Линклар

Шошилинч хабар
16 май 2024, Тошкент вақти: 11:03

Путин мигрант болаларда миллий тотувлик ва рус қадриятларига таҳдидни кўрди (ВИДЕО)


Владимир Путин таклифи кўплаб муҳожир болалар учун мактаб эшикларини ёпиб қўйиши мумкин.
Владимир Путин таклифи кўплаб муҳожир болалар учун мактаб эшикларини ёпиб қўйиши мумкин.

Владимир Путин Россия мактабларидаги мигрантлар фарзандлари сонини чеклашга чақирди. Унинг сўзларига кўра, айрим таълим муассасаларидаги хорижлик болакайларнинг кўпчилиги россиялик болаларнинг билим даражасига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Миграция экспертлари бундай баёнотлар вазиятни янада мураккаблаштириши ва мигрант болалар ҳолатига салбий таъсир ўтказишини гапирмоқда.

Путин: Мигрантлар болаларининг мактабларда кўпайиши-катта муаммо!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:36 0:00

Россия президенти рус мактабларида мигрантлар фарзандларининг сони кўпайиб кетганидан хавотир билдириб, улар сонини қисқартиришга даъват қилди.

Миллатлараро масалалар бўйича кенгашда гапирган Россия президентининг сўзларига кўра, муҳожир болалар маҳаллий ўқувчилар билим даражасига салбий таъсир ўказмоқда ва миллатлараро низоларни келтириб чиқармоқда.

“Мактабларимиздаги мигрантлар болалари сони уларнинг расман эмас, амалда рус тили муҳитига, нафақат тилга - умуман маданиятга чуқур мослаштиришга имкон бериши, бизнинг рус қадриятларимизга тўлиқ сингимоғи лозим”.

Президент Путин “АҚШ ва Европадаги каби” айрим мамлакатлардаги вазиятни мисол келтирди. Унинг сўзларича, Ғарбда мигрант болалар сони кўпайиши ортидан маҳаллий аҳоли ўз фарзандларини мактаблардан олиб кетмоқда.

Мигрантлар болаларининг мактабларда кўпайишини “катта муаммо” деб атаган Владимир Путин улар сонини қаттиқ назоратга олиш кераклигини уқтирди.

“Ҳар бир катта одамга аён бўлса керак. У ерда шундай мактаблар ташкил топяптики, 100 фоизга мигрантлар болалари билан тўлдирилган. Бу катта муаммо! Биз буни инобатга олишимиз ва бундай ҳолатнинг Россияда юзага келишига йўл қўймаслигимиз керак!”

Ўз таклифини Путин “болаларнинг ўзига фойда келтириши” ва “рус оилалари манфаатларига зид келмаслиги” билан изоҳлади.

Бу чиқиш ортидан Россия Маориф вазирлиги мигрант болаларнинг “шахсий таълим талаблари баҳолаш тизимини” жорий қилишга тайёрлаётганини маълум қилди. Вазир Сергей Кравцов бу тизим боланинг рус тилини билиши ва уни ўрганишдаги камчиликларни аниқлаб беришини айтди.

Вазирлик мутассаддилари ҳар бир синфда мигрант болалар сонини 10-20 фоиздан оширмасликка чақирмоқда.

Владимир Путин чиқиши ва вазирлик киритаётган тартибга баҳо берган “Фуқаровий кўмак” инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, янги қоидалар Россиядаги кўплаб муҳожир фарзандлари учун таълим олишга йўлларни ёпади.

“Эндиликда мактаблар болаларнинг билимсиз қолмаслиги устидан эмас, регистрацияси ва мамлакатда легал ёки нолегал яшаётгани устидан назорат қилишга ўтади. Бу жуда ачинарли янгилик!”, дея баёнот берди қўмита ўзининг расмий сайтида.

Кузатувчиларга кўра, бошқа тил ва муҳитдан кўчиб келган ўқувчи боллар одатда Россиядаги нуфузли гимназия ва лицейларда жорий қилинган танлов тизимидан ўтолмасдан, чеккароқдаги мактабларга ҳужжат топширишга мажбур бўлади. Натижада, айрим туман мактабларида мигрант болалар сони кескин кўпайиб боради.

Жамоатчилик фаоллари: Мигрант болалар ёшлиги ташвишда ўтмаслиги керак!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:00 0:00

Муҳожирлар фарзандларининг ўқишга бўлган умуминсоний ҳуқуқларини кўп йиллардан бери ҳимоя қилиб келаётган “Фуқаровий кўмак” ташкилоти йирик мегаполис ва шаҳарлардаги мактабларга ҳужжат топшираётган ўзбек, тожик ва қирғиз болаларнинг ягона ва энг катта муаммоси - рус тилини билмасликда, асло унинг ақлий қобилиятида эмаслигига эътибор қаратиб келади.

Россия мактабларида муҳожир фарзандларининг кўплиги россияликлар учун қанчалик катта муаммо? Рус бўлмаган йигит-қизлар ҳақиқатан ҳам маҳаллий болалар билим даражасига салбий таъсир ўтказмоқдами? Озодликнинг бу саволларига жавоб берган москваликлар иккига бўлинди: бир томон мигрант ўқувчилар сонини кескин чеклаш зарурати борлигини айтса, бошқалар уни сунъий яратилган ва миллатчилик руҳидаги баёнотлар, дея баҳолади.

Озодлик Россия пойтахти шимолида уч фарзанди билан яшаётган ўзбек муҳожирлари оиласида меҳмонда бўлди. Москвада тикувчилик қилиб келаётган наманганлик Ёсин ва Нигоранинг уч фарзандидан икки нафари рус мактабида аъло баҳоларга ўқийди.

Уларнинг айтишича, фарзандлари тез вақт ичида маҳаллий шароитларга мослашиб кетишган:

- Ўғлим рус тилини яхши билгани учун муаммо бўлмади. Қизимда бироз бўлди. Бошида бир ойдан кейин мактабдан олмоқчи ҳам бўлдим. Бошида “Дада, устозим нима деётганини, ўртоғларимни тушунмаяпман”, деб келди. Биз қўлига телефон бериб, барча саволларни, таржима керак бўлса ёрдам бериб турдик. Жудаям тез ўзлаштириб кетди!

Қурбоновлар оиласи муҳожир болалар билан боғлиқ муаммолар бироз бўрттирилаётгани, зеро одатда айнан мигрант болалар ўқиш жараёнида яхши натижалар кўрсатаётганига гувоҳ бўлаётганини айтади.

Бугунга келиб Асадбек ва Шаҳризод мактабга иштиёқ билан бориб келади. Улар турли тўгаракларга қатнайди, ўзларини ўзга юртда эканини ҳис этмаётганини гапиради:

- Биринчи Ўзбекистондан келганимда қийналганман, чунки биринчи синфда ўзбекчада ўқиб, дарров русчага ўтганман. Бошида умуман билмасдим бошқалар билан гаплашишни. 2-3 ойдан кейин ўрганиб кетдим. Ҳозир синфимда аълочиман, - дейди Шаҳризода.

Россияда яшовчи 146,7 миллион аҳолидан қарийб 23 фоизини 18 ёшгача бўлган мактаб ёшидагилар ташкил этади. Россия Маориф вазирлиги берган расмий маълумотга кўра, Россияда 800 мингдан кўпроқ вояга етмаган хорижлик фуқаролар яшаб келмоқда. Бироқ давлат таълим тизимига 140 мингдан зиёд меҳнат муҳожирлари фарзандларигина жалб қилинган, холос.

Улардан қанчаси ўзбекистонлик ўқувчи болалар экани тўғрисида аниқ маълумот йўқ.

XS
SM
MD
LG