Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2025, Тошкент вақти: 21:49
Краматорск вокзалига ҳужумда қурбон бўлганлар сони 52 кишига етди. 
Краматорск вокзалига ҳужумда қурбон бўлганлар сони 52 кишига етди. 

Краматорск вокзалидаги қонли ҳужум қурбонлари сони 50дан ошди. Украинадаги уруш хроникаси

Украинадаги урушнинг 45-куни.

  • Краматорск вокзалига ҳужумда қурбон бўлганлар сони 52 кишига етди.
  • Европа Иттифоқи Россия ҳарбий корхоналари ва банкларига нисбатан санкцияларни кенгайтирди.
  • Россия Адлия вазирлиги реппер Фэйсни хорижий агент деб эълон қилди
  • Россия ҳукумати Amnesty International, Human Rights Watch ва бошқа 13 халқаро ноҳукумат ташкилотларининг Россиядаги ваколатхоналарини ёпди.
  • Россия Украинанинг Донецк ва Луганск вилоятларига йирик ҳужум амалиётини бошлашга ҳозирланмоқда, дея маълум қилди Украина Қуролли кучлари Бош штаби. Украина расмийлари шарқий ҳудудлардаги аҳолини мамлакат шарқига кўчишга чақирмоқда.
  • Amnesty International Россия қўшинлари Киев вилоятида тинч аҳолини ўлдиргани ва зўрлаганини кўрган гувоҳларнинг ифодаларини эълон қилди. Германиянинг Der Spiegel журнали Бучада бўлган россиялик ҳарбийларнинг хуфёна ёзиб олинган телефон сўзлашувларини очиқлади: ёзувларга кўра, ушбу жиноятлар Украина аҳолисини қўрқитиш мақсадида содир этилган ва бу олдиндан ўйланган тизим бўлган. Meduza нашри эса Россия расмийларининг иддаоларини рад этувчи видеосуриштирувини ёйинлади.
  • Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Sky News’га берган интервьюсида Россия Украина ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларда шахсий таркибда катта талафотлар кўрганини тан олди. Кремль вакили аскарий йўқотишларнинг аниқ сонини очиқламади.
  • РФ ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украинани Истанбулдаги келишувлардан оғишаётганликда айблади. Зеленский маъмурияти раҳбари Михаил Подоляк бу баёнотни “босим қилишга уриниш” деб атади.
  • Евроиттифоқ Россияга қарши санкцияларнинг бешинчи туркумини келишди. Унда, жумладан, Россия кўмири импортини буткул тақиқлаш назарда тутилган.
  • АҚШ Сенати Украина учун ленд-лиз дастурини бир овоздан маъқуллади – дастур сўнгги бор Иккинчи жаҳон уруши даврида қўлланган.
  • БМТ Бош ассамблеяси Россияни Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзолигидан чиқарди.
  • Молдовада Георгий тасмаси ва Россияга оид бошқа милитаристик рамзлар тақиқланмоқда.
  • Чет эл дипломатлари Киев шаҳрига қайта бошлади.

Харьков вилоятида Россия ҳарбий карвони тасвирлари очиқланди

Maxar Technologies ширкати 10 апрель куни Украинанинг Харьков вилояти бўйлаб ҳаракатланаётган Россия ҳарбий техникасининг 12 чақиримли карвони акс этган сунъий йўлдош тасвирларини эълон қилди.

Тасвирларда ҳарбий машиналар Харьковдан шарқ томонда жойлашган Большой Бурлук қишлоғи орқали жанубга йўналганини кўриш мумкин.

Ҳарбий техника катта эҳтимол билан Изюм шаҳрига йўл олган: Ғарб разведкасига кўра, Россия бу ерда Украина Қуролли кучларининг Донбасс гуруҳини қуршовга олиш мақсадида куч тўпламоқда. Яна бир ҳужум жануб томондан амалга оширилиши кутиляпти.

Австрия канцлери Путин билан учрашиш учун Москвага боради

Австрия канцлери Карл Нехаммер
Австрия канцлери Карл Нехаммер

Австрия канцлери Карл Нехаммер 11 апрель куни Москвага бориб, Россия президенти Владимир Путин билан учрашади. У Россиянинг Украинага ҳужуми бошланган 24 февралдан буён Москвага келаётган европалик лидерларнинг биринчисидир. Канцлер ташрифини Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков тасдиқлаган.

Нехаммер журналистларга Путин билан Россиянинг Украина билан мулоқоти имкониятлари ҳамда Украинада содир этилган ҳарбий жиноятлар ҳақида сўзлашмоқчи эканини билдирган.

Шанба куни Нехаммер Киевда Украина президенти Владимир Зеленский билан музокаралар ўтказган. У мазкур ташриф чоғида Россия хуружини қоралаб, Украинага сиёсий ва гуманитар дастак ваъда қилган.

Австрия НАТОга кирмаган нейтрал мамлакат бўлиб ҳисобланади, у Украинага қурол-аслаҳа етказиб бераётгани йўқ.

Маълумотларга кўра, канцлер Нехаммернинг Москвага ташрифи Европа Иттифоқи лидерлари билан келишилган ҳолда амалга оширилмоқда.

Москвада пикетга чиққан “Мемориал” раҳбари қўлга олинди

Москванинг Қизил майдонида яқинда Россия расмийлари қарори билан тугатилган “Мемориал” инсон ҳуқуқлари маркази раҳбари Олег Орлов тутиб кетилди.

У майдонга “Ҳақиқатни билишни истамаслигимиз ва индамай турганимиз бизни содир этилаётган жиноятлар шеригига айлантириб қўяди” деб ёзилган плакат билан чиққан эди. Ҳуқуқбон полициячилар томонидан “Китай-город” ички ишлар бўлимига олиб кетилган.

“Мемориал” вакиллари қайдича, бу ҳуқуқбоннинг сўнгги пайтларда тўртинчи бор қўлга олинишидир. Уни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш ишига адвокат Михаил Бирюков кўмаклашмоқда.

“Мемориал” ҳуқуқбонлик маркази ўтган йил охирида Москва суди қарори билан ёпилган.

Youtube "Дума" каналини блоклади

Youtube видеохостинги Давлат думаси фаолиятини ёритувчи "Дума" телеканали аккаунтини блоклади.

“Сизнинг аккаунтингиз экспорт чекловлари ва санкцияларни қўллаш бўйича бизнинг қоидаларимизга мувофиқ бутунлай ўчириб қўйилди”, — дейилади Youtube баёнотида.

Google матбуот хизматининг "Интерфакс"га изоҳича, Давлат думаси каналининг блокланиши санкциялар ва савдо қоидалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиш билан боғлиқ.

Украинада уруш бошланганидан кейин Қўшма Штатлар ўзларини "ЛХР" ва "ДХР" деб атовчи айирмачиларнинг мустақиллигини тан олишни ёқлаб овоз берган Давлат Думасининг 328 депутатига алоҳида санкциялар киритди.

"Дума ТВ" канали ўзини парламент телевидениеси деб билади. Унда депутатларнинг шарҳлари, Давлат Думаси мажлислари ва муаллифлик дастурлари бериб борилади.

Каналнинг 145 000 обуначиси борлиги айтилади.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова ўзининг Телеграм-каналида Youtube қарорини изоҳлар экан, видеохостингни Россияда блоклашга чақирди.

"Афтидан, Youtube ўзи устидан ҳукмни ўқиган", - деди Захарова.

Роскомнадзор Давлат Думаси каналига киришни тиклашни талаб қилди,

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG