Линклар

Шошилинч хабар
04 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:43

Швейцария Гулнора Каримова пулларидан бир қисмини "муайян шартлар асосида" Ўзбекистонга қайтариш бўйича Тошкент билан келишувга эришди


Швейцария ҳукумати Гулнора Каримованинг музлатиб қўйилган банк ҳисоб рақамларидаги пулларнинг бир қисмини Ўзбекистонга қайтарши масаласида Тошкент билан келишиб олди.

Швейцария ҳукумати расмий порталининг хабар беришича, бу ҳақда Швейцария ҳукумати жума-11 август куни маълум қилган.

Хабарда айтилишича, икки давлат ўртасида имзоланган келишувга мувофиқ 2012 йилда пул ювиш ва коррупция юзасидан Гулнора Каримовага нисбатан олиб борилган тергов доирасида музлатиб қўйилган маблағнинг 131 миллион доллари "муайян шартлар асосида" Ўзбекистонга қайтарилади.

Швейцария ҳукуматининг маълум қилишича, “муайян шартлар” тўғрисидаги келишув имзолангачгина, пулларни қайтариш тўғрисидаги битим кучга киради.

Швейцария Тошкентдан “муайян шарт “ сифатида қайтарилган пуллар “Ўзбекистон халқининг ҳаёт фаровонлигини таъминлаш”га ишлатилишини талаб қилмоқда. Мазкур шарт доирасида бу пуллар қандай ва қаерга ишлатилгани юзасидан шаффоф мониторинг ўтказиш имконияти ҳам яратилиши лозим.

“Гулнора Каримованинг банк ҳисобидаги яна 650 миллион швейцария франки (715 миллион доллар) жиноят иши якунлангунига қадар музлатиб қўйилган. Швейцария ҳукумати бу пуллар ҳибсдан чиқарилганидан сўнг Ўзбекистонга юқоридаги шартлар асосида қайтарилишини билдирди”, -дейилади хабарда.

Швейцария федерал прокуратураси 2012 йил ëзида очган жиноят иши доирасида Гулнора Каримовага қарашли экани айтилган банк ҳисобларидаги 800 миллион франк маблағ музлатиб қўйилган эди.

Швейцария Бош прокуратураси 2019 йилнинг 24 июнь куни Гулнора Каримованинг Швейцария банкларида музлатиб қўйилган пулларининг 133 миллион доллaрлик қисми Ўзбекистонга қайтарилиши юзасидан муокаралар бошланганини билдирган эди.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Севара Ўринбоева 2020 йилнинг 15 июнь куни АОКАда ўтказилган брифингда Гулнора Каримова томонидан жиноий йўл билан орттирилган мулкларни қайтариш бўйича олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида жорий йилнинг 14 май куни Франциядан Ўзбекистонга қайтарилган 10 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ давлат бюджетига ўтказиб берилгани ва умумий тартибда ишлатилишини билдирган эди.

Севара Ўринбоева Адлия вазирлиги ва Бош прокуратура томонидан Ўзбекистоннинг ваколатли идоралари иштирокида Гулнора Каримова томонидан жиноий йўл билан орттирилган 1 миллиард 300 миллион доллардан ортиқ мулкларни қайтариш бўйича Швейцария, АҚШ, Франция, Россия Федерацияси ва бошқа давлатларнинг ваколатли органлари билан ҳамкорликда иш олиб борилаётганини қайд этган.

Ўзбекистонни 1991 йилдан 2016 йилгача бошқарган президент Ислом Каримовнинг катта қизи Гулнора Каримова бир қатор Ғарб давлатлари телекоммуникация ширкатларидан Ўзбекистон бозорига кириш учун пора олганликда айбланмоқда.

Айни пайтда Гулнора Каримова Ўзбекистонда Зангиота туманидаги аёллар қамоқхонасида сақланаётгани айтилади.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG