Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:51

БМТ Беларусь ҳукуматини зўравонликларни тўхтатишга чақирди


Президент Лукашенкога қарши юриш – Минск, 25 октябрь, 2020
Президент Лукашенкога қарши юриш – Минск, 25 октябрь, 2020

БМТнинг Беларусь бўйича махсус маърузачиси Анаис Марин ҳукуматни “ўз халқига қарши репрессияларни тўхтатиш”га чақирди.

Мариннинг чақириғи Беларусда президент Александр Лукашенкога қарши ўтган сўнгги норозилик намойишларида яна минглаб одам қўлга олиниши ортидан янграмоқда.

Марин Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмита йиғилишида август ва сентябрь ойларида Беларусдаги норозилик намойишларига чиққанлардан камида 20 минг нафари полиция томонидан қўлга олинганини билдирди. Унга кўра, ҳибсга олинган юзлаб одам полиция бўлимларида калтаклангани, қийноқлар ва бошқа ноинсоний муомалага тутилгани ҳақида сўзлаб берган.

Марин Ички ишлар вазирлигидаги манбалар ҳамда нодавлат гуруҳларга таянган ҳолда қўлга олинганларнинг аксариятига қарши маъмурий иш очилганини айтди.

Мариннинг мазкур чақириғини қўмита йиғилишида иштирок этган, асосан Европа Иттифоқига аъзо бўлган 52 давлат вакиллари қўллаб-қувватлади.

52 давлатнинг қўшма баёнотида Беларусь ҳукумати тинч намойишчилар, мухолифатчилар, журналистлар ва ҳуқуқ фаолларига босимларни тўхтатишга чақирилди.

Беларусни 1994 йилдан бери бошқариб келаётган Лукашенкога қарши намойишлар 9 августда ўтган президентлик сайлови ортидан бошланиб кетганди.

Мухолифат сайлов натижалари сохталаштирилгани, сайловда аслида мухолифат номзоди Светлана Тихановская ғалаба қозонганини айтиб келади.

26 октябрдан Беларусь бўйлаб Тихановская чақириғи билан оммавий иш ташлаш акцияси бошланиб кетди.

Оммавий иш ташлашларнинг илк куни Озодликка интервью берган Тихановская иш ташлаш «эндигина бошлангани ва янада кучайиб боришини» айтди.

«Мен бугун куч ва жасорат топиб, иш ташлашга чиққан ҳар бир беларуслик билан фахрланаман», - деди у.

Тихановская сайлов ортидан оиласига таҳдидлар боис мамлакатни тарк этган ва ҳозирда Литвада қолмоқда.

Икки ҳафта муқаддам Тихановская Лукашенкога халқ ультиматумини эълон қилган эди. Унга кўра, Лукашенко 25 октябргача ҳокимиятдан кетиши ҳақида эълон қилиши керак эди.

Лукашенко эса намойишчиларга қарши кескин чора кўришда давом этди. Шу сабабдан Тихановская умуммиллий иш ташлашни бошлашга чақирди.

26 октябрь куни Минск ва бошқа шаҳарларда полиция 320 дан ошиқ одамни қўлга олди. Ундан бир кун олдин юзлаб одам ушланган, намойишчиларни тарқатиш учун шовқинли граната ва резина ўқлар ишга солинганди.

26 октябрь куни айрим олийгоҳларда талабалар дарсга келишдан бош тортди. Шунингдек, кўплаб дўкон ва кафелар ишламади, қатор йирик саноат корхоналарида ишчиларнинг норозилик акциялари бошланди.

Мамлакат ҳукумати бунга жавобан ишчиларни қамаш ва ишдан ҳайдаш билан таҳдид қилди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасига қўшма баёнот йўллаган 52 давлат вакиллари Беларусь расмийларини мухолифат етакчилари ва фуқаро жамияти билан мулоқот бошлашга чақирди.

XS
SM
MD
LG