Линклар

Шошилинч хабар
02 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:37

GTL: Президент очган завод аҳоли бир йилда ёқадиган газнинг "учдан бирини ейди”


GTL заводи қурилишининг якуний босқичи даврида олинган сурат. 2020 йилнинг биринчи ярми. Сурат Uzbekistan GTLнинг расмий сайтидан олинди.
GTL заводи қурилишининг якуний босқичи даврида олинган сурат. 2020 йилнинг биринчи ярми. Сурат Uzbekistan GTLнинг расмий сайтидан олинди.

Қашқадарёнинг Ғузор туманида 25 декабрь куни фойдаланишга топширилган Uzbekistan GTL заводи йилига 3,6 млрд. метр куб табиий газни қайта ишлайди.

Uzbekistan GTL заводи бир йилда қайта ишлайдиган газ миқдори мамлакат аҳолиси бир йил давомида ёқадиган газ ҳажмининг учдан бир қисмига тенг.

Йиллардан буён энергия тақчиллигини ўз бошидан кечириб келаётган Ўзбекистонда ўта катта ҳажмдаги хомашёни талаб қиладиган заводнинг ишга тушиши куз-қиш мавсумида газ тақчиллигидан азият чекиб келадиган аҳоли газ таъминотига қандай таъсир қилади?

Газ ҳаммага керак

Мамлакатда газ ва электр тақчиллигини Шавкат Мирзиёев ўзининг 2016 йил кузидаги илк президентлик сайлови кампаниясида тан олган, муаммони ҳал қилиш учун аниқ чоралар кўришга ваъда берган эди. 2020 йилнинг 16 декабридаги йиғилишда президент аниқ рақамларни тилга олган:

“Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда газ таъминотида суткасига 20 млн. куб метр танқислик мавжуд. Оқибатда мингдан зиёд маҳаллада табиий газ босими пасайган”.

Айни йиғилишда Мирзиёев газ билан боғлиқ муаммолар бугун юзага келмагани, аммо буни баҳона қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлигини айтган.

"Халқимизга газ керак, уларнинг кўпчилиги бунинг учун тўловларни ўз вақтида ҳалол қилиб, тўлаб келмоқда”.

Мулозим: Кўп газ ёқяпмиз

“Ўзтрансгаз” компанияси расмий вакили Эркабой Алиевнинг 2019 йил ёзидаги баёнотидан келиб чиқилса, Ўзбекистон аҳолиси бир йилда 10 млрд. куб метрдан зиёд газ ёқади.

Эркабой Алиев Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида 2018 йили мамлакатдаги 3 млн. хўжалик 10 млрд. куб метр газдан фойдаланганини айтган:

“Ўзбекистонликлар жуда кўп газ ишлатишади. Газдан фойдаланиш меъёри ҳатто ривожланган мамлакатлар кўрсаткичларидан юқори. Бошқа давлатларда бир фуқаро ўртача 90 куб метр газ ишлатади, Ўзбекистонда эса, 400 куб метр”.

Президент Мирзиёев 2020 йилнинг 16 декабрида ўтказилган йиғилишда ҳукуматга газ экспортини қисқартириш, аввало аҳоли эҳтиёжларини қондириш ва бунинг учун кунига 7-8 млн куб метр табиий газни қўшимча равишда ҳудудларга йўналтириш ҳақида кўрсатма берган эди.

Ушбу рақамдан Аҳолига қўшимча газ бериш тўғрисидаги фармойишда қишнинг совуқ кунлари (100 кун деб оламиз) назарда тутилган бўлса, бу йил қўшимча 700-800 миллион куб метр, жами тақрибан 11 млрд куб метр газ аҳоли эҳтиёжлари учун йўналтирилишини кутиш мумкин.

GTL заводи эса, бир йилда 3,6 млрд куб метр табиий газни қайта ишлайди.

Президент Мирзиёевнинг 25 декабрда, 3,6 млрд долларга Қашқадарёда қуриб битказилган GTL (инглизча Gas-to-liquids-таҳр.) заводини фойдаланишга топшириш маросимида айтишича, минтақада муқобили бўлмаган завод бир йилда 3,6 млрд. метр куб ҳажмдаги табиий газни қайта ишлайди:

“Заводда йилига 3,6 млрд. метр куб табиий газ қайта ишланиб, қиймати 1 млрд. доллардан зиёд бўлган 1,5 млн. тонна тайёр суюқ маҳсулотлар, жумладан, бир йилда 307 минг тонна авиакеросин, 724 минг тонна дизель ёқилғиси, 437 минг тонна нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газ тайёрланади”.

Сапарбой Жубаев
Сапарбой Жубаев

Ўзбекистон Молия вазирлиги собиқ мулозими, иқтисодчи олим Сапарбой Жубаев GTL заводи қурилганини, шубҳасиз, олқишлаш керак, деган фикрда:

“Албатта, хомашёни арзон-гаров сотгандан кўра, уни қайта ишлаш ва натижада тайёр маҳсулотга айлантириш, яъни қўшича қиймат яратиш фойдалидир. Мен кейинги йилларда Қозоғистонда яшаётганим учун бу мамлакат бизнесининг Ўзбекистон билан савдо алоқаларини яхши биламан. Масалан, қозоқлар йилдан-йилга буғдой экспортини қисқартириш ва қайта ишланган маҳсулот - ун сотишга ҳаракат қиляпти. Ўзбекистон ҳам, албатта, газни қайта ишлаб, бошқа, қимматроқ маҳсулотга айлантириб сотмоқчи”.

Президент Мирзиёевнинг айтишича, Uzbekistan GTL заводи туфайли йилига 500 млн долларлик импорт ўрни қопланади, 200 млн долларлик экспорт ва 2 трлн сўмлик солиқ тушумлари таъминланади.

“Алоҳида таъкидлаш керак, биз 300 млн долларлик газни қайта ишлаб, уни қиймати уч баробар юқори ва дунё бозорида талаб катта бўлган тайёр маҳсулотларга айлантирамиз”, деган Президент.

Тақчилликка қарши чала чора

Бироқ Мирзиёев айтаётган қайта ишланадиган газнинг тақчиллиги кун тартибидаги асосий масала бўлиб қолмоқда. Ўтган йилнинг 16 декабрида ўтказган йиғилишида Президент аҳолини газ билан таъминлашда суткасига 20 млн куб метр тақчиллик мавжудлигини тан олган ҳолда, бу эҳтиёжнинг учдан биринигина (суткасига 7-8 млн куб метр) қоплашни буюрган эди.

25 декабрда фойдаланишга топширилган GTL заводи дастлабки режага биноан 2020 йилнинг охирида ишга туширилиши керак эди. Кейинроқ яна икки муддат белгиланиб, бу муддатларда ҳам корхона ишга тушмади.

Шавкат Мирзиёев шу йил 21 октябрда Жиззахда қилган чиқишида GTLни ишга туширишга шошилмаётганини билдирган эди. Президентнинг айни баёноти муносабати билан 22 октябрда Озодлик саволларига жавоб берган Ўзбекистоннинг биринчи Энергетика вазири, “Ўзбекнефтгаз” компанияси собиқ раҳбари Анвармирзо ҲусаиновЧунки заводни Ўзбекистоннинг ўз гази билан йил-ўн икки ой узлуксиз таъминлаш имкони йўқ”, деган эди:

Бу гапдан икки ой ўтиб, завод ишга туширилди. Хўш, заводнинг бетўхтов ишлашини таъминлай оладиган даражада газ захираси йиғилдими?

Анвармирзо Ҳусаинов катта ҳажмдаги газни қайта ишлайдиган заводнинг очилишини "зўр лойиҳа" деб олқишларкан, завод ҳам, аҳоли ҳам газ билан узлуксиз таъминланади, деб умид қилишини айтди.

- Етарли захира тўпландими-йўқми, бу ҳақда менда аниқ маълумот йўқ. Лекин ҳар ҳолда технологик талаблар бор. Заводни қуришда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилган компаниялар кафолатли газ таъминоти бўлишини талаб қилган бўлиши керак. “Ўзбекнефтгаз” ва у билан ҳамкорлик қилган компаниялар заводнинг бетўхтов ишлашини таъминлайди, деб умид қиламиз.

- GTL заводи Ўзбекистон аҳолиси бир йилда ёқадиган газнинг учдан бир қисми миқдорида газни қайта ишлаши маълум бўлди. Бу, шубҳасиз, жуда катта кўрсаткич. Заводнинг узлуксиз ишини таъминлаш учун аҳолига берилаётган газ ҳажми қисқартирилмайдими?

Анвармирзо Ҳусаинов
Анвармирзо Ҳусаинов

- Йўқ. Ўзбекистон бир йилда қазиб олаётган газ миқдоридан келиб чиқилса, (2021 йилда Ўзбекистон 53,8 миллиард куб метр газ ишлаб чиқариш режалаштирган -таҳр.) 3,5 млрд у қадар катта ҳажм эмас. Экспорт қисқартирилса, айрим саноат корхоналарида газ ўрнига бошқа ёқилғидан фойдланишга ўтилса, аҳоли газ таъминотига салбий таъсир кўрсатмайди. Лекин ўша 3,5 млрд куб метр газ заводда қайта ишланса, жуда катта иқтисодий самара бериши мумкин. Шу маънода GTL заводи сўнгги 30 йилда амалга оширилган энг зўр лойиҳадир.

- Маълумотларга қараганда, GTL заводлари шу пайтгача Қатар, Нигерия, ЖАР ва Малайзияда қурилган бўлиб, Ўзбекистондаги завод бешинчисидир. Дастлабки тўртта мамлакат газ захиралари ўта улкан, экспорт имкониятларидан максимум фойдаланган, лекин шунда ҳам гази ортиб қолаётган мамлакатлардир. Ўзбекистон ҳақида эса, бундай дейиш қийин. Бас, шундай экан, қарийб 4 млрд долларга завод қуриш нақадар ҳисоб-китобли иш бўлган?

- Ўзбекистон табиий газ қазиб олиш ҳажми бўйича дунё бўйлаб 11- ўринда туради. Бу ҳам оз эмас. Илгари ҳам айтган эдим, яна такрорлайман: биз Туркманистондан газ импорт қилишимиз керак. Бу ҳақда бир марта яхши гап бўлди. Президент ҳам гапирди. Лекин шу кунгача конкрет иш қилингани йўқ. Ён қўшни Туркманистондан газ олиб келишни йўлга қўйишимиз керак. GTLни лойиҳалаштирганлар ҳам шуни ўйлаган бўлсалар керак. Яна бир масала: GTLда ишлаб чиқариладиган юқори сифатли авиакеросинни сотиш учун бозор яратиш керак ва бу ишни завод қуриш билан параллел олиб бориш лозим эди. Масалан, Бухорода авиахаб бунёд этилса, Европа-Жанубий Осиё йўналишида қатнайдиган самолётлар тўхтаб ўтган бўларди. Бу таклиф кўп йиллар олдин муҳокама қилинган, унда мен ҳам қатнашгандим. Бироқ ўша гап гаплигича қолиб кетган. Ҳалиям бўлса кеч эмас. Ўша лойиҳани амалга ошириш керак. Хаб яратилса, GTL заводида ишлаб чиқариладиган керосин Ўзбекистоннинг ўзидаёқ сотилади.

Ўзбекистон ҳукумати сўнги йилларда аҳолининг газ тақчиллиги муаммосини қисман суюлтирилган газ баллонлари воситасида қоплашга ҳаракат қилмоқда. Шу йил октябрида президент “Аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини табиий ва суюлтирилган газ билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни имзолаган эди.

Қарорга асосан, 2021 йил 1 октябрдан юридик шахслар томонидан Ўзбекистонга импорт қилинган табиий газни реализация қилишда акциз солиғининг ноль фоизлик ставкаси белгиланди.

2022 йил 1 январдан ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан сотиладиган суюлтирилган газга акциз солиғи солинмайди.

Ушбу имтиёз газ тақчиллиги муаммосини қанчалик ҳал этгани ҳақида расмий маълумот йўқ, аммо бу йилги куз-қиш мавсуми бошидан минтақаларда яна аҳолининг газ таъминотидаги узилишлардан норозилиги кузатила бошланди.

Ҳар қишда газ ва электр тақчиллигидан азият чекадиган одамлар ўтин ва кўмир нархининг қимматлигидан нолишади.

Энергетика вазирлиги берган маълумотга кўра, Uzbekistan GTL заводи бошқа нефт маҳсулотлари билан бир қаторда йилига 53 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқариш қувватига эга.

XS
SM
MD
LG