Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2020, Тошкент вақти: 04:11

Лукашенко истеъфо талабини рад этиши ортидан Тихановская оммавий иш ташлашга чақирди


25 октябрь куни бўлиб ўтган норозилик намойишларида расмийларнинг огоҳлантиришларига қарамасдан, 100 мингдан зиёд одам иштирок этди

Беларусь мухолифати 26 октябрни мамлакатда сиёсий талаблар билан умуммиллий иш ташлашнинг биринчи куни, деб эълон қилди. Мухолифат илгари сурган талабларнинг энг асосийси Александр Лукашенконинг президентликдан кетишидир.

Президентликка собиқ номзод, мухолифат етакчиси Светлана Тихановская икки ҳафта муқаддам Лукашенкога “халқ ультиматуми”ни эълон қилган эди. Унга кўра, Лукашенко 25 октябргача ҳокимиятдан кетиши ҳақида эълон қилиши керак эди.

Лукашенко эса бу талабларни бажариш ўрнига намойишларга қарши кескин чора кўришда давом этди. Шу сабабдан Тихановская умуммиллий иш ташлашни бошлашга чорлади.

25 октябрь куни Минск ва бошқа шаҳарларда полиция минглаб намойишчиларни тарқатиш учун шовқинли граната ва резина ўқларни ишга солди, камида 280 нафар намойишчини қўлга олди.

Беларусда 9 август куни ўтган президентлик сайловида мамлакатни 26 йилдан бери бошқариб келаётган Лукашенко ғолиб бўлгани эълон қилиниши ортидан норозилик намойишлари бошланиб кетганди.

Мухолифат овоз бериш натижалари сохталаштирилганини айтиб, уни тан олишдан бош тортиб келади. Сайлов ортидан мухолифат номзоди Тихановская оиласига таҳдидлар туфайли Беларусни тарк этган.


АҚШ, Европа Иттифоқи, Буюк Британия ва Канада Лукашенкони президент сифатида тан олмаслигини билдирди.

Сайлов натижалари сохталаштирилиши ва намойишлар бостирилишига алоқадор ўнлаб амалдорларга қарши санкция жорий қилинди.

Тихановская Беларусь халқини йўлларни тўсиш, корхоналарни ёпиш, давлат хизматларидан фойдаланишни тўхтатиш ва банк ҳисобларидан бор пулларини чиқариб олишга чақирмоқда.

Лукашенко эса «болаларни ким боқади?» дея иш ташлаш таҳдидини жиддий қабул қилмади.

25 октябрь куни бўлиб ўтган норозилик намойишларида расмийларнинг огоҳлантиришларига қарамасдан, 100 мингдан зиёд одам иштирок этди.

Хабарларга кўра, намойишлар ортидан мобил интернет ўчирилган, 12 та метро бекатлари ёпилган.

Бундан олдинги намойишлар чоғида ҳам ахборот тарқалишига тўсқинлик қилиш мақсадида шунга ўхшаш чоралар кўрилган.

Хабарларга кўра, 26 октябрь куни эрталаб Беларусдаги қатор йирик саноат корхоналарида ишчиларнинг норозилик акциялари бошланиб кетган.

Мамлакатдаги йирик корхоналарнинг қанчасида иш тўхтагани ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ. Расмийлар уларнинг барчаси “одатдаги тартибда ишлашда давом этаётгани”ни иддао қилмоқда.

Бироқ Минск ва бошқа шаҳарлардаги қатор заводларда ишчилар йўлакларда тўпланганлари ёки иш ташлаш чақириғи билан юриш уюштирганлари хабар қилинади.

Мухолифат Telegram каналлари ва мустақил оммавий ахборот воситалари фаоллар сўзларига таянган ҳолда, иш ташлашда қатор корхоналарда ходимларнинг йўқ деганда бир қисми иштирок этаётгани ҳақида хабар қилмоқда.

Бу орада бир неча норозилик акцияси тарқатилганига оид хабарлар ҳам олинди. Ҳуқуқ фаоллари маълумотларига кўра, душанба куни Беларусда қўлга олинганлар сони 100 нафардан ошиб кетган.

Мухолифат Лукашенконинг истеъфоси билан бир қаторда милиция зўравонлиги тўхталиши, барча сиёсий маҳбуслар озод этилиши ҳамда янги сайловлар ўтказилишини талаб қилмоқда.

XS
SM
MD
LG