Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:25

Шаҳрисабз Тез ёрдам станцияси ходимлари: ковид учун белгиланган 500 млн. сўмлик тўловнинг 1 сўми ҳам берилмади (ВИДЕО)


Шаҳрисабз Тез ёрдам тиббий станцияси ишчилари видеомурожаатидан олинган сурат, 12 март, 2021
Шаҳрисабз Тез ёрдам тиббий станцияси ишчилари видеомурожаатидан олинган сурат, 12 март, 2021

Қашқадарёда Шаҳрисабз Тез ёрдам тиббий станциясининг 60 га яқин ходими пандемия давридаги фаолияти учун белгиланган қўшимча иш ҳақини ололмаётир.

Станция ходимлари арзича, гап ишчиларга 2020 йилнинг 16 мартидан - 20 августигача президент қарори билан белгиланган ойликка қўшимча тўлов - тақрибан 500 миллион сўмга яқин сумма ҳақида бормоқда

Бу сўнгги ойларда тиббиёт ходимларидан Озодликка айни мазмунда келаётган ўнлаб шикоятлардан биридир.

Молия вазирлигининг шу йил 12 январда эълон қилинган йиллик ҳисоботида қайд этилишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида 2020 йилда 40 млрд. сўм (тақрибан 400 минг АҚШ доллари) миқдоридаги қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган.

Озодликка тақдим қилинган видеода, станциянинг ўнлаб ходими президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилиб, меҳнат ҳақини ундиришда ёрдам сўраган.

Шаҳрисабз тез ёрдам станцияси ишчилари: ковид учун тўловнинг 1 сўми ҳам берилмади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:13 0:00

Видеомурожаат ортидан боғланган Озодлик мухбири билан суҳбатда, станциянинг 5 ходими бу борадаги арзу шикоятларини ўзлари ишлаб турган станция раҳбарияти, ундан юқори турувчи Шаҳрисабз тиббиёт бирлашмаси ва Қашқадарё вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси инобатга олмаётгандан арз қилди.

Ўзим ҳам касал бўлдим, болаларимга ҳам юқтирдим. 6 фоизлик устама ҳам олмадим, 20 июлдаги 446-буйруқ бўйича ҳам тўлов олмадим.

- Биз ковид пандемияси вақтида тўхтовсиз ишладик. Ҳамма ташкилотлар, ҳатто поликлиникалар ёпилган вақтда ҳам биз тез ёрдам ишчилари ишладик. Ўзим ҳам касал бўлдим, болаларимга ҳам юқтирдим. 6 фоизлик устама ҳам олмадим, 20 июлдаги 446-буйруқ бўйича ҳам тўлов олмадим. Шуни талаб қиляпмиз, - деди ушбу станцияда 11 йилдан бери ҳамшира бўлиб ишлашини айтган Лобар Саидова.

Айтишича, ўтган йилнинг июлида аввалига унинг ўзи, сўнгра оиласи ҳам коронавирус билан касалланган ва тиббий ёрдамсиз, уй шароитида даволанган.

Айни станцияда 11 йилдан бери ҳамширалик қилишини айтган Элзара Раҳмонова ҳам шу кунга қадар қўшимча тўловларни олмаганини айтди:

20 июлдан 20 августгача ҳамширалар 1 ярим миллион сўмдан қўшимча ҳақ олишимиз керак эди.

- 20 июлдан 20 августгача ҳамширалар 1 ярим миллион сўмдан қўшимча ҳақ олишимиз керак эди, Вазирлар Маҳкамасининг 446-буйруғи билан. Олмадик. Шаҳрисабзда ҳатто поликлиникалар ёпилди карантинга, фақат биз Тез ёрдам станциясидаги ишчилар беморлар билан юзма-юз ишладик. Станцияда 56 та ҳамшира, 30 та врач штати бор, лекин ходимлар сони кўп. Кўпчилиги келиб-кетиб ишлайди. Яна ҳайдовчилар бор. Бирортамиз қўшимча тўлов олмадик.

Озодлик айни станцияда ишлайдиган врачлар Зулайҳо Мустафоева, Мавлуда Умарова, Зикриллахон Мансуровлар билан ҳам суҳбатлашди.

Бу шифокорлар ҳам 2020 йилнинг 16 мартидан 20 августига қадар белгиланган қўшимча тўловларни олмаганини айтди.

Арз қилишича, улар ҳам шу кунга қадар Шаҳрисабз Тез тиббий ёрдам станциясида тўхтовсиз ишлаб келмоқда, панедемия авжига чиққан пайтда беморлардан коронавирусни юқтириб олган, аммо на ойлик маошига қўшимча тўлов, на хасталик учун компенсация олган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 июлда қабул қилган 446-сонли "Коронавирус инфекциясига қарши кураш даврида аҳолини тез тиббий ёрдам хизмати билан кенг қамраб олиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида шундай дейилади:

"Кучайтирилган тартиб даврида ҳар ой якунига қадар барча тез тиббий ёрдам бригадаларида ишловчи ходимларнинг лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлар ўрнига барча қуйидаги миқдорларда қўшимча моддий рағбатлантириш тўловларини белгилаш:

  • врач ходимларга — 2,5 миллион сўм;
  • ўрта тиббиёт ходимларига — 1,5 миллион сўм;
  • ҳайдовчиларга — 1,0 миллион сўмдан

қўшимча рағбатлантириш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин"

Қуйида шаҳрисабзлик тиббиёт ходимлари билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:42 0:00
Бевосита линк

Шаҳрисабзлик тиббиёт ходимларининг айтишича, шу кунга қадар улар Қашқадарё вилояти ва республика миқёсидаги 7 та инстанция: Соғлиқни сақлаш вилоят бошқармаси ва вазирлиги, вилоят ҳокимлиги, Президент қабулхонаси каби ташкилотларга мурожаат қилишган.

Арз қилишича, турли идоралар уларга турлича важ кўрсатиб, бу меҳнат ҳақининг тўланмаслигини билдирмоқда.

Вақти келса, ковиддан ўлганларнинг ўликларини ташидик, юзма-юз мулоқотда бўлиб, беморларни шифохоналарга ташидик, ахир?!

- Қандай қилиб?! Ўтган йили касаллик тарқалиши авжига чиққан июль, август ойларида онлайн ишлаган поликлиникалар қўшимча тўловларни олди, шаҳар СЭС ишчилари ҳам тўлиқ қўшимча тўловни олди, биз олмадик, нега?! Вақти келса, ковиддан ўлганларнинг ўликларини ташидик, юзма-юз мулоқотда бўлиб, беморларни шифохоналарга ташидик, ахир?! - дея бировоздан эътироз қилмоқда тиббиёт ходимлари.

Уларнинг иддао қилишича, станциянинг барча ишчиларига ўтган йилнинг 16 мартидан 20 июлига қадар тўланган ойлик маошга 6 фоизлик устама ҳамда 20 июлдан кейин кучайтирилган карантин режими пайтида берилмаган қўшимча тўлов қўшиб ҳисобланганда, 500 миллион сўмдан ортиқни ташкил қилади.

Озодлик бу шикоят юзасидан Шаҳрисабз Тез тиббий ёрдам станцияси раҳбарларидан бирор изоҳ ололмади.

Аммо, бу станциядан юқорида турувчи ташкилот - Шаҳрисабз тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Муродилла Норов кутилмаган жавобни берди.

Норовнинг айтишича, бу ходимлар маош ва унга қўшимча барча тўловларни 100 фоиз тўлиқ олишган:

“Қўшимча тўловларнинг ҳаммасини 100 фоиз олган булар. Давлат томонидан берилган имкониятдан 100 фоиз тўлиқ фойдаланган булар. Ведемостда имзолари билан бухгалтеримиз Равшан Расуловда турибди ана. Истасангиз, ҳужжатларни тақдим қилади сизга!”

Озодлик Норов тақдим қилган телефон рақамлари орқали ҳисобчи Равшан Расуловга 2 кун давомида боғланишга уринди, аммо муваффақ бўлмади.
Станциянинг ишчилари эса, тиббиёт бирлашмаси бош шифокорининг бу гапини қатъиян инкор қилмоқда.

Озодлик қайта боғланган ишчилар, станция ходимлари қўшимча тўлов олгани ҳақидаги табелларни имзолаш нари турсин, ҳатто ойлик маош табелларини ҳам кўрмаганини даъво қилди. Айтишича, уларга ҳар бир ойлик маоши ҳар ой ишчиларнинг пластик карталарига келиб тушади, ишчиларнинг аксари ойлик маош ведемостини умуман кўрмаган.

"Бир марта Алишер Усмонов совғаси, деб тарқатилган Ҳайит байрам пулини олганмиз, холос. Лекин президент қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 446-сонли қарорида кўзда тутилган тўловларнинг бир сўмини ҳам олмадик. Ҳозир аксинча: "Нега у ёқ бу ёққа шикоят чиқариб ётибсизлар, энди бу пулларингизни умуман ололмайсизлар" дегандай қилиб босим ўтказишяпти бизга", дея даъво қилди Тез тиббий ёрдам станцияси ходимларидан бири.

Бу тиббиёт ходими айтган бир марталик тўлов - Россиядаги асли ўзбекистон миллиардер Алишер Усмонов номидан тарқатилган бир марталик мукофот пулидир.

Бу пул президент Шавкат Мирзиёев 30 июль куни имзолаган "Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармон (ПФ-6038) билан тарқатилган.

Унда тез тиббий ёрдам бригадалари ходимларига (врач, фельдшер, санитар ва ҳайдовчилар) бир марталик пул мукофоти бериш учун давлат бюджетидан 100 млрд. сўм маблағ ажратилиши белгиланган.

Gazeta.uz нашрига кўра, бу мукофот учун тадбиркор Алишер Усмонов ажратган хайрия пулдан (жами 20 миллион доллар) 100 млрд. сўми ҳам йўналтирилган.

Қашқадарё вилояти Молия бошқармасининг исми айтилмаслик шарти билан гапирган мулозимига кўра, ҳозирда вилоятдаги қатор тиббиёт ташкилотлари айни муаммога дуч келмоқда.

Хусусан, Шаҳрисабз Тез тиббий ёрдам станциясидаги ҳолат эса - вилоятда авж олган коррупцион вазиятдан даракдир:

Бу ерда гап, очиқ-ойдин коррупция ҳақида бораяпти, менимча.

“Бу ерда гап, очиқ-ойдин коррупция ҳақида бораяпти, менимча. Бу ишчиларга пул ажратилган, ҳатто вилоятдан шаҳар молиясига ўтгандир ҳам, агар бош врач ведемостда имзоси турибди, деб таъкидлаётган бўлса. Шунчаки, бу пул ишчиларнинг қўлига етиб бормай, йўлда йўқ бўлган, менимча. Бу менинг тахминим. Чунки, яқинда Қарши Тез тиббий ёрдам станциясининг ишчилари судлашиб юриб, олди қўшимча тўловларни”.

Озодлик Шаҳрисабз Тез тиббий ёрдам станцияси ходимлари арзини қондиришга масъул бўлган Шаҳрисабз шаҳри ва Қашқадарё вилояти ҳокимлиги Молия бўлимидан ҳозирча бирор расмий изоҳ ололмади.

Бу тиббиёт ходимлари пандемия давридаги қўшимча тўловларни ололмаётгани ҳақида Озодликка йўллаган ўнлаб шикоятдан биридир.

Молия вазирлигининг шу йил 12 январда эълон қилинган йиллик ҳисоботида қайд этилишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида 2020 йилда 40 млрд. сўм (тақрибан 400 минг АҚШ доллари) миқдоридаги қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.

"Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида ўтказилган 723 та назорат тадбирларининг 523 тасида 40 млрд.сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 2019 йилга (13,8 млрд.сўм) нисбатан 2,9 мартага ошган", дейилади ҳисоботда.

Ҳисоботда айтилишича, Давлат молиявий назорати департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 2020 йилда 4 минг 729 та (2019 йилда 8 074 та) назорат тадбири ўтказилган.

Текширувларда жами 246 млрд. сўм миқдорида бюджет интизоми бузиш, пул ва товар-моддий бойликлар камомади ва асоссиз харажатлар аниқланган. Бундан 168,8 млрд.сўмни бюджетга тикланиши таъминланган.

XS
SM
MD
LG