Линклар

Шошилинч хабар
20 сентябр 2020, Тошкент вақти: 02:29

Путин ашаддий танқидчисининг заҳарлангани айтилмоқда - Алексей Навальний касалхонада ҳушсиз қолмоқда(ВИДЕО)


Алексей Навальний Россия олий ҳокимияти¸ хусусан¸ Путин шерикларининг нақадар коррупцияга ботганини фош этиб келаëтган эди.

Россиянинг энг таниқли мухолифатчиси, Коррупцияга қарши жамғарма (ФБК) раҳбари Алексей Навальний беҳуш ҳолатда Омск шаҳар касалхонасига ëтқизилди.

Озодлик маълумотига кўра, Алексей Навальний ҳозирда реанимациянинг токсикологик бўлимида қолмоқда. Врачлар сунъий нафас олиш аппаратига уланган Навальний аҳволининг оғир эканини айтмоқда.

Президент Путиннинг ашаддий танқидчиси бўлган Навальнийнинг Москвага қайтиш арафасида ичган чойдан заҳарлангани тахмин қилинмоқда.

Алексей Навальний касалхонада ҳушсиз қолмоқда. Путин мухолифининг заҳарлангани тахмин қилинмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:36 0:00

Сафдошлари ва гувоҳларга кўра¸ 20 август куни эрталаб Россиянинг Томскдан Москвага учаëтган пайтда Навальнийнинг аҳволи тўсатдан ёмонлашган ва самолëт Омск аэропортига фавқулодда қўнишга мажбур бўлган.

Коррупцияга қарши жамғарма (ФБК) матбуот котиби Кира Ярмишнинг хабар қилишича, чақиртирилган врачлар Навальний заҳарланганини билдирган. Кира Ярмиш Навальний эрталабдан бир стакан чойдан бошқа ҳеч нарса тановул қилмагани ва айнан “чойга нимадир қўшиб беришгани”ни тахмин қилмоқда.

“Медиазона” нашри мухолифатчи билан бир учоқда кетаётган Павел Лебедевнинг Навальнийнинг Томск аэропортида чой ичаётгани фотосуратини эълон қилди.

Лебедев ўзининг Инстаграм саҳифасида учиш пайтида “Навальний аҳволи кескин ёмонлашгани” ва у “оғриқдан бақираётгани”ни хабар қилди. У ҳодиса жойидан олинган видеони ҳам эълон қилди.

“Интерфакс” Томск аэропортидаги қаҳвахона эгаси барча назорат камералари ёзувларини ўрганиб чиқишини маълум қилганини ёзди.

Мухолифатчи матбуот котиби Алексей Навальний ётқизилган касалхонага полиция чақиртирилгани ва у ерда ҳозирда ФСБ ходимлари ҳам борлигини ўзининг Твиттер саҳифаси орқали маълум қилди.

Навальний штабининг Томск бўйича раҳбари Ксения Фадеева мухолифат етакчисининг Томскда уч кун юргани ва соппа-соғ бўлгани¸ Москвага учиш олдидан ҳам соғлиғига оид шикояти бўлмаганини билдирди.

"Тайга.инфо" нашрининг ëзишича¸ бундан аввал Навальний бир неча кун Сибирда бўлган ва афтидан коррупцияни фош қилишга қаратилган навбатдаги суриштирувига маълумот тўплаган. Аввалига Новосибирск шаҳрида волонтёрлар билан учрашган Навальний¸ сўнгра Томскка келган.

Life Shot Телеграм-канали ўз манбасига таяниб, Алексей Навальнийга “аниқланмаган психодислептик билан оғир заҳарланиш” ташхиси қўйилганини маълум қилди.(Психодислептиклар - инсон миясига қаттиқ таъсир ўтказувчи галлюциноген моддалар-таҳр.)

Error rendering VK.

"Эхо Москви" радиостанцияси бош муҳаррири Алексей Венедиктов Навальний билан содир бўлган воқеа бўйича зудлик билан тергов бошлашга чақирди.

Коррупцияга қарши жамғарма юристлари Россия Жиноят Кодексининг "Давлат ëки жамоат арбоби ҳаëтига қасд қилиш" моддаси бўйича жиноят иши очишни сўраб полицияга ариза топширган.

Айни пайтда Венедиктов¸ Россия давлати¸ хусусан¸ Навальний ашаддий мухолиф бўлган раҳбарларига ишонч йўқлиги боис¸ Алексей Навальнийни зудлик билан даволаш учун чет элга олиб чиқиш лозимлигини билдирди.

Путиннинг ашаддий танқидчиси саналган Алексей Навальнийнинг заҳарланиш ташҳиси билан шифохонага ётқизилгани қўшни Беларусда давом этаётган оммавий халқ норозилиги фонида содир бўлгани эътиборга молик.

Навальний шу йилнинг 9 августида Беларусда бўлиб ўтган президент сайловлари ортидан кўтарилган оммавий халқ норозилик намойишларини ёритиб келаëтган ва “Беларусь ҳақида Катта эфир” дастурини олиб бораётган эди.

Бу Россия мухолифати етакчисининг биринчи марта заҳарланиши эмас.

2019 йилнинг июль оийда Алексей Навальний Москванинг 1-сонли махсус приёмнигидан заҳарланиш аломатлари билан госпитализация қилинган эди.

Ўшанда врач ва терговчилар Алексей Навальний қонида ҳеч қандай заҳарли модда аниқланмагани, унинг аллергия хуружига учраганини билдирган эди.

Навальнийнинг ўзи кейинроқ журналистларга берган интервьюсида аллергияси йўқлиги ва уни заҳарлашмоқчи бўлишганини билдирди.

Бу заҳарланиш ҳодисаси бўйича Тергов қўмитасига топширилган ариза натижасиз қолганидан сўнг Навальний¸ бунинг ўзига қарши суиқасд уриниши бўлганини билдирган эди.

Ўшанда Алексей Навальний ҳукуматга ëқмаган бир қатор рус сиёсатчи ва журналистлари, жумладан Юрий Шчекочихин, Владимир Кара-Мурза, Анна Политковская, Александр Литвиненко, Сергей ва Юлий Скрипаль, Пётр Верзиловларнинг айнан махсус хизматлари томонидан заҳарланганини эслатган эди.

Алексей Навальний ким?

44 яшар Алексей Навальний қарийб ўн йилдан бери президент Владимир Путин бошқарувини кескин танқид қилиб келади.

Мухолифатчи ҳозирга қадар 13 марта маъмурий судга тортилди ва 200 кундан кўпроқ вақтини ҳибсда ўтказди. Унинг уйи ва офисларида вақти-вақти билан ҳукумат томонидан тинтувлар ўтказиб турилади.

Президент Путин прогрессив россияликлар орасида машҳур бўлган Навальний номини тилга олишдан қўрқиши билан (у жамоатчилик олдидаги чиқишларидан бирортасида Навальний номини айтмайди - таҳр.)Россия ва халқаро майдонда кулгуга сабаб бўлиб келади.

Навальнийнинг президентлик ва Москва мэри сайловларига ўз номзодини қўйиш уринишларига турли баҳоналар билан йўл берилмади.

Алексей Навальний асос солган Коррупцияга қарши жамғарма юқори лавозимли давлат амалдорлари, хусусан, собиқ Бош вазир Дмитрий Медведевнинг мол-мулки тўғрисида суриштирув ўтказиб, натижаларини жамоатчиликка эълон қилиб келмоқда.

Россия доменида жуда машҳур бўлган иккита Youtube канали - “Алексей Навальный” ва “Навальный LIVE” каналларида Алексей ҳукуматга вакиллари ва унга яқин одамлар кирдикорларини фош этиб келади.

Жумладан, Навальний ўз текширувлари хулосасига таяниб туриб¸асли наманганлик миллиардер Алишер Усмоновни 50 миллион АҚШ долларлик данғиллама виллани Медведевга қарашли жамғармалардан бирига “ҳадя сифатида” берганини жамоатчиликка эълон қилгани ортидан Усмонов уни туҳматда айблаб¸2017 йилда судга берган эди.

2012 йилда Time журнали рус мухолифатчисини дунëнинг 100 та энг нуфузли одами¸ 2017 йилда эса Интернетдаги 25 та энг нуфузли шахс рўйхатига қўшган.

XS
SM
MD
LG