Россия-Украина музокараларининг галдаги раунди Истанбулдаги Дўлмабоғча саройида ўтадиган бўлди
Россия-Украина музокараларининг навбатдаги раунди 29 март куни Истанбулдаги Дўлмабоғча саройида бўлиб ўтади. Музокаралар Туркия вақти билан соат 10:00 да бошланиши кутилмоқда.
Музокараларда Украина томонидан мудофаа вазири Алексей Резников, Президент офиси бошлиғининг маслаҳатчиси Михаил Подоляк ҳамда парламентдаги “Халқ хизматкори” ҳукмрон партия фракцияси раҳбари Давид Арахамия иштирок этади.
Россия томонини эса президент Путиннинг маслаҳатчиси Владимир Мединский, депутат Леонид Слуцкий ва бошқа масъуллар тамсил этишади.
БМТ уруш асирларининг тақдиридан хавотирда
Бирлашган Миллатлар Россия ва Украина расмийларини ҳарбий асирларнинг таҳқирланиши ҳолатларини текширишга чақирди. Бу ҳақда CNN хабар бермоқда.
“Биз Россия томони қўлга олган украин ҳарбий асирларига оид видеоёзувларни ҳам, Украинага асир тушган россиялик аскарларнинг видеоларини ҳам кўрдик”, дейди БМТнинг Украинадаги инсон ҳуқуқлари бўйича мониторинг миссияси раҳбари Матильда Богнер.
Унинг айтишича, ҳозирда ташкилот видеоёзувларни ўрганмоқда, бироқ унда акс этган воқеалар “хавотир уйғотмай қолмайди”.
“Ҳар қандай таҳқирлаш ҳолатлари зудликда тўхтатилмоғи лозим”, дея урғулади БМТ вакили, Украина ва Россияга уларнинг халқаро гуманитар ҳуқуққа оид мажбуриятларини эслатаркан.
Путин Украинадаги урушга қарши бўлган тўрт олимни Хавфсизлик кенгаши қошидаги илмий кенгашдан ҳайдади
Владимир Путин тўрт олимни Россия Хавфсизлик кенгаши қошидаги илмий кенгаш аъзолигидан маҳрум этишга оид фармонни имзолади.
Булар Россия Фанлар академиясининг Европа институти директори Алексей Громико, ТИВ қошидаги МДХАИ (МГИМО) Евро-атлантика хавфсизлиги маркази директори Александр Никитин, Россия Фанлар академияси АҚШ ва Канада институти бош илмий ходими Александр Панов ҳамда мазкур институтнинг илмий раҳбари Сергей Роговлардир.
Исмлари саналган олимлар март ойи бошида Украинада ўт очишни тўхтатиш талаби акс этган хатга имзо чекишган эди.
Путин томонидан 27 март куни имзоланган фармонда олимларни илмий кенгаш таркибидан чиқариш сабаблари очиқланган эмас, Хавфсизлик кенгаши масъуллари президентнинг қарорини “даврий ротация” билан изоҳлаганлар.
Путин фармонига изоҳ бераркан, Алексей Громико (СССР ташқи ишлар вазири Андрей Громиконинг невараси) “расмийлар олимларнинг тавсиясига қулоқ осмаган”ини қайд этди. Олимга кўра, аслида “баёнот Россиянинг миллий манфаатлари нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятли мазмунга эга” эди.
БМТ: Украинадаги урушда 104 бола дохил камида 1179 нафар тинч аҳоли вакили нобуд бўлган
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлиги бошқармаси Россия қўшинлари Украинага бостириб кирган 24 февралдан бери тинч аҳоли орасида берилган қурбонларга оид янги маълумотларни очиқлади.
БМТ вакиллари қайдича, уруш бошидан буён Украинада 1179 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган, 1860 киши яраланган. Булардан 236 нафарини эркаклар, 172 нафарини аёллар, 104 нафарини болалар ташкил этади. Яна 667 кишининг жинсини аниқлашга муваффақ бўлинмаган.
Қурбонлардан 62 нафари Донбассдаги россияпараст айирмачилар назорати остида бўлган ҳудудда вафот этган.
БМТ қурбонлар сони бундан анча кўп бўлиши мумкинлигини истисно қилмаяпти, чунки Мариуполь ёки Волноваха каби қарийб тамоман вайрон қилинган шаҳарлардан келаётган маълумотлар кечикмоқда ва бу маълумотларни текшириш қийин бўляпти.