Линклар

Шошилинч хабар
22 сентябр 2021, Тошкент вақти: 15:40

Давлат хизматчилари Мирзиëев камбағалларга ваъда қилган ёрдамни ўз чўнтагидан беришга мажбурланмоқда


Сайловлар йилида президент Мирзиëев камбағал оилаларга мактабга чиқадиган ҳар бир бола учун 500 минг сўмлик ëрдам пули беришни ваъда қилган.

Озодликка Қашқадарëдан келган хабарга кўра¸ давлат ташкилотлари раҳбар ва ходимлари камбағал оилаларга 500 минг сўмдан пул беришга мажбурланмоқда.

Бу мажбурлаш Шавкат Мирзиëевнинг камбағал оилаларга ўқув йили бошланишидан олдин моддий ëрдам ажратиш ваъдаси доирасида кузатилмоқда.

Президентнинг 13 июль кунги фармонига кўра¸ 2021 йилнинг август ойида “темир дафтар”га киритилган камбағал оилаларга болаларини мактабга ҳозирлаш учун бир марталик 500 минг сўмлик ëрдам берилиши керак.

Айни хабарларда¸ ëрдамни ўз чўнтагидан тўлаëтган давлат хизматчиларига пул берилганлардан ҳукумат ва президент номига “ташаккурнома” ëздириб олиш ҳам буюрилгани ҳам айтилмоқда.

Бу жараëннинг бошқа вилоятларда ҳам кузатилаëтганига оид маълумот ҳозирча Озодликда йўқ. Қашқадарë вилоят ҳокимлиги¸ Маҳалла вазирлигидан бу жараëн бўйича изоҳ олишнинг имкони бўлмади. Вилоят ҳокимлигига боғланиш учун берилган телефон рақамлари факсга уланган бўлса¸ Маҳалла вазирлиги Озодлик саволларига Қашқадарë вилояти бўйича тарқатилган бир марталик ëрдамга оид айрим рақамларни тақдим этиш орқали муносабат билдирди.

“Темир дафтар”чиларга бириктирилган “олтин дафтар”?

Шавкат Мирзиëевнинг 13 июль кунги 6260-сонли фармони “Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” деб номланган.

Унда 2021 йил август ойида «Темир дафтар»га киритилган оилаларнинг 18 ёшгача бўлган ҳар бир фарзанди учун давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 500 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш буюрилган.

Мирзиëев фармонида бу буйруқ ижроси учун шаҳар ва туман ҳокимлари¸ сектор раҳбарлари ва Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари масъул этиб тайинланган.

Ëрдамнинг “Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан” ажратилишига оид фармон бандини Мирзиëев 30 июль чиқарган бошқа бир қарори билан ўзгартирди. 5204-сонли қарорга кўра¸ камбағалнинг мактабга чиқадиган ҳар бир боласига бериладиган 500 минг сўмлик ëрдам харажатларини

республика бюджети маблағлари;

бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ва бошқа органлардан боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақасини олувчи оилаларнинг 18 ёшга тўлмаган фарзандларига, шунингдек, ногиронлиги бўлган 18 ёшга тўлмаган болаларга бир марталик моддий ёрдам пулларини тўлаш харажатлари — бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳамда вазирлик ва идораларга ажратилган бюджет маблағлари”дан олиш буюрилди.

Мазкур қарорнинг Қашқадарë вилоятидаги ижросига оид Озодликка келган ҳужжатлар 500 минг сўмлик ëрдам харажатларининг ойликка яшаб келаëтган давлат ташкилотлари раҳбар ва ходимлари зиммасига юклатилганини кўрсатади.

Улардан бири¸ Қамаши туман ҳокими Ботир Тоғаев тузган махсус рўйхат.

Бу рўйхатга туман ҳокимлиги томонидан “темир дафтар”га киритилган ночор оилалар яшаш манзили¸ уларнинг 18 га тўлмаган болалари сони ва телефон рақамлари киритилган. Айни пайтда рўйхатда 6260-фармон бўйича “темир дафтар”даги ночорларга бир марталик ëрдам пули бериш буюрилган давлат ташкилоти раҳбарлари номлари ҳам бор. (Бу рўйхатда фуқароларга оид шахсий маълумотлар борлиги боис эълон қилинмаëтир – таҳр.)

Камбағал оилаларга 500 минг сўмдан пул тарқатиш буюрилганлар орасида Халқ таълими¸ Мактабгача таълим бўлимлари¸ Тиббиëт бирлашмаси раҳбарлари исм-фамилияларини кўриш мумкин.

Рўйхатда 62 маҳаллада яшовчи камбағал оилалар ва уларга бириктирилган 40 та давлат ташкилотини кўриш мумкин.

Туман ҳокими рўйхатдаги давлат хизматчиларига ўз чўнтагингдан “темир дафтар”дагиларга 500 минг сўмдан берасан¸ деб буйруқ қилаяпти. Шу икки-уч кун ичида бериб чиқишимиз керакмиш. Биз ўзи 2 миллион ойликка оила боқаëтган бўлса¸ ўзимизнинг боламизни мактабга тайëрлайликми ëки бошқаларникини? Фармонда “давлат бюджети” ҳисобидан деб катта қилиб ëзиб қўйган-ку! Президент бюджетда пул бор-йўқлигини билиб-билмай, фармон чиқарадими ëки бюджетдан берилган пулларни ўзлари еб битиряптими?”¸ дейди рўйхатга киритилган ташкилот масъулларидан бири.

Ташаккурнома

Озодликка боғланган қамашилик давлат мулозимларидан бири “темир дафтар”даги оилаларга 500 минг сўмдан пулни ўз ҳисобидан беришга мажбурланган ҳолда пулни олган оилалардан ҳукумат¸ хусусан¸ Мирзиëевга "Ташаккурнома" ëздириб олиш ҳам топширилганини билдирди.

Камбағалларга бириктирилган давлат мулозимларига Қамаши туман ҳокимлигидан юборилган буйруқда бу “ташаккурнома”ни қандай ëздириш йўриқлари ҳам кўрсатилган.

Ҳурматли раҳбарлар 500 минг хайрия қилган оилангиздан шу кўринишда ТАШАККУРНОМА хам олинг хат бошига узингизнинг номингизга ëздириб олинг олинган ТАШАККУРНОМАНГИЗ халқ қабулхонаси орқали тизимга жойлаштирилади” (имло ўзгаришсиз қолдирилди – таҳр.)

Бу буйруққа ТАШАККУРНОМА намунаси илова қилинган.

Унинг тепа қисм ўнг томонида 500 минг сўмни берган давлат ташкилоти раҳбари номи ва “ташаккур билдирувчи” ночор оила вакили номи ва манзили ëзилган.

Пастига қуйидаги сўзлар ëзилган:

Мен Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5204 сонли 30 июль 2021 йилдаги қарорига асосан 500.000 (беш юз минг сўм) миқдоридаги моддий ëрдамни олдим. Бунинг учун ҳукуматимизага миннатдорлик билдираман ва ташаккур билдираман”.

Қўлда ëздирилган бундай ТАШАККУРНОМА остида “темир дафтар”даги оила вакилининг имзоси ва мобиль телефон рақами ëзиб қўйилган.

Намуна сифатида фойдаланиш учун юборилган ТАШАККУРНОМАдаги “ҳукуматимизага” деган сўз бу намунанинг Тошкентдан юборилганига оид тахминга асос бўлади.

Озодлик гаплашган қашқадарëлик мулозим жойларда бундай ТАШАККУРНОМАнинг шахсан президент номига ëздирилаëтганини қўшимча қилди.

Озодлик Қашқадарë вилояти ҳокимлиги телефон рақамларига кун давомида қўнғироқ қилди. Уларнинг ҳаммаси факсга улангани боис вилоят мулозимларидан бирортаси билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Қамаши туман ҳокими Тоғаев ва унинг ўринбосарлари мобиль телефонларига ҳам ҳеч ким жавоб бермади.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ахборот хизмати бу президент ваъда қилган 500 минг сўмни давлат хизматчилари ўз ëнидан тўлашга мажбурланаëтгани ҳақидаги маълумотга муносабат билдирмади.

Айни пайтда Озодликка Қашқадарë вилоятида янги ўқув йили арафасида берилаëтган ëрдамга оид айрим рақамларни тақдим этди.

"Вилоят Молия бошқармаси томонидан “Темир дафтар”га киритилган 11 621 та оилаларда шундан, 1 нафар фарзанди бор 3 229 та оилага 1,6 млрд сўм, 2 нафар фарзанди бор 4 348 та оилага 4,3 млрд сўм, 3 нафар фарзанди бор 2 863 та оилага 4,3 млрд сўм, 4 ва ундан ортиқ фарзанди бор 1 181 та оилага 2,3 млрд сўм (ҳар бирига 500 минг сўмдан) жами 12 млрд 573 млн сўм маблағ ажратилади.

Жорий йилнинг 23-26 август кунлари сектор раҳбарлари, депутатлар, жамоатчилик иштирокида “Темир дафтар”га киритилган 11 621 та оиланинг 25 146 нафар фарзанди учун 12 млрд 573 млн сўм маблағ тарқатилди.

Шунингдек, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Қашқадарё вилояти бошқармаси томонидан 18 675 нафар боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бор оилаларнинг 18 ёшга тўлмаган болаларга 20 202 млн сўм бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди"¸ дейилади Маҳалла вазирлигининг Озодликка юборган ëзма жавобида.

XS
SM
MD
LG