Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2025, Тошкент вақти: 21:49
Краматорск вокзалига ҳужумда қурбон бўлганлар сони 52 кишига етди. 
Краматорск вокзалига ҳужумда қурбон бўлганлар сони 52 кишига етди. 

Краматорск вокзалидаги қонли ҳужум қурбонлари сони 50дан ошди. Украинадаги уруш хроникаси

Украинадаги урушнинг 45-куни.

  • Краматорск вокзалига ҳужумда қурбон бўлганлар сони 52 кишига етди.
  • Европа Иттифоқи Россия ҳарбий корхоналари ва банкларига нисбатан санкцияларни кенгайтирди.
  • Россия Адлия вазирлиги реппер Фэйсни хорижий агент деб эълон қилди
  • Россия ҳукумати Amnesty International, Human Rights Watch ва бошқа 13 халқаро ноҳукумат ташкилотларининг Россиядаги ваколатхоналарини ёпди.
  • Россия Украинанинг Донецк ва Луганск вилоятларига йирик ҳужум амалиётини бошлашга ҳозирланмоқда, дея маълум қилди Украина Қуролли кучлари Бош штаби. Украина расмийлари шарқий ҳудудлардаги аҳолини мамлакат шарқига кўчишга чақирмоқда.
  • Amnesty International Россия қўшинлари Киев вилоятида тинч аҳолини ўлдиргани ва зўрлаганини кўрган гувоҳларнинг ифодаларини эълон қилди. Германиянинг Der Spiegel журнали Бучада бўлган россиялик ҳарбийларнинг хуфёна ёзиб олинган телефон сўзлашувларини очиқлади: ёзувларга кўра, ушбу жиноятлар Украина аҳолисини қўрқитиш мақсадида содир этилган ва бу олдиндан ўйланган тизим бўлган. Meduza нашри эса Россия расмийларининг иддаоларини рад этувчи видеосуриштирувини ёйинлади.
  • Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Sky News’га берган интервьюсида Россия Украина ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларда шахсий таркибда катта талафотлар кўрганини тан олди. Кремль вакили аскарий йўқотишларнинг аниқ сонини очиқламади.
  • РФ ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украинани Истанбулдаги келишувлардан оғишаётганликда айблади. Зеленский маъмурияти раҳбари Михаил Подоляк бу баёнотни “босим қилишга уриниш” деб атади.
  • Евроиттифоқ Россияга қарши санкцияларнинг бешинчи туркумини келишди. Унда, жумладан, Россия кўмири импортини буткул тақиқлаш назарда тутилган.
  • АҚШ Сенати Украина учун ленд-лиз дастурини бир овоздан маъқуллади – дастур сўнгги бор Иккинчи жаҳон уруши даврида қўлланган.
  • БМТ Бош ассамблеяси Россияни Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзолигидан чиқарди.
  • Молдовада Георгий тасмаси ва Россияга оид бошқа милитаристик рамзлар тақиқланмоқда.
  • Чет эл дипломатлари Киев шаҳрига қайта бошлади.

Украина прокуратураси россиялик журналистлар Киселёв ва Скабеевага қарши жиноят иши очди

Украинада Россия давлат телеканалларининг бошловчилари ва таниқли пропагандачилар – Ольга Скабеева ҳамда Дмитрий Киселёвга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилди. Улар “Бир гуруҳ шахслар билан, олдиндан тил бириктирган ҳолда Украина ҳудудий яхлитлигини бузишга чақириш”да гумонланмоқда. Украина Бош прокурори офиси хабарномасига кўра, бу чақириқлар “оғир оқибатларга олиб келган”.

Хабарномада, шунингдек, Скабеева ҳамда Киселёв Россиянинг ҳарбий жиноятларини муттасил оқлаб келганлиги айтилган.

Россия элчихонаси Украинадаги урушда Қирғизистонда туғилган йигит ҳалок бўлганини тасдиқлади

Россиянинг Қирғизистондаги элчихонаси ўз телеграм-каналида Қирғизистонда туғилган шахс Украинадаги урушда ҳалок бўлганини тасдиқлади.

“Украинани демилитаризация ва денацификация қилиш бўйича махсус ҳарбий амалиёт чоғида Россия фуқароси, Қуролли кучларда шартнома асосида хизмат қилаётган оддий аскар, Қирғизистонда туғилган Дорбоев Эгемберди Бекказимович қаҳрамонларча ҳалок бўлди”, дейилган хабарномада.

Россиянинг бир неча нашрида ёйинланган маълумотга кўра, Дорбоев 8 март куни ҳалок бўлган.

17 март куни ижтимоий тармоқларда Украинадаги урушда Россия фуқаролигини олган қирғизистонлик йигит ҳалок бўлгани ҳақида маълумот пайдо бўлган эди. Фойдаланувчилардан бири унга таниш оиланинг 19 яшар ўғли Россия армиясида тўрт ой хизмат қилгани ҳақида ёзган.

Айтилишича, йигит 22 февраль куни яқинларига қўнғироқ қилган, 8 март куни эса унинг Россияда ишлайдиган онасига ўғли ҳалок бўлгани, жасад Кантдаги Россия ҳарбий базасига жўнатилишини билдиришган.

Италия, Ҳолландия ва Польша Украинадаги уруш важидан Россия активларини музлатиб қўйишди

Италия Россиянинг 800 миллион евро маблағини музлатиб қўйди. Бу ҳақда Италия бош вазири Марио Драги парламентнинг қуйи палатасида қилган чиқишида билдирди, дея хабар қилди La Stampa нашри.

Италия бош вазири ўз мамлакати Украинага молиявий ва гуманитар ёрдам таклиф этаётганини қўшимча қилган.

Ҳолландия эса Россиянинг тақрибан 431 миллион АҚШ долларига тенг маблағини музлатиб қўйган. Бу ҳақда CNN мамлакат Молия вазирлиги хатидаги маълумотларга таянган ҳолда хабар қилди. Вазирлик вакиллари Россия активларини ҳибсга олиш давом этаётганини билдирганлар.

Польша эса Россиянинг 33 миллион долларга яқин (140 миллион злотий) маблағини музлатган. Бу ҳақда ҳукумат матбуот котиби Пётр Мюллер Твиттердаги ўз саҳифаси орқали маълум қилган.

Украина прокуратураси Броварида россиялик аскарнинг маҳаллий аёлни зўрлагани юзасидан жиноят иши қўзғатди

Украина Бош прокуратураси Броварида маҳаллий аёлнинг россиялик аскар томонидан зўрлангани юзасидан жиноят ишини қўзғатган. Бу ҳақда Олий рада депутати Инна Совсун маълум қилди.

“Авваллари [зўрлашлар ҳақида] мишмишлар тарқалиб турганди, аммо бу зўрлаш ҳолатини бошдан ўтказган аёлдан илк расмий аризадир”, деб ёзган Совсун Твиттердаги ўз саҳифасида.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG