Линклар

Шошилинч хабар
10 октябр 2024, Тошкент вақти: 09:41

МИБ ходимлари уйидан мажбурлаб чиқармоқчи бўлган наманганлик аёл ўзига ўт қўйиб ҳалок бўлди


Наманганлик аёл ўзига ўт қўйишидан 13 дақиқа аввал устига бензин сепиб, МИБчиларни огоҳлантирган
Наманганлик аёл ўзига ўт қўйишидан 13 дақиқа аввал устига бензин сепиб, МИБчиларни огоҳлантирган

Наманган шаҳар, Истиқбол МФЙда истиқомат қилган 35 яшар ёлғиз аёл Гуландом Дедабаева 29 сентябрь куни ўзига ўт қўйиб ҳалок бўлди.

Яқинларига кўра, Гуландом икки ярим йил аввал сотиб олган уйидан мажбуран чиқармоқчи бўлган МИБ ходимларига шу тариқа ўз норозилигини изҳор қилган.

Оила-аъзоларининг Озодликка билдиришича, шифокорлар 29 сентябрь куни кечқурун касалхонада жон таслим қилган аёлнинг 95 фоиз куйиш жароҳати олганини айтишган.

Озодликка юборилган видеода Гуландом Дедабаева ўзига ўт қўйиши ҳақида МИБ ва орган ходимларини бир неча бор огоҳлантиради.

Ҳатто устига бир баклажка бензинни сепганидан кейин ҳам 13 дақиқа гапиради, лекин ҳеч ким унинг ўзини ёқиб юборишига тўсқинлик қилмайди.

Наманган шаҳар ва вилоят МИБ мулозимлари ҳодисага изоҳ беришдан бош тортди.

Ёнаётган аёл

Наманган шаҳрининг Истиқбол МФЙ, Боғи Эрам кўчаси, 9-уйида 11, 15 яшар ўғли ва 58 яшар онаси билан яшаган Гуландом Дедабаева 29 сентябрь куни туш пайти устига бир баклажка бензин қуйиб, ўт ёқиб юборди.

Ўша заҳоти касалхонага олиб кетилган бу аёл орадан беш соат ўтиб, вафот этди. Докторлар унинг танаси 95 фоизи куйганлигини қайд этган.

Озодликка юборилган 1 соату 23 дақиқа давом этадиган видеода Гуландом Дедабаеванинг уйи олдида унинг МИБ ходимлари билан жанжали акс этган.

Жанжал Гуландом Дедабаева 2018 йилда 13 минг АҚШ долларига сотиб олган уй ҳақида боради.

Уйнинг асл эгаси бошқа киши эканлиги, ўша уйда яшаб турган уй эгасининг қариндоши Ф. Н. алдов йўли билан ҳужжатларни қалбакилаштириб, Гуландомга сотгани бу ишни кўрган Наманган шаҳар Жиноят ишлари судининг ҳукмида айтилган.

2020 йилнинг 9 июнида бўлиб ўтган бу суд Ф.Н.дан Гуландом Дедабаевага 131 миллион сўмни уч ой муддатда тўлаш ва жавобгарни 4 йилу 2 ой уй қамоғида сақлаш ҳақида ҳукм чиқарган.

Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг ҳукми нусхаси
Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг ҳукми нусхаси

Суд ҳукмининг бошқа варақлари нусҳаси Озодликда бор.

Аммо орадан уч ой ўтган бўлса ҳам, жавобгар томон Гуландом Дедабаевага пулнинг бир сўмини ҳам тўламайди. МИБ суднинг бу қарорини, яъни пулни ундириб бермай туриб, оилани уйдан ҳайдаб чиқармоқчи бўлган.

Бунга эса, уй эгасининг судга мурожаат қилиши ва суд уларни уйдан чиқариш ҳақидаги қарори асос бўлган.

Уй Ф.Н.а ва унинг қариндошлари ўртасидаги жанжал объекти бўлган.

Уй Гуландом Дедабаеванинг онаси Муҳаббат Дедабаева номига сохта ҳужжатлар асосида, жанжалли уй экани яширилиб сотилган. Бу ҳаракатлар суд ҳукмида айтилган.

Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг Гуландом Дедабаевага пулини ундириб бериш ҳақидаги ҳукми
Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг Гуландом Дедабаевага пулини ундириб бериш ҳақидаги ҳукми

"Ҳозир ўзимни ёқиб юбораман, уволимга қолиб кетасизлар..”

Озодликка юборилган видеода 29 сентябрь куни Гуландом Дедабаева МИБ ходимлари аввал унинг пулини ундириб берганидан сўнг уйдан чиқишини талаб қилади.

Ижрони қолдиринглар деганман, қолдиринглар. Ҳозир ўзимни ёқиб юбораман, уволимга қолиб кетасизлар

“Мен бу уйни 13 минг доллар санаб бериб олганман. Менинг бошқа борадиган жойим йўқ. Мени, онамни, иккита боламни боқадиган ҳеч ким йўқ. Мени мажбур қилманглар. Пулимни ундириб беринглар, мана ҳозир беринглар беш минутда бу уйни ташлаб чиқаман. Зўр Ўзбекистон дейсизлар, қани у Ўзбекистон. Пулимни қайтариб берсин, МИБнинг ҳам кераги йўқ, маҳалланинг ҳам кераги йўқ, ўзим чиқиб кетаман. Ижрони қолдиринглар деганман, қолдиринглар. Ҳозир ўзимни ёқиб юбораман, уволимга қолиб кетасизлар”, - дейди Гуландом Дедабаева.

Қарийб бир ярим соат давом этган видеода Гуландом Дедабаева бир баклажка бензинни ярим соатга яқин гоҳ қўлида кўтариб юради, гоҳ ерга қўйиб қўяди. Лекин ҳеч ким баклажкани олиб қўймайди.

Видеонинг 1 соату 10чи дақиқасида дарвоза олдида тор доира вужудга келади. ИИБ ва МИБ ходимлари Гуландом Дедабаевага яқин келади.

“Ўзимга ўзим ўт қўйиб юбораман. Ёмон жонга тегиб кетдинглар. Одамнинг кўнглини зада қилиш шунчалик бўладими?”

Бу гапларни айтган Гуландом Дедабаева устига бир баклажка бензинни сочиб юборади. Бу ҳолатни кузатиб турган ИИБ ва МИБ ходимларидан ҳеч бири реакция билдирмайди. Фақат уйни Гуландом Дедабаевага сотган Ф.Н. бориб, уни бу йўлдан қайтаришга ҳаракат қилади.

“Опа, сиз манга тегманг, мен ўзимни, болларимни ҳимоя қиляпман. Мен сиздан ҳимоя қиляпман(МИБ ходимига қараб - таҳр). Жонимга тегиб кетдингиз.(видеода бир муддат овоз йўқолиб қолади-таҳр). Қани қонун, қани ҳақиқат? Бу ердан кетинглар, мен бу уйдан чиқмайман..”

Гуландом Дедабаева устига бензин қуйилган ва қўлида ўт ёндиргич(зажигалка) тутган ҳолда яна 13 дақиқа гапиради. Лекин фожиа бўлишига ҳаммани ақли етиб турган бўлса ҳам, ҳеч ким эҳтиёт чорасини кўрмайди.

МИБ ходими Жобир Собитхонов унинг ёнига яқинлашаётганда, аёл ўт ёндиргични чақнатиб юборади ва у гуррос аланга ичида қолиб, аввал дарвозага ўзини уради.

Кейин жон ҳолатда кўчага югуриб бориб, деворнинг остига йиқилади. ИИБ ходимларидан бири чойшабни олиб бориб устига ёпади ва оловни ўчиради.

Гуландом Дедабаеванинг онаси Муҳаббат Дедабаеванинг иддао қилишича, МИБ ходими Жобир Собитхонов унинг қизига "ўзингни ёқолмайсан", деб "провокация" қилган.

“Мен дарвозанинг орқа томонида ўтирган эдим. Болажонимни МИБдаги бола жонига қасд қилишга мажбур қилди. Қизим, бир қадам қўйсанг ўзимни ёқвораман, деди. МИБчи бола ёқолмайсан, деб олдига келаётган эди, ёқиб юборди”, - дейди марҳуманинг онаси.

Гуландом Дедабаева 30 сентябрь куни дафн этилди. Унинг 15 ва 11 яшар ўғли бувисининг қўлида қолди.

Гуландом Дедабаеванинг акаси Исмоил Нишоновнинг айтишича, фирибгарлик тузоғига тушиб қолган синглиси икки йилдан бери берган пулини ололмай сарсон бўлган.

Бунинг айби нима, уйни нотариус онасининг номига расмийлаштириб берган, кадастр қиламиз деганда уйнинг эгаси бошқа одам эканлиги аён бўлган.

“Суд фирибгарлардан пулни ундириб бериш ҳақида қарор чиқарди. Лекин МИБ ходимлари бу пулни ундириб бериш ўрнига, уни икки боласи ва онаси билан уйдан ҳайдаб чиқаришга зўр беришди. Бунинг айби нима, уйни нотариус онасининг номига расмийлаштириб берган, кадастр қиламиз деганда уйнинг эгаси бошқа одам эканлиги аён бўлган. Қанча жойга мурожаат қилди, лекин ҳеч нарса бўлмади. Бу менга ўгай сингил бўлади. Отаси онаси билан ажрашиб уйидан чиқариб юборганидан кейин булар бир умр ижарама ижара яшади. Синглим мусофир юртларда ишлаб, уй қиламан деб, мисқоллаб пул йиққан эди. Бу ҳам унга насиб қилмади. Кеча жанозаси, бугун фотиҳаси ўтди. На маҳалла ходимлари на ҳурматли прокуратура ҳузуридаги МИБ валломатлари кўнгил сўрашга келди. На ўша куни ўзига ўт ёққунча томошабин бўлиб кутиб турган ИИБ валломатлари қорасини кўрсатди”,- дейди Исмоил Нишонов.

"МИБ ходими иккита асосий қоидани бузган!"

Озодликка юборилган видеони кўриб чиққан, исми сир қолишини сўраган МИБ ходимларидан бирининг айтишича, бу ўринда уйдан чиқариш процедураси қўпол равишда бузилган.

МИБ иккита қоидани бузган, биринчиси, ўт ўчирувчилар чақирилмаган, иккинчиси уйдан чиқарилаётган аёл аффект ҳолатига тушаётган ва устига бензин қуйиб яна 10-15 минут гапириб турган бўлса ҳам, ижрони тўхтатмаган

“Бу ердаги энг асосий нарса, муаммони муҳокама қилиш, МИБнинг ваколатига кирмайди. МИБ суднинг қарорини бажарувчи. Уйдан чиқаришда, қарздор билан ундирувчи деб юритилади терминда, тарафларга огоҳлантириш берилади. Масалан, ўн кун муддат, максимал бир ой. Ўша муддатда агар қарздор уйдан чиқмаса, кейин иккинчи этапга ўтилади. Бунда низом бўйича ИИБ, тез ёрдам ва ўт ўчирувчини албатта жалб қилиши шарт. Аслида ёқиб юборишгача олиб бориш керак эмас. Агар МИБ ходими у одамни ўзини ёқиб юборишга кўзи етиб турган бўлса, бу жараённи номаълум муддатгача тўхтатиш ваколати бор. Ижрони тўхтатиб, холислар ёрдамида далолатнома тузиб, маъмурий жаримани қўллаб, ижро муддатини яна суриши мумкин. Лекин мен видеода, МИБ иккита қоидани бузганини кўрдим. Биринчиси, ўт ўчирувчилар чақирилмаган, иккинчиси уйдан чиқарилаётган аёл аффект ҳолатига тушаётган ва устига бензин қуйиб яна 10-15 минут гапириб турган бўлса ҳам, ижрони тўхтатмаган. ИИБ ходимлари ҳам томошабин бўлиб турганига жавоб бериши шарт”, - дея изоҳ беради исми ошкор этилишини истамаган МИБ ходими.

МИБ мулозимлари саволларга жавобдан бош тортди

Озодлик Наманган шаҳар МИБ бошлиғи Илҳом Қодиров билан боғланиб, ходимларининг бу ҳаракатига изоҳ сўради. Аммо Қодиров Озодлик мухбири ўзини таништириши билан алоқани узиб, телефонини ўчириб қўйди.

Наманган вилояти МИБ бошлиғи ўринбосари Ҳусанбой Турсунов Озодликдан қўнғироқ қилинаётганини эшитгандан сўнг, ўзи қайтиб чиқишини айтди. Лекин кун давомида Турсуновдан қўнғироқ бўлмади.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги МИБнинг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлимининг телефонига қилинган қўнғироқлар жавобсиз қолди.

Озодлик ихтиёрида бир инсоннинг ўлими билан тугаган ҳодиса юзасидан бирон текширув бошлангани ёки жиноят иши очилгани ҳақида расмий маълумот ҳозирча мавжуд эмас.

МИБ ва аҳоли зиддияти

Ўтган уч йил давомида Ўзбекистонда МИБ ходимларининг ҳаракатларига норозилик сифатида ўзига ўт қўйиш, осиш билан ўз жонига суиқасд қилган одамлар ҳақида Озодлик ўз вақтида хабар берган.

2018 йил 6 ноябрда Жиззах вилояти Дўстлик тумани Наврўз шаҳарчасида яшаган фермер 33 яшар Санжар Баратов 7 ноябрь МИБ ходимлари мол-мулкни мусодара қилиш мақсадида уйга бостириб кирган ва уй эгаларига ғайриинсоний муомала қилганидан сўнг ўз омборхонасида осилган ҳолда топилган эди.

2018 йил Тошкент вилояти Қибрай тумани ҳокими бошчилигида 14 декабрь куни эрталаб фуқаролар қабули бўлиб ўтаётган пайтда, 29 яшар Нозима Эргашева ўзига ўт қўйганди. Воқеа гувоҳларининг айтишларича, аёл МИБ ходимлари унинг газ қувурини асоссиз кесиб ташлагани, икки ойдан буён унинг арз-додларига ҳеч ким қулоқ солмаётганига шу тариқа норозилик билдирган.

2019 йил 18 май куни Самарқанд вилоят, Тайлоқ туманидаги Сочак маҳалласида яшовчи уч боланинг отаси, 33 яшар йигит ноқонуний равишда қурилган дея топилган уйини бузиш учун келганларга норозилик сифатида ўзига ўт қўйиб, шифохонада вафот этган эди. Йигитнинг онаси уни қутқариш учун олов ичида қолган ўғлининг устига ўзини ташлаб, оғир куйиш жароҳати олган эди

2020 йил 21 январь куни Андижон вилояти Андижон туманида яшовчи 31 яшар Хушнуд Ғойибназаров уйини мусодара қилишга келган Мажбурий ижро бюроси ходимлари олдида устига бензин қуйиб, ўзини ëқиб юборганди.

2020 йил 19 февраль куни эрталаб Муқаддас Мустафоева уйини бузаётганларга қарши Қашқадарё вилоят прокуратураси биноси олдида устига бензин сепиб, ўт қўйганди. Ўтни ўчириш пайтида унинг отаси, 60 ёшли Олим Мустафоев куйиш жароҳатлари олган эди.

XS
SM
MD
LG