Линклар

Шошилинч хабар
14 июн 2021, Тошкент вақти: 08:36

Байрам бўлиб байраммас, мотам бўлиб мотам. Ўзбекистон 9 майни нишонлашга тайёрланмоқда


Собир Раҳимов ҳайкали очилиш маросими. Тошкент, 2018, 8 май. Биринчи ўзбек генерали ҳайкали Ислом Каримов даврида , 2011 йили, Олмазор туманидан Ғафур Ғулом боғига кўчирилган эди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги 9 май куни “Ўлмас полк” акциясини ўтказишга рухсат берилгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларни рад қилди.

Ҳокимлик бундай акцияни ўтказишга рухсат берилмаганини жорий карантин чоралари билан изоҳлади.

Айни пайтда расмий матбуот бутун мамлакат бўйлаб Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик қизғин кетаётганини хабар қилмоқда.

9 майда нишонланадиган сананинг расмий номи ёнига кейинги йилларда “Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг … йиллиги” ибораси ҳам қўшилди.

Бундан 30 йил муқаддам парчаланиб кетган давлат “Ғалаба байрами”нинг ўзбекистонликларга қандай алоқаси бор?

Бу саволни Озодлик уч авлод вакилига берди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги 9 май куни “Ўлмас полк” акциясини ўтказишга рухсат берилгани ҳақида ижтимоий тармоқларда хабар тарқалиб кетганини акцияни ўтказиш тўғрисидаги аризага ўзбек тилида қўйилган имзонинг рус тилига нотўғри таржима қилиниши оқибати эканлигини хабар қилди.

"Lost in Translation"

“Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари М.Муҳитдинов пойтахтимизда “Бессмертний полк” акциясини ўтказиш бўйича қилинган мурожаатни ўрнатилган тартибда Тошкент шаҳар ИИББ ва ЙҲХБга йўналтирган. Бироқ Интернетдаги хабарда ёзилганидек, мазкур мурожаатга «Принять к исполнению в установленном порядке» тарзида эмас, балки “Ўрнатилган тартибда кўриб чиқилсин”, яъни “Рассмотреть в установленном порядке” дея имзо чекилган”, дейилган ҳокимлик баёнотида.

Айтилишича, бундай акцияни ўтказишга “ҳеч бир мутасадди ташкилот томонидан… рухсат берилмаган” ва ҳокимлик буни Ўзбекистонда коронавирус инфекциясининг тарқалиши билан боғлиқ вазият тобора мураккаблашаётгани билан изоҳлаган.

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг бу баёноти Ўзбекистонда 9 май байрам сифатида нишонланмайди, дегани эмас.

Президент қарори

Ўзбекистон президенти 2021 йил, 20 апрелда “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Бу қарорга биноан, жойларда Иккинчи жаҳон урушида қурбон бўлганлар хотирасига ўрнатилган ёдгорликлар атрофи супуриб-сидирилмоқда, ободонлаштрилмоқда.

Сирдарё вилоят, Сайхунобод туман марказида мустақиллик йилларида ўрнатилган ёдгорлик. 2021, 7 май
Сирдарё вилоят, Сайхунобод туман марказида мустақиллик йилларида ўрнатилган ёдгорлик. 2021, 7 май
Андижон вилоят, Шаҳрихон шаҳрида совет даврида ўрнатилган ёдгорлик, 2021, 7 май.
Андижон вилоят, Шаҳрихон шаҳрида совет даврида ўрнатилган ёдгорлик, 2021, 7 май.

Расмий матбуот хабарларига қараганда, жойларда ўтган ой охириданоқ “айни санага атаб “Шараф ленталари”ни тарқатиш бошлаб юборилган”.

Бир неча йил муқаддам...

1999 йили Ўзбекистонда Ғалаба куни ибораси ўрнига Хотира ва қадрлаш куни ибораси жорий этилди.

Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамонларига қўйилган қатор ҳайкал ва хотира ёдгорликлари йўқ қилинди.

Ўзбекистонлик генерал Собир Раҳимов номига қўйилган кўчалар, туман, метро бошқа номга ўзгартирилди. Ҳатто марказий газеталарда суратлари чоп этилган уруш ветеранлари кўксидаги собиқ иттифоқдан қолган орден ва медаллар ҳам кўринмас қилиб ретуш қилинди.

Шу кунларда...

тарқатилаётган “Шараф ленталари” кейинги йилларда Россиянинг пропаганда машинаси урфга киритган "Георгий ленталари"ларига жавобдир.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов 2019 йилнинг 24 апрелида ўтказган селектор йиғилишида Хотира ва қадрлаш кунини муносиб кутиб олиш билан боғлиқ масалалар юзасидан топшириқлар бераркан, Георгий лентаси оммалашиб бораётганини танқид қилиб, худди шунга ўхшаш акцияни Ўзбекистонда кенг оммалаштириш кераклигини айтган эди.

Бироқ ўша йилиёқ, 9 май куни Тошкент шаҳар ҳокимияти рухсат бермаганига қарамай, юзлаб одам кўксига Георгий ленталарини тақиб, "Ўлмас полк" тадбирида қатнашган эди.

2019 йил, 9 май куни Тошкентда ўтказилган "Ўлмас полк" тадбири.
2019 йил, 9 май куни Тошкентда ўтказилган "Ўлмас полк" тадбири.

Ортида Россия элчихонаси ва Россотрудничесто агентлиги турган акция уюштирувчилари Тошкентдаги "Биродарлик қабристони"дан Мустақиллик майдонидаги Мангу олов монументигача юришни амалга оширишни режалаштиришган эди. Россотрудничество вакили ўшанда Озодликка “жамоатчилик тартибини бузмаслик ва шаҳарда ноқулайликлар вужудга келтирмаслик” учун бундай юришдан воз кечилганини айтган.

Бу йил эса, Россотрудничество Тошкент марказидаги Халқлар дўстлиги майдонида уюштирган тадбирда СССР байроғи кўтарилди.

Кўксига Георгий лентасини тақиб олган тошкентлик аёл. Тошкент, 2021, 7 май.
Кўксига Георгий лентасини тақиб олган тошкентлик аёл. Тошкент, 2021, 7 май.

Хотира куними ё Ғалаба байрамими?

Ғалаба ғояси СССР (Россия) билан боғлиқ. Ўзбекистон эса, 30 йилдан буён мустақил. Бас, шундай экан, Ғалаба ғояси билан Мустақиллик ғоясини қандай омухта қилиш мумкин?

Озодлик бу саволни ўзбекистонликларнинг уч авлоди вакилларига берди.

Сирдарёлик 19 яшар талаба Жавоҳир Омонулло:

“9 май шахсан мен учун Хотира куни, вассалом. Уруш тўғрисида ўқиган-ўрганганларимиздан келиб чиқиб айта оламанки, II жаҳон уруши ҳеч бир давлат учун ғалаба билан тугамаган. Ғалабани тантана қилган Совет давлатидан энг кўп қурбон берилди, очарчилик ва фронт ортидаги оғир меҳнатдан нобуд бўлганларни, яксон бўлган иқтисод, табиатга етган зарарларни ҳисобласа, бунинг номини ғалаба қўйиш умуман имконсиз”.

Сирдарёлик талаба йигит Ўзбекистонда 9 май тадбирлари тобора "катта оғага талпиниш" бўлиб кўринаётганини айтади.

“Марҳум президент даврининг сўнгги йилларини яхши эслайман. 9 май азадорлик кайфияти билан оўтарди. Ҳамма қабристонларга борар, марҳум президентнинг ўзи ҳам Георгий тасмасини тақмагани ҳатто ўша вақтда мухолифат томонидан олқишланган ҳам. Бироқ олий ҳокимият ўзгарганидан буён йилдан-йилга ғалаба сўзи Хотира сўзининг, советча парадлар ва ғалаба рақслари мотам сукунатининг ўрнини эгаллаётгани сир бўлмай қолди. Айниқса шу йил Халқлар дўстлиги майдонида кўтарилган совет байроғи ва советча чиқишлар менда ҳам ўзгача ҳавотирларни уйғотди. Амалдаги ҳукумат яна "катта оғасига" талпинаётганга ўхшамоқда”.

Андижонлик 48 яшар врач Отабек Аҳлиддинов:

"Каримов даврида 9 май куни фақат хотира тадбирлари бўлар эди. Кейинги йилларда шу кун муносабати билан ўтказиладиган тадбирларда уруш ветеранлари давра тўрига чиқариляпти. “Ғалаба” сўзи ҳам тез-тез тилга олинадиган бўлиб қолди".

Врачнинг фикрича, Фашизм устидан қозонилган ғалабада ўзбекларнинг ҳам ҳиссаси борлигидан миллат фахрланиши керак:

"Ғалабанинг аҳамияти барибир катта. СССР, қизил байроқ, рус босқинчилари деган гапларнинг кераги йўқ. Чунки айнан ўша қизил байроқ остида ота-боболаримиз ғалаба қозонган. Ватандошларимизнинг қони тўкилган. Демак, ўша ғалаба бизнинг ҳам ғалабамиз бўлган".

77 яшар тилшунос олим Бахтиёр Исабеков:

"Кейинги йилларда қизиқ бир жараён - руслашиш жараёнини кузатяпман. Аввало, сиёсатдаги руслашишни айтяпман. Руслашиш фуқаролар орасида ҳам бор. Бу мустамлака даврида кузатилмаган ёки кўзга ташланмаган ҳодиса эди. Бу нафақат Мирзиёев, балки Каримов даври билан ҳам боғлиқ. Сабаби, биз Кимдан, Қайси мамлакатдан мустақил бўлганимизни шу кунгача ҳам аниқлаб олмаганмиз. Шу нарса эътироф этилмас экан, бу ҳолат давом этаверади".

Тилшунос олимнинг фикрича, 9 майни нима деб аташни ҳал қилиш учун олдин ўзбек урушга ким сифатида киргани масаласини ҳал қилиб олиш керак:

"СССРдан мустақил бўлдик, дейишади. Ахир, у аслида иттифоқ эмасди. У Россия эди. Россия империясининг бошқача кўриниши эди, холос. Биз урушда Россия билан бирга бўлганимиз йўқ. Бизни мажбурлаб бирга қилишди. Биз Москва учун крепостной эдик ва помешчик крепостнойини қандай мажбурласа, биз ҳам шундай мажбурланганмиз. Биз Ўзбекистонни ҳимоя қилмаганмиз ёки кенгроқ маънода Туронни ҳимоя қилмаганмиз. Биз хўжайинни ҳимоя қилганмиз. Демак, 9 май – Ғалаба куни, деб, руслардай байрам қилсак, унда мустақиллик деган тушунчамизниям, Ватан тушунчасиниям қайта кўриб чиқишимизга тўғри келади".

XS
SM
MD
LG