Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:04

Туркманистонда Бердимуҳаммедовдан кейинги президент ҳам Бердимуҳаммедов бўлиши мумкин


Сардор Бердимуҳаммедов
Сардор Бердимуҳаммедов

Бир неча йилдирки Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов ўғли Сардорни ўзига ворис қилиб тайёрламоқда. 39 яшар Сардорнинг 11 февраль куни отаси фармони билан бирйўла уч янги лавозимга — бош вазир ўринбосари ва (шу муносабат билан) Хавфсизлик кенгаши аъзоси, шунингдек Олий назорат палатаси раҳбарлигига тайинланиши буни яна бир карра тасдиқлайди. Дарвоқе, тайинлов айнан 11 февралга тўғри келгани қизиқ — Гурбангули Бердимуҳамедов 2007 йилнинг айни санасида илк дафъа президентликка сайланганди.

САРДОРНИНГ ЮЛДУЗИ ПОРЛАГАНДА

Кичик Бердимуҳаммедов сиёсат саҳнасига чиққанидан бери унинг ҳар бир одими диққат билан кузатилмоқда. Ва шу орқали отасининг қай тариқа лавозимини унга қолдириб, ўзи истеъфога чиқишини тахмин қиладилар.

2016 йил ноябрда Сардор парламентдаги вакант ўринни эгаллаб, депутат бўлди. Бу жой нега бўш қолганига изоҳ берилгани ҳам йўқ. Сардорнинг пайдо бўлиши — биров сезиб, биров сезмай қоладиган сайловларнинг аҳамиятини кескин ошириб юборди. Президентнинг ўғли муқаддам қишлоқ хўжалиги вазири муовини бўлиб ишлаган, сўнгра нефть-газ захираларидан фойдаланиш бўйича давлат агентлигини бошқарганди.

2016 йил 15 июлда ушбу идора тугатилиб, шу куниёқ президент Бердимуҳаммедов фармони билан Ташқи ишлар вазирлигида учта янги департамент ташкил этилди ва бирига Сардор бошлиқ қилиб ўтказилди. Мазкур воқеадан икки йил бурун Сардор Бердимуҳаммедов университетдаги ўқишини тамомлаб, Туркманистон Фанлар академиясида физика-математика фанлари доктори рутбасига эришганди.

Унинг отаси амалда 2006 йил охирларида Туркманистонда ҳокимиятни эгаллаган. Бунга қадар Сардор озиқ-овқат саноатида ишлар ва виночилик соҳасида катта мартаба қозонишга ҳозирлик кўрарди.

Бироқ 2008 йилда у Россия ТИВ қошидаги Дипломатия академиясига ўқишга кетди ва шу ондан бошлаб Турманистоннинг Москвадаги элчихонасида маслаҳатчи лавозимига тайинланди. 2011 йилда академияни битириб, ўқишни Женева хавфсизлик сиёсати марказида давом эттирди. Бир пайтнинг ўзида БМТнинг Женева қароргоҳи ҳузуридаги Туркманистон ваколатхонасида маслаҳатчи бўлиб ишлади.

Маслаҳатчи лавозимлари жуда муҳим эди, чунки бу лавозимда ишлаган одам чет элда яшаган деб ҳисобланмасди. Мамлакат конституциясига кўра, парламент депутатлигига номзод сўнгги ўн йил давомида Туркманистонда муқим истиқомат қилган бўлиши шарт. Президентликка сайланиш учун эса сўнгги камида ўн беш йилни ўз мамлакатида ўтказган бўлиш керак.

Депутатликнинг тўртинчи ойида Сардор парламентнинг ҳуқуқий масалалар бўйича қўмитасига раис этиб тайинланди. 2018 йил мартда депутатликка қайта сайлангач у ҳокимият пиллапояларидан жадаллик билан юқорилай бошлади.

2019 йил январда Сардор Ахал вилояти губернаторига ўринбосар бўлди, июнь ойида губернаторлик курсисига ўтирди. 2020 йил февралда саноат ва қурилиш вазири лавозимида иш бошлади.

2017-2018 йилларда Сардор расмий сафарларга чиқиб, Татаристонда президент Рустам Минниханов билан, Москвада Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко билан учрашди, кейинроқ эса Қозоғистонда ўтган Марказий Осиё саммитида Туркманистон вакили сифатида иштирок этди. 2018 йил апрелда, ташқи ишлар вазири ўринбосари этиб тайинланишидан икки ҳафта ўтиб МДҲ мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари учрашувида қатнашиш учун Беларусга борди.

ЭСТАФЕТА ТОПШИРИЛДИ...МИ?

Давлатга қарашли ОАВ Сардорнинг отаси билан тушган фото ва видеотасвирларини тез-тез намойиш этади. Чунончи, 2018 йил февралда ўтказилган Амул — Ҳазар автоюриши ҳақидаги лавҳада унинг отаси қўлидан эстафета таёқчасини олгани ТВ орқали кўрсатилди. Гўё бу билан муайян рамзиятни одамларга етказмоқчи бўлишди.

Сардорнинг давлат хизматидаги фаолиятига давлат ОАВларида ҳануз кенг ўрин берилади. Аммо президент ўғлининг феъл-атвори ҳақида бирон маълумот топиш осон эмас. Фото ва видеотасвирларда у ўзини алланечук ноқулай сезаётгандек туюлади. Айтишларича, Россияда ўқиган чоғларида ўзини доим оддий талабалардек тутган, ҳеч қачон ҳассос ҳолатда кўринмаган экан. Яна айримларнинг сўзларига кўра, парламентга сайланишига қадар у асосан бизнесга қизиққан, сиёсатга эса айтарли таважжуҳ билдирмаган.

Маълумотларга қараганда, Ахал вилоятига раҳбар этиб тайинлангач Сардор маъмурий бинога кириш ва унинг ичида ҳаракатланишга оид янги қоидаларни жорий қилган . Чунончи, унинг иш хонасига кириш ваколати саноқли кишиларгагина берилган, ходимлар фақат жуда зарур бўлган ҳоллардагина иш жойини тарк этиши мумкин эди. Овозни баландроқ кўтариб гапириш, бинога мобил телефон олиб кириш тақиқланганди. Аввалги губернаторлардан фарқли ўлароқ, Сардорнинг офиси ёнига соқчи қўйилган. Президентнинг ўғли “бўйнингни синдираман” деб тобеларини тез-тез қўрқитиб туради.

Конституция бўйича, президент ўз вазифаларини бажаришга қодир бўлмай қолса, унинг ваколатлари парламент спикерига ўтади. Биринчи президент Сапармурат Ниязов вафот этган пайтда ҳам бор эди ушбу тартиб. Аммо ўша пайтлардаги сенат спикери Овезгелди Атаев дарҳол қамоққа олиниб, “кланлараро адоват қўзғатиш”да айблангач оммага деярли нотаниш бўлган соғлиқни сақлаш вазирининг йўли очилди. Кўп ўтмай Гурбангули Бердимуҳаммедов президент вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Яқиндан бери икки палатали бўлган туркман парламентига сайловлар март ойида ўтказилади. Ва сайловдан сўнг, юқори палата спикери — давлат раҳбари ўз вазифаларини бажара олмай қолган тақдирда президентлик ваколатларини қабул қилувчи, яъни ҳокимият иерархиясидаги иккинчи шахсга айланади. Табиийки, кўпчилик бу лавозимни Сардор эгаллашини кутмоқда.

Конституцияга кўра президентликка номзоднинг ёши камида 40 да бўлиши керак, Сардор эса 22 сентябрда 40 ёшга тўлади.

ПРЕЗИДЕНТ БЕТОБМИ?

Сардор хизмат пиллапояларидан юксалгани сайин, отасининг соғлиғи ёмонлашаётгани ҳақида миш-мишлар пайдо бўлмоқда. Катта Бердимуҳаммедов қандли диабет билан оғригани ва бу ирсий касаллик экани (Сардорда бу хасталик бор ёки йўқлиги номаълум) ҳеч кимга сир эмас. Сардор парламентга сайланганидан бери, кам деганда икки марта Бердимуҳаммедов диабетик кома ҳолатига тушгани тўғрисида овозалар бўлди. У, одатига хилоф ўлароқ, 2019 йилнинг бутун июль ойи давомида ва август бошларигача давлат ОАВларида умуман кўринмай қолганида ҳатто ўлдига чиқаришган ҳам.

Коронавирус пандемияси бошланганидан бери ажнабийларнинг Туркманистонга кириши деярли имконсиз бўлиб қолган, пойтахт эса айримларни истисно қилганда, хорижликлар учун берк. Шундай ноёб кишилардан бир нечтаси — доктор Клаус Пархофер бошлиқ немис шифокорлари гуруҳидир. Улар ноябрнинг охирларидан бери икки марта Ашхободга келиб-кетишди.

Марказий Осиё раҳбарлари ўз мамлакатларида сулолавий ҳокимият яратишга ҳаракат қилаётгани ҳақидаги тахминлар янгилик эмас.

Қозоғистонда яқин-яқинларгача биринчи президент Нурсултон Назарбоевнинг тўнғич қизи Дариға отасининг вориси сифатида тилга олинарди. Кузатувчиларга кўра, унинг олий давлат лавозимини эгаллаши эҳтимоли ҳамон мавжуд.

Ўзбекистонда ҳам биринчи президент Ислом Каримовнинг катта қизи Гулнора отасининг ўлимидан сўнг ҳокимият жиловини қўлига олади, деб ўйлашганди. Бироқ уни Каримов тириклигидаёқ қамоққа олишди.

Марказий Осиёнинг патриархал жамиятларида Дариға ва Гулноранинг аёл эканлиги уларнинг зарарига ишлаган бўлиши мумкин. Шу маънода, Сардор Бердимуҳаммедов ҳамда Тожикистон раҳбарининг катта ўғли Рустам Имомали ҳокимиятни сулолавийлаштириш учун қулайроқ мавқеда туришибди.

Аммо Туркманистонда Бердимуҳаммедов биринчи президент эмас. Мамлакатда президент шахсига сиғинишга асосланган бошқарув шакли аввалги раҳбар Ниязов даврида яратилган. Мазкур тизимни отадан ўғилга ўтказиб бўладими, йўқми — ҳозирча башорат қилиш қийин. Ҳар қалай, 30 йиллик мустақиллик даврининг 15 йилида Туркманистонни Бердимуҳаммедовлар оиласига мансуб бўлмаган одам бошқарди.

Туркманистон ҳам Шимолий Корея ёки Озарбайжон эмас. Сардорнинг олий ҳокимият тепасига келиши — юз бериши мумкин воқелик, албатта. Айни чоғда бу мамлакатда мавжуд реаллик билан уйғун бўлмаслиги ҳам эҳтимолдан холи эмас.

XS
SM
MD
LG