Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:19

Хитой пандемия босими остида "Бир макон-бир йўл"нинг янги даврига тайёрланмоқда


Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбеков Хитой раҳбари Си Цзиньпин Манас ордени билан тақдирламоқда. 2019, июнь
Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбеков Хитой раҳбари Си Цзиньпин Манас ордени билан тақдирламоқда. 2019, июнь

Ўта қашшоқлик ва коронавирус устидан ғалабани эълон қилган Си Цзиньпин мамлакатда ва хорижда Хитой иқтисодий мавқесини мустаҳкамлашга доир кўрсатмаларни ошкор қилди.

Пекинда Хитой Коммунистик партиясининг навбатдаги Миллий қурултойи бўлиб ўтди. Бир ҳафта давом этган йиғинда Хитойни жаҳон саҳнасида замонавий давлат ва ҳақиқий глобал қудрат сифатида ўрнини таъминлашга қаратилган янги иқтисодий режа қабул қилинган.

Бу режа мамлакатнинг кейинги 15 йилдаги тараққиёт моделини белгилайди. Қурултойда асосан ички мақсадлар муҳокама қилинган бўлса-да, бу мақсадлар Хитойнинг глобал амбициялари, хусусан, «Бир макон, бир йўл» (БМБЙ) ташаббуси билан чамбарчас боғлиқдир.

"Йиллар давомида гувоҳ бўлиб келаётганимиз воқелик, яъни Хитой кучлироқ бўлаётгани, жаҳон саҳнасида шунга яраша ўзига муносиб ўринга интилаётгани ҳақидаги мужда қайта берилмоқда," дейди Лондондаги Royal United Services Institute тадқиқотчиси Рафаэлло Пантуччи Радио Озод Европа/Озодлик Радиоси билан суҳбатда.

Қурултой ишида қатнашган Хитой ташқи ишлар вазири Ван И матбуот анжуманида БМБЙ ташаббуси пандемия шароитида ҳам давом этишини урғулаган.

«БМБЙ муайян лойиҳадан кўра, кўпроқ кўзланган мақсаддир. Ва ҳар қандай мақсад қайта шакллантирилиши мумкин. Шунга биз ҳозирда гувоҳ бўляпмиз», дейди Пантуччи.

БМБЙ ташаббуси мезбон давлатлардаги ўсиб бораётган ташқи қарз борасидаги хавотирлар деб муайян тўсиқларга учрамоқда. Африкадан тортиб Марказий Осиёгача бўлган мамлакатларнинг ҳукуматлари Хитойдан қарздан кечиш ҳамда уни реструктуризация қилишни сўраган. Пекин шунингдек Уханда коронавирусни жиловлаш сиёсатидаги муваффақиятсизлик натижасида тушиб кетган обрўсини тиклаш ҳамда Ғарб давлатлари унинг сиёсатига қарши қўллай бошлаган чоралар билан ҳисоблашишга дуч келмоқда. Мана шу аснода Пекин дунё мамлакатларига вакцина ва тиббий ускуналар етказиб бериш ҳамда иқлим ўзгариши масалаларини кўтариш орқали глобал етакчиликка даъвосини яна бир бор урғулашга имкониятлар қидирмоқда. Бу БМБЙ ташаббусига ҳам тааллуқли.

Матбуот анжуманида Ван И ташаббуснинг анъанавий инфратузилмага бўлган урғуси ҳақида гапирган, лекин шу билан бирга тиббий дипломатия ҳамда технологик ва молиявий ёрдам каби янги сиёсий уфқларга ҳам тўхталиб ўтган. Хитой ҳозирда дунёнинг энг катта донорига айланган бўлсада, январда чоп этилган ҳисоботга кўра, Хитой ҳукумати халқаро ёрдам тизимда янада фаолроқ етакчилик қилмоқчи.

Экспертларнинг айтишича, Хитой дунё мамлакатлари билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш йўлида “вакцина дипломатияси”дан ҳамда қашшоқликни енгиб ўтишдаги муваффақиятидан тобора фаолроқ фойдаланади.

"Қашшоқликка қарши кураш ҳамда пандемия билан боғлиқ тиббий ёрдам Хитой дипломатиясининг асосий жиҳатига айланади. БМБЙ соябон ташаббус бўлиб, унинг ичига қолган барча йўналишлар кириб кетиши мумкин," дейди Шанхайдаги Шарқий Хитой давлат университетининг тадқиқотчиси Жанг Си.

Имкониятлар билан бир қаторда Хитойнинг бу ташаббуси олдида пандемия талайгина муаммоларни ҳам гавдалантирди. Қарз борасидаги ҳадиклардан ташқари Хитойнинг Марказий ва Жанубий Осиёдаги қўшнилари билан чегараларининг ёпилиши тангликни вужудга келтирди ҳамда савдодаги узилишларга, тирбандликларга ва етказиб бериш нархларининг ошиб кетишига сабаб бўлмоқда. Пандемия даврида Хитойдан Европага темир йўл ташувининг ҳажми ўсган, лекин Марказий Осиё билан савдо секинлашган. Хитой чегарасидан Қирғизистонга чекланган миқдорда мол ўтказилади. Бу вазиятни ҳозирда Бишкекдаги янги ҳукумат ўзгартиришга уринмоқда. Қирғизистон Бош вазири Улуғбек Марипов Хитойнинг Бишкекдаги элчиси Ду Девен билан ёпиқ чегара ва савдо масаласини 3 март куни муҳокама қилган, лекин бу борада силжиш кузатилмаяпти.

Ёпиқ чегаралар асосий экспорт марказларидан узилиб қолган Тожикистондаги савдогарларга ҳам салбий таъсир қилган. Бу тадбиркорлар уларни хитойлик савдогарлар Тожикистоннинг ўзида сиқиб чиқараётганидан норози. Савдо статистикасига кўра, 2020 йилда Хитой билан Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги савдо кўрсаткичлари 2019 йилга қараганда 45 фоизга тушиб кетган.

Покистонда ҳам БМБЙ билан муаммолар кузатилмоқда. Ушбу ташаббуснинг асосий лойиҳаларидан бири бўлмиш 62 миллиард долларлик Хитой-Покистон Иқтисодий Коридори (CPEC) деярли тўхтаб қолган. Шунинг учун ҳам Хитой ушбу лойиҳа устидан назоратни Покистон ҳарбийлари қўлга олганини олқишлаган. Пекин ҳарбийларни Покистоннинг сиёсий синфидан кўра ишончлироқ ҳамкор деб билади.

Шу билан бирга, Россия билан савдо ва сиёсий алоқалар Хитой учун ўта манфаатли шаклланмоқда. Россия божхонасининг рақамларига кўра, Хитой Ғарб санкцияларига учраётган ва технологияларидан маҳрум этилаётган Россиянинг асосий савдо ҳамкорига айланган.

Москва ва Пекин ўртасидаги сиёсий алоқалар ҳам мустаҳкамланмоқда. Хитой ташқи ишлар вазири бу алоқаларга алоҳида тўхталиб ўтган. У, жумладан икки мамлакат “рангли инқилобларнинг” олдини олишда, “сиёсий вирусга” қарши курашаётганини ҳамда глобал муаммоларни биргаликда ечишга интилаётганини таъкидлаган. Пекин учун мана шундай глобал муаммоларидан бири мамлакат иқтисодий ўсишини таъминлаш ҳамда АҚШ билан рақобатда эҳтиётлик билан ҳаракат қилишдир.

АҚШ давлат котиби Антони Блинкен ва АҚШ президентининг Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан 18 март куни Алясканинг Анкориж шаҳрида хитойлик ҳамкасблари билан учрашади. Бу Жо Байден президент бўлганидан бери дунёнинг икки қудратли мамлакати ўртасидаги илк йирик тўғридан-тўғри музокара бўлади.

Хитой шунингдек мамлакатда иш берган муваффақиятли чораларни хорижда, БМБЙ бренди остида қўлламоқчи. Хитой пандемия даврида ўсган ягона катта иқтисодий қудрат бўлгани учун Евроосиёдаги мамлакатлар ўз иқтисодиётини пандемиядан кейин тиклашда ундан андоза олмоқчи.

Лекин аслида Хитойнинг ичкарисида ҳам муаммолар талайгина йиғилиб қолган. Жумладан, истеъмол қисқариб, уй-жой нархлари жуда ошиб кетган.

"Хитой раҳбарияти олдида жуда кўп муаммолар турибди. Иқтисодий ўсишни таъминлаш шулардан энг муҳими. Си Цзиньпин ҳокимиятда бўлишни яхши кўради. Иқтисодий ўсишни таъминлаш ҳокимиятда қолишнинг энг қулай воситасидир," дейди Жон Хопкинс университетининг иқтисодиёт профессори Хо-фунг Хан Радио Озод Европа/Озодлик Радиоси билан суҳбатда.

XS
SM
MD
LG