Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:16

Қирғизистон: Бишкекда янги намойишлар - президент Жээнбековга импичмент талаби янгради


Бишкекдаги митинг иштирокчилари, 2020 йилнинг 7 октябри.
Бишкекдаги митинг иштирокчилари, 2020 йилнинг 7 октябри.

Қирғизистонда мухолифатдаги рақиб фракциялар қудрат учун курашаркан, пойтахт Бишкекда янгидан намойишлар бошланиб кетган.

7 октябрь куни пойтахт Бишкекдаги ҳукумат биноси олдида тўпланган минглаб намойишчилар янги ҳукуматни, ўз таъбирларича, "тоза авлод" тузишини талаб қилганлар.

Талаблар орасида таниқли ишбилармон Тилек Токтагазиевни бош вазир деб эълон қилиш ҳам бор.

Намойишчилар 6 октябрь куни фавқулодда йиғилиш ўтказган парламентнинг мухолиф сиёсатчи Садир Жапаров номзодини бош вазирликка илгари суриш қарорини рад этганлар.

Бир неча мухолифат партиялари томонидан тузилган Халқ мувофиқлаштирувчи кенгаши 7 октябрь куни Жапаровнинг муваққат ҳукуматини тан олмаслигини айтган.

2010 йил ёзидаги этник тўқнашувлар чоғида Ўш мэри лавозимини эгаллаган Мелис Мирзақматов 7 октябрь куни Ўш шаҳрига қайтган.

Ўз тарафдорлари олдидаги чиқишида у Қирғизистонда вазият "жуда оғирлиги"ни айтиб, бирдамликни сақлаш, фуқаролар уруши ҳамда мамлакатнинг бўлиниб кетишига йўл қўймасликка чақирган.

Бишкекдаги митингчилар президент Жээнбековни лавозимдан кетказиш талабини ўртага ташлашди

Қирғизистон пойтахти Бишкекдаги майдонда 7 октябрь куни эрталабдан бери митинг бўлиб ўтмоқда. Озодликнинг қирғиз хизмати хабарига кўра, йиғилганлар ҳокимиятга “эски сиёсатчилар”ни йўлатмасликни талаб қилишяпти. Улар, хусусан, собиқ депутат Садир Жапаровнинг бош вазир лавозимига тайинланишига ҳам қаршилар.

Акция иштирокчилари ёшлар номидан чиқишаётгани ва люстрация талаб қилишаётганини билдирганлар.

Митингда сўзга чиққан “Республика” партияси лидери Мирлан Жээнчўрўев президент Сўўрўнбай Жээнбековга импичмент эълон қилиш таклифини ўртага ташлади:

“Сокени (Сўўрўнбай Жээнбековни демоқчи – таҳр.) кетказиш керак. Райимни (божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Раимбек Матраимов назарда тутилмоқда – таҳр.) қамаш керак. Бизни қўшнилар, хорижий мамлакатлар тан олиши учун қонуний ўзанга тушишимиз керак. Шунинг учун Жўғўрқу Кенеш (парламент) депутатлари ишга чиқиши керак. Чиқмайдиган бўлса, ҳар бирини уйидан олиб чиқамиз”, дея иқтибос келтиради Мирлан Жээнчўрўев сўзларидан “Азаттиқ” радиоси.

Қирғизистон парламентининг 6 октябрь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари мажлисида депутатлар бош вазирлик лавозимига Садир Жапаров номзодини маъқуллагандилар. Бугунги митинг иштирокчилари мазкур мажлис қонунга мувофиқ ўтказилмаганини иддао қилмоқдалар.

Митингда тузилажак муваққат ҳукумат раҳбари этиб парламент сайловида “Ата Мекен” партиясидан номзод ўлароқ иштирок этган ёш тадбиркор Тилек Тўқтўғазиевни тайинлаш таклифи ҳам янграган.

“Азаттиқ” мухбирининг хабар қилишича, авввалроқ ҳукумат биносига сиёсатчилар Садир Жапаров ва Қамчибек Ташиев ҳамда “Чўнг қазат” партияси вакиллари кириб кетган.

Кеча бош вазирликка номзоди кўрсатилган Садир Жапаров 6 октябрга ўтар кечаси колониядан озод қилинганди. Иссиқкўл губернаторини гаровга олганликда айбланган С. Жапаров 2019 йили 10 йилга қамалганди.

Бишкекда 5 октябрь куни парламент сайлови натижаларига қарши митинг бўлиб ўтган. Намойиш иштирокчилари 4 октябрь куни ўтказилган овоз бериш натижаларини бекор қилиш ва қайта сайлов белгилашни талаб қилишган.

6 октябрга ўтар кечаси норозилар “Оқ уй”ни, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ва давлат телевидениеси (КТРК) биносини эгаллаб олганлар.

Ҳозирда президент Сўўрўнбай Жээнбековнинг қаерда экани маълум эмас. Президент матбуот хизмати аввалроқ унинг Бишкекда эканини билдирган. Бугун эса президент матбуот хизмати Сўўрўнбай Жээнбеков 7 октябрь куни Россия президенти Владимир Путинни туғилган куни билан табриклагани ҳақида маълумот тарқатди.

Ўшни 2010 йилдаги миллатлараро низо пайтида бошқарган собиқ мэр қайтиб келди

Мелис Мирзақматов (микрофон ушлаб турган) 7 октябрга ўтар кечаси Ўшга келди.
Мелис Мирзақматов (микрофон ушлаб турган) 7 октябрга ўтар кечаси Ўшга келди.

Ўшнинг халқаро қидирувга берилган ва сиртдан 7 йилга кесилган мэри Мелис Мирзақматов 7 октябрга ўтар кечаси Ўш аэропортида тарафдорлари томонидан тантанали кутиб олинди.

Шундан сўнг у Ўш шаҳар марказий майдонига бориб, ўзининг минглаб тарафдорлари олдида нутқ сўзлади.

У: “Ҳозир мамлакатда вазият кескинлашмоқда, мамлакатни бўлиб, фуқаролик урушини истаётган манфаатдор кучлар бор, биз миллий бирдамликни сақлаб қолишимиз лозим”, - деб айтди.

У, шунингдек, 4 октябрда бўлиб ўтган парламент сайлови адолатли ва ҳалол ўтмаганини таъкидлади.

Мирзақматов сўнгги олти йил хорижда яшаган. Унга нисбатан 2014 йилда жиноят иши очилиб, халқаро қидирувга берилган ва суд ҳукми билан сиртдан 7 йилга кесилган.

Мирзақматов ўзига билдирилган айбловни “сиёсий таъқиб” деб баҳолаган. Мирзақматов 2010 йилдаги миллатлараро низо пайтида Ўш мэри лавозимида ишлаган.

Бишкекда тонгга яқин вазият барқарорлашди

Бишкекда 7 октябрга ўтар кечаси туни билан номаълум одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб тонггача кўчаларни айланиб юришди. Бу ҳақда Озодлик радиоси қирғиз хизмати хабар берди.

Билдирилишича, кўнгиллилардан иборат халқ қўшини вакиллари мазкур гуруҳлардаги шахсларнинг қадамини кузатиб турган.

Сайлов натижаларидан норози партиялардан иборат мувофиқлаштириш гуруҳининг билдиришича, Бишкекда тунда талончилик ва ўғрилик ҳолатлари содир этилмаган.

Хабарда айтилишича, тунда талончилик ҳолатлари юз бериши мумкинлигидан ташвиш билдирилган эди.

Кўнгиллилардан иборат халқ қўшини Бишкекдаги кафелар,ресторанлар, ва савдо марказларини ўраб олиб, у ерга тунда бегоналар киришига йўл бермаганлар.

7 октябрь тонгга яқин Бишкекда вазият барқарорлашгани айтилди. Айни пайтда жамоат транспорти одатдаги тарзда ишламоқда. 6 октябрь куни Бишкекдаги савдо марказлари ишламади. Улар бугун очиладими ёки йўқми номаълум.

Ўзбекистон ТИВ Қирғизистондаги сўнгги воқеалар юзасидан ташвиш изҳор қилди

Қирғизистонда юзага келган кескин вазият ва воқеалар ривожи Ўзбекистонда жиддий ташвиш уйғотмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан 6 октябрь куни тарқатилган баёнотда айтилади.

Баёнотда Ўзбекистон яқин қўшни ва стратегик шерик сифатида қардош Қирғизистондаги вазиятнинг мамлакат Конституцияси ва миллий қонунчилиги нормаларига мувофиқ тез орада барқарорлашувига умид қилиши таъкидланган.

Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлашга қатъий содиқлигимизни яна бир бор тасдиқлаймиз”, дейилади ТИВ баёнотида.

Тошкент қайдича, Қирғизистоннинг барқарорлиги ва мустаҳкам ривожланиши бутун Марказий Осиё минтақаси хавфсизлиги ва фаровонлигининг муҳим омили ҳисобланади.

Ҳозирги мураккаб вазиятда Ўзбекистон кўп асрлик тарихий ва қариндошлик ришталари, умумий маданий ҳамда маънавий қадриятлар билан мустаҳкам боғланган биродар Қирғизистон халқига ҳар томонлама кўмак кўрсатишга тайёр”лиги урғуланган баёнотда расмий Тошкент Бишкекдаги сиёсий гуруҳлардан қай бирини дастаклашга ҳозир эканини очиқлаган эмас. Хабарномада на президент С. Жээнбековнинг, на-да бошқа сиёсатчиларнинг номи тилга олинган.

Экс-президент Р. Ўтунбоева: Халқ ўз йўлини ўзи танласин!

Қирғизистоннинг собиқ президенти Рўза Ўтунбоев мамлакатда бўлаётган воқеаларни шарҳлади.

Озодлик радиоси қирғиз хизматига берган интервьюда Ўтунбоева мамлакатдаги сиёсатчиларни ўтган воқеалардан тегишли сабоқ чиқармаяпти, деб танқид қилди.

Ўш шаҳри мэри Таалайбек Сарибашев истеъфога чиқди

Ўш шаҳри мэри Таалайбек Сарибашев истеъфога чиққани ҳақида унинг матбуот котиби Азамат Абсаттаров маълумот тарқатди.

Мэрнинг шаҳар учун қилган ишларидан рози бўлинглар. Келажакда йирик лойиҳаларни тўла амалга ошириш режалари бор эди. Халқимизга яна кўп хизмат қилади, деган умиддамиз. Батафсил маълумотни эртага айтамиз”, деб ёзди А. Абсаттаров Фейсбукдаги ўз саҳифасида.

Бу орада Дуйшўн Тўрўқулов ўзини Ўш шаҳри мэри, деб эълон қилди. У Таалайбек Сарибашевдан ҳокимиятни қабул қилиб олганини билдирди.

Таалайбек Сарибашев.
Таалайбек Сарибашев.

Бишкекликлар 5 - 6 октябрь кунги воқеалар ҳақида:

Бош вазирликка Садир Жапаров номзоди илгари сурилди

Қирғизистон парламентининг 6 октябрь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари мажлисида депутатлар бош вазирлик лавозимига Садир Жапаров номзодини маъқулладилар. Ўша ернинг ўзида амалдаги ҳукумат раҳбари Қубатбек Бўрўновнинг истеъфога кетгани очиқланди.

Аввалроқ депутатлар парламент спикери Дастан Жумабековнинг истеъфосини қабул қилишиб, унинг ўрнига Миқтибек Абдилдаевни раис этиб сайлагандилар.

Спикер сайловидан сўнг парламент аъзолари бош вазирлик лавозимига Садир Жапаров номзодини кўриб чиққанлар. М. Абдилдаев журналистларга берган изоҳида депутатлар фақат С. Жапаровнинг номзоди учунгина овоз берганларини, эндиликда у парламентга янги ҳукумат тузилиши ва таркибини киритиши лозимлигини билдирган. Бироқ спикер бош вазирликка Садир Жапаров номзоди ким томонидан кўрсатилгани ва парламент янги бош вазир номзоди учун қачон овоз беришига аниқлик киритгани йўқ.

Бош вазирликка номзоди кўрсатилган Садир Жапаров 2017 йилда Иссиқкўлда губернаторни гаровга олганлик айблови билан қўлга олиниб, 2019 йили 10 йилга озодликдан маҳрум этилганди. Бишкекда ўтган тунда содир бўлган воқеалар ортидан С. Жапаров колониядан озод қилинган.

Парламентнинг навбатдан ташқари сессияси Бишкекдаги “Дўстуқ” меҳмонхонасида бўлиб ўтган. Мажлисда 20 дан зиёд депутат иштирок этган, бироқ спикер сайловида кўп депутатлар ишончнома орқали овоз беришган. Шу важдан М. Абдилдаев спикерликка 67 нафар депутат овози билан сайлангани айтилмоқда.

Бироқ Садир Жапаров номзодини бош вазир лавозимига кўрсатиш учун фақат мажлисда иштирок этган депутатларгина овоз берган.

Садир Жапаров.
Садир Жапаров.

Қирғизистон парламенти спикери истеъфо берди

Қирғизистонда парламент раиси Дастан Жумабеков истеъфога кетди. Бу ҳақда Бишкекдаги “Дўстуқ” меҳмонхонасида ўтаётган парламентнинг навбатдан ташқари мажлисида маълум бўлди.

Депутатлар Д. Жумабековнинг аризасини кўриб чиқиб, уни қабул қилишган. Мажлисда 20 дан зиёд депутат иштирок этган, бироқ кўп депутатлар ишончнома орқали овоз беришган.

Дастан Жумабеков
Дастан Жумабеков

Истеъфо ортидан депутатлар парламентнинг янги спикерини сайлашган, янги раис лавозимини “Бир Бўл” фракцияси аъзоси Миқтибек Абдилдаев эгаллаган.

Овоз бериш натижаларига кўра, М. Абдилдаев номзоди учун 67 депутат овоз берган. Эндиликда 120 нафар депутатдан иборат парламент бош вазир вазифасини бажарувчини сайлаши лозим бўлади.

Миқтибек Абдилдаев.
Миқтибек Абдилдаев.

6 октябрь кунги Бишкек бош майдонидан фоторепортаж

Бу майдонда 5 октябрь куни 12 та партия тарафдорлари норозилик намойишига йиғилди.

Митинг тўқнашувларга уланиб, 6 октябрь тонггача давом этди, норозилар президент маъмурияти жойлашган Оқ Уйни эгаллади.

6 октябрь куни эса кўнгиллилар яна майдонга йиғилди.

Кара-Кече конини босиб олишди

"Қирғизкўмур" давлат корхонаси Норин вилоятидаги Қара-Кече конини юздан ортиқ одам босиб олгани ҳақида хабар берди.

"Мавжуд маълумотларга кўра, конга ҳужум ва унинг босиб олинишини, "Саяқ" номи билан танилган криминал авторитет М. Қадирқулов уюштирган. Ҳужумчилар томонидан кон ғазнасидаги ишчилардан пул маблағлари ва кўмир маҳсулоти савдосидан тушган ярим миллион қирғиз сўми миқдоридаги пул тортиб олинган", деб хабар қилди ширкатга таянган Озодлик радиоси қирғиз хизмати.

Кара-Кече кони, 19 октябрь, 2012, Норин вилояти
Кара-Кече кони, 19 октябрь, 2012, Норин вилояти

Бунга қадар, Жалолобод вилоятининг Чотқол туманидаги Терек-Сой конида ишлаётган турк ширкати ҳам, маҳаллий аҳоли талаби билан, ишни тўхтатганини билдирган эди.

Sputnik нашрининг хабар қилишича, 6 октябрь куни мамлакатдаги олтин заҳираларининг 97 фоизини қазиб олаётган "Қирғизалтын" ширкатини ҳам, 50 ка яқин номаълум шахс босиб олишга уринаётгани ҳақида хабар қилди.

Жээнбеков президентликдан кетмаслигини айтди

Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбеков «Би-Би-Си» қирғиз хизматига берган интервьюсида ҳокимиятдан кетиш нияти йўқлигини яна бир карра таъкидлади.

У ўзининг "легитим президент" эканини айтиб, мамлакатда юзага келган вазиятда арбитр вазифасини ўташи лозимлигини урғулади.

"Мен – легитим президентман ва менга ҳам жуда кўп нарса боғлиқ", деди у.

У сўнгги 24 соат ичида мамлакатда бўлаётган воқеаларни олдиндан тайёргарлик кўриб, уюштирилган тадбир, атади.

"Ҳозир музокаралар столига ўтириш ва мамлакатдаги вазиятни ҳуқуқий ўзанга қайтариш жуда зарурдир. Мансабларни тақсимлашадими ёки янги сайловларни ўтказишадими – бунинг ҳаммаси ҳуқуқий майдонда қилиниши лозим", деди Жээнбеков.

Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбеков, 12 сентябрь, 2020 (архив фото)
Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбеков, 12 сентябрь, 2020 (архив фото)

Намойишда яраланган 7 киши жонлантириш бўлимида ётибди

6 октябрь, маҳаллий вақт билан соат 15:00 ҳолатига кўра, 5 октябр - 6 октябрь кунги намойишларда юз берган тўқнашувлар чоғида жами 686 киши турли даражада тан жароҳати олган.

Улардан 164 нафари шифохоналарга ётқизилган, 7 нафари жонлантириш бўлимида.

Миллий госпиталда 2001 йилда туғилган бир йигит вафот этди.

Намойишчилар билан тўқнашган полиция, 5 октябрь оқшом, 2020, Бишкек
Намойишчилар билан тўқнашган полиция, 5 октябрь оқшом, 2020, Бишкек

Ўшдаги митингда жанжал чиқди

Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида 6 октябрь куни эрталаб бошланган митинг ҳалигача давом этмоқда.

Озодлик қирғиз хизмати мухбирининг воқеа жойидан хабар қилишича, юзлаб митингчи куни бўйи ҳокимият истеъфоси, сайлов натижаларининг бекор қилиниши ҳамда Ўшнинг собиқ мэри Мелис Мирзақматовнинг қайтарилишини талаб қилган майдонга 400 чоғли спортчи келбатли йигит келган.

Улар микрофон талаб қилиб, минбарга чиқишга уринган, бироқ митингчилар бунга қаршилик қилишган. Икки тараф ўртасида можаро келиб чиққан.

Бу гуруҳдаги йигитларнинг кимлиги, улар кимни дастаклаётгани ва нима талаб қилаётгани ҳозирча номаълум. Қайд этилишича, митингчилар Ўшнинг собиқ мэри Мелис Мирзақматовнинг келишини кутмоқдалар.

Унинг яқинларига кўра, Мирзақматов сўнгги йилларда истиқомат қилган Туркиядан Қирғизистонга қайтиш тадоригида. Бу орада мэрия биноси олдида бошқа бир гуруҳ одамларнинг митинги давом этмоқда.

Ҳукумат аъзолари қирғизистонликларга мурожаат қилди

Қирғизистонда ҳукумат аъзолари Бишкекда рўй берган сўнгги воқеалар ортидан мамлакат аҳлига мурожаатнома билан чиқди.

Улар ватандошларни “барқарорлик ва амалдаги қонунчиликка риоя қилиш”га чақирган.

Қонунчиликка риоя қилиш, мурожаатномада айтилишича, фуқаролар хавфсизлиги ва турмуш кечиришини таъминлаш учун давлат ҳокимияти идоралари ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларининг узлуксиз ишлаши, иқтисодий барқарорликни сақлаб қолиш важидан зарур.

Ҳукумат аъзоларига кўра, ҳозирда устувор вазифалардан бири “халқаро майдонда Қирғизистоннинг суверен, демократик ва ҳуқуқий давлат сифатида имижини сақлаб қолиш”дир.

“Биз Қирғизистон халқи томонидан зиммамизга юкланган масъулиятни ҳис қилган ҳолда, ўз мажбуриятимиз ва фаолиятимизни бажаришда давом этмоқдамиз”, дея билдирилган ҳукумат баёнотида.

Атамбаев яқинлари даврасида

Ижитмоий тармоқларда Қирғизистондаги қамоқдан чиқарилган собиқ-президенти Алмазбек Атамбаевнинг яқинлари билан тушган суратлари тарқалди.

Атамбаев Бишкекда парламент сайлови натижаларидан норози мухолифат тарафдорлари намойиши пайтида, норозилар томонидан қамоқдан чиқариб олинди.

Атамбаев шу йил июнида коррупция айбловлари билан 11 йилу 2 ой муддатга озодликдан маҳрум этилганди.

Ўзбекистон чегара қатновини чеклади

Ўзбекистон томони 6 октябрдан бошлаб, Қирғизистон ва бу давлат орқали борувчи учинчи давлат фуқароларининг мамлакатга киришини чеклади.

Қирғизистон Давлат чегара хизмати матбуот хизматига таяниб, АКИpress агентлигининг хабар қилишича, Ўзбекистонда бўлган Қирғизистон фуқаролари ва Қирғизистонда бўлган Ўзбекистон фуқаролари чегарадан ватанига ўтказилади.

Аммо, юк ташувчилар ҳаракати чекланмайди.

Икки давлат ўртасидаги чегара ўтказиш пунктлари шу йилнинг 1 сентябригача карантин боис ёпиқ турган, 1 сентябрдан очилган ва бунда қатнов санитария-гигиена талабларига қатъий риоя этган ҳолда амалга оширилиши белгиланган эди.

Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегарасидаги ўтказиш пункти
Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегарасидаги ўтказиш пункти

Милиция билан тўқнашувда ҳалок бўлган йигит 19 ёшда эди

6 октябрга ўтар кечаси ҳалок бўлган йигитнинг шахси аниқланди. Бишкекдаги миллий госпиталь бош врачи Тўктўбай Маанаев Озодлик радиоси қирғиз хизматига норозилик намойиши пайтида милиция билан тўқнашувда жароҳат олиб, касалхонада ҳалок бўлган йигит 2001 йилда туғилган 19 ёшли йигит эканини билдирди. Аммо унинг исми сир тутилмоқда.

“Марҳумнинг икки оёғини портловчи модда юлиб кетган. Ҳозир унинг жасадини шаҳар моргига етказиб бердик”,-деди бош врач.

Бишкекда норозилик намойишини тарқатиш ҳаракати
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:55 0:00

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 6 октябрь куни эрталаб Бишкек марказий майдонида милиция билан тўқнашув пайтида бошидан оғир яраланган йигит вафот этганини билдирган эди.

Милиция билан тўқнашув пайтида жами 590 киши турли даражадаги жароҳатларни олган. Улардан 439 нафарига биринчи тиббий ёрдам берилди. 150 киши касалхонага ётқизилди, улардан 13 нафарининг аҳволи оғир аҳволда.

Қирғизистон президенти: Сайлов баҳонасида ҳокимиятни ағдармоқчи бўлишди

Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбеков маҳаллий вақт билан соат 11да расмий баёнот билан халққа мурожаат қилди.

Президент ўз баёнотида айрим сиёсий кучлар ҳокимиятни ноқонуний босиб олиш ҳаракатини амалга оширганини, сайлов баҳонасида жамоат хавфсизлиги қўпол тарзда бузилганини таъкидлади.

“Шаҳар аҳолисининг тинч ҳаётига таҳдид қилинди. Тартиб соқчиларига бўйсунмай, медикларни савалашди, биноларни вайрон қилишди. Қон тўкилмасин, бирорта фуқаронинг ҳаётига таҳдид қилинмасин деган мақсадда кучишлатар тузилмаларга ўқ отманглар деб буйруқ бердим. Шу вақтгача вазиятни кескинлаштирмаслик учун барча имкониятарни ишга солдик. Мамлакатнинг тинчлиги, жамиятнинг барқарорлиги ҳар қандай депутат мандатидан устувордир”,- деди президент.

Айни пайтда президент Қирғизистон халқини фитначиларга алданмасликка чақирди. Марказий сайлов комиссиясига эса, зарур бўлса, сайлов натижаларини йўққа чиқаришни тавсия қилди.

Бироқ бугунги кунда президентнинг қаерда экани маълум эмас.

Бишкекда норозилик намойишлари бошланиши ва Бишкекда йиғилган ўн минглаб норозиларга милиция томонидан зўравонлик ишлатилгани, резина ўқлар ва кўздан ёш сидирувчи гранаталар отилгани ортидан Талас, Норин, Иссиқкўл вилоятларидаги ҳукуматнинг ишончли вакиллари (губернаторлари) истеъфога чиққанларини билдирдилар.

Мухолифат мувофиқлаштириш кенгашига йиғилди

4 октябрда ўтган парламент сайлови натижаларини тан олишни истамаган 12 партия лидерлари мувофиқлаштирув кенгашини ташкил этган эди.

Мазкур кенгашга сайловда расман ғалаба қозонган, аммо сайлов натижаларини тан олишни истамаган “Бутун Қирғизистон” партиясидан депутатликка номзод, Қирғизистон хавфсизлик кенгаши масъул котибининг ўринбосари, генерал Ўмурбек Суваналиев раҳбарлик қилмоқда.

Айни пайтда “Замондош” партиясидан депутатликка номзод Мелис Турганбаев Жазони ўташ хизмати раиси лавозимини қайта қабул қилгани ва бу лавозимда ишлаётгани, Бишкек шаҳри коменданти лавозимига мухолифатчи сиёсатчи генерал Курсан Асанов тайинлангани маълум қилинди.

“Халқ ҳокими” пойтахт Бишкекни бошқара бошлади

“Халқ мэри” сифатида Бишкек шаҳар ҳокими ваколатини бажаришга киришган Жўўшбек Қуёналиев муниципал хизматлар раҳбарлари билан учрашди.

Учрашувда пойтахт хавфсизлиги ва жамоат тартибини сақлаш масаласи муҳокама қилинди.

6 октябрда Жўўшбек Қуёналиев ҳоким лавозимига сайлангани хабарларда билдирилган эди.

Айни пайтда Бишкек шаҳар кенгаши депутати Канат Мусуралиев Бишкек мэри Азиз Суракматов лавозимидан бўшатилмаганини, бироқ унинг ҳозир қаерда экани номаълумлигини билдирган эди.

Ўш шаҳар кенгаши 6 октябрда мэр Таалайбек Сарибашовга ишончсизлик билдирди

Ўш шаҳар кенгаши депутатлари 6 октябрь куни навбатдан ташқари сессияга йиғилиб, шаҳар мэри Таалайбек Сарибашовга ишончсизлик билдирди.

Кенгашнинг 31 депутати бир овоздан мэрга ишончсизлик билдириш тўғрисидаги қарорни қабул қилди.

Мэр вазифасини вақтинча бажарувчи сифатида вице-мэр Соибжон Турдиев сайланди.

4 октябрда Қирғизистонда парламент сайловлари ўтказилган эди. Сайловда 16 партия иштирок этган. 5 октябрь куни сайлов натижаларидан норози бўлган 12 партия тарафдорлари Бишкек марказий майдонида митингга йиғилганлар.

Оқшомга бориб, милиция ходимлари майдондаги митингни куч қўллаган ҳолда тарқатган.

6 октябрь тонггача давом этган тўқнашувлар ортидан кучишлатар тузилмалар ходимлари таслим бўлган ва норозилар президент маъмурияти жойлашган Оқ Уйни эгаллаган эди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG