ОАВ: Россия Украинага Жанубий Осетия ва Абхазиядан қўшин киритмоқда
Бир қатор оммавий ахборот воситалари Россия Украинага (дунёнинг аксарият қисми Грузия ҳудуди деб ҳисоблайдиган) Жанубий Осетия ва Абхазиядан ҳарбий кучларни ташлаётгани ҳақида дарҳол хабар берди.
Хусусан, The Washington Post нашри Пентагон разведкасига таянган ҳолда ва CNN каналри АҚШнинг юқори мартабали мулозими сўзларига асосланиб, бу ҳақда хабар қилди.
Аммо, Грузиянинг айирмачилар назоратидаги ҳудудлардан қанча қўшин олиб ўтилгани маълум эмас.
20 март куни Conflict Intelligence Team гуруҳи “Абхазия ва Жанубий Осетиядан келган Россия қўшини” Украина томон ҳаракатланаётгани ҳақида хабар берганди.
Бундан икки кун олдин эса Украинанинг Тбилисидаги вақтинчалик вакили Андрей Касянов ҳам бу ҳақида гапирган эди.
Сумида жанглар, Житомирда ҳарбий қисм ракета ҳужумига тутилган
26 март куни эрталабдан Суми вилоятининг Конотоп, Ахтирский туманларида жанглар давом этмоқда. Бу ҳақда вилоят ҳарбий давлат бошқармаси раиси Дмитрий Живицкий маълум қилди.
Луганск вилояти давлат маъмурияти раҳбари Сергей Гайдайнинг айтишича, Северодонецкда озиқ-овқат сақланадиган омборлар нишонга олинган.
Житомир ҳокими Сергей Сухомлин ҳарбий қисмга ракета урилгани, шунингдек, телефонларида ушбу бўлинманинг батафсил фотосуратлари бўлган икки кишининг ҳибсга олингани ҳақида хабар берди.
Икки гуманитар йўлак орқали 7 мингдан ортиқ киши эвакуация қилинди
Украинада бир кун ичида келишилган икки гуманитар йўлак орқали 7331 киши эвакуация қилинди.
Бу ҳақда Украина бош вазири ўринбосари Ирина Верешчук маълумот берди.
Верешчук сўзларига кўра, 2800 киши Мариуполдан Запорожьега ўз транспорти билан йўл олди, яна тўрт минг нафар Мариуполь аҳолиси Бердянскдан автобусларда марказлаштирилган ҳолда эвакуация қилинган.
Шунингдек, Мелитополдан Запорожьега 531 киши олиб ўтилган. Шаҳарга гуманитар ёрдам етказилмоқда.
Ирина Верешчук Халқаро Қизил Хоч қўмитаси раҳбари Питер Маурерга Мариуполдан Россия ҳудудига мажбуран олиб ўтилган барча Украина фуқаролари рўйхатини Россия расмийларидан олиш ва уларга тегишли ҳужжатларни тақдим этиш талаби билан расман мурожаат қилганликларини айтди.
Шойгу мудофаа буюртмасини бажариш бўйича йиғилиш ўтказди
Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу Молия вазирлиги раҳбарияти билан давлат мудофаа буюртмасини бажариш бўйича йиғилиш ўтказди. Унинг нутқи видеоси "Звезда" телеграм-каналида эълон қилинди.
Сергей Шойгу 11 мартдан бери оммага кўринмаётганди.
24 март куни Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков мудофаа вазири Владимир Путин ва Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари ўртасида бўлиб ўтган тезкор йиғилишда “махсус ҳарбий операциянинг бориши ҳақида маълумот берган”ини айтди.
Кейинроқ РИА Новости айнан ўша учрашув акс этган видеони эълон қилди: Путин қаршисидаги катта экран бурчагида Шойгуга ўхшаган одамни кўриш мумкин эди.