Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:33

ХТВ қашқадарёлик ўқитувчи шаънини суд орқали ҳимоя қилмоқчи


Мактаб, синфхона
Мактаб, синфхона

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ижтимоий тармоқ қаҳрамонига айланган қашқадарёлик ўқитувчининг шаън ва қадр-қимматини суд орқали ҳимоя қилади. Бу ҳақда вазирликнинг Назорат-ҳуқуқий хизмати маълум қилди.

Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган лавҳада Китоб туманидаги 85-умумтаълим мактабида ўқувчининг бувиси ҳамда ўқитувчи ўртасидаги юз берган можаро акс этган.

Лавҳада кекса аёлнинг ўқитувчини ҳақорат қилиб, калтаклашга уринаётгани кўринади.

«Маълум бўлишича, мактабда фан амалиёти ўтаб, 5-синфда дарс машғулотлари олиб бораётган Қарши давлат университетининг тарих факультети 4-курс талабаси Бобоназар Хуррамов ўқувчига тартибсизликка йўл қўйгани, уй вазифасини бажармагани боис танбеҳ берган.

Ўқитувчининг шаъни ва қадр-қимматига путур етказганлиги учун ўқувчининг бувисига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 197 (5)-моддасига асосан маъмурий иш қўзғатиш тўғрисида ариза киритилаётганини маълум қиламиз», — дейилади вазирлик хабарида.

MY5 каналига интервью берган Бобоназар Хуррамовнинг ўзи ҳам ўқувчига нисбатан бироз нотўғри танбеҳ берганини тан олди.

Ўзбекистон таълим муассасаларида ўқитувчиларнинг ўқувчиларни калтаклаши ёхуд ўқитувчиларнинг фуқаролар томонидан камситилиш ҳолатлари тез-тез учраб туради.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовнинг ўзи ҳам фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ тумани судида вазирлик шаънини ҳимоя қилиб, блоггер Қобил Дўсов устидан ғалаба қозонганди. Ҳозирда мазкур иш бўйича блоггер талаби билан Тошкент вилояти судида апеллация жараёнлари бормоқда.

XS
SM
MD
LG