Линклар

Шошилинч хабар
12 май 2021, Тошкент вақти: 12:26

МИБ: ўзига ўт қўйган Г.Дедабаеванинг онасига 30 марта мурожаат қилинган


Наманганлик аёл ўзига ўт қўйишидан 13 дақиқа аввал устига бензин сепиб, МИБчиларни огоҳлантирган (29 сентябрь куни аянчли ҳодиса пайтида қайд этилган видеодан олинган сурат)

МИБ Наманган шаҳар бўлими ўзига ўт қўйгач, вафот этган Г. Дедабаеванинг ўлими юзасидан матбуот анжумани ўтказди.

3 октябрь кунги анжуманда, МИБ раҳбарияти, бу машъум ҳодисага қадар, суд ҳукми ижроси юзасидан марҳуманинг онасига 30 марта мурожаат қилинганини билдирди.

Наманган шаҳар, Истиқбол МФЙда истиқомат қилган 35 яшар ёлғиз аёл Гуландом Дедабаева 29 сентябрь куни МИБ ижрочилари кўз ўнгида ўзига ўт қўйиб, вафот этганди.

Яқинларига кўра, Гуландом икки ярим йил аввал сотиб олган уйидан мажбуран чиқармоқчи бўлган МИБ ходимларига шу тариқа ўз норозилигини изҳор қилган.

Озодликка келиб тушган видеода, аёл устига бензин қуйганидан сўнг ҳам МИБ ижро ҳаракатини давом эттиргани, бензин қуйилгандан то ўт олдиргунча бўлган орадаги вақт - 13 минут давомида уни тўхтатишга уринмагани акс этган.

Daryo.uz нашри берган хабар мазмунига кўра, 3 октябрь куни ўтган матбуот анжуманида МИБ Наманган шаҳар бўлими ўз ижрочилари ҳаракатини оқлашга уринган.

Расмий баёнотга кўра, - ижро ҳукми келиб тушганидан сўнг - 2019 йил ноябрдан бери қарздор - марҳуманинг онаси Муҳаббат Дедабоевани уйдан чиқариш ҳаракати турли сабаблар 3 марта тўхтатилган, ижрочилар 3 марта қарздорнинг уйига бориб, суд қарорини бажаришга ундаган.

"Бу каби суд қарорлари бўйича кимдир қарздор, иккинчи томон эса, ундирувчи бўлади. Ушбу ижро иши бўйича ҳам ундирувчи А.Ж. томонидан суд қарори ижроси таъминланмаётгани ҳақида кўплаб эътирозлар ва бир нечта шикоят аризалари билдирилиб, турли шаклда 30 дан ортиқ мурожаат қилинган", дейилади МИБ матбуот хизмати томонидан матбуотга тақдим этилган маълумотда.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева, 2 октябрь куни бу ҳодисага муносабат билдириб, МИБ ижрочилари ҳаракатини кескин қоралади.

“Бу ҳолатни мен мутлақо қоралайман. Балким бу ўринда аёл қайсидир маънода ноҳақдир, Мажбурий ижро бюроси тўғри талабни қўяётгандир. Лекин шунда ҳам аёлнинг ҳолатини кўриш мумкин эди.

...Агар ўша ернинг ўзида аёл асабийлашиб, жиғибийрон бўлиб, яна туриб олиб, ҳаққини талаб қилаверган бўлса МИБ сабр-тоқат қилиб, қайтиб кетиб, ижрони кейинроққа қўйса ҳам бўларди", деди Норбоева жумладан.

Шунингдек, Namanganliklar.uz сайтида эълон қилинган видеолавҳада Истиқбол МФЙ раиси Нодира Назарова, Г. Дедабаева устига бензин қуйганидан сўнг МИБ ходимидан ижрони тўхтатишни талаб қилгани, у эса ҳаракатни давом эттирганини айтди.

Ижтимоий тармоқларда бу воқеага муносабат билдираётганларнинг аксарияти МИБ ходимининг ҳаракатини ноқонуний, дея қораламоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг хабарига кўра, Наманган шаҳар прокуратураси Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 103-моддаси(ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатган.

Суд қарорлари ижросини таъминлашга масъул Мажбурий ижро бюроси ходимлари хизмат вазифасини бажаришга борганда аҳоли билан келишмовчилик асосида турли ҳодисалар кўп кузатилмоқда.

Мажбурий ижро бюроси маълумотига кўра, 2019 йилда МИБ ходимларига қаршилик кўрсатилгани билан боғлиқ 132 та ҳолат қайд этилган.

Бюро ташкил этилган 2017 йилдан бери фуқароларнинг қаршилик кўрсатиши туфайли 4 нафар МИБ ходим ўз вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлган.

200 дан ортиқ ходимга турли даражада тан жароҳати етказилган.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG