Линклар

Шошилинч хабар
23 июн 2021, Тошкент вақти: 17:57

Ўзбек муҳожири рус болага тан жароҳати етказишда айбланмоқда - миллатчилик иддаолари (ВИДЕО)


Ўзбек муҳожирига 5 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.

Санкт-Петербургда 36 яшар ўзбекистонлик 11 ёшли болага тан жароҳати етказганликда айбланиб, қамоққа олинди. Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг собиқ ходими Ж. урушаётган болаларни ажратаётганида ўғлини ураётган болани қўлини синдириб қўйганликда гумонланмоқда.

Айбланувчининг рафиқаси Озодликка жабрланган бола ва унинг дўстлари 10 яшар фарзандини олдин ҳам таҳқирлаб, уриб келганини айтиб берди.

Ўзбек муҳожири болага тан жароҳати етказган - терговчилар

Шу йилнинг 8 декабрь куни Санкт-Петербург шаҳар суди қарори билан Ўзбекистон фуқароси бўлган 36 яшар Ж.Э. исмли шахс тергов якунига қадар ҳибсга олинди.

Россия Тергов Қўмитаси Санкт-Петербург бўйича бошқармасининг Озодликка берган расмий маълумотига кўра, ўзбек муҳожири Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 112 моддаси 2 қисми “в” банди бўйича - “вояга етмаган шахсга қасддан ўрта оғирликдаги тан жароҳати етказиш”да айбланмоқда.

- Жиноят иши материалларига кўра, 2020 йилнинг 5 декабр куни шаҳарнинг Просвешчения шоҳ кўчасида жойлашган болалар майдончасида 10 яшар ўғли ва 11 яшар бошқа бола ўртасида содир бўлган муштлашувни ажратгани келган гумонланувчи бошқа болани болалар майдончасига отвориб, ўнг билаги суягини ўртасидан синдириб қўйган. 8 декабрь куни суд уни тергов якунига қадар ҳибсга олиш талабини қондирди. Яқин орада унга айблов эълон қилинади, дейилади расмий хабарномада.

Тергов ходимлари ўзбекистонлик гумонланувчига қайдда турган жойи бўйича оиласи билан яшамаётгани айби ҳам қўйилаётганини билдирди.

Озодлик қўли синган петербурглик болага жарроҳлик ёрдам кўрсатилгани, у ҳозирда шифохонада қолаётганини аниқлади. 11 яшар болани қўлини синдириб қўйганликда айбланаётган Ж.Э. илгари Ўзбекистон Ички ишларида хизмат қилиб келгани ва ҳозирда нафақада экани маълум бўлди.

Бу хабар ортидан Россия оммавий ахборот воситаларида Петербургнинг Калининский туманидаги болалар майдончасида содир бўлган ҳодиса видеоси тарқатилди.

Error rendering VK.

Унда майдончада муштлашаётган икки боланинг олдига келган шахс улардан бирини оёғидан кўтариб, ерга ташлаётганини кўриш мумкин. Тасвирдаги бола “у менинг қўлимни синдирди!”, дегани ҳам эшитилади. Видео қўли синган боланинг шерикларидан бири томонидан олингани маълум.

Қонундаги айбсизлик презумпцияси Россия оммавий ахборот воситалари ва Петербург бирлашган судлари матбуот хизматининг гумонланувчи мақомида бўлган ўзбек муҳожирининг шахсига оид тўлиқ маълумотларни эълон қилишига тўсқинлик қилмади.

Санкт-Петербургнинг Калинин тумани Тергов бўлими суриштирув ишлари давом этаётганини айтмоқда.

"Терговчилар фақат бизни айбдор қилмоқчи!"

Озодлик петербурглик болага тан жароҳати етказганликда гумонланувчи 36 яшар Ж.нинг яқинлари билан суҳбатлашиб, ҳодиса тафсилотларини ўрганди.

Ўзбекистонлик муҳожирнинг исмини очиқламасликни сўраган рафиқаси, турмуш ўртоғи ҳибсхонага олиб кетилгани ва у икки бола билан қолганини сўзлади. М.нинг айтишича, муштлашувга рус болаларининг миллатчилиги сабаб бўлган.

- Улар 5-6 кун олдин боламнинг жиғига теккан, миллатчилик қилган. Шанба куни бу машғулотлардан қайтаётганида болалар ўйингоҳида уни тўртта бола уришга тушган. Улардан бири видеога олган, бошқа ўртоқларига кўрсатиб, мақтаниш учун. Улар уруши бир соатча бўлган, ўғлим отасига қўнғироқ қилган. Дадаси келиб буларни ажратган. Қўлига тегиб кетганми - видеода аниқмас. Душанба куни ўғлимдан полиция келиб, мактабда кўрсатма олган. Дадамиз мактабга борганида ўша ердан милиция хонасига олиб кетган. Улар интернетга дадаси келиб ажратган жойинигина қўйган - боламни урган жойлари кесиб ташланган, - дейди ўзбекистонлик аёл.

Муштлашган 10 яшар Ж. ўзи ва ёши 1-2 ёш каттароқ бўлган питерлик болалар ўртасидаги жанжал бир кун олдин бошланганини Озодликка сўзлаб берди.

- Ўтган жума куни ошхонада мен дежурнийга идиш-товоқларни йиғишга ёрдам бериб турганимда? улар мени йўлимда туриб, ҳақорат қилишди. Мен уларга эътибор қилмадим. Эртаси куни мен уларни болалар майдончасида кўриб қолдим. Улар яна бошлади: “Сен келгиндисан, ўзбексан! Бизларни еримиздан йўқол! Бизнинг юртимиз яхши - сеники ёмон! С...”, деб сўкинди кейин. Мен жаҳлим чиқиб, урушдим улар билан. Мен уст кийимимда бошлаганман урушни. Улар тўрт киши урди мени. Видеога эса охирини кўрсатиб, фақат дадам уриб кетгандек кўрсатяпти, - дейди муштлашувда иштирок этган бола.

Маълум бўлишича, Ж.Э. бундан уч йил олдин Петербургга иш излаб келган. У шаҳарнинг корхоналаридан бирида ҳайдовчилик қилиб келгани, кейинроқ оила аъзоларини ҳам Россияга олиб келгани маълум бўлди.

Уй бекаси бўлган боланинг онаси ҳозирда икки ўғли билан бир ўзи қолгани ва кимга мурожаат қилишни ҳам билмаслиги, уларда ҳатто адвокат йўқлигини айтди. У барча оила аъзоларида миграция ҳужжатлари жойида экани, полиция ходимларида жабрланган бола ўртоқлари билан ўғлини калтаклашни бошлагани тўғрисида назорат камераларидан олинган видеоси ҳам бор, дейди:

- Мен жабрланган бола оиласига ёрдам беришга ҳам тайёрман. Уни кўриш, унинг ота-онаси билан учрашиш учун шифохонага бордим, қўйишмади. Терговчи ҳам “Эринг 5 йил ўтирса ўтирибди, тез ўтиб кетади!”, деб масхара қиляпти, боламни урган видеоларни яширяпти. Иккита болам билан қолиб кетаманми?! Ҳеч қаерда ишламасам. Менга Ўзбекистон ҳукумати ёрдам беришини сўрайман. Мен фарзандларимни отасига ўхшаган яхши инсон қилиб тарбияламоқчи эдим. Икки йилдан бери ўқийди аъло баҳоларга ўғилларим.

Ўзбекистонлик аёл душанба куни Россия телеканал ва нашрларидан келган 10га яқин журналистга бўлган воқеани сўзлагани, лекин ҳозиргача бирортаси унинг сўзларини эфирга узатмагани ва чоп этмаганини айтди.

Петербург полицияси Озодлик сўровига жавобан гумонланувчи Ж.га қўйилган модда асосида суд ҳукми билан 5 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкинлигини билдирди.

XS
SM
MD
LG