексининг қайси моддаси бўйича айбдор топилганини, уни калтаклаган маъмурнинг унвони ва исм-фамилиясини, воқеанинг қайси куни бўлганини айтди. Бироқ бу маълумотлар шикоятчи маҳкум шахсини ҳимоялаш мақсадида унинг илтимосига биноан ошкор қилинмаяпти.

Хабар жўнатган маҳкум калтакланган колониядошининг суратини ҳам Озодликка жўнатди. Суратда сочи олинган йигит акс этган.

“Шикоят қилганимни билиб қолишса, уни ёмон қилишлари мумкин. Унга ўхшаган учтасини яқинда Тоштурмага обориб ташлашди”, деди ўз қўрқувига изоҳ берган маҳкум.

Колония бошлиғи қийноқни инкор этди

Озодлик 5 августда 45-манзил колониясининг ўзини Ҳусниддин деб таништирган бошлиғи билан боғланди (фамилиясини айтмади). Бошлиқ саволни эшитгач, “колонияда қийноқ фактлари йўқ” деди ва бошқа барча саволларга жавобни Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматидан олишни тавсия қилиш билан чекланди.

Вазирлик ва ЖИЭББ "жавоблари"

Озодлик душанба куни (3 август) Ички ишлар вазирлиги билан 47-манзил колониясидан келган ташвишли хабар ("маҳкумларга коронавирус юқди") ортидан боғланган, телефонни кўтарган мулозим вазирлик матбуот хизмати билан боғланишни тавсия қилган, бироқ кун давомида хизмат телефонини ҳеч ким кўтармаган эди.

5 август куни манзил колониялар билан боғлиқ яна бир хабар келгач, Озодлик Жазони ижро этиш бош бошқармаси билан боғланди. Телефонни кўтарган мулозим мухбирни куттириб, ким(лар) биландир узоқ маслаҳатлашгач, телефонда оғзаки жавоб берилмаслигини, “барча саволларни ёзма жўнатиш лозим экан”лигини билдириш билан чекланди.

Озодликнинг "45-колониядаги воқеа юзасидан дабдурустдан бир нарса дейишингиз қийиндир, лекин 47-колонияда коронавирус тарқалди дейилаяпти, ҳеч йўқ шу масаладан хабарингиз бордир?" деган саволига ҳам “саволни ёзиб юборинг” деди. Мулоқотдан Жазони ижро этиш бош бошқармасининг электрон почтаси йўқлиги маълум бўлди. Ҳар ҳолда мулозим шундай деди.

47- манзил колониясидан ҳафта бошида келган хат

Хатда, жумладан, мана бундай дейилган:

“Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ тумани Барданкўл маҳалласида жойлашган 47-сонли манзил колониясида жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар орасида Ковид-19 касаллигига чалинган маҳкумлар кўпайиб бораяпти. Бу касаллик шу ерда ишлайдиган ходимлардан юқтирилди…”

Хат муаллифи “касалликни юқтирган” ходимларнинг исмларини келтирган, касалга чалинган маҳкумларга дори берилмаётганини иддао қилган, колониядаги бошқа камчиликлардан ҳам шикоят қилган.

47-колониядаги вазият юзасидан информация олиш учун муассаса раҳбарияти билан ҳам боғланиб бўлмади.

Ички ишлар вазирлиги бундан 2 ой муқаддам – 30 майда “Жазони ижро этиш муассасаларига коронавирус "COVID-19" инфекцияси кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш борасида барча зарур эҳтиёт чоралари кўрилаётгани” тўғрисида ёзган эди.

“Ҳар куни жазо муддатини ўтаётган маҳкумларни тана ҳарорати текширилади. Жазони ижро этиш муассасаларининг барча объектлари коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олишга қаратилган тарғибот-ташвиқот материаллари билан жиҳозланди. Жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар ўртасида ўткир респиратор касалликлар аниқланганда, уларни бошқа маҳкумлардан ажратган ҳолда сақлаш учун алоҳида хоналарда (изолятор) 775 та карантин ўринлари ташкил этилди”, деб хабар қилган эди ИИВ матбуот хизмати.

Бироқ жазони ўташ муассасаларида 30 майдан буён вазият қай томонга ўзгаргани тўғрисида вазирлик расмий сайтида маълумот йўқ.

Ҳуқуқшунос шарҳи

Сочни жазо тариқасида олиш мумкин эмас.

45- манзил колонияда юз бергани айтилаётган воқеадан пайдо бўлган саволларини Озодлик тошкентлик ҳуқуқшунос Руҳиддин Комиловга берди.

  • - Маҳкумнинг сочини мажбурлаб олиб ташлаш мумкинми?
  • - Маҳкумнинг сочи олиниши керак, деган ҳужжатни кўрмаганман. Лекин жазони ўташ муассасасининг ички тартиби бўлади. Ўша тартибга биноан маҳкумнинг сочи узунлигига доир талаблар бўлиши мумкин. Лекин сочни жазо тариқасида олиш мумкин эмас.
  • - Ички ишлар вазирининг Жазони ижро этиш муассасаларининг ички тартиб-қоидаларига доир 2012 йил, 29 декабрдаги буйруғига биноан манзил-колонияда жазо ўтаётган маҳкумга “чекланмаган миқдорда телефон орқали сўзлашишлари” ҳуқуқи берилган. Бироқ 45-колонияда маҳкум смартфондан фойдалангани учун жазолангани айтилди. Бунга нима дейсиз?
  • - Буйруқда фойдаланиш мумкин бўлган телефон маркаси айтилмаган. Бу бир. Иккинчидан, ўзи кўпинча меъёрий ҳужжатлар қонун талаблари билан зиддиятга киришади. Бу ерда ҳам шуни кўриш мумкин. Айни пайтда мен маҳкумларнинг ижтимоий тармоқларга кирганига гувоҳ бўлган эмасман.
  • - 45-колониядагига ўхшаш бошқа воқеадан хабарингиз борми? Балки адвокат сифатида сизга маҳкумлар арз қилгандир?
  • - Йўқ, кейинги 1-2 йил ичида менга шахсан менга манзил-колонияларда сақланаётганлардан қийноқ тўғрисида шикоят келиб тушмаган.

Қийноқлар мавжуд ва улар тан олинмоқда

Озодлик сўнгги икки ой ичида ИИБ ходимлари фуқароларга куч қўллаши билан боғлиқ бир қатор ҳолатларни ёритди.

Куни кеча Фарғона вилоят Ички ишлар бошқармаси Озодлик радиосининг Фурқат туманида мактаб ўқитувчиси Шуҳрат Жўраев қийноққа солингани тўғрисидаги хабарига муносабат билдирди. Расмий билдирувда айтилишича, мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ва хизмат текшируви бошланган.

31 июль куни Фурқат туманида 35 ёшли ўқитувчи Шуҳрат Жўраев туман ИИБ нинг икки ходими уни мактабда компьютер ўғирланишига алоқадорликда айблаб, жиноятга иқрор этиш учун калтаклагани, ҳақоратлаб қийноққа солгани ҳақда Озодликка айтиб берган эди.

Кучли резонанс уйғотган ҳолат ўтган ой бошида Андижонда рўй берди.

Андижонда ИИБ ходимлари 33 ёшли фуқарога куч қўллагани ва оқибатда 11 кун беҳуш, кома ҳолатда ётиб, сўнгра 11 июнь куни ҳаётдан кўз юмгани ижтимоий тармоқларни ларзага солди.

Бунинг ортидан ижтимоий тармоқларда Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов истеъфоси ва вазирликни қайтадан ташкил қилиш талаби янгради.

Олий мажлиснинг камида икки депутати ҳам Ички ишлар вазири Бобожоновнинг истеъфосини талаб қилди.

Айрим депутатлар Ички ишлар вазирлигини тугатиш, керак деган таклиф билан ҳам чиқди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг қийноқлар ва шафқатсиз муносабатни тақиқловчи “Ички ишлар вазирлиги тўғрисида”ги қонунни имзолаганди.

Шунга қарамай, ички ишлар ходимларининг қийноқ ва шафқатсизлиги ҳақида шикоятлар Озодликка келишда давом этмоқда.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG